ЗИЙНАТЛИНИ ЗАҲРИ БОР

oleander-2

Олеандр (Нeриум oлeaндр) — толгул ёки санбитгул деб номланадиган кедрдошларга мансуб бўлган ўсимлик. Бу тик ўсадиган, барглари одатда учтадан ҳалқа бўлиб жойлашган, гуллари йирик, пушти, қизил, оқ, сарғиш доим яшнаб кўм-кўк кўкариб турадиган доимий яшил бутадир. У табиий ҳолда ўрта ер денгиз бўйларида  (Европа, Осиё, Африка) ва Эронда ўсади. Толгул авлоди 3та турдан иборат. Шулардан: толгул (Нeриум oлeaндр) бизда уй шароитида ўстириш учун маданийлаштирилган декаратив, манзарали ўсимликлар қаторида экилади. Шохчалари кичкина, баъзан бу ўсимлик ён тарафларга тарвақайлаб ўсиши, думалоқ кўринишга эга бўлиши учун узун новдасининг учларидан кесиб, бутаб турилади. Толгулнинг бўйи 2 метрдан ортади. У кўркам, чиройли, йирик, пушти ранг гули ва наштарсимон қалин, яшил барглари билан гулчиликда ғоят қадрланади. Ёзда ёруғлик ва иссиқликни кўп талаб қилади. Шунинг учун толгулни жанубга қараган дераза токчасига қўйиш мумкин. Гуллари ўзига хос ҳидга эга. Рангги оқ, пушти, қизил, камдан– кам ҳолларда сариқ бўлади. Толгул йирик ўсимлик бўлгани учун уларни катта тувакларга эккан маъқул. Бу ўсимликнинг тупроғини ҳар йили янгилаш шарт эмас. Фақат баҳор ва ёз ойларида толгулни минералларга бой яхши чиритилган маҳаллий ўғит ва азотли, калийли, фосфорли ўғитлар билан озиқлантириш керак. Маҳаллий ўғитлар берилганда гулнинг ости секин юмшатилиниши лозим.

Толгул доривор ўсимликлар қаторидан ҳам салмоқли ўрин олган. Қора денгиз бўйларида ўстириладиган толгулдан юрак фаолиятининг ишини яхшилайдиган учта модда гликогия олеандрин, адинерин ва нерин ажратиб олинган. Бизнинг тиббиётда толгулдан олинадиган “нериолин” ва “корнеерин”лардан юрак ва  қон томирлари ишини яхшилайдиган дорилар тайёрланади. Ўтмишда толгулнинг заҳарли хусусиятидан хабардор бўлган ерли халқлар ундан ҳайвонларни ўлдирадиган заҳарлар тайёрлашган. Уни ёй ўқининг учига суртиб ўлжаларини нишонга олганлар. Толгул баргларини истеъмол қилган ҳайвонлар, тил тортмай ўлганлиги ҳақида кўпгина маълумотлар бор. Бу ўсимликнинг ҳамма қисмидан чиқадиган шарбати ( суви ёки шираси) заҳарли. Шунинг учун унинг пўстлоғидан тайёрланган дамлама каламуш ва сичқонларни камайтириш учун ишлатилган. Толгул заҳари асал орқали ҳам, кишиларга салбий таъсир қилиши (ўлдириши) ҳамда ундан строфантинга ўхшаш заҳарли модда борлиги аниқланган. Толгулдан ясалган ёғоч сихда пиширилган кабобни истеъмол қилган ўн икки француз офицеридан саккизтаси орадан кўп  вақт ўтмасдан ҳалок  бўлганлиги ҳам рост.

Толгулнинг заҳри унинг барг ва гулларидаги гликозитнинг миқдорига боғлиқ. Шунинг учун унга ишлов бераётганда ўта эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Айниқса, сувининг кўзга сачрашидан сақланиш керак. Толгулни кўпайтириш жуда осон. Шохларининг юқори қисмидан кесиб олинган баргли қаламчалари сувга солиб қўйилади ёки қаламча илдиз отгунча нам қумга экиб қўйилиши мумкин. Қаламчалар илдиз отгач, махсус тувакларга ўтқазилади. Кишилар учун толгулнинг шираси, хавфлилигини инобатга олиб, боғбонлар ва ҳаваскор гулчилар буни асло эсларидан чиқармасликлари зарур. Ўсимликнинг новдаларини кесгандан сўнг қўлларини ва ишлатган асбобларини дарҳол совун билан тозалаб ювишлари лозим. Толгул билан заҳарланган кишининг қорин соҳаси қаттиқ оғрийди, кўнгли айниб, қайт қилади, ичи кетади, боши айланиб, томирларининг уриши секинлашади. Шунингдек, терида моматалоқ юз бера бошлайди. Нафас олиш қийинлашади ва юрак ишдан чиқиб, кишини ўлишига олиб келади. Унинг чиройли очилган гулларининг ҳиди, киши асабига салбий таъсир қилади ҳамда бошни айлантириб, қаттиқ оғриқни пайдо қилади. Толгул бор жойда унинг шохларини синдиришга гул ва баргларини узмаслик керак. Акс ҳолда гул туваклари остига  огоҳлантирувчи ёзувлар ёзиб қўйиш мумкин. Уни мактабгача таълим муассасаларида, мактаб интернетларида ҳамда ёш болали оилаларда сақлаш анча хатарли. Бироқ коллеж, лицей, олий ўқув юртларида ва бошқа ташкилотларда бемалол бу гулни кўпайтириш мумкин.

Р.РАХМОНОВ, БухДУнинг биология ўқитувчиси,

Н.ОЧИЛОВА, биология таълим йўналиши ИИ босқич талабаси

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз