Журналистларнинг Тошкент шина тиклаш заводига ташрифи

product-71570-picture

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилаётган медиа ва пресс-турларнинг асосий мақсади журналистлар ҳамда аҳоли кенг қатламини табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги энг яхши тажрибалар, мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этишга кўмаклашиш тўғрисидаги бохабарлигини ошириш ҳисобланади.

Бугунги кунда жадал суръатлар билан миқдори ошиб бораётган чиқиндиларни бошқариш масаласи уларни утиллаштириш бўйича саноат қувватларини ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. Утиллаштириш мураккаб бўлган заҳарли чиқиндилар – илгари фойдаланишда бўлган автомобил покришкаси ва шиналарини қайта ишлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишлатилиб бўлинган шиналар ҳажми автотранспорт воситалари сони билан бирга ошиб бормоқда. Шу билан бирга улар ҳажми катта резинали чиқиндилар бўлганлиги сабабли қўшимча муаммоларни юзага келтиради, хусусан, кўп ҳолларда чиқиндихоналарга олиб борилади ёки оддийгина ташлаб кетилади. Агар табиий шароитда резинали буюмларнинг юз йилдан ошиқ вақт мобайнида парчаланиши ҳисобга олинса, бу каби чиқиндиларнинг барқарор ривожланишга қандай хавф солаётганини тасаввур қилиш мушкул эмас.

Турли маълумотларга кўра, ҳар йили жаҳонда 800-900 миллион эскирган шиналар тўпланади ва улардан фақат 20 фоизигина қайта ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Ўзбекистонда ҳам бу каби чиқиндиларнинг тўпланиши муаммоси мавжуд бўлиб, уларни қайта тиклаш билан шуғулланувчи корхоналар сони саноқлидир. Фойдаланишдан чиқган шиналар учун махсус полигонларнинг йўқлиги сабабли, улар маиший чиқиндихоналарга ташланади. Ўз навбатида, уларни қайта ишлаш ҳамда иккиламчи қўллашни биринчи галдаги вазифалар қаторига қўшиш ҳам экологик, ҳам иқтисодий аҳамият касб этади.

Автошиналарни тиклаш ва улар асосида резино-техник буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналардан бири бу – “Тошкент шина тиклаш заводи” МЧЖ ҳисобланади. Корхона ишлаб чиқаришни ташкил этиш, кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, техник жиҳозланиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ассортиментининг кенгайиши натижасида резина-техник буюмларни, хусусан, шпал ва рельс ости қистирмалари, зичлагичлар, трансформатор пластиналари, автомобил салони гиламчалари ва сув сачратгичлари, резина хом-ашёлари, шунингдек, саноатнинг турли соҳалари учун расмий ҳамда норасмий резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш соҳасида мустаҳкам ўринни эгаллайди.

Пресс-тур иштирокчилари корхона майдонидаги қайта тиклаш ва резина-техник буюмларни ишлаб чиқаришда экологик тоза технологиялар жорий этилган ишлаб чиқариш цехларига ташриф буюрдилар.

Журналистлар билан бўлган учрашувда завод мутахассислари таъкидлаганидек, улар қайта тиклайдиган технологияларни тадбиқ этиш орқали ўз олдиларига аҳолидан, корхоналардан, турли муассасалардан хом ашёни йиғиш тизимини ташкил этиш вазифасини қўймоқдалар. Ўзбекистон автомобил паркининг динамик ўсиши эскирган шиналарнинг доимий тўпланишига олиб келади. Эскирган шиналарнинг кичик улушигина қайта ишланади, қолганлари эса экологик вазиятни мураккаблаштиришга сабаб бўлувчи ноқонуний чиқиндихоналарга ёки оддийгина кўчаларга, маҳаллаларга ташлаб кетилади. Шу туфайли ҳар бир фуқаро бу каби чиқиндиларни резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш ва қайта тиклаш бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг қабул қилиш жойига топшириш орқали ўз ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилашга хиссаларини қўшишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг фикри бўйича, резинали чиқиндиларни утиллаштиришнинг экологик масалаларини ҳал этиш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида рағбатлантириш мақсадларида бу каби корхоналарни қўллаш, иккиламчи хом ашёни йиғишда кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.

Чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантиришнинг қонуний асосини яратиш, хусусан, чиқиндиларни утиллаштириш бўйича корхоналарга имтиёзли солиқ солиш, заҳарли чиқиндиларни ёқиш ҳамда қўмишни таъқиқловчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, чиқиндиларни алоҳида йиғиш устидан ташкилотлар, аҳоли масъулиятини ошириш зарурдир.

Шу тариқа шиналар ва покришкаларни утиллаштиришнинг илғор технологиялари ва усуллари эски шиналар асосида кўплаб хавфсиз ҳамда фойдали буюмларни ишлаб чиқариш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни  муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз