Ёзёвон

ВОДИЙ ҚЎЙНИДАГИ НОЁБ ДУРДОНА

ёзевон2

Марказий Фарғонанинг Ёзёвон чўллари бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Бу ердаги қумларнинг шифобахшлиги қадимдан тилларда достон.  Мустақилликнинг илк куниданок ушбу табиат ёдгорлигини ташкил қилиш ва уни Фарғона ўрмон хўжалиги тасарруфига бериш тўғрисида халқ депутатлари вилоят кенгаши Президиумининг 1991 йил 5 апрелда 29/9-сонли қарори қабул қилинган. Шундан сўнг вилоят ҳокимининг 1994 йил 23 май 164-сонли қарорига асосан Марказий Фарғонада, Фарғона ўрмон хўжалиги такибида Ёзёвон туманидан 1820,4 га, Охунбобоев туманидан 142,5 га, жами 1962,9 га ер майдонида “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ташкил этилган. Қарорнинг 2-бандида “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Низоми” тасдиқланган.

Низомга асосан “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Ёзёвон ва Охунбобоев туманларининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, марказий Фарғонанинг ҳали ўзлаштирилмаган, ўзига хос ноёб ландшафтли шаклланган биологик тизимга эга. Бу ердаги экологик тизим асрлар давомида ташкил топган ва ривожланган. Ажратилган ер майдонининг 1543 га. ўрмон билан қопланган, 50 га. очиқ қумликлар, йўллар 11 га. 235 га. ўт ўланлар билан қопланган, 3 га. сувлик ерлардан иборат бўлиб ундаги ўсимлик дунёси: 4 бўлим 6 синф 42 оила ва 188 туркумга оид бўлган 302 та ўсимлик тури, 5 тур дарахтлар, 24 тур буталар, 10 тур чала буталар, 98 тур кўп йиллик ўтлар, 165 тур бир йиллик ўтларни ташкил қилади.

Ёдгорлик ҳудудидаги ўсимликларнинг 91 тури шифобахш, 81 тури эса бегона ўтларни ташкил қилади. Ўсимлик қопламида қора саксовул, оқ саксовул, қандим турлари, черкез, селин, чўл узуми, астрагал, ялтирбош турлари эдификатор ҳисобланади. Булардан ташқари, қумликларда юлғун, туронгил, қора чингил, Фарғона шувоғи, янтоқ, оқбош, қизил чойчуп, кумажрик учрайди. Ўсимликлар орасида Қизғиш Астрагал, Севердцов моголтовияси фақат шу ҳудудда ўсади ва йўқолиб бораётган тур сифатида “Қизил Китоб”га киритилган.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ҳудуди зоогеографик жиҳатдан Туркистон воҳа округининг Фарғона районига жойлашган. Бу ерда асосан қумли, қисман гилли ва шурхокли чўлларнинг хайвонлари тарқалган. Қумларда судралиб юрувчилар энг куп учрайди. Қум тепаларининг юқори ва ўртача қисмларида турли калтакесаклар ва илонлар ҳаёт кечиради.

Қулранг эчкиэмар – энг катта калтакесак булиб, унинг узунлиги 1,5 метрга етади. У калтакесак, илон ва турли ҳашаротларни тутиб ейди. Куннинг иссиқ вақтида фаол бўлади. Эчкиэмар, Штраух юмалоқбоши,Фарғона қум калтакессаги йўқолиб бораётган тур сифатида “Қизил Китоб”га киритилган.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Фарғона водийси оша бутун Ўзбекистон миқиёсида фан ва маданий-маърифий ҳамда эстетик аҳамиятга молик ёдгорлик сифатида табиий ҳолда сақлаб қолиш айни муддаодир. У табиатни тирик бурчагидир.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ҳудудида қуйидагилар таъқиқланади:

-ўсимлик такибини ўзгартиришга олиб келувчи (кесиш, шикастлантириш, нобуд қилиш),

-иморатлар ва йўллар қуриш, тупроқ қатламини бузувчи, сизот сувларини сатҳининг ўзгаришга ва сув режимига салбий таъсир этувчи ҳар қандай ишлар,

-пичан ўриш ва чорва боқиш, олов ёқиш, автотранспортларини туриши, оммавий тадбирлар, ов қилиш, ҳудудни ифлослантириш ва бошқа йўллар билан табиатга зарар келтириш,

-ерларни ўзлаштириш ва сув тамоқларини қуриш,

-фойдали қазилмаларни қазиш.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги учун Фарғона вилоят ҳокимининг 1995 йил 19 январдаги № 21-сонли қарори билан Ёзёвон туманида 1820,4 гектар Охунбобоев туманида 142,5 га қум барханлари ажратилиб берилган ва ерга эгалик қилиш хуқуқини берувчи давлат далолатномаси олиниб А№005578, №001406 рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бу табиат ёдгорлигининг мавжудлиги ўсимлик ва хайвон турларининг биологик хилма-хиллигини, камёб ва ноёб турларни йўқолмасдан сақлаб қолишда муҳим давлат табиат маскани ҳисобланади.

Э.Абдуллаев,

 Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспектори

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз