ҚУШЛАРНИНГ ТАҚДИРИ БИЗНИНГ ҚЎЛИМИЗДА

Птицы 4

Халқаро қушлар куни ҳар йили 1 апрелда нишонланади. Байрам тарихига назар ташлайдиган бўлсак, кўпгина манбаларда Қушлар куни 1906 йилдан – Қушларни муҳофаза қилиш Халқаро Конвенцияси имзоланган вақтдан бошлаб нишонланиши ёзилган. Лекин 1906 йилда бундай конвенция қабул қилинмаган. Аслида, 1902 йилда Қишлоқ хўжалигига фойда келтирувчи қушларни муҳофаза қилиш Халқаро конвен- цияси қабул қилиниб, у 1905 йилда кучга кирган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Қушлар кунини нишонлашга асос бўлди. Қушлар куни қадимдан қушларнинг қишлаш жойларидан қайтиб келишига бағишланган болалар байрами ҳисобланган. У илк марта Конвенция қабул қилинишидан олдин 1894 йилда мактаб ўқитувчиси Чарльз Бабкок ташаббуси билан АҚШдаги Оил-Сити шаҳарчасида (Пенсильвания штати) нишонланган. Матбуот ва жамоатчилик кўмагида бу байрам тез орада бутун мамлакат бўйлаб оммалаша бошлаган.

Байрамнинг асосий мақсади – ёввойи қуш турларининг хилма-хиллиги ва сонини сақлаш, уларга нисбатан ёшларда меҳр ва ғамхўрлик ҳиссини тарбиялашдир.

Мамлакатимизда ҳам мана, тўрт йилдирки, ушбу сана Ўзбекистон Қушларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан Халқаро Spring Alive дастури асосида ўтказилмоқда. Ушбу дастур болалар ва катталарга табиатни муҳофаза қилишнинг нақадар муҳимлиги, уни асраш чоралари ҳақида тушунтиришга ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.  Spring Alive нинг бу йилги шиори – “Полапонларни ўзингиз билан олиб кетманг!” дея номланади.

Тошкент Ботаника боғида ўтказилган тадбир ҳам шу шиор остида ўтказилди. Тадбир ташкилотчилари томонидан тайёрланган маҳорат дарслари – қоғозга расм чизиш, оригами, яъни, қоғоздан қушлар ясаш, тошларга акрил бўёғи ёрдамида расм чизиш, “Полапон топиб олдингми? Нима қилиш керак?”,”Қуш уяси” ўйинлари, “Экскурсия – ботаника боғи қушларини кузатиш” каби қизиқарли дастурлар  тадбирга ташриф буюрган болаларда қизғин таассурот қолдирди.

“Қушларнинг тақдири бизнинг қўлимизда” мавзусида маҳорат дарсини олиб борган Жамият кўнгилли (волонтёр)си Шоҳиста Холованинг таъкидлашича, болалар ушбу дарсда нафақат расм чизишни ўрганишади, балки Она табиат билан ҳамоҳанг бўлишни, қушлар ҳам худди инсонлар каби меҳр-мурувватга муҳтожлигини қалбан ҳис қилишади. – Сизга ота-онангизнинг  кўмаги қанчалик зарур бўлса, полапонларни ҳам ота-оналаридан ажратиб бўлмайди, – дея болаларга мурожаат қилди расм чизиш жараёнида Ш. Холова.

Ўзбекистон Қушларни муҳофаза қилиш жамияти ходими Алишер Отахўжаев экологик саналарни нишонлаш Жамиятнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланишини таъкидлади. – Шунингдек, сўнгги юз йилликда Ўзбекистон ҳудуди бўйича 460 та қуш қайд этилган. Ўзбекистонда Ўзбекистон Қушларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан 48 та ҳудуд қушлар учун муҳим орнитологик ҳудудлар деб олинган. Шу ҳудудларда ҳар йили қушлар мониторинги олиб борилади.  Мониторингда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси масъуллари,  Олий ўқув юртларининг биология факультети талабалари ва кўнгиллилар  фаол иштирок этиб, мамлакатимиз орнитофаунасининг хилма-хиллигига ўз ҳиссаларини қўшадилар, – деб изоҳ бериб ўтди А. Отахўжаев.

Тадбир ташкилотчилари тайёрлаган дастур Қушлар кунининг   мароқли ва таассуротларга бой ўтишини таъминлади. Қолаверса, лозим бўлганда қушларга керакли ёрдам кўрсата олиш, уларни тўғри парвариш қилиш имконини берувчи қизиқарли ва фойдали маслаҳатлар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, мазкур тадбир  пойтахтимиз Тошкент шаҳридан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг нишонланади.

Ишонамизки, бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг вақтини фойдали ишлар билан банд қилиш билан бирга, уларни  табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаб, чин маънода фидойи бўлишига замин яратади.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади    

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз