Ўзбекистонда шамол энергияси қурилмалари парки яратилади

10215
«Ўзбекэнерго» ДАК Германиянинг GEO-NET Umweltconsulting GmbH компанияси билан 2014-2015 йилларда Ўзбекистоннинг олтита вилоятида шамол электроэнергетикаси салоҳиятини тадқиқ қилиш юзасидан шартнома имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» ДАК хабар берди.
Тадқиқотлар 2014 йил ёз ойидан бошланиб 2015 йил ўрталаригача давом этади. Германия компанияси 6 ой давомида олинган натижаларни таҳлил қилади. GEO-NET амалга оширган ишлар якунлари бўйича Ўзбекистонда шамол энергияси қурилмалари паркини яратиш лойиҳаси тайёрланади. Қурилмаларнинг қуввати тадқиқот натижаларига кўра аниқланади.
Германия компанияси маълумотларига кўра, GEO-NET қайта тикланувчи энергия, экологик метеорология ва экологик лойиҳалаштиришга ихтисослашган. Янги илмий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни қўллаш компания ривожида муҳим ўрин эгаллайди. 1996 йилдан бери GEO-NET иқтисодий сектор, банклар ва ташкилотлар, шунингдек жамият ва федерал муассасалар учун ишланмалар, тадқиқотлар ва маслаҳат бериш ишларини амалага ошириб келмоқда.
Манба: «Жаҳон» ИА

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз