18

ЎЗБЕКИСТОН ТАБИАТИНИНГ БИОЛОГИК ВА ЛАНДШАФТЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ

18Бизга маълумки, жамият тараққиёти барча соҳаларнинг уйғун тарзда ривожланишига боғлиқ. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий, маърифий-ҳуқуқий, экологик-техник ислоҳотларнинг босқичма-босқич кўтарилиши ривожланиш пиллапояларини юксалтиради. Бу жараёнда учинчи сектор, деб аталмиш нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни, роли, фаоллиги ортиб бориши эса келгусида кучли фуқаролик жамиятининг шаклланишигина эмас, балки ривожланиш уфқларини кенгайтиради. Шу жиҳатдан олиб қараганда бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари деярли барча жабҳада фаолият юритиб, ислоҳотларнинг чуқурлашиши ва мамлакатнинг модернизация жараёнларининг тезлашишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарши шаҳридаги “Экосфера” нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти табиат муҳофазаси масалаларига йўналтирилган. Эътиборлиси, фаолият турларининг кенг қамровлигидир. Қисқача таъриф берганда республика, жумладан Қашқадарё вилояти ҳудудида экологик муаммоларни ўрганиш, уларни илмий асосда таҳлил қилиш, аҳолининг экологик билими ва маданиятини ошириш борасидаги ишлари билан давлат дастурларининг бажарилишига амалий ёрдам бериш кўзда тутилган. Шунингдек, фуқаролик ва демократик жамиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш, фуқароларни ижтимоий ва маънавий ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида халқаро юридик ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, инвестиция маблағларини юқорида келтириб ўтилган вазифаларни ҳал қилиш учун сарфлашдан иборат.

Ана шу мақсадда “Экосфера” нодавлат нотижорат ташкилоти бугунги кунда қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, якка тартибда меҳнат фаолияти олиб бораётган қишлоқ аҳолисига экологик тоза, инсон соғлиги учун фойдали бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш борасидаги ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиб келинаётгани диққатга сазовордир. Шунингдек, ёшларнинг экологик, маънавий-маданий савиясини ошириш, табиий ресурсларни ҳимоя қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, табиатга меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш учун ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Ушбу марказ аҳолининг экологик, маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш мақсадида реклама ва ноширлик билан шуғулланиб келаётгани ҳам эътиборлидир. “Умумий биология”, “Табиий билимлар замонавий консепцияси”, “Табиат муҳофазаси ва экологияга оид русча –ўзбекча изоҳли луғат”, “Ўзбекистоннинг асосий бўёқбоп ўсимликлари” каби бир қатор китоблари ҳамда “Қашқадарё ҳавзаси флорасининг камайиб, йўқолиб бораётган ўсимлик турлари”, “Қашқадарё вилоятида камайиб, йўқолиб кетаётган ҳайвон турлари”, “Добро пожаловать в Кашкадарью”, “Проведение экскурсий в Кашкадарьинской области- требование времени” ,“Қарши давлат университети биология кафедраси — Биология фанлари доктори, профессор С.М.МУСТАФАЕВ” каби буклет ва брошюралар, “Қашқадарё жаннатмакон диёр” номли альбомли  китоблар шулар жумласидан. 

Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми. Бу бойлик бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди.

-Ушбу ташкилот вилоятдаги ўсимликлар дунёсини ўрганиш, йўқолиб кетиш арафасида турган яшиллик олами турларини тиклаш, уларни кўпайтириш билан шуғулланиб келади,- дейди “Экосфера” нодавлат нотижорат ташкилоти рахбари Самадулло Мустафоев. — Тадқиқот ишларини олиб бориш учун воҳанинг чўл ва тоғ ҳудудларида тез-тез хизмат сафарлари уюштирамиз. Ўсимликларнинг камайиб кетиш сирларини ўрганиш учун маҳаллий аҳоли билан яқиндан мулоқотга киришамиз. Айниқса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиб, ўсимликларни асраб-авайлаш, уларни кўпайтириш борасида учрашув ва семинарлар ўтказиб келаётганимиз ижобий натижа бермоқда. Доривор ўсимликлар аҳоли ўртасида кенг ишлатиб келинади. Одамлар, кўпинча, уларни йиғиб олиб, уй шароитида дори тайёрлашади. Бундай ҳолларда ўсимлик таркибида баъзи моддалар борлигини, уларнинг кимёвий хоссаларини билмасдан тайёрланган дорилар фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.

Масалан, халқ табобатида анжирнинг баргли қуритилган ва илдизидан тайёрланган қайнатма меъда-ичак йўли ишининг бузилиши камқонлик сингари хасталикларда фойдаланилса, пишмаган меваси (ғура) жароҳатларни битирадиган восита тариқасида ишлатилади. Мевадан тайёрланган қайнатмаси систит ва нефритга даво ҳисобланса, юқори нафас йўлларининг ўткир яллиғланиш касалликларида меваларини сутда қайнатиб тановул қилиш тавсия этилади. Барглари, ёш шохлари ва етилмаган меваларининг сутсимон ширасидан турли яралар ва жароҳатларни даволаса, буйракда ҳосил бўладиган майда тош ва қумлардан халос бўлиш ва  бадандаги сўгал ва ҳуснбузарларни йўқотиш учун кенг фойдаланилади.

Хонаки бодом — қуруқ мевалар сарасига кирувчи навлари орасида жуда кўп сонли гибридлар мавжуд. У Косон, Бешкент, Касби ва Муборак туманларида қадимдан муҳим дастурхонбоп мева ҳисобланади. Ушбу бодомни бугунги кунда Англия, Германия, Франция, Канада, АҚШ мамлакатларига экспорт қилинади. Унинг мағзи Сурия, Туркия, Эрон, Афғонистон давлатларининг экспорт маҳсулотларидан. Ширин бодом ёввойи ҳолда Ўрта Осиёнинг Чотқол, Қурамин, Помир-Олой тоғ тизма этакларида кенг тарқалган. Қашқадарё воҳасида бу ўсимлик Оқсув, Қорасув дарёлари соҳиллари, Қизимчак, Ҳисорак, Чопуқ қишлоқлари атрофларида кенг тарқалган. Ҳисорак ва Ғилон қишлоқлари аҳолисининг оғзаки маълумотларига қараганда, ушбу дарахт юқорида келтирилган дарёлар соҳилларида қадимда тўқайзорларни асосий ўсимликларидан биридир. Ҳозирги кунда бу ўсимлик реликт тур сифатида онда- сонда учрайди. Маданий- ширин бодом ёруғ ва иссиқсевар ўсимлик, одатда у майин тупроқли намликка бой жанубий- шарқий тоғ ёнбағирларида мўл ҳосил беради.

Аҳолининг табиатни муҳофаза қилишдаги иштирокини ошириш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли тобора юксалиб бормоқда. Шундай экан, бу йўналишда фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар янада кўпайса мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Ҳақиқатан ҳам дахлдорлик туйғуси шаклланган ва тараққиёт мезонларини фаол муносабатлар билан бойитган ташкилотларнинг ортиб бориши кучли фуқаролик жамиятининг пойдевори мустаҳкамлигидан далолатдир.

Гулруҳ  ЖЎРАЕВА,

    Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё

        вилояти бўлинмаси координатори.

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз