61

Ўзбекистон Давлат табиат музейи 142 ёшда

Ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсига бўлган қизиқиш инсонни ботаника ва ҳайвонот боғигагина етаклаб бормайди.  Негаки, ноёб ва йўқолиш арафасидаги, йўқолиб кетган  турларни  Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги тассаруфидаги Ўзбекистон Давлат табиат музейида ҳам кўриб ўрганишимиз мумкин. Ушбу музей марказий Осиёнинг дастлабки илмий-маърифий муассасаларидан бири саналади. Музей 1876-йил 12 июлда табиатшунослик, антропология ва этнография билан қизиқувчилар Москва жамияти  Туркистон  бўлимининг аъзолари  бўлган  илғор рус олимларининг ташаббуси билан ташкил этилган эди.

1a06f65c1119811a25ba04ea374c17f9Дастлаб музей ишини Туркистон Халқ Университети бошқариб борди. Музей директори лавозимига атоқли зоолог, ажойиб сайёҳ Н.А.Зарудний тайинланган эди. Ўша пайтда “Туркистон халқ музейи” деб ном олган музей, 1919 йил феврал ойида Генерал-губернаторнинг қароргоҳи ҳисобланган, Оқ уйга кўчирилди. Туркистон халқ музейи 1921 йилда музей ва қадимги ёдгорликларни сақлаш, санъат ва табиат ишлари бўйича Қўмита тасарруфига ўтказилиб, Ўрта Осиё Бош музейи номини олди. Музейнинг экспозиция ва фондлари Биология, Зоология, геология, география, энтомология, архиология, Ботаника, антропология ҳамда этнография бўлимларидан иборат бўлган. 1930 йилга келиб табиат бўлимлари ва қишлоқ хўжалик музейи ҳамда Зоология боғи билан бирга Ўрта Осиё табиат музейи номини олган. 1944 йилга келиб Ўзбекистон  Давлат музейи бой илмий фондларни сақлайдиган муассаса сифатида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг муассасалари тизимига ўтказилиб, “Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Табиат музейи” деб номланди. Йиллар давомида илмий ходимлар, рассомлар билан биргаликда республикамиз табиатини тўлиқ акс эттирувчи янги экспозициялар яратдилар.

147152_603x354963 йилга келиб музей Ўзбекистон Фанлар Академияси тизимидан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ихтиёрига ўтказилди. Музей ходимлари томонидан аҳоли ўртасида табиат тўғрисидаги билимларни тарғибот қилиш мақсадида кўчма кўргазмалар, маърузалар ҳамда тадбирлар  уюштирдилар. Амалга оширилган ишлар учун музей кўп маротаба тақдирланди. 1967 йилда музейлар кўригида биринчиликни қўлга киритди ва музейга “Ўзбекистондаги энг яхши музей” унвони берилди. Ўзбекистон Давлат табиат музейига ташриф буюрувчилар таборо ортиб бормоқда. Ўзбекистон Давлат табиат музейининг кўргазма залларида Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Қуёш системаси, Одамнинг пайдо бўлиши ва яшаш тарзи, умумий биология,   гинетика, геология, Ўрта осиёда учрайдиган ёввойи хайвонлар, тропик хайвонлар, ўрмонзор, Қамишзор, Тўқайзор, Саҳроларда учрайдиган хайвонлар ҳамда пахта далалари, Буғдойзор, Шоличилик, Балиқларнинг хар хил турлари ва табиий аквариум, Қушларнинг хар хил турлари, мустаққиллик зали, энтомология зали ва Орол ва орол бўйи экспозицион заллардан иборат.

Ўзбекистон Давлат табиат музейининг  захира материаллари музей ташкил топган вақтдан буён ўтган давр ичида йиғилган ва асосан Марказий Осиёнинг турли ҳудудларига қатор экспедициялар натижасида йиғилган тўпламларни ташкил этади.

Ботаника тўпламларидан иборат тупроқлар, гербарийлар, Марказий Осиё дарахтларининг кесмалари, ўлканинг ёввойи ўсимликлари коллекцияларидан иборат.

Музейнинг энтомология заҳираси музей ташкил топгандан бошлаб вужудга кела бошлади. Бу 350 000 дан ортиқ ҳашоратлар намунаси бўлган Марказий  Осиёдаги энг катта энтомология коллекциясидир. Кўп миқдордаги Марказий Осиё тўпламларидан ташқари, 1918 йилда А.А.Мель томонидан музейга инъом қилинган 1290 та намуналардан иборат бўлган тропика капалаклари коллекцияси ҳам катта аҳамиятга эга.

Музейнинг зоология тўпламларидан ажойиб олим ва сайёҳ Н.А.Зарудний томонидан тўпланган 560 нусҳадан иборат кўп сонли кемирувчилар ва 140 та қушлар тухуми коллекцияси катта аҳамиятга эга.

Зоология бўлимининг заҳирасида 4000 дан ортиқ умуртқали ҳайвонларнинг тулумлари сақланиб келинмоқда.

Музейнинг геология бўлимида Марказий Осиёнинг турли конларидан келтирилган минерал ва фойдали қазилмаларнинг коллекцияси бор. Полеонтологик коллекцияларни асосан Қоратов тоғ ва Қизилқумдаги Итемир сойидан йиғилган намуналар ташкил этади. Булар балиқ, ҳашорат, ўсимлик баргларининг излари, тошга айланиб қолган дарахт таналарининг бўлаклари, бошоёқли ва қориноёқли, малюскаларнинг тошга айланган чиғаноқлари, динозаврларнинг тошга айланган суякларидан иборат.

Ўзбекистон Давлат табиат музейнинг асосий вазифалари томошабинларга кўпгина қимматли ва турли-туман илмий-оммабоп маълумотлар беради ва аҳолининг кенг оммаси ўртасида мамлакатимизда  ўсиб келаётган ёш авлодга Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, навқирон авлоднинг она табиатга бўлган меҳрини ошириш, табиатшунослик соҳасидаги билимларни чуқурлаштиришдан иборатдир. Музей ичида мавсумий экспозициялар ва музейдан ташқари кўчма кўргазмалар ташкил этилади.

DSC_1065Музейга ташриф буюрувчиларни кўпроқ Ўзбекистон Республикаси  қизил китобига киритилган хайвонлар  қизиқтиради уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз, жуда кўп йиллардан бери сақланиб келаётган Турон йўлбарсига  аҳамият қаратсак- Қадим-қадимдан одамлар йўлбарсни ҳайвонлар шоҳи деб атайдилар, чунки қуриқликда яшовчи барча жонзодларнинг хокими саналмиш йўлбарс куч-қудратда тенгсиз. Мушуксимонлар оиласига мансуб, йўлбарслар асосан Марказий Осиё кенгликларида яшайдиган йиртқичларнинг энг ҳайбатлиси ҳисобланади. Шу боис ўлка аҳолиси орасида тарқалган ва тилдан-тилга кўчиб келаётган афсона ривоят ва эртакларда йўлбарс асосий қахрамонга айланган. Йўлбарслар ичида “Турон йўлбарси” энг йириги саналади. Ушбу ҳайвон Афғонистон, Эрон, Марказий Осиёниг Амударё, Сирдарё, Чирчиқ бўйларидаги тўқайларда, Орол бўйи ҳамда Сариқамиш мавзеларида 1945-1950 йилларгача яшаган. Унинг вазни 280 кг гача боради. Йўлбарснинг ҳид билиш органи унча кучли ривожланмаган, лекин эшитиш қобиляти жуда  яхши ривожланган ва кўзи қоронғуда ҳам яхши кўради. Турон йўлбарси бир кеча кундузда 18-20 соат ухлайди. Танаси ҳимоя рангига эга бўлиб, тўқай қамишзорларда пайқаш қийин. Йўлбарслар 3-4 метр баландликка ҳеч қийналмай сакрай олади. Сувда яхши сузади.  Йўлбарс куч-қудрат ва жасорат тимсоли сифатида нафақат бадиий адабиёт ҳамда ҳалқ оғзаки ижодиёти, балки халқ амалий санъати, меъморчилик, гиламдўзлик ва бошқа хунармандчилик буюмларида ҳам қўлланилган. Мисол учун: Самарқанддаги Регистон меъморчилик ансамбли таркибига кирувчи Шердор мадрасасида ҳам нақшинкор безаклар билан ишланган йўлбарс тасвирини кўриш мумкин. Йўлбарсларнинг, шу қаторда уларнинг ўлжалари бўлмиш туёқли хайвонларнинг овланиши, тўқай ва тоғолди ўрмонларнинг кесилиши, ерларнинг қишлоқ хўжалиги мақсадларида қўлланилиши, ушбу хайвоннинг кескин камайиб кетишига сабаб бўлган.  Ушбу экспонат Ўзбекистон Давлат табиат музейида 1986 йилдан бери сақланиб келинмоқда.

Кейинги экспонатимиз бу Қоплон хисобланади. Ушбу хайвон мушуксимонлар оиласига киради. Туёқлилар сонининг қисқариши, браконерлик натижаси ўлароқ бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кенжа тур ҳисобланади. Ғарбий Помир-Олой (Кўҳитанг, Боботоғ тизмаси) ҳудудида денгиз сатҳидан баландлиги 600-900 метргача бўлган камнам тоғ этакларининг сийрак пистазор ва арчазорли ҳамда тошқоялари юзага чиққан жойларида учраган. 1949-1960 йилларда Боботоғда бир неча донаси қайд этилган. 1990 йилларда Кўҳитанг тизмасида ҳам бир неча донаси учраган. Ҳозирда 10 тага яқини қолган деб тахмин қилинади. Оқшом ва тунлари фаол бўлиб, кундузи ғорлар, қоялар орасига беркиниб ётади. Март-май ойларида 2-5 та туғади. Ёввойи туёқлилар, баъзан кемирувчилар ва қушлар билан озиқланади. Умрининг узунлиги 15 ёшгача. Овлаш тақиқланган, Сурхон қўриқхонасида муҳофаза остига олинган. Ушбу хайвоннинг тулуми
1986 йилда музейга келтирилган.

           Шохларнинг хам энг севимли хайвонига айланган Гепард мушуксимонлар оиласига киради. Ўзбекистонда 1960 йилларгача тутқинликда сақлаш учун овлаш, онгли равишда қириб юбориш, кейинчалик қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, озуқа манбаларининг камайиши натижасида йўқ бўлиб кетган. Ўтмишда Қизилқум, Устюрт чўлларининг  текислик қисмидаги баланд-паст ва қумлоқ ёки қум тупроқли жойларида яшаган. Қизилқумда ХIХ асрда йўқ бўлиб кетган, Устюртда 1960-70 йилларда 13 таси қайд этилган, 1973 йилдан кейин умуман учрамаган. Асосан кундузи, баъзан ойдин кечалари ҳам фаол ҳаёт кечиради. Апрел-май ойида 2-4 та туғади. Кўпайиш давридан сўнг кўчиб юради. Жайронлар, баъзан қуёнлар, кемирувчилар, қушлар билан озиқланади. 14 ёшгача яшайди. Гепарднинг тулуми 1986 йилда музейга келтирилган.

            Сиртлон (дўлта). Сиртлонлар оиласига киради. 1960 йилларгача онгли равишда қирилиши, кейинчалик қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, тўқайзорларнинг йўқ қилиниши озуқа манбаларининг камайиши натижасида бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кенжа тур. Ўзбекистонда Кўҳитанг тизмасида, ўтмишда Амударё қайирларининг юқори қисми, Шеробод дарёнинг қуйи оқимида мавжуд. Тоғ этакларининг денгиз сатҳидан баландлиги 300-1200 метр ошмайдиган чўллашган, сийрак дарахт-бутасимон ўсимликлар билан қопланган адирликлар, қуриб қолган ўзанлар, қирғоқ бўйи тўқайзорларида яшайди. Доимо кам бўлган. 1980-90 йилларда 10 тачаси ҳисобга олинар эди. Одатда тунлари фаол, кундузи ини, ғор ва чуқурликларга беркиниб ётади. Май ойида 3-5 та туғади. Кўпайиш давридан сўнг кўчиб юради. Ўлакса, кемирувчилар, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар, сернам мевалар билан озиқланади.

Музейимизнинг ноёб қушларидан Жингалак ва Пушти сўқоққуш- Амударё ва Зарафшоннинг қуйи оқимларида учрайди. Сирдарёнинг ўрта оқимида уялайди. 1960 йилларда Жанубий Оролбўйида учраши одатий эди, ҳозирда кўпгина яшаш жойларида йўқ бўлиб кетган. 250 жуфтигача уялайди бир нечтаси қишлайди. Баҳорги учиб ўтиши март, апрелда. Қамишли тўқайларда калония бўлиб уялайди. Апрел, майда 2-3 та тухум қўяди ва 30-32 кун босиб ётади. Полапонлари июн,августда уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши сентябр,ноябр. Қишлаши ноябрдан февралгача. Балиқлар билан озиқланади.

 Томошабинларни ўзига жалб қиладиган қушларимиздан яна бири Қошиқбурун-Саёз сув хавзаларининг вакили, уясини қамишзорларга кўпинча калония бўлиб қуради.

Қошиқбурун 3тадан  5  тагача пойнаги қўнғир рангли оқ тухум қўяди. Нар ва модаси тухум босишда ва болаларини боқишда бир хил иштирок этади. Болалари 15 кунлик бўлганда оёқда тура бошлайди. Сув хашоратлари, молюскалар, итбалиқлар билан озиқланади. Орол денгизини ўзгариши оқибатида камайиб кетмоқда. Ўзбекистон Республикаси қизил китобига киритилган. Хайвонот боғларида кўпайтирилади.

Йиртқич қушларимиздан бургут узун қанотли ва  узун кенг думли йирик қуш, бургутлар ичида энг йириги ва кучлиси. Қанотлари очилганда 1,8-2,3 метр атрофида, умумий узунлиги 76-95 см, вазни 3-6,5 кг. Модаси наридан йирикроқ. Вояга етган қушлар жигарранг – қўнғир тусда, қанотлари остида очиқ рангда. Бошининг усти ва бўйнининг орқаси тилларанг. Ёш қушлар (5 ёшгача) думи тагидаги кенг оқ йўли ва қанотларидаги оқ доғлари билан ажралади. Парвози муаллақ, эркин ва ҳаракатчан. Шимоий ярим шарда кенг тарқалган, аммо кўпчилик минтақаларда ҳозирги вақтга келиб йўқолиб кетган ёки ўта камёб бўлиб қолган. Ўзбекистон худудида уялари барча тоғли районларда, Устюрт платосида ва Жанубий Оролбўйида учрайди. Уялари Нурота, Зомин, Китоб, Ҳисор, Сурхон ва Чотқол давлат қўриқхоналари худудида, Зомин ва Угом Чотқол миллий табиат боғларида мухофаза қилинади. Ушбу экспонат хам анча йиллардан бери сақланиб келинмоқда. Ўзбекистон Давлат табиат музейида совға тариқасида келтирилган экспанатлар хам мавжуд бўлиб ҳамда энтомология коллекцияларига бой, йиллар давомида сақланиб, янгиланиб келинмоқда.

Гулноза Шаджанова, Ўзбекистон Давлат табиат музейи Илмий ишлар бўйича директор  муовини

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз