Tag Archives: заҳарли ўсимликлар

milk-thistle-powder-dosage-300x225

ҚУШҚЎНМАСНИНГ ХОСИЯТЛИ ЖИҲАТЛАРИ

           Навоий вилоятининг  асосан чўл ва  адирликлар ҳудудида  учрайдиган “Қушқўнмас” ўсимлигини   барчамиз  йўл ёқаларида  кўп учратганмиз.  Уни кўпчилик говтикон, оқкаррак, тиконли оқкаррак, деб ҳам атайди. Унинг гуллари тиконли тўп саватча ҳосил қилгани учун халқ орасида шундай ном олган. Бўйи 2 метргача борадиган бу ўсимлик ёрқин бинафша рангда жуда чиройли гуллайди.  Унинг дориворлик хусусиятлари азалдан маълум.

Абу Али ибн Сино асарларида келтирилишича, ўсимлик қайнатмаси тиш оғриғини тўхтатади, ўйилган яраларни даволайди.  Меваси эса шишларни қайтаришга  фойдалидир.

Ўсимликнинг биокимёвий таркиби ўрганилганда,  ноёб биологик фаол модда — силимарин мавжудлиги аниқланди. Бу жигарни даволаш, инсон организми     иммунитетини  ошириш хусусиятига эга. Шунингдек, унда рух, селен, мис, ёғда эрувчан дармон дорилар, кверцитин, ярим тўйинмаган ёғ кислоталари бор. Шунинг учун у кўплаб дори-дармонлар таркибига киритилади.
“Қушқўнмас” овқатдан заҳарланганда, қандли диабетда, семизликда, кўз нури пасайганда яхши самара беради, юрак-қон томири касаллиги хуружининг олдини олишда қўл келади. Шунингдек, у жигар ва қонни тозалашда,    кимё ёки нур терапияси муолажаси олгандан сўнг нурланишдан сақланиш учун тавсия этилади. Бундан ташқари, холецистит, ўт йўли яллиғланишида,  ўт-тош ва ошқозон ости бези хасталигида, тузлар йиғилганида,  вена  қон томири кенгайишида, бод, бўғин оғриқларида, бавосил (геморрой), аллергия касаллигида қўлланилади.
Халқ  табобатида ўсимлик илдизининг қайнатмаси тиш оғриғи, меъда (ошқозон) касаллигига буюрилади. Уруғи эса қондаги қанд миқдорини пасайтириб, тозалайди. Бунинг учун кунига таомдан ярим соат олдин бир чой қошиқдан 4 маҳал қайнатилган сув билан ичилса, кифоя.
Уруғидан олинган мой ҳам ажойиб малҳам ҳисобланади. У моддалар алмашувини яхшилайди, жиғилдон қайнаганда, тери куйганда, узоқ битиши қийин бўлган яраларни даволашда эм бўлади.

Сожида ШУКУРОВА,

Кармана туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби  география     ўқитувчиси