Tag Archives: Янгиликлар

ХИТОЙДА АТОМ СТАНЦИЯЛАРИ КЎПАЯДИ

Nuke-Plants006Хитойда янги атом электрстанцияларини қуриш бошланди, деб хабар беради РАТА-ТАСС. 2011 йили Япониянинг “Фукусима-1” АЭСида содир бўлган ҳалокатдан сўнг қурилиши тўхтатилган АЭСларда яна иш бошланади. Электр энергиясига талаб тобора ортаётган бир вақтда 2015 йилга қадар мамлакатда кичик ҳажмдаги бир нечта шундай станция бунёд этилиши режалаштирилган. Хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ушбу станциялар аҳоли истиқомат қилмайдиган чека ҳудудларда барпо этилади.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳозир Хитойда ўн бешта атом реактори фаолият кўрсатмоқда. Яна йигирма олти реакторнинг қурилиши якунига етиш арафасида.

Наргис ҚОСИМОВА

МАКТАБЛАРГА САРҲИЛ МЕВА

skola_otrokovice_tablety1Чехиянинг Прага шаҳридаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул мева тарқатиш йўлга қўйилди. Энди болакайлар тушлик вақтида истаганча мева ва сабзавот маҳсулотларидан истеъмол қилиши мумкин. Мамлакат ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “Мактабларга сархил мева” лойиҳасига кўра, тўқсон икки фоиз бошланғич синф ўқувчиси бундай мева ва сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, олти ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар мева ва сабзавотларни мунтазам истеъмол қилиши зарур. Бу уларнинг ақлий фаолияти ривожланишига ва жисмонан бақувват бўлиб вояга етишига ёрдам беради.

Наргис ҚОСИМОВА

Музламайдиган йўллар

cycling_in_denmark_6Нидерландияда велосипедлар ҳаракати учун алоҳида йўллар қурилиши бошланди. Махсус қоришма билан қопланадиган бундай йўллар қишнинг изғирин кунларида ҳам музламайди. Бу ёғингарчилик вақтида ҳам ҳеч қандай хавотирсиз велосипеддан фойдаланиш имконини беради.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатнинг Зютфен ва Утрехт шаҳарларида қуриладиган мазкур янги йўллар ноқулай об-ҳаво шароитида велотранспортдан фойдаланувчилар ўртасида юзага келадиган ҳалокатларни камайтиришга хизмат қилади.

Наргис ҚОСИМОВА

Ўрмонлари энг кам бўлган давлат

maldives_007

Тез орада сув тагида қолиб кетиш эҳтимолига эга бўлган давлат Мальдив ороллари ҳисобланади. Сайёрамиз иқлими кўтарилиб глобал исиш туфайли Мальдив ороллари йил сайин чўкиб бормоқда.

Энг кўп соат поясларини ўз ичига олган мамлакат Франция ҳисобланади. Франциянинг барча ҳудудларини инобатга олганда ушбу мамлакат 12 та соат поясларида жойлашганлигини кўриш мумкин. АЈШ 11та, Россия 9та соат поясига эга.

Йўллари маржонлардан (коралл) қурилган дунёдаги ягона мамлакат Гуамдир. Бу ерда табиий қум бўлмаганлиги сабабли гуамликлар коралл ва нефтни аралаштириб йўл қуришга мажбурдир.

Кўлларга бой бўлган мамлакат — Канада. Дунё кўлларнинг 60 фоизи айнан ушбу мамлакатда жойлашган. Мамлакат ҳудудининг 9 фоизини 3 000 000дан ортиқ кўллар эгаллаган.

* * *

Дунёнинг энг қуруқ мамлакати – Ливиядир. Ливия ҳудудининг 90 фоизи чўлларга тўғри келади. Мамлакатнинг баъзи бир ҳудудларида ўн йиллаб ёмғир ёғмас экан.

* * *

Наркотик моддаларни энг кўп етиштирадиган мамлакат Афғонистондир. Бу ерда дунёдаги наркотик моддаларнинг 95 фоизи ишлаб чиқариларди.

* * *

Сибирда дунё ўрмонларининг 25 фоизи жойлашганлиги учун ушбу ҳудуд дунёдаги энг кўп кислород ишлаб чиқарувчи ҳудуд ҳисобланар экан.

* * *

Ўрмонлари энг кам бўлган давлат Гаитидир. Бу ерда ўрмонлар деярли қолмаган.

* * *

Global Peace Index маълумотига кўра дунёдаги энг нотинч мамлакат аҳолиси Сомали ҳисобланар экан. Ушбу мамлакат доимий равишда уруш ҳолатида туради.

* * *

Дунёдаги энг ўқимишли давлат Канада ҳисобланар экан. Бу ернинг 50 фоиз аҳолиси олий маълумотга эга. Бу борада иккинчи ўрин Исроилга (45 фоиз) ва учинчи ўрин Япония (44 фоиз)га тегишли.

* * *

Туғилиш кўрсаткичи бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган давлат Мальта ҳисобланади. Ушбу мамлакат бир қатор эмиграция (муҳожирлик) тўлқинларни бошидан кечирди. Бу ҳолат, ҳозирги кунда Мальта ҳудуди ташқарисида давлат ҳудудига нисбатан анча кўп мальталиклар истиқомат қилишига олиб келди.

* * *

Дунёдаги ҳар тарафлама (этник, тил, дин, маданият, иқтисодиёт, иқлим, ирқ кесимида) энг ранг-баранг давлатлардан бири ҳиндистон ҳисобланади.

Тез орада сув тагида қолиб кетиш эҳтимолига эга бўлган давлат Мальдив ороллари ҳисобланади. Сайёрамиз иқлими кўтарилиб глобал исиш туфайли Мальдив ороллари йил сайин чўкиб бормоқда.

Наргис ҚОСИМОВА

МАМОНТ СУЯКЛАРИ ТОПИЛДИ

P1100120Яқинда Тошкент вилоятидаги Овжаз сойида (Оҳангарон шаҳридан жануби-ғарбга томон 25-30 километр узоқликда жойлашган Қоратўқай қишлоғи яқинида) бундан 10-12 минг йил олдин қирилиб кетган филлар оиласига кирувчи мамонтларнинг нақд 1,6 – 1,8 млн ёшли вакилининг суяклари топилди.

Олимлар аллювиал ва кўл-аллювиал ётқизиқлари қатламидан аниқланган 2та оғизшоҳ ва жағ тиши жойлашган бош суякнинг юқори чап қисми жанубий мамонтлар туркумига кирувчи Осиё (дашт) мамонтига тегишли деган фикрга келишди. Чап оғизшоҳнинг сақланиб қолган қисми 2,78 метр узунликда бўлса, ўнг оғизшоҳнинг узунлиги 1,68 метр, ўрта ва юқори қисмларнинг диаметри эса 25-30 смни ташкил этади. Оғизшоҳларнинг қолган бўлакларини сел ювиб кетган. Олимлар ўрама шаклдаги оғиз шоҳларнинг узунлиги аслида 4 метр бўлганини тахмин қилишмоқда. Геологик ва геофизик тадқиқотлар топилманинг тўртламчи (эоплейстоцен) даврга тегишли 1,6-1,8 млн ёшдаги, баландлиги камида 5 метр, оғирлиги 10-12 тонналик мамонтлигини кўрсатмоқда. (Қиёс учун: ҳозир энг йирик филнинг оғирлиги эса 4 тоннагача етиши мумкин).

  Жанубий мамонтга тегишли тишлар мамлакатимиз ҳудудида аввал ҳам топилган. 2009 йили Қашқадарёнинг чап қирғоғига балиқ овлаш учун борган маҳаллий аҳоли мамонтнинг иккита тишини топиб олишган. 2010 йилда эса Навоий вилояти Қизилқум туманидаги Караката сардобаси олдида мамонт тиши топилган. Аммо ушбу топилмалар иккиламчи ҳолатда, яъни алоҳида бир бўлак сифатида кўплаб ташқи таъсирларга учрагани боис унчалик катта илмий қимматга эга эмас. Овжаз сойидаги мамонтнинг суяк қолдиқлари эса мустаҳкам линзасимон лой қатлами туфайли бир жойда яхши сақланиб қолган. Энди олимлар олдида мамонт қолдиқларининг бошқа қисмларини эҳтиёткорлик билан кавлаб олиш вазифаси турибди. Бу эса бироз мушкул. Сабаби, топилманинг устида 15 метр қалинликдаги тоғ жисмлари ётибди. Овжаз сойидан топилган мамонт қолдиқларини илмий жиҳатдан ўрганиш мамлакатимизнинг қадимги географик, геологик, экологик манзараларини тадқиқ қилишда муҳим аҳамият касб этади.

«Қурама» номи берилган ноёб топилма ҳозирда Давлат геология музейида сақланмоқда. Ўзбекистон Миллий университети кимёгарлари ва Фанлар Академияси олимлари очиқ муҳитда емирилиши кузатилаётган топилмани сақлаб қолиш ва асл кўринишини тиклаш устида бош қотиришмоқда.

Фарангиз ДЖАМОЛХОНОВА

ВЕЛОСИПЕДЛАР ИЖАРАГА БЕРИЛАДИ

BTLI-thailand-biking-3Таиландда велосипедлар жамоат транспортига айланмоқда. Мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, велосипедларни ижарага бериш, метро, автобус ва шаҳар электропоездлари бекатлари атрофида элликдан зиёд велосипед тўхташ жойларини қуриш мўлжалланмоқда. Бу эса велотранспортдан фойдаланувчи йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратади. Ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдори камаяди.

Бангкок дунёда автомобиль қатнови энг тирбанд шаҳарлар сирасига киради. Мамлакат йўлларидаги автомобиль тирбандлигини бартараф этиш мақсадида ижарага берилаётган велосипедларнинг биринчи ўн беш дақиқаси бепул, қолган вақтда соатига қараб пул тўланади.

Наргис ҚОСИМОВА

Журналистларнинг Тошкент шина тиклаш заводига ташрифи

product-71570-picture

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилаётган медиа ва пресс-турларнинг асосий мақсади журналистлар ҳамда аҳоли кенг қатламини табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги энг яхши тажрибалар, мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этишга кўмаклашиш тўғрисидаги бохабарлигини ошириш ҳисобланади.

Бугунги кунда жадал суръатлар билан миқдори ошиб бораётган чиқиндиларни бошқариш масаласи уларни утиллаштириш бўйича саноат қувватларини ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. Утиллаштириш мураккаб бўлган заҳарли чиқиндилар – илгари фойдаланишда бўлган автомобил покришкаси ва шиналарини қайта ишлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишлатилиб бўлинган шиналар ҳажми автотранспорт воситалари сони билан бирга ошиб бормоқда. Шу билан бирга улар ҳажми катта резинали чиқиндилар бўлганлиги сабабли қўшимча муаммоларни юзага келтиради, хусусан, кўп ҳолларда чиқиндихоналарга олиб борилади ёки оддийгина ташлаб кетилади. Агар табиий шароитда резинали буюмларнинг юз йилдан ошиқ вақт мобайнида парчаланиши ҳисобга олинса, бу каби чиқиндиларнинг барқарор ривожланишга қандай хавф солаётганини тасаввур қилиш мушкул эмас.

Турли маълумотларга кўра, ҳар йили жаҳонда 800-900 миллион эскирган шиналар тўпланади ва улардан фақат 20 фоизигина қайта ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Ўзбекистонда ҳам бу каби чиқиндиларнинг тўпланиши муаммоси мавжуд бўлиб, уларни қайта тиклаш билан шуғулланувчи корхоналар сони саноқлидир. Фойдаланишдан чиқган шиналар учун махсус полигонларнинг йўқлиги сабабли, улар маиший чиқиндихоналарга ташланади. Ўз навбатида, уларни қайта ишлаш ҳамда иккиламчи қўллашни биринчи галдаги вазифалар қаторига қўшиш ҳам экологик, ҳам иқтисодий аҳамият касб этади.

Автошиналарни тиклаш ва улар асосида резино-техник буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналардан бири бу – “Тошкент шина тиклаш заводи” МЧЖ ҳисобланади. Корхона ишлаб чиқаришни ташкил этиш, кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, техник жиҳозланиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ассортиментининг кенгайиши натижасида резина-техник буюмларни, хусусан, шпал ва рельс ости қистирмалари, зичлагичлар, трансформатор пластиналари, автомобил салони гиламчалари ва сув сачратгичлари, резина хом-ашёлари, шунингдек, саноатнинг турли соҳалари учун расмий ҳамда норасмий резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш соҳасида мустаҳкам ўринни эгаллайди.

Пресс-тур иштирокчилари корхона майдонидаги қайта тиклаш ва резина-техник буюмларни ишлаб чиқаришда экологик тоза технологиялар жорий этилган ишлаб чиқариш цехларига ташриф буюрдилар.

Журналистлар билан бўлган учрашувда завод мутахассислари таъкидлаганидек, улар қайта тиклайдиган технологияларни тадбиқ этиш орқали ўз олдиларига аҳолидан, корхоналардан, турли муассасалардан хом ашёни йиғиш тизимини ташкил этиш вазифасини қўймоқдалар. Ўзбекистон автомобил паркининг динамик ўсиши эскирган шиналарнинг доимий тўпланишига олиб келади. Эскирган шиналарнинг кичик улушигина қайта ишланади, қолганлари эса экологик вазиятни мураккаблаштиришга сабаб бўлувчи ноқонуний чиқиндихоналарга ёки оддийгина кўчаларга, маҳаллаларга ташлаб кетилади. Шу туфайли ҳар бир фуқаро бу каби чиқиндиларни резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш ва қайта тиклаш бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг қабул қилиш жойига топшириш орқали ўз ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилашга хиссаларини қўшишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг фикри бўйича, резинали чиқиндиларни утиллаштиришнинг экологик масалаларини ҳал этиш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида рағбатлантириш мақсадларида бу каби корхоналарни қўллаш, иккиламчи хом ашёни йиғишда кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.

Чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантиришнинг қонуний асосини яратиш, хусусан, чиқиндиларни утиллаштириш бўйича корхоналарга имтиёзли солиқ солиш, заҳарли чиқиндиларни ёқиш ҳамда қўмишни таъқиқловчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, чиқиндиларни алоҳида йиғиш устидан ташкилотлар, аҳоли масъулиятини ошириш зарурдир.

Шу тариқа шиналар ва покришкаларни утиллаштиришнинг илғор технологиялари ва усуллари эски шиналар асосида кўплаб хавфсиз ҳамда фойдали буюмларни ишлаб чиқариш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни  муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати

Ўзбекистонда шамол энергияси қурилмалари парки яратилади

10215
«Ўзбекэнерго» ДАК Германиянинг GEO-NET Umweltconsulting GmbH компанияси билан 2014-2015 йилларда Ўзбекистоннинг олтита вилоятида шамол электроэнергетикаси салоҳиятини тадқиқ қилиш юзасидан шартнома имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» ДАК хабар берди.
Тадқиқотлар 2014 йил ёз ойидан бошланиб 2015 йил ўрталаригача давом этади. Германия компанияси 6 ой давомида олинган натижаларни таҳлил қилади. GEO-NET амалга оширган ишлар якунлари бўйича Ўзбекистонда шамол энергияси қурилмалари паркини яратиш лойиҳаси тайёрланади. Қурилмаларнинг қуввати тадқиқот натижаларига кўра аниқланади.
Германия компанияси маълумотларига кўра, GEO-NET қайта тикланувчи энергия, экологик метеорология ва экологик лойиҳалаштиришга ихтисослашган. Янги илмий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни қўллаш компания ривожида муҳим ўрин эгаллайди. 1996 йилдан бери GEO-NET иқтисодий сектор, банклар ва ташкилотлар, шунингдек жамият ва федерал муассасалар учун ишланмалар, тадқиқотлар ва маслаҳат бериш ишларини амалага ошириб келмоқда.
Манба: «Жаҳон» ИА

Қуёш қурилмаси учун патент олинади

img_1110001434
        Наманган мухандислик иқтисодиёт институти олимлари томонидан ихтиро қилинган кўпфункцияли қуёш қурилмаси учун патент олишга ариза берилди, деб хабар берди «Туркистон-пресс» ахборот агентлиги. Ўзбекистон интеллектуал мулк агентлигининг маълумотларига кўра, бу кашфиёт халқ хўжалигининг барча соҳалари учун муҳим аҳамиятга эга.
          Қурилманинг асосий мақсади – экологик тоза совитиш ва иситиш агентлари ҳамда электр энергияси ишлаб чиқаришдир. Масалан, мазкур қурилмани ишлатган холда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини (ёнғоқ, мева ва сабзавотларни) қуритиш ва сақлаш ҳамда иссиқхоналарни иситиш мумкин.
        Қуёш – сайёрамизнинг ҳаёт манбаидир. Инсонлар қадим замонлардан бери қуёш энергиясидан фойдаланиб келадилар. Бугунги кунда иссиқлик энергиясини олишда қуёш қурилмаларидан фойдаланиш – келажак лойиҳаси эмас, балки кўпгина мамлакатларда жорий этилган ва тадбиқ этилаётган лойиҳадир.
Манба: «Tуркистон-пресс» НАА
 

 

Сув таъминоти тизими замонавийлаштирилмоқда

bezopasnaya_chistaya_voda

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан  2014-2015 йил учун Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида  зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича «йўл хариталари» дастурлари тасдиқланди, деб хабар беради www.ut.uz.  Мазкур ҳужжатда истеъмолчилар жалб этилишини кенгайтириш, қишлоқлардаги аҳоли истиқомат жойларида сувдан фойдаланишни ҳисоблайдиган ўлчов ускуналари ўрнатиш, сув-канализация тармоқлари ва иншоотларини реконструкция қилиш, кўп энергия сарф қиладиган насос ва электр-техника жиҳозларини замонавийларига алмаштириш йўли билан корхоналарнинг рентабеллигини ошириш кўзда тутилган.

Наргис ҚОСИМОВА