Tag Archives: Цемент

медиатур цемент3

МУВАФФАҚИЯТЛАР ФОРМУЛАСИ

“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб  ҳисса қўшаётган улкан саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган жаҳон стандартларига мос цементнинг 47,53 фоизи ана шу корхона ҳиссасига тўғри келишини инобатга оладиган бўлсак,  юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида “Қизилқумцемент” етакчи ўринларда туришини   тан олмай иложимиз йўқ. Ўтган йили корхонада  3 миллион 570 000 тонна цемент ишлаб чиқарилган бўлиб, ундан ташқари,  тоғ жинслари чақир тоши, пайвандлаш электроди, ўтга чидамли шамот ғишти, девор блоклари, тротуар учун плиталар, фундамент учун бетон блоклар, бетон қоришмалари, қурилиш қуми, шифер каби яна бир қанча қурилиш хом ашёлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Энг муҳими, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифатли ва жаҳон стандартларига мослиги ҳамда хавфсиз ва замонавий усулда ишлаб чиқарилаётганлиги билан эътиборга лойиқдир.

медиатур цемент1 Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси ва “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти  билан ҳамкорликда  журналистлар учун ўтказилган медиатурда  корхонада ишлаб чиқариш жараёни ва  асосан Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларини бажариш юзасидан   амалга оширилган ишларга   асосий  эътибор қаратилди.  Зеро,  давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мазкур Қонуннинг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилган.

медиатур цемент2 Корхонада экология,  атроф-муҳитни муҳофаза  қилишга  қаратилган эътиборнинг нечоғли юксаклигини   ўтган йили атмосфера ҳавосига умумий  ташланмалар  бир йилга меъёрланган 28590 тонна ўрнига 9439 тонна  ташланганлиги  яъни   меъёрдан бир неча  баробар камайганлиги билан изоҳлаш мумкин.  Ёки тозалаш иншоотлари   ёрдамида атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташланмаларнинг  99,70 фоизи  ушланиб қолинишига эришилган.

-Бу  мақтансак арзийдиган кўрсаткич,- дейди корхонанинг  Меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги ва экология бошқармаси бошлиғи Олим Ражабов.-  Тоғ-кон мажмуасидан бошлаб чангни бартараф қилиш борасида  корхонамизда амалга оширилаётган   бундай самарали механизм     Ўрта Осиёдаги корхоналар ўртасида  ҳам камлиги эътирофга лойиқ.

Корхонада атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг  истиқболли механизми аллақачон ўзини оқлаган ҳолда  ҳаётга тадбиқ этилаётганлиги ҳам диққатга сазовор. Жумладан, атмосфера ҳавосига ташланмалар чиқарадиган манбалар сони 255 та бўлиб, шулардан 113 таси   сунъий чанг ушловчи воситалар билан жиҳозланган.  Ҳозирги кунда корхонада чанг ушловчи воситалар сони 10 та қуруқ механик соатига 189 минг м3 чанг ушлаш имконига эга. 80 та  саноат фильтрлари соатига 818 минг м3 чанг ушлаш имконига эга ва 13 та электр чанг тутгичлари  соатига 4205 минг м3 чанг ушлаш имконига эга. Корхонада умумий чанг ушловчи ускуналар қуввати  соатига 5212 минг м3 дан иборат.   Аслида  меъёр бўйича 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида 8,3 килограмм ташламалар ташлашга рухсат берилган.  Корхонада йўлга қўйилган  механизм туфайли  амалда  1 тонна  цемент ишлаб чиқариш жараёнида 2,6 килограмм  чанг атмосферага чиқарилганлиги энг аввало корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг саломатликлари йўлида,  атроф- муҳит  мусаффолиги учун хизмат қилаётганлиги муҳимдир. Шунингдек, “Қизилқумцемент”нинг бундай ютуғи  барча навоийликлар   ҳаёти ва соғлиги учун ҳам  катта аҳамиятга эгадир.

 

-Корхонада ҳар йили экология ва атроф-муҳит муҳофазасига доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади,-дея ахборот берди экология бўйича етакчи муҳандис Зарифжон  Бердиев.-  Ўтган  йили амалга оширилган  чора-тадбирлар учун   кетган 13 млрд. 430 млн. сўм маблағнинг    13 млрд.  206 миллион сўми  фақат атмосфера ҳавоси муҳофазасига қаратилган  чора-тадбирларга сарфланди. Жорий йилдаги 26 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури ҳам асосан атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олишга қаратилган бўлиб,  унинг бажарилиши учун  1-чоракнинг ўзида  2 млрд. 883 миллион  сўм сарфланди. Бундан ташқари, корхонада ободонлаштириш ишларига ўтган йили 113 миллион сўм сарфланиб, 1716 дона ҳар хил манзарали дарахтлар экилган бўлса, 2018 йилнинг биринчи чорагида  худди ана шу мақсадда  73 миллион сўм сарфланиб, 1583 дона манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда.  Корхонамиз ҳудудидаги мевали боғларга, ҳар бир кўчату дарахт парваришига ҳар биримиз масъулмиз.  Бу борада ўзига хос тажрибамиз ҳам бор.   Ҳар қандай ишлаб чиқариш илғорини рағбатлантириш  мезонлари учун   ўз цехидаги ободонлаштириш ишларидаги фаоллиги ва техника хавфсизлигидаги масъулияти асосий ўрин тутади. Ана шу мезонларга қараб чораклик рағбатлантиришлар эълон қилинади.

Эколог З. Бердиевнинг фикрларидан корхона ҳудудидаги яшиллик ва озодалик,  мевали боғларнинг барқ уриб туриши,  гуллар гўзаллигининг асл сабаби ва сири нимада эканлигини англадик. Корхонанинг муваффақиятлар формуласи ҳам айнан  атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бош мақсадга айланганлиги  туфайли  эканлиги  ўз-ўзидан равшан.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик  ҳаракати Навоий  ҳудудий бўлинмаси раҳбари Эшмамат Тоғаев давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги экологик муносабатларда ижтимоий шерикчилик асослари тўғрисида  журналистларга маълумот берди.

Медиатурда  сўз олган тоғ-кон ишлари бошқармаси бошлиғи, шаҳар Кенгаши депутати Амир Азимов корхона атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни бош мақсадга айлантираётган бир пайтда  шундоқ корхонага яқин  ҳудудда   шаҳарнинг    деворсиз  чиқиндихонасидаги хунук манзарага мутасаддиларнинг панжа орасидан қараётганлиги ҳақида гапириб, бу борадаги таклифларини ўртага ташлади.

Она замин тупроғининг тозалиги, Она сайёрамиз ҳавосининг мусаффолиги, Она Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши  атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишимизга  боғлиқлиги такрор-такрор таъкидланди.

                           Маруса  ҲОСИЛОВА,

              журналист