Tag Archives: сув

262A0110

“АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ ВА ОАВ: СУВДАН ОҚИЛОНА ВА САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ МАВЗУСИНИ ЁРИТИШДАГИ ҲАМКОРЛИК

Мавзусида  12-13 сентябрь кунлари Тошкент  ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизацилаш институтида  Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилган Инновация ва илмий тадқиқотлар кластерида Европа Иттифоқининг  «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» лойиҳасининг бир қисми бўлган «Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича  саводхонликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш (UzWaterAware) » йўналишида семинар-тренинг  бўлиб ўтди. Асосий мақсад- бугунги кундаги долзарб  бўлган чучук сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш масалалари борасидаги ахборотни тарқатишда мувофиқ ташкилотлар ахборот хизматлари ва журналистлар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишдан иборат.

262A0161Шоҳиста Зокирова, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси қилиш бошқармаси мутахассиси:

-          Тренинг ҳам ахборот хизматларининг ходимлари ҳам журналистлар учун фойдалидир. Чунки бугунги кунда долзарб бўлган ичимлик суви муаммосини тежаш ва ундан оқилона фойдланиш масаласи бутун жаҳонни ташвишга солмоқда. Афсуски, жамиятимизда айнан сувдан фойдаланиш маданияти тўлиқ шаклланмаганлиги боис ҳануз сувни кўплаб исроф қилиш ҳолатларини кўришимиз мумкин. Тренингда ахборот хизматлари ходимлари ва журналистлар ўртасида мазкур долзарб муаммони биргаликда ҳал қилиш, аҳолини бу борадаги ахборот билан таъминлашда стратегияни ишлаб чиқиш масалалари кўтарилмоқда. Ўйлайманки, мазкур ҳамкорлик ОАВ томонидан ушбу муаммони кенгроқ ёритишга туртки бўлади.

262A0097

Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Кузатишларга қараганда, 2020 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб ҳозиргидан 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб 12–16 фоизга ошади. 262A0132Бинобарин, табиатга муносабат, жумладан, сув ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш янада муҳим масалалардан бирига айланади. Сувсизлик муаммоси қишлоқ хўжалигига, қолаверса, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига катта зарар етказиб, шу заминда яшаётган кишиларни жиддий синовларга дучор этиши мумкин.

262A0094Тренингни Ижтимоий тизимларни стратегик бошқариш Институти стратегик ривожлантириш бўйича директори Андрей Бойцов олиб борди. Икки кун давомида қатнашчилар ижтимоий фикрни шакллантиришда  мавсумий маркетинг усулларини қўллаш, ОАВ учун ахборот хизматлари билан ҳамкорлик масалалари, сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйтча жамоатчилик фикрини шакллантириш борасидаги замонавий усуллар ҳақида тушунчаларга эга бўлишди. Тренинг давомида ўтказилган “Сувдан самарали ва оқилона фойдаланиш масалаларини стандарт равишда қабул қилиш. Ахборот хизматларининг ОАВ билан ҳамкорлик вазифаларини шакллантириш”, “ Сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига доир ахборот хизматлари томонидан  ОАВ   учун янгилик яратиш жараёнининг моделлари” ни ишлаб чиқиш борасида ишбилармонлик ўйинлари ўтказилди.

Тренинг якунида қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

Азиза АЛИМОВА

Суратлар муаллифи Аскар Якубов

жамоа1

ОБ –ҲАЁТНИ ТЕЖАБ САРФЛАШДА АЖДОДЛАРИМИЗ ТАЖРИБАСИ

    photo_2018-08-07_21-49-55Сувнинг табиатда суюқ, буғ ва газ кристали шаклида учрашини яхши биламиз. У ўзининг эритувчанлик хусусияти билан ер юзидаги барча тирик организмларнинг яшашини таъминлаб туради. Улардаги мураккаб биокимёвий реакциялар, яъни модда алмашинув жараёни сувнинг иштирокида амалга ошади. Мутахассисларнинг фикрича, келгусида металл заҳиралари тугаб қолса, унинг ўрнига пластмассадан тайёрланган материаллар  ишлатилади. Ҳайвон ва ўсимлик маҳсулотларидан олинадиган озиқ моддалар етишмаса, уларнинг ўрнини босувчи моддалар тайёрлаш мумкин экан. Аммо ҳеч қачон сувнинг вазифасини ҳеч нарса бажара олмайди.

   Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Қарши “Афсона” меҳмонхонасида “Ўзбекистон ОАВ ва ННТ вакилларининг сув ресурслари ва сувдан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш” мавзуида семинар- тренинг бўлиб ўтди.

photo_2018-08-08_11-55-32 Мазкур тадбирда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Матбуот хизмати, Экоҳаракатнинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоятдаги ННТлар вакиллари, республика ҳамда вилоятдаги ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Cеминар-тренингнинг асосий мақсади, республикада фаолият юритаётган журналистларнинг сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тайёрлайдиган журналистик материаллари орқали кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва экологик маданиятини шакллантиришдан иборат.

photo_2018-08-07_15-31-31 Сув танқислиги билан боғлиқ муаммо оламшумул таҳдидга айланиб, табиий муҳитнинг ёмонлашувига, яшашга доир имкониятларнинг чекланишию аҳоли саломатлигининг ёмонлашувига олиб келди. Бугун сайёрамизнинг қирқдан ортиқ мамлакатида истиқомат қилувчи 2 миллиарддан кўпроқ одам сув танқислигидан азият чекмоқда. Ҳозирги даврда ички сув ҳавзалари, айниқса дарёлар шу қадар ифлосланганки, улар табиий йўл билан ўзини-ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар нафақат истеъмол учун балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаётир. Ўғит ва заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан оқиб чиққан сувлар ва бошқалар шулар жумласидандир.

photo_2018-08-08_12-02-46  Тадбирда таъкидланганидек, сувнинг уч хил агрегат ҳолатда суюқ, газсимон ва қаттиқ бўлиши жойларнинг об-ҳаво ва иқлим шароитининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Сув тирик организмлар учун бирламчи ҳаёт муҳити ҳисобланади. Инсон организмининг 60 фоизидан ортиғи, айрим ўсимликларнинг 80-85 фоизи сувдан иборатдир. Умуман кундалик ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сув  -  биосферадаги деярли барча жараёнларда иштирок этади.

-Об-ҳаётни тежаб сарфлашда аждодларимиз тажрибаси бугунги кунда ҳам қўл келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда,-дейди “Нақирон” газетаси бош муҳаррири Қурсия Қўлдошева. -Баъзи мутахассислар нишаб жойларда сувни бир жойда йиғувчи сардобага ўхшаш кичик иншоотлар қуриб, баҳор ойларида ёққан ёмғир сувларини тўплаш ва ёзда-вегетация даврида ундан экинларни ҳамда молларни суғоришда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлашаяпти. Бу усул тоғ ва тоққа яқин ҳудудларда қўлланилса, самарали натижа бериши тайин. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришга эътиборни кучайтириш ҳам фойдадан холи эмас. Бу борада яхшигина тажриба тўпланган ва у жойларда кутилган натижани бериши турган гап.

Дунё харитасига эътибор берсак, сайёрамизнинг учдан икки қисми гидросфера яъни сув қобиғидан иборат. Ердаги сувнинг умумий қоплами 1400 миллион кубкилометрни ташкил этиши тахмин қилинади. Бу асосан океан ва денгизларнинг ичиш учун яроқсиз бўлган шўр сувидир. Унинг катта қисмини Арктика ва Антарктида музлари ташкил этади. Истеъмол қилишга ярайдиган тоза сув миқдори жуда кам 1 фоизга яқин холос.

Кўпгина жойларда айниқса Осиё, Африка қитъасидаги мамлакатларда сув жуда танқис. Баъзи мамлакатлар, масалан, Мальта атрофи денгиз билан ўралган бўлсада, ичимлик сувини бошқа давлатлардан сотиб олади.

Турли табиий офатлар, глобал исиш туфайли музликларнинг эриши, ирригация иншоотлари қурилиши ва бошқа омиллар таъсирида сайёрамиздаги кўпгина сув ҳавзаларининг сатҳи ошиб ёки камайиб кетиши кузатилмоқда. Бу ўз ўрнида тошқинлар ёки чўлланиш, қурғоқчилик каби табиий офатларни келтириб чиқармоқда. Ана шундай ҳолатлар албатта ҳар биримизни ҳушёр торттириши, сувни ўз ўрнида, тежаб-тергаб ишлатишга ундаши зарур. Келгусида ўзимизнинг ва кейинги авлоднинг фаровон яшаши сувни қай даражада кўпайтиришимиз ва уни тоза сақлашимизга боғлиқ. Маълумки, иқлим ўзгариши, тоғлардаги ўрмонларнинг кесилиши натижасида сувнинг асосий манбаи бўлган қор тоғларга кам тушмоқда. Музликлар сатҳи тобора қисқариб бормоқда. Йўл қўйилган хатоларни вақтида англаб етмасак, сувга бўлган беписанд муносабатимизни ўзгартирмасак, келажак авлод бундан азият чекиши мумкин.

Ер юзида ҳозирги вақтда сув етишмаслигининг асосий сабаблари мавжуд чучук сув манбаалари материклар ва айрим мамлакатлар бўйича нотекис тақсимланиши ҳамда қишлоқ хўжалигида, саноат корхоналарида сувдан нооқилона фойдаланишдир.

Сувларнинг саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши ҳам сув етишмаслигининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Сувнинг ифлосланиши деганда, унинг таркибида сифатини камайтирувчи бегона бирикмаларни мавжудлиги тушунилади. Тозаланмаган ҳар бир м3 саноат ва маиший сув оқовалари 40-60 м3 тоза сувни ифлослаши аниқланган.

Ер усти ва ер ости сувларини ифлословчи манбаалар жуда кўп ва хилма хилдир. Сувларни ифлослантирувчи асосий манбааларга саноат корхоналари, маиший ҳўжаликдан чиқадиган оқова сувлар, нефтни қайта ишлаш корхоналарида ишлатиладиган чиқинди сувлар, кимьёвий воситалар ишлатадиган корхона ва ташкилотлардан чиқаётган оқова сувларни етарлича тозаламай чиқаришлари  ва бошқалар.

Агар биз авлодимиз чиндан ҳам тўлақонли баркамол бўлишини истасак, бу йўналишдаги ишларни изчил позицияга олиб чиқишимиз зарур ва шартдир. Биринчи навбатда  ичимлик суви махсус давлат стандартлари талабига жавоб бериши кераклигини унутмаслигимиз лозим.

Ҳа, биз учун ҳаёт манбаи бўлган сувни тоза сақлаш ва уни кўпайтириш чораларини кўра олсак, келгусида ердаги барча тирик мавжудотни сақлаб қолган ва халқимизнинг соғлом ва фаровон турмуш кечиришига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, сувни асраш ҳаётни асраш демакдир.

                      

                                                 Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                     Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё

                                      вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.

Чустда аҳоли соғлиғи учун ўта хавфли ҳолат аниқланди. Ҳоким ўринбосари жавоб беришдан бош тортди

Буни Чуст тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникация ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ҳамрохўжаевнинг журналистларга қарата: “Аввало, республика ишчи гуруҳининг ҳурмати учун келиб турибман. аммо журналистларга интервью беришни истамайман, ана, бошқалардан олаверларинг”, деган иддаоси ҳам исботлаб турибди.

Поп туманидаги “Янгиобод”, “Юқори қишлоқ”, “Янги тўда”, “Эски тўда” аҳоли пункти фуқаролари ичимлик суви танқислигидан Тўдасой сойига оқизилаётган чиқинди сувидан истеъмол қилишга мажбур бўлишяпти. Масаланинг долзарблиги эса Чуст тумани сил касалликлари диспансерининг оқова сувлари гарчи хлорланаётган бўлса-да, канализация тизими орқали шу сой сувига қуйиб юборилаётганида.

“Ҳудудимизда тоза ичимлик суви тармоғи йўқлиги боис аҳоли сой сувидан истеъмол қилади. Сойга қўшни туманнинг барча йирик ташкилотлари ва маиший хизмат кўрсатиш объектларининг канализация суви оқизилаётгани сабабли сувнинг таъми шўр ва истеъмолга умуман яроқсиз. Чиқиндихонага айланган сойдан анқийдиган бадбўй ҳид баҳордан то қишга қадар узоқ-узоқларга қадар етиб бормоқда. Чустнинг чиқиндиси Попни булғамоқда. Бу ҳолатга қачонгача чидаш мумкин?! Бормаган жойимиз ҳам қолмади. Ҳеч қандай натижа йўқ. Ягона умидимиз Попни ўрганаётган республика ишчи гуруҳидан”, дейди “Янги тўда” маҳалласида яшовчи пенсионер Маҳаммаджон Ҳасаналиев.

Журналистлар ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишди. Аниқланишича, чиқинди сувларини биологик тозалаш иншооти Чуст туманидаги Дуоба қишлоғида жойлашган “Оқовасув” кўп тармоқли хусусий корхонасига тегишли.

Корхона раҳбари Муроджон Йўлдашевнинг айтишича, бино 1984 йилда қурилган ва 2000 йилга қадар “Барион” корхонаси қошида бўлган. Умумий ер майдони 0,9 гектар ва қуввати суткасига 400 метр кубга тенг.

— Нуфузли корхона банкрот бўлгач, 2000 йил 30 декабрда “Оқовасув” кўп тармоқли хусусий корхонаси сифатида ташкил этилди, – дейди М.Йўлдошев. – Мана 18 йилдан буён ишлаб келаяпмиз. 1 ойда 3–3,5 миллион сўмлик хизматлар бажарамиз. Аммо кўплаб бюджет ташкилотлари бизга маблағ ўтказиб бермайди. Бу ердаги ҳарбий қисм яхши мижозимиз эди. Аммо 2015 йилда Ҳарбий прокуратура тергов қилиб, қисм ортиқча бюджет маблағларидан 17,5 миллион сўм тўлаб юборганини аниқлаган ва буни зиммамизга юклаган эди. Ҳозир 80 миллион сўм қарзимиз бор. 55 миллион сўми иш ҳақидан, 13 миллион сўми электр энергиясидан, 12 миллион сўми эса солиқдан шаклланган. Бир вақтлар бу ерда 22 тагача одам ишларди, эндиликда эса 5 киши амал-тақал қилиб кун ўтказмоқда. Бизни бу иншоатни на таъмирлашга, на бирор ўзгариш қилишга қурбимиз етмайди. Ечим учун энг тўғри йўл – уни вилоят “Сувоқова” корхонаси таркибига ўтказиш. Тўғри, мени давлат санитария хизмати бир неча маротаба огоҳлантирди. Аммо иқтисодий имкониятим бўлмаса, нима қилишим керак. Ахир муаммо хусусий эмас, ҳудуд аҳамиятига молик. Бир неча маротаба қилган мурожаатларимга ҳеч бир масъул эътибор қаратаётгани йўқ.

Иншоот ҳозирда капитал таъмирга муҳтож бўлиб, бир неча йиллардан буён таъмирлаш ишлари ўтказилмаган. Қувурлар эскириб чириб кетган. Ҳозирги кунда чиқинди сувлар бирламчи ҳовузларда тиндирилмаяпти. Хлор билан тўлиқ зарарсизлантирилмасдан тўғридан-тўғри ҳудуддан оқиб ўтган очиқ сув ҳавзасига ташлаб юборилмоқда. Аслида бу умуман мумкин эмас. Тозаланган чиқинди сувлари қувур орқали суғориш майдонларига ташланиши лозим. Бу мақсад учун қурилган 1 км. узунликдаги қувурлар чириб-ёрилиб қўрқинчли ҳолатга келиб қолган. Сув тортиш насослари умуман йўқ бўлиб кетган.

— Биз бу ерда доимий мониторинг ўтказиб турамиз, – дейди Чуст тумани Давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош врачи Зайниддин Анорқулов. – Иншоотга суткасига тахминан 1000-1500 метр куб сув тушаётганини аниқлаганмиз. Бу белгиланган меъёридан 4–4,5 баробар кўп бўлиб, чиқинди сувларини тўлиқ биологик тозалаш ишлари ўтказилмаяпти. Боз устига иншоатда хлор захираси йўқ. Оқибатда очиқ сув ҳавзасига қуйиб юборилаётган чиқиндилар тахминан 4–5 км. масофа ҳудуддан оқиб ўтиб, Катта Фарғона канали ва Сирдарё сув ҳавзаларини ифлослантирмоқда. Аҳоли ўртасида юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти. Марказимиз лабораториясида текширувлар ўтказилганда сув таркибидан юқумли ичак касалликлигини келтириб чиқирувчи микроблар борлиги аниқланганди. Энг ёмони, Чуст тумани сил касалликлари диспансери оқова суви ҳам гарчи хлорланаётган бўлса-да, шу канализация тизимига қўйилмоқда ва охир-оқибат у сой сувига қуйиб юборилмоқда. Биз бу ҳақда туман прокуратураси ва ҳокимлигини, юқори турувчи ташкилотимизни мунтазам хабардор қилиб, қатъий назоратга олиш ва амалий ишлар кўриш бўйича хатлар киритганмиз. Натижа эса ҳамон йўқ.

Ўзи шу сой сувидан ичиб кўрмаган ҳоким ўринбосари, жаноб Улуғбек Ҳамрохўжаев дастлаб журналистларга кўрсатган “ҳурмати”дан кейин масала моҳиятини тушунгангандай бўлиб, бирор тайинли иш қилган-қилмагани ёки таклифи ҳақида сўзлаб берди:

 

— Тумандан суткасига 1500-2000 куб метр чиқинди сувлари чиқаяпти. Ҳаммаси шу ерга келиб тўпланади. Вилоят “Сувоқова” ташкилоти мазкур объектни ўз таркибига олиши учун хусусий корхонанинг мавжуд қарздорлигидан чиқариш зарур бўляпти. Ушбу муаммони ҳал қилиш юзасидан 5 миллиард 746 миллион сўмлик тахминий лойиҳа қилганмиз (лойиҳа Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ишчи гуруҳининг огоҳлантиришидан кейин зудлик билан бажарилган – таҳририят). Бунча қиммат лойиҳани ўз имкониятимиз билан қила олмаймиз. Ваҳоланки, сал тепароқда 1978 йилда қурилиши чала қолиб кетган бино турибди. Япониянинг “Жайка” ташкилоти вакиллари бу биноларни келиб, кўриб кетишди. Агар маблағ ажратишса, оқова сувларнинг тозалаш тизимини ўша жойда қурганимиз мақсадга мувофиқ. Унда кунига 10 минг куб метр чиқиндини тозалаш имконияти пайдо бўлади.

Кўриниб турибдики, маҳаллий маъмурият маблағ етишмаслигини рўкач қилмоқда ва шу вақтгача амалий ишку майли, аммо жўяли бир таклиф билдиргани ҳақида сўзлаб бера олмайди. 5,7 миллиард лойиҳани компьютерда тайёрлаб бериш осон, аммо бу объект атрофида яшаётган одамларнинг оғирини енгил қилиш учун нима иш бажаришни пойтахтдан келадиган ишчи гуруҳи кўрсатиб бериши керакми? Наҳотки бу глобал муаммога сектор раҳбарлари панжа ортидан қараб келмоқда.

Фарҳод Эсонов, ЎзА