Tag Archives: сайёҳ

business_travel-001

САЙЁҲЛАР УЧУН ТАҚИҚЛАНГАН ҲУДУДЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 10 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантиришнинг айрим масалалари тўғрисида» Қарори  билан туристлар ташриф буюриши тақиқланган объектлар ва ҳудудлар рўйхати тасдиқланган эди.

Шу қарор билан ҳудудида бўлишнинг алоҳида тартиби белгиланган жойлар ва объектларга туристларнинг кириши (ўтиши), уларда вақтинчалик бўлиши ва улар бўйлаб ҳаракатланиши учун ИИВ ҳудудий бўлинмаларининг рухсатини олиш талаб этилиши белгилаб қўйилди. Алоҳида ҳудудлар қаторига чегара ҳудудида жойлашган маданий мерос объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киритилганди.

«Ўзбектуризм» Миллий компанияси сайтида тушунтирилишича, янги тартиб туристик фаолият субъектларига тегишли объектларга туристик сафарларни ташкил этишда белгиланган нормаларни бажариш орқали, «жойга етиб боргач, маҳаллий маъмурият уларнинг ташриф буюриши учун бошқа ёки қўшимча талаблар қўймаслигига ишончи комил бўлиш» имконини берди.

Алоҳида ҳудудда вақтинчалик бўлиш муддати беш кун билан чекланган. Бунда рухсатнома олиш учун аризани (у бир гуруҳ шахслар томонидан берилиши ҳам мумкин) туризм ташкилотлари ёки туристлар камида 30 иш куни олдин беришлари лозим.

Туристлар ташриф буюриши тақиқланган объектлар ва ҳудудлар рўйҳати:

• Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги «Имом ота» умумҳарбий полигони ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги Кампирравот сув омбори ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув» умумҳарбий артиллерия полигони ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги «Қайнарсой» дам олиш зонаси ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Суффа» платосида жойлашган радиоастрономия мажмуаси (РТ-70) ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Ҳисор қўриқхонаси ҳудуди ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Ҳисор тизма тоғларининг Тўпаланг сув омборидан юқоридаги қисмлари ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ ГЭСи ва Чорвоқ сув омбори тўғони;

• Тошкент вилоятининг Нуробод шаҳарчасидаги Янги Ангрен ИЭСи;

• Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Сирдарё ИЭСи ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Навоий вилоятининг Бессапан шаҳарчасидаги 2-чи Гидрометаллургия заводи ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Навоий вилоятининг Кўкпатас шаҳарчасидаги 3-чи Гидрометаллургия заводи ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги 4-чи Гидрометаллургия заводи ва унинг теварак атрофидаги ҳудуд;

• Қашқадарё вилояти ҳудудида — Каласой дарасидаги Темурланг ғори, Тошқўрғон шаҳарчаси, Каласой дарасидаги динозаврларнинг излари, Каласой дарасидаги шаршара, Сувтушар шаршараси, Жовуз, Ғилон, Кўл шаҳарчалари, «Хўжа Каршавор» платоси, Жанка кўли, Северцев музлиги, «Ҳазрат Султон» қадамжоси;

• Жиззах вилояти ҳудудида — Шўралашсой манзилгоҳи, Зомин санаторийсидан «Суффа» платоси ва Қизилмозор дараси орқали Музбулоқ шаҳарчасига қадар ўтган йўл;

• Бошқа ўта муҳим ва тоифалаштирилган объектлар, шунингдек Мудофаа вазирлиги, МХХ ва ИИВнинг Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлари.