Tag Archives: Орол денгизи

orol_muammosi_yangicha_yendashuvlar_innovatsion_echimlar_va_

ОРОЛ ФОЖИАСИ ОҚИБАТЛАРИНИ ЮМШАТИШДА ҲАМКОРЛИК ДАВОМ ЭТАДИ

“Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқаро  конференция  жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Мавзуларининг муштаракалиги ҳамда иштирокчилар таркибининг ягоналиги инобатга олиниб, ушбу халқаро конференция 2018 йил 5-8 июнь кунлари бўлиб ўтган Марказий Осиёнинг иккинчи экологик форуми кунлари доирасида ўтказилди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси мазкур халқаро конференциянинг асосий ташкилотчилари ҳисобланади.

Халқаро конференция республикамизнинг соҳага алоқадор вазирлик ва идоралари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ), Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ), БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ), Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ), “Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” АЖ (“Ўзиккиламчиранглиметалл”), Ислом ҳамкорлик ташкилоти фан ва технология соҳасидаги доимий қўмитаси (КОМСТЕК ОИС), Давлатлараро координацион сув хўжалиги комиссияси илмий-ахборот маркази ва бошқа қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Кеча Оролнинг қуриган ерларини кўриб, ўзим гувоҳ бўлдим, вазиятнинг жиддий эканига, – дейди БМТнинг махсус маслаҳатчиси Юкио Такасо. – Бироқ биз у ерда умид учқунларини ҳам кўрдик. Меҳмонхоналар, болалар боғчаси ва мактаблар қурилгани, кўплаб қушларнинг учиб юргани бизга ана шундай қувонч берди. Бизнинг мақсадимиз бу ерда яшаётган аҳолининг иш билан таъминлаш, атрофнинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашдан иборат. Оролнинг зарарини камайтириш чораларини албатта топамиз. Бугун Орол денгизини қутқариш ва унинг ҳавзасида яшовчи халқлар турмуш даражасини юксалтириш борасида кенг миқёсда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борада БМТнинг махсус дастурлари қабул қилинган. Шунга қарамай, Орол билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар етарли эмас. Мазкур форумда Оролни қутқариш борасида янада самарали чораларни ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилишга бел боғлаганимиз шунинг важидан.

Халқаро конференцияда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари депутатлари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, эксперт-олимлар,  БМТ, ОҚХЖ, МОМЭМ, Жаҳон банки, Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга инвестиция киритишдан манфаатдор бўлган хорижий компаниялар, халқаро ташкилотлар, етакчи молия институтлари вакиллари, ННТ ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Конференция иштирокчилари таъкидлаганидек, Орол муаммоси жаҳон ҳамжамияти томонидан бугунги куннинг глобал муаммоларидан бири сифатида тан олинган. Орол денгизи қуришининг Марказий Осиё минтақаси учун кенг кўламдаги экологик ва ижтимоий салбий оқибатлари 50 йилдан буён бутун дунёга маълум. Ўзбекистон Республикаси Орол фожиасининг Оролбўйи аҳолиси саломатлигига ва атроф муҳитига салбий таъсирини юмшатиш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Бироқ, муаммоларнинг кўлами минтақа экотизимларини тиклашга ва уларнинг барқарор ривожланишига эришишга қаратилган чора-тадбирларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишни талаб қилади. Орол денгизи ҳавзаси давлатларининг Оролбўйидаги экологик ҳолатни барқарорлаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ечимини топиш ва аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиши бўйича ҳамкорликдаги тизимли ҳаракатлари учун йирик инвестициялар ва янги техник  ҳамда инновацион ечимларга муҳтожлиги бор.

-3 кун олдин  бошланган Марказий Осиё форуми ҳамкорлик учун яхши майдонча бўлиб хизмат қилади. Мавзу жуда аниқ белгиланган, чунки ҳозир экологик муаммоларни бартараф этишда инновацион қарорлар қаабул қилиш керак. Мазкур конференци доирасида ўзбек ҳамкорларимиз қўллаб қувватловида Оролбўйи ҳудудларида яшил камар” ҳосил қилиш керак ва бунга фермерларни ва маҳаллий аҳорлини жалб қилиш зарур. Саксавулни экишда ҳам уни плантция шаклда амалга ошириш керак. Чунки у Қизил Китобга киритилган. Плантация шаклида эса ундан фойдаланиш имкони бўлади, дейди Булат Бекниязов,  Оролни қутқариш фонди Қозоғистон бўлими ижрочи директори.

Ўзбекистон раҳбариятининг сайъ-ҳаракатларида Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатини ўрнатишга эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда минтақавий хусусиятга эга бўлган қатор масалалар, шу жумладан, сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш муаммолари ўз ечимини топаётганлиги кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев айнан минтақа сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш масалаларини ҳал этиш ҳамда Орол фожиаси оқибатларини олдини олишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштиришни Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб бердилар. Халқаро анжуманлар қарорлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва делегацияларининг икки ва кўптомонлама учрашувлари якунлари бу борадаги ишларнинг яққол мисолидир.

Қайд этилганидек, конференциянинг ўтказилиши Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароитларини ва атроф муҳит ҳолатини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлди.

Конференцияни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОКХЖ) фаолияти доирасида минтақа давлатларининг Оролбўйи муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий ҳаракатларини келишиш, Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган дастурларни ўзига хос инвентаризациядан ўтказиш, Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилиш ва белгилаб олиш, шунингдек, уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Дастурга мувофиқ конференция иштирокчилари Оролбўйига, жумладан, Нукус шаҳрига, Муйноқдаги “Кемалар қабристони”га, шунингдек, Муйноқдаги музейга ташриф буюришиб, ҳудуддаги экологик вазият билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар. Маҳаллий аҳоли ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказишди.

8 июнь куни халқаро конференциянинг ялпи ва секцион йиғилишлари бўлиб ўтди. Йиғилишларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти ва  Орол денгизи хавзаси муаммолари бўйича янги харакатлар дастури — ПБАМ-4,  Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш бўйича минтақа давлатлари ҳамкорлигини янада яхшилаш,  Оролбўйи ҳудудларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва БМТ шафелиги остида Оролбўйи ҳудуди учун инсонлар хавфсизлиги бўйича кўпҳамкорли Траст фондини ташкил этиш, Орлбўйида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш ва уларни ривожлантириш, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон мелиорация ишларини фаоллаштириш, шунингдек, Орол денгизи экологик муаммолари муҳокамасига ёш мутахассисларни жалб қилиш ва минтақа сув ресурсларидан фойдаланишнинг янгича ёндашувлари ва инновацион ечимларини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Конференция иштирокчилари экологик тоза технологияларга ихтисослашган «Green & Ecological Technologies Central Asia – GETCA 2018», Марказий Осиё халқаро кўргазмасида, бизнец-форумда, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутахассисларининг халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан учрашувларида иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.

Форумда хорижий ва маҳаллий бизнес вакилларининг жалб қилинган инвестицияларини амалга ошириш учун, Оробўйи минтақасининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар тўплами маъқулланди.

Конференцияда қабул қилинган якуний ҳужжат, шунингдек конференция материаллари тўплами Марказий Осиё Республикалари ва хорижий давлатлар парламентлари ва ҳукуматларига, халқаро ва жамоат ташкилоларига йўлланди.

Форум доирасида БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Оролни қўтқариш халқаро жамғармаси ГЭФ агентлиги ва ОҚХЖ Қозоғистондаги ижроия дирекцияси ўртасида денгизнинг қуриган тубида ўрмон барпо этишни мувофиқлаштириш бўйича ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти фан ва технология соҳасидаги доимий қўмитаси (КОМСТЕК ОИС) ўртасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Н.Қосимова

photo_2018-05-22_00-22-14

Одамлардан хафа бўлган денгиз

(2- мақола)

Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасида  Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, “Ўзгидромет” мутахассислари, журналистлар иштирокида Оролбўйи ҳудудлари ва Орол денгизига медиатур ташкил этилди.

Устюрт платосида анчагина юргач, бирданига  бетонланган йўл пайдо бўлди. Колонна бўлиб кетаётган “жип”лар текис йўлга чиққанидан ҳайрон бўлдик. Бир неча километрга чўзилган ва цивилизация белгисини билдирувчи йўл бироз ташландиқ ҳолда бўлсада, у текис йўл эди.

photo_2018-05-22_00-22-17- Бу собиқ ҳарбий аэродром, анови кўриниб турган аҳоли пункти эса Кубла-Устюртдир. Униққан пойдеворли, паст томли уйлар,  бироз қийшайган четанли  бино. Кейинроқ билишимизча у поселкадаги ягона мактаб экан.  Қатор машиналарнинг тўхтаганини кўриб, овул томонидан мотоциклда одамлар кела бошлашди. Уларни суҳбатга чорладик.

кубоа устюрт- Посёлкада асосан 50 та хонадон бор. Жаслык темир йўл станциясидан 60 км узоқда жойлашганмиз, деди Бауржан Сугуров. -Қўнғирот тумани марказигача эса 150 км.  Овулимизда 1 та мактаб, ва битта  қишлоқ врачлик пункти бор, унда атиги ярим штатга ҳамшира ишлайди. Шифокор йўқ.  Бирор кори ҳол бўлса туман марказига боришимиз керак. Агар собиқ Иттифоқ даврида бу ердан марказгача кичик самолет қатнаган бўлса, ҳозир у ҳам йўқ. Йўл йўқлиги сабабли мотоцикллардагина, қийналиб, анчагина вақт сарфлаб, у ерга етиб бориш мумкин. Айниқса ҳомиладор аёлларга қийин бўлаяпти. Шунинг учун аёлларимиз ҳам ўз уйларида тўғишни афзал билмоқдалар. Бизнинг туман, қолаверса республика раҳбарларидан илтимосимиз, марказгача йўл қуриб беришса.

photo_2018-05-22_00-18-15Шаҳар типидаги посёлка 1964 йили магистрал газ қувурларини ўтказиш жараёнида ишчилар учун қурилган эди. У 1990 йилгача Устюртдаги Комсомольск номи билан аталиб,  республикамиз мустақиликка эришгач эса Кубла-Устюрт номини олди. Бугунги кунда эркакларнинг  деярли барчаси газ конида ишласа,  қолгани чорвачилик билан шуғулланишади, аёлларнинг аксарият қисми уй юмушлари билан банд. Мавжуд боғча ҳам ўз фаолиятини тўхтатган.photo_2018-05-22_00-18-15 (3) Бизни қизиқиб ўраб олган болакайлар билан суратга тушгач, космонавт бўлишни орзу қилиб,  ота-онаси ва дўстларини кзоққа, коинотга олиб кетишни орзу қилаётган 6 ёшли Чингиз билан хайрлашиб, Устюрт  бўйлаб Орол денгизини қидирганча йўлда давом этдик.

“Бўйни оқ” орол ва кемалар қабристони

photo_2018-05-22_00-21-08Муйноқ сўзи 1960 йиллардан аталиб, унгача Токмак деб аталган. Орол денгизи Россия императорининг офицери лейтенант Бутаков томонидан очилган.  “Хўжалар эли” деб номланган ҳудудда 1930-йилларда хўжалар қувғинга учраганда, бу ердаги  тўқайзоралар улар советлардан яширинишган. Кейинчалик бу ер Хужайли номини олган. Қадимда одамлар бу ерда оҳактош қазиб олишган, Муйноқ орол бўлиб, чўзинчоқ шаклга эга бўлган ва харитада оқ шаклда тасвирланган. Шунинг учун махаллий халқ Муйноқни  “Бўйни оқ” деб аташган.  1939 йилдан 2000 йилгача  Муйноқда балиқ консерва заводи  фаолият юритган. Мазкур заводда консерва, балиқ уни, совун ишлаб чиқарилган ва маҳсулотлари хаттоки уруш йиллари Ленинград қамалига етказилган. Биргина Қорақалпоғистондан урушга 64 минг одам кетиб, шундан 30 мингтасигина қайтиб келган. Урушга одамлар Муйноқдан кемаларда олиб кетилган. Ўзининг эри ва ўғлини урушга кузатган аёл қиссаси бор. У эридан қора хат олгач, ўғлини кутиш учун ҳар куни пристанга чиқарди. 80 йиллардан бошлаб сув чекина бошлади. Аммо аёл доимо суви йўқ, кемалар қумга тиқилиб қолган пристанга келар ва ўғлининг йўлига кўз тикарди. Одамлар унга, “Апа, бу ерга бошқа келманг, энди сув йўқ, кемалар ҳам юрмаяпти, ўғлингиз қайтиб келса ҳам бошқа йўлдан келади” дейишсада, аёл: “Ўғлим ҳали ёш, уни шу йўлдан олиб кетишган, у бошқа йўлни билмайди, денгиз қайтиб келса, ўғлим ҳам қайтиб келади” деб ўлганича қумларга, узоқда сув сингари жимирлаётган саробга тикилиб, ҳаётдан кўз юмган.

photo_2018-05-22_00-22-14Мўйноқнинг ҳаёти денгиз билан боғлиқ эди. 1970 йилларнинг бошларида Орол орқага чекина бошлади. Бир неча йиллар ичида 500 дан ортиқ кемалар қумга абадий тиқилиб қолишди. Улар металломга топширилиб. Ҳозир атиги 11 та кемалар қабристонида мунғайганича ўтган йилларни эслайди, гуё.

Орол денгизи нега “хафа” бўлди?

photo_2018-05-22_00-17-00Мўйноқда ташкил этилган ва очилиши кутилаётган музейда рассом  Рафаэль Мативисяннинг “Сароб” деган сурати бор. Орол денгизи кетганида, рассом қумга тиқилиб қолган кема олдида ўтириб, ухлаб қолганида тушига кемалар сузаётгани киради. Уйғонганида бу тушлигини билиб, юрак бағри қонга тўлади. Сўнг у “Чекинган денгиз” суратини чизади. Мативисян хотира дафтарларида унинг тарихини езиб қолдирган.  Унда ёзилишича, рассом эрталаб бақир-чақирдан уйғониб кетади. Эркаклар қўллари юқори қилиб, худога нега уларга бундай офатни юбораётгани, ундан сақлашни денгизнинг қайтиб келишини илтижо қилиб, йиғлашар эди. Ҳамма денгиз томон югурарди. Рассом ҳам қўшилиб югурганида, денгиз бир кечада 1-2 км.га чекинганини, қирғоқ бўйлаб турган кемалар эса қумга тиқилиб қолганини кўради. Орол одамларга ҳаёт бахш этувчи, иш берувчи, қорнини тўйдирувчи қудратли мавжудот эди. Бир кечада унинг ортга чекиниши  мўйноқликларни даҳшатга туширди. Афсуски улар мурожаат этган ҳокимият вакиллари ҳам Оролни ортга қайтара олишмади. Халқ орасида денгиз биздан хафа бўлгани учун кетмоқда, деган миш-мишлар юра бошлади. Ростдан ҳам Орол одамлардан “хафа” бўлганмиди?

photo_2018-05-22_00-14-451965 -йилларга қадар Орол сувининг қон томири бўлган Амударё сувидан режасиз, қишлоқ хўжалиги экинларини сўғориш учун фойдаланиш, охир-оқибат дарё сувининг денгизга жуда ҳам кам миқдорда етиб боришига сабаб бўлди.  Инсоният фаолияти натижасида ҳавога жуда ҳам кўп чиқариб ташланаётган ис газлари  ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, бу эса ўз навбатида иқлим ўзгаришини тезлашишига олиб кела бошлади. Денгизга қўйилаётган дарё сувининг камайиши билан биргаликда, буғланиш жараёнлари кучайди.

photo_2018-05-22_00-15-34-Ўртача 30- 40 йиллардан сўнг Ўзбекистоннинг икки азим дарёси Амударё ва Сирдарё қуриши мумкин. Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида ана шу дарёлар бошланаётган музликларнинг эриб битишидир, дейди Ўзбекистон гидрометереология қўмитасининг мутахассиси  Надежда Гавриленко. -Чунки инсониятнинг экологияга антропоген таъсири натижасида сўнгги 100 йил давомида ҳаво ҳарорати 1,4 даражага кўтарилган. Бугунги кунда биз Орол ва Оролбўйи ҳудудларнинг ҳароратини кузатиб бормоқдамиз.  Илгари ҳудудда 11 та ҳаво ҳароратини кузатувчи метеостанциялар мавжуд эди.  Аммо Орол қуригач, уларнинг кераги бўлмай қолди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 6 та агрометеопостлар мавжуд. Ўзгидромет мутахассислари Орол ва Оролбўйи ҳудудларини экологик экспертизадан ўтказиб туришади.

photo_2018-05-22_00-18-14Айрим мутахассисларнинг фикрига кўра Орол ва Каспий денгизлари ўртасида ёриқ пайдо бўлиб, сув ана шу тектоник ўзгариш оқибатида пайдо бўлган ёриқ орқали Каспий денгизига ўтиб кетган деган, таҳминлар ҳам мавжуд.  Нима бўлган тақдирда ҳам  денгиз қуримоқда. Бир пайтлар “бебош” номини олган Амударёнинг сувлари  Оролга етиб келмаяпти. Онда сонда ёғадиган ёмғирлардан ташқари денгизни тўлдирадиган бирор бир ирмоқ ҳам қолмади.

Денгизда яшаётган ёлғиз жонивор ёхуд Марказий Осиёнинг “ўлик”денгизи

орол3Ниҳоят Орол денгизига етиб келдик. Денгиз ботаётган қуёш нурлари остида жуда ҳам маҳзун эди. Оролни кўриб ҳайратландим, завқландим ва… юргим ачишди, тўғрироғи оғриди. Салкам уч соат давомида  бир пайтлар денгиз тўлқинлари мавж урган, 40 дан ортиқ балиқ турлари, денгиз жониворлари  яшаган, ҳозирда эса бепоён чўлга айланган денгиз тубидан юрдик. Гидимиз, Октябрь Дуспановнинг айтишича, Оролда ҳозирда бир дона ҳам балиқ яшамайди. Сувнинг минераллашув даражасини ортиши  (ҳозирда бир литр сув таркибидаги туз миқдори 152 граммборат)  уни ҳаёт учун мутлақо яроқсиз қилиб қўйган. Оролнинг ботаётган қуёш нурлари остида мавжланаётганини  кузатар эканман, ҳаёлимга  исроил давлати  ҳудудининг бир қисмида жойлашган Ўлик денгиз келди. Унинг шўрланиш даражаси шу қадар кучлики, бир пайтлар тирик уммон вақт ўтиши билан “ўлган”. Ўлик денгизнинг тиниқ сувлари тубида  ғайритабиий жониворларни эслатувчи туз кристалларини, Орол денгизи қирғоқларида эса бу ерга энди ҳеч ҳам етиб келмайдиган Амударёнинг лойларини кўриш мумкин.  Бугунги кунда денгизда фақат артемия  деб аталувчи планктонларгина истиқомат қилади. артемия артемиУларни ейдиган жониворлар йўқ, аммо шу ерда ҳам инсон  ўлиб бораётган денгиздан сўнгги маротаба фойдаланиб қолишга, унинг охирги “жони”ни олишга ҳаракат қилаётганини гувоҳи бўлдик.   Орол қирғоқлари бўйлаб қазилган кичик ҳавзаларга артемияларни йиғишмоқда. Чунки  ташқи бозорда уларнинг нархи анча баланд.

аралДенгиз бўйида бўлиб чарлоқларнинг қичқириғини эшитмадим.  Қора, Ўртаер, Мармар, Сариқ, Оқ, Каспий денгизлари….  Қаерда бўлмай чарлоқлар қичқиришар, сувга яшин тезлигида шўнғиб, тумшуқларидаги кичкина балиқ билан кўкка парвоз қилишар эди. Орол денгизида эса жимлик, сукунатни фақатгина сувнинг заифгина қирғоққа келиб урилаётган овозигина бузади. Марказий Осиёнинг Ўлик денгизи…

(давоми бор)

Наргис ҚОСИМОВА, журналист

 

оролда шом

ОРОЛ ИЗИДАН…

(1-мақола)

Устюрт платоси ва тарихий Ипак йўли

Ўзбекистон  2016 йилдан амалга оширилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан илгари сурилган 17  барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) 16 тасига қўшилди, холос.  “Денгиз экотизимларини асраш” деб номланган 14 – мақсадга қўйилишдан фойдаси йўқ, деб ҳисобланди. Чунки Марказий Осиё республикалари, хусусан Ўзбекистоннинг иқлимини мўътадиллаштирилиб,  минглаб одамлар, ҳайвон ва ўсимликларга жон бахшида этиб турган Орол денгизи  инсонлар хотирасида ўтмишга айланди. Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасида  Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, “Ўзгидромет” мутахассислари, журналистлар иштирокида Оролбўйи ҳудудлари ва Орол денгизига медиатур ташкил этилди. джипқ Асосий мақсад-Орол денгизи фожеасини нафақат яна бир маротаба одамларга эслатиш, балки бугунги кунда сувсизликнинг қийин шароитларида Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароити, аҳоли фаровонлигини оширишда амалга оширилётган ислоҳатлар билан танишдир ҳам эди.

я суперҚорақалпоғистон диёрига кўп маротаба борган бўлсамда Оролни кўриш болалигимданоқ орзуим эди. Нукусга кечки рейс билан учиб келиб, қорақалпоқ халқининг миллий анъаналари руҳида безатилган “Жипек жоли” меҳмонҳонасида жойлашдик.

- Бу бежиз эмас, деди МОМЭМ жамоатчилик билан алоқалар бўлими  мутахассиси Резида Эрдман, чунки эртага йўлимиз айнан тарихий Ипак йўли бўйлаб ўтади.

октрб интервҲақиқатан ҳам инсонлардан жабр кўриб, 200 километр ортга чекинган Орол денгизига йўл (агарда уни шундай деб аташ мумкин бўлса) Устюрт кенгликлари узра ўтган эди. Археолог, тарих фанлари номзоди Октябр Дуспанов йўлбошчилигидаги 12 та “PRADO”лар йўлда учраган юмронқозиғу, қушларни чўчитганича  Орол денгизи қирғоқларига интилар экан атрофдаги сокинлик, шувоқнинг ўткир ҳиди тутган кенглик сасларидан бундан минг йиллар илгари яшаб ўтган сак массагет қабилалари руҳи  уйғонгандек эди гуё. Устюрт платосигача бўлган ҳудуд ҳам бундан минг йиллар илгари денгиз туби бўлган. Аммо денгиз чекиниши билан одамлар боқувчиси бўлган  Оролнинг ортидан кетишган. Бу ерлар  Қўнғирот тумани ҳудудига тегишли бўлгани сабабли,  бизни  Қўнғирот тумани ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Камалов йўлда кутиб олди. Биз жрналистлар ундан  кўпроқ маълумот олишга шошилдик.

кунгирот хокими-Қўнғирот тумани Қорақалпоғистон Республикасининг 46 фоиз майдонини, Ўзбекистоннинг эса 12 фоизини ташкил этиб, республикамизнингда ҳам энг катта туманлардан биридир. Унинг майдони 7 млн.600 минг гектарга эга бўлиб,  Устюрт пасттекислиги ва бундан 1000 йиллар аввал мавж урган собиқ Орол денгизи майдонларини ҳам қамраб олади.. Ҳудудда умумий 41 минг гектардан ортиқ майдон суғорилади ва асосан  400 млн. кубдан ортиқ сувдан фойдаланган ҳолда пахта, шоли,  сабзавотлар ва полиз экинлари каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган.  Қўнғиротда 126 минг 800 нафардан иборат бўлиб, турли миллат  вакиллари яшайди. Улар Туямуин сув омборидан келаётган ичимлик суви  билан 70 фоиз аҳоли таъминланган ва ахволни янада яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Албатта ерлар шўрхок бўлгани учун сувдан мақсадли ойдаланиш учун уни тежовчи технологилардан ойдаланмоқдамиз. Орол денгизи муаммоси аҳоли ҳаётига салби таъсир кўрсатганлиги сабабли, денгизнинг суви қуриган ерларга саксовул экилмоқда. Аммо газ муаммоси бўлганлиги сабабли, газ етмайдиган қишлоқ жойларда газ баллонлари етказишга ҳаракат қилмоқдамиз.Саксовул  Ўзбекистон Қизил китобига киритилгани сабабли уларни аҳоли томонидан кесиб кетилишини олдини олишга ҳаракат қилинмоқда.

Копия бқвшее дноҚўнғирот туманининг энг машҳур қисми Устюрт пасттекислигига ўтганимизда кўз олдимизда ажойиб манзара ҳосил бўлди. Кўз илғамас кенглик яшилликка бурканган. Қушларнинг чуғури, машиналарни овозидан чўчиган юмронқозиқлар бир пасда инларига яширинишади.

саксаулОктябр аканинг айтишича, Устюрт платоси  200 000 км²  майдонга эга бўлиб,  текислик   6 млн. 700 йил илгари  жаҳон океани тубида пайдо бўлган. Ҳудуд ғарб ва шимол шамолларини кесишган жойидир.  каньонУнинг деворлари – чинкларни узоқдан кўриш мумкин. Деворлар турли хил рангга эга —  оч сариқдан, ним яшил, қўнғир тусгача.  Айнан уларнинг нураган жойлари худди ўзга сайёрага ўхшаб каньонларни ҳосил қилган.

Массагет, сарматларнинг қабрлари ва қадимий маёқ

отларУстюрт пасттекислиги доимо одамлар билан гавжум бўлган. Ҳозирда пасттекисликда 1000 дан ортиқ турли даврларга тегишли бўлган қабрлар, маёқ  ва  неолит даврига тегишли 60 та тураргоҳ қолдиқларини кўрамиз. Кўҳна Ипак йўли ҳам айнан шу ердан ўтган. Устюртда  Белиули карвон саройининг аркаси, деворлари 4 м. Баландликкача бўлган Алан қалъа қолдиқларини ҳам кўриш мумкин. 1983 йилда Ғарбий Устюртга уюштирилган экспедиция жараёнида Байте қадимий мажмуа номини олган ёдгорликлар топилган. Улар  асосан дахо-массагетларнинг қабрлари бўлиб, 30 фоизигина ўрганилган. Ҳануз тилдан тилга кўчиб юрувчи афсоналарда бу ерларда ҳаёт кечирган қабилалар, уларнинг қаҳрамонларча ўз она тупроқларини душмандан ҳимоя қилганликлари ҳикоя қилинади. Ана шулардан бири Қумар оналиқ афсонасидир….

Копия кабр массагет….Қумар оналиқ ўғли Эрназарбий ва унинг хотинини жангга кузатар экан, омон қайтишини тилаб, аждодлар руҳини қўллаб қувватлашга чақирди. Аммо жанг бирданига тугади, чунки унинг яқин дўсти Эрназарбейга орвдн туриб ўқ узган эди. Сардорларининг отдан қулаганини кўрган жангчилар саросимага тушишди ва бироздан сўнг душман уларни маҳв этди. Душман хони Қумар оналиқнинг гўзаллиги, донолигини эшитган эди. Ўзининг олдида юзига тик қараб турган, сочларига оқ аралаб, кўзлари, пешонасига ҳаёт чизиқ тортган бу аёлнинг юзига тикилар экан, уни мот қилмоқчи бўлди:

- Ўғлингиз Эрназарбей  афсус жангда ғалаба қозона олмади, аммо мен сизнингжасурлигингиз, гўзаллигингиз ҳақида кўп эшитган эдим. Ҳақиқатдан ҳам гўзал экансиз, аммо сизни доно ҳам дейишади. Шу сабабли сизга жуда ҳам ёқадиган бир совға қилмоқчиман.

Копия кабр масХоннинг имоси билан мулозимлар усти зарҳал нақшли шойи рўмол ёпилган патнисни олиб келишди.  Хон рўмолни олиб,  патнисни Қумар  оналиқ  олдига сурди. Она тош каби қотган юраги бир тўлқинлансада, оҳи ташқарига чиқмади. Патнисда ўғлининг пиширилган боши ётарди. Аёл бошидан рўмолини ечиб, авайлаб унга ўғлининг бошини ўрадида, бўйнидаги таспан уруғидан қилинган маржонни кумуш патнисга ташлаб, хонга қаради.

-           Тўғри айтдингиз, бу совға мен учун жуда қадрлидир.

Копия кабрларАёл  бошини тик тутганича хон олдидан чиқиб кетди, айтишларича кейин уни ҳеч ким кўрмаган, аммо ҳамон тунлари Устюрт узра эсган  шамол ҳалок бўлган фарзанди дардида куйиб йиғлаётган она оҳини  узоқ узоққа  ёяр экан…

массагет-Мазкур қабрлар эрамиздан IV-III  асрларга тегишли, улардаги турли хил белгилар айнан қабрдаги одам қайси қабилага тегишли эканлигини билдиради, деди археолог О.Дуспанов.   Хозирги кунга келиб  мазкур қабилаларни билдирувчи 180 дан ортиқ белгилар тўпланган. Устюрт доимо одамларнинг яшаш жойи бўлган. Одамлар доимо денгиз ортидан кетишган. Хаттоки ўз ҳудудларини тошдан қилинган кичик деворлар билан ўраб белгилашган, кўриб турганингиздек, мазкур девор қолдиқлари ҳануз сақланиб қолган. Бундан ташқари вертолётдан қаралганда Устюртда ғаройиб суратларни кўриш мумкин. Суратлар ўқ шаклида бўлиб, Бейнеу ва Сай-Утес поселкалари ўртасида жойлашган. Аммо бу суратлар кимга тегишли эканлиги номаълум.  Айтиш жоизки, бундай суратлар Перудаги Наска водийсида топилган. Устюртдаги мазкур суратларнинг пайдо бўлиши хусусида кўплаб фикрлар мавжуд. Улардан бири қадимда молларнинг қуръалари ёки ирригацион қурилмалар бўлиши мумкинлигидир.

маякУстюрт платосида эътиборимизни тортган яна бир тарихий ёдгорлик – бу қадимий маёқ қолдиқларидир. Маёқ 5-6 асрларда қурилган бўлиб, денгизга балиқ овлагани кетган кемаларга йўл кўрсатиб турган. Унинг бугунги кунгача сақланиб қолган қолдиқлари ҳануз улуғворлигини сақлаб, аллақачон Оролқумга айланган денгиз тубида адашганларни чорлайди гуё.

(Давоми бор)

Наргис ҚОСИМОВА

Тошкент –Нукус-Устюрт-Орол  денгизи-Тошкент