Tag Archives: лойиҳа

Cfwv4-dWIAESvo9

ОРОЛ ҲУДУДИГА 1200 ТУП МЕВАЛИ ВА МАНЗАРАЛИ ДАРАХТ ЭКИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” Фармонининг 5.1-бандида “атроф табиий муҳит, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларни олдини олиш” масаласи қўйилган. Шуни қайд этиш зарурки, 2018 йил Давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларини амалга ошириш учун жами 11239,2 млрд. сўм ва 1284,9 млн. АҚШ долларидаги харажатлар ташкил қилади.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида  “Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ” деган эди. Бу билан мамлакатимиз Президенти денгиз қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш зарурлигига урғу берган эди.

Орол фожиаси нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёга дахлдор глобал муаммодир. Ҳар йили ушбу ҳудуддан атмосферага 15-75 миллион тонна чанг ва туз кўтарилиб, ҳавонинг ифлосланиши ва турли касалликлар авж олишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатга бефарқ қараш мумкин эмас.

Дарҳақиқат, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз борганда, минтақанинг экологик вазияти масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви чорак аср мобайнида 15 мартадан зиёдга камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайгани, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдони ҳосил бўлгани ҳақиқий фожиадир. Натижада, атроф-муҳит, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига жуда катта зиён етган. Президентимиз сув муаммосини ҳал қилишда минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олиш хусусида тўхталар экан, Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини кўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича аниқ ҳаракатлар дастури доирасида диққатга сазовор ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз Орол муаммоларини ҳал этиш борасида Германия, Франция ва бошқа давлатлар, шунингдек, Глобал экологик фонд, БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида сўнгги 12 йил давомида Орол денгизининг суви қуриган қисмида саксовул ва бошқа маҳаллий шароитга мос буталардан 200 минг гектардан зиёд ўрмонлар вужудга келди. Ушбу ҳудудда ҳар йили 20 минг гектар яшил ҳимоя майдонлари ташкил этилаётганини алоҳида эътироф этмоқ лозим.

2014 йил 28 октябрда Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференция иштрокчиси Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг дастури раҳбари Эрнест Робелло, экологик офат ҳудудида янги боғ-роғлар, иҳота дарахтзорлари зонасини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизими объектларини реконструкция қилиш ва технологик янгилаш бу ерда яшаётган аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади деган эди.

2018 йилда ҳам Орол муаммоси билан боғлиқ бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб амалга оширилиб келинмоқда. Шулар қаторида жорий йилнинг 9-19 март кунлари Хоразм вилоятининг Шовот тумани Бўйрачи маҳалласи ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида АҚШнинг “Aral Region Charity” фонди томонидан Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни ўрганиш, экологик вазиятни яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилди.

Тадбирнинг асосий мақсади: Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни ўрганиш, экологик вазиятни яхшилаш, экологик таълим тарбияга кўмаклашиш, ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби эзгу мақсадлар йўлида қатор тадбирларни амалга ошириш ҳамда ҳудудда
1200 туп мевали ва манзарали дарахт экишдан иборат.

Мазкур масалаларни амалга ошириш учун жорий йилнинг 12 -13 март кунлари “Aral Region Charity” фонди вакиллари, АҚШнинг Колумбия университети талабалари, Шовот туман ҳокимлиги, вилоят ва Шовот туман ҳалқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси ва “Ёшлар қаноти” фаоллари, Хоразм вилоят “Нур ва хаёт” маркази вакиллари, Шовот туманидаги 38-сонли мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳамда маҳалла фаоллари Шовот туманидаги 38-сон мактаб ҳудудида, 15 март куни эса Қорақолпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги 1-сонли мактабида ташкил этилган тадбирда иштирок этдилар. Иштирокчилар Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни ўрганиш, экологик вазиятни яхшилаш лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва маданий маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шу билан биргаликда лойиҳа доирасида мактаб ҳудудларига 1200 дан ортиқ манзарали дарахтлар экилди.

Тадбир иштирокчилари Оролбўйи ҳудудини ўрганиш, унинг экологик вазиятини яхшилаш, ўқувчиларда экологик маданиятини ошириш, табиатни асраб авайлаш ишларига кенгроқ жалб этиш, экологик муаммоларни бартараф этишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир якунида экологик таълим тарбияни  янада кучайтириш мақсадида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда мазкур таълим муассасасида экологик бурчаклар ҳамда эко танловлар, экологик акциялар ўтказиш тўғрисида таклиф ва тавсилар берилди, ҳамда келгусида бундай тадбирларни давомийлигини таъминлашга келишиб олинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда мақсадимиз қуриб бораётган Оролни асраб қолиш, унинг атроф-муҳитга хавфини камайтириш орқалиўша ҳудудларда яшовчи инсонларнинг ижтимоий хаётини яхшилашдан иборат. Табиатимизни асраш, муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва жамиятда экологик маданият ҳамда экологик онгни ривожлантириш нафақат табиатни муҳофаза қилиш органларининг иши, балки шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчидир.

 

Кувондиқ ЖУМАНИЁЗОВ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик
палатаси депутати

 

Самад БЕГИЕВ

Ўзбекистон экологик ҳаракати

“Ёшлар қаноти” етакчиси