Tag Archives: кун

барс

4 октябрь – Бутунжаҳон ҳайвонларни ҳимоя қилиш куни

Бутунжаҳон ҳайвонларни  ҳимоя қилиш куни  1931 йилда Италияда  ҳар йили бўлиб ўтадиган ҳайвонларни ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган  конгрессда қабул қилинган бўлиб, мақсад инсоният эътиборини тобора йўқолиб бораётган биохилма-хиллик муаммосига қаратиш эди. Афсуски орадан салкам бир аср вақт ўтишига қарамай, мазкур муаммо ўз ечимини топмай, тобора кескинлашиб бормоқда. 4 октябрь эса барча ҳайвонларнинг ҳимоячиси бўлган  католик авлиё Франциск Ассизск хотирасига танланган. 1979  йили  Папа Иоанн Павел II  расмий равишжа  авлиё  Франциск Ассизскни экологлар  ҳимоячиси деб атаган эди.  Унинг номи билан халқаро мукофот таъсиси этилган бўлиб, у билан ҳар йили табиат муҳофазасига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган  инсонлар тақдирланадилар.  Мазкур кунни нишонлашдан мақсад:

- барча жонзотларни асраб-авайлаш ва уларни кўпайтиришга ҳисса қўшиш;

- инсонларнинг ҳайвонларга нисбатан меҳр-муҳаббатини қўллаб-қувватлаш;

-  ҳайвонларга инсон ҳаётидаги ўрнини қадрлаш;

-ҳайвонлар инсониятни маънан бойитаётганлиги учун, меҳрга ўргатаётганлиги учун улардан миннатдор бўлиш. Ҳозирда мазкур кун дунёнинг 60 дан  ортиқ мамлакатларида кенг нишонланади.

Бугунги кунда жуда ҳам кўпчилик ҳайвонлар инсон ёрдамига муҳтождир. Ҳар йили юз миллион ҳайвонлар ишлаб чиқариш қурбонига айланишади. Шулардан бири мўйначилик соҳасидир. Эндиликда табиий мўйнанинг ўрнини унинг муқобили билан алмаштириш вақти аллақачон етиб келди.  Ўзбекистон ҳудудида бугун сайғоқлар шохлари учун деярли қириб битирилди, ноқонуний ов оқибатида  бухоро буғуси Хонгул, жайрон, қор қоплони, Туркистон силовсини, қулон йўқолиш арафасида, олиб чиқиб кетишга расмий равишда рухсат берилганлиги сабабли чўл тошбақасининг сони кескин камайиб кетди. Фуқароларнинг табиатга нисбатан нодонларча муносабати туфайли шаҳарларимиздан сассиқпопишак, суфитурғайлар йўқолиб кетди, оддий чумчуқ, мусичалар сони кескин камайди.

Ҳозирда республикамизда 732 та умуртқали ва 14900 тага яқин умуртқасиз ҳайвонлар бўлиб, улар ичида  109  турдаги сутэмизувчилар, 468 турдаги қушлар, 60 турдаги  судралиб юрувчилар, 3 та сувда ва қуриқликда яшовчи, 92 та тур балиқ, 11000 та ҳашаротлар, 223 турдаги моллюсклар, 61 турдаги халқасимон қуртлар, 1179 турдаги думалоқ ва 533 турдаги яси, 850 турдаги оддий қуртлар мавжуд.  Шулардан Ўзбекистон Қизил китобига 184 хил жониворлар киритилган бўлиб, мазкур рўйхат йилдан йилга кенгаймоқда. Албатта республикамизда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишда 8 та қўриқхона, 2 та  миллий боғлар, 9 та давлат буюртмахоналари ва “Жайрон” экомаркази фаолият юритмоқда. Аммо бу жуда ҳам камдир.  Мамлакатимизда қўриқхоналар сонини ошириб, аҳолининг экологик онгини ошириш, экологик маданиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш, ҳайвонот  ва ўсимлик дунчига зарар етказганлар учун кескин жазо чоралари кўриш лозим.

Н.ҚОСИМОВА