Tag Archives: Қизил китоб

61788102_2289947247890301_3380320376427905024_n

ҚЎНҒИР АЙИҚНИ ЎЛДИРИБ, ЖАСАДИНИ МАЗАХ ҚИЛГАН ФУҚАРОЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИМИ?

Келаётган 5 июнь -Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни. Аммо биз табиатни қанчалик муҳофаза қилаяпмиз? Келгуси авлодга нима қолдираяпмиз? Куни кеча ижтимоий тармоқларда  Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида бир туда оломоннинг отилган, аммо маълум бўлишича, чалажон қўнғир айиқни қийнашаётгани, улардан бири эса  айиқни қучоқлаб тургани,  ҳайвоннинг эса бош қисмидан қон оқиб, ночор аҳволда тургани акс этган видеосуратлари тарқалди. Ушбу воқеа 2019 йил 28 май куни  Чироқчи тумани Лангар МФЙ Тутли қишлоғида содир бўлган.  Номаълум сабабларга кўра айиқ қишлоққа келиб қолган. xabar.uz  сайтида берилган Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасининг хабарига кўра, фуқаро Тўраев Хусан, Сулаймонов Рустам, Очилов Хайдар ва бошқаларнинг хонадонига кирган айиқ агрессив ҳаракатланган ҳолда хонадон эгаларига таҳдид (отилиб) қилиб, қўрқитган. Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Сулаймонов Қахрамон Исмоилович ёрдамга чақирилиб, айиқни ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирган. Ҳодиса жойига етиб борган профилактика инспектори Ш.Р. жойни кўздан кечириб, процессуал тартибда расмийлаштирилган ва айиқ туман марказига олиб келинган. Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат туман ИИБнинг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида 28.05.2019 йилда 1009 рақам билан рўйхатга олиниб, айни вақтда тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат бўйича сўралган Х.Тўраев ўша куни томорқасида ишлаб турганида адирдаги тепаликдан унинг хонадонига айиқ ҳужум қилиб кириб келганлигини, унга қараб икки марта таҳдид сифатида бақирганлигидан қўрқиб кетганлигини, шу вақтда қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи унинг хонадонидан 20 метр пастроқда айиқни отиб ташлаганлигини баён қилган. Шу ҳудуднинг ички ишлар нозири туман ички ишлар бўлимидан оғзаки рухсат олган ҳамда ҳудуддаги овчилардан бири билан бирга тадбир ўтказиб, айиқни отиб ташлаш орқали хавфни бартараф қилган. Текширишда асосий эътибор, айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқлиги, уни ўлдирмасдан ҳам хавфнинг олдини олиш имкони бўлган ёки йўқлигига қаратилган бўлиб, тегишли шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш билан натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабар сўнггида. Шунингдек, бу воқеага, uza.uz сайтида

Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев қуйидагича изоҳ берган:

– Ҳозирда айиқ жасади вилоят ветеринария бўлимида текширувда. Улар айиқ касалланганми, қутурганми, нима сабабдан аҳоли масканига бу даражада яқин келганини ўрганишмоқда. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам суриштирув ўтказмоқда.

Мен масаланинг яна бир томонига эътибор қаратмоқчиман, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар мазкур қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Маълумотларга кўра, мазкур тур юртимиз ҳудудида бор-йўғи 250 тадан 260 тагача бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги тегишли қарорига биноан, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи бўлган Тян-Шань қўнғир айиғига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки юридик шахси томонидан зарар етказилган бўлса 100 АҚШ доллари, яъни 840 минг сўм миқдоридаги жарима тўлаш белгиланган. Шу ҳаракатни хориж фуқароси ёки юридик шахс содир этса, 168 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилади. Мен тегишли ташкилотлар вакиллари, қонун чиқарувчи органлардан мана шу банддаги жарима миқдорини янада ошириш таклифини илгари суришларини сўраб қолган бўлардим. Бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигини олдини олишимиз зарур, деган мутахассис.

Бахтиёр Шералиев, Хитойдаги Жанубий-ғарбий университети докторанти, биолог:

— Бир тўда жоҳилларнинг (одам дейишга тилим бормаяпти) ваҳшийликлари тасвирланган видеони охиригача кўра олмадим. Эрнест Сетон Томпсоннинг “Ёввойи йўрға” асарида Шимолий Америкадаги бир қишлоқ овчиларининг қишлоқ товуқларини қийратаётган тулкини излаб йўқ қилиш саҳнаси тасвирланади. Ўша ерда маҳаллий овчилар този итлар билан тулкини қувиб бир уй ичига кириб қолишади, тулкининг қочиш учун йўли қолмайди. Шунда овчилар ов қонунига амал қилиб, тулкини очиқ жойга чиқариб, то у қочиб қутулиши учун мумкин бўлган масофагача қувишмайди. Шундан сўнг яна таъқиб қилишади. Уларнинг ишонишича, ҳақиқий овчи ўлжага ҳар доим тирик қолиш имконини қолдиради. Овчида ҳам, ўлжада ҳам имкониятлар бирга бир бўлганда қилинган ов ҳақиқий, ҳалол ов ҳисобланади. Ана, энди айтингчи, ҳеч кимга озори тегмайдиган, одамлардан имкон қадар узоқда, тоғларда яшайдиган айиқларни ваҳшийларча ўлдирган ўша кишиларни овчи деб бўладими? Биолог бўлганлигим учун видеодаги ўша айиқ ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтаман. У қўнғир айиқнинг бизнинг ҳудудимизда учрайдиган Ҳимолай қўнғир айиғи (Ursus arctos isabellinus) кенжа тури ҳисобланади, биздаги дарсликларда Тян-Шан қўнғир айиғи ҳам дейишади. Ушбу айиқ кенжа тури Ўзбекистон ва Халқаро Қизил китобга киритилган. Ер юзидан бутунлай қирилиб кетиш хавфи остида турган кенжа тур ҳисобланади. Уни овлаш бутунлай тақиқланган. Уларнинг сони жуда оз, масалан, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларидаги Ҳисор тоғларида 157 таси қайд этилган. Уларнинг камайиб кетишига браконьерлик, яшаш жойларинининг мозаиклиги ва безовталик омиллари сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон 1995-йилда «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги халқаро Конвенцияга қўшилган ва бу билан ўз ҳудудидаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Шундай экан, ҳайвонларни ваҳшийларча қирадиган, ана у одамсимонларни аввало Қизил китобга киритилган, овланиши тақиқланган ҳайвонни овлагани учун, ана ундан кейин ҳайвонларга шафқатсизларча муносабатда бўлгани учун, ваҳшийлигини видео орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб қирилиб кетиш хавфи остида бўлган Ҳимолай қўнғир айиқларининг бундан кейинги ҳаётини янада хавф остида қолдиргани учун албатта жазоланиши шарт!

Куни кеча аҳоли томонидан Парламентга муҳокама учун таклиф киритиш имконини берувчи meningfikrim порталига мактабларда ўқитиладиган ботаника, зоология, физика, кимё, алгебра фанларини қисқартириб, бунинг ўрнига одамларга фойдаси тегадиган этика, овқатланиш, жамоат транспортида юриш маданияти ҳақидаги фанлар киритилиши борасида таклиф қўйилди. Таклиф муаллифининг фикрича, ушбу фанлар керакcиз бўлиб, одам ҳаёти давомида деярли ишлатилмайдиган фанлар экан. Мана бу бизнинг энг сўнгги нуқтамиз бўлса керак! Юқоридаги ваҳшийликлар ҳам ана шу керак эмас деб айтилаётган фанларни ўқимасликдан, ҳали ҳануз таппи ёқиб қолоқ халқ бўлиб юрганимиз ҳам ана ўша табиий ва аниқ фанларни ўқимаётганимиздан бўлса керак. ..

Қўнғир айиқни отиш эмас, уни қўрқитиб ҳайдаш, ўзларининг кучи етмаса экология қумитаси вакиллари, фавқулодда вазиятлардан ходимларни ёки бионазорат вакилларини чақириш  мумкин эди. Энди эса «қаҳрамонлар»нинг, атиги 840 минг сўм жарима тўлаб, қутилиб кетиш билан иш битмайди. Зеро, бу фақатгина ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлгани учунгина ҳуқуқ -тартибот органлари томонидан фаолиятга сабаб бўлди. Аммо, Қизил китобга киритилган жонивор ва ўсимликлар қанчаси йўқ қилинаяпти? Табиатга зарар етказганлар қанчалик жаримага тортилаяпти? Нега фуқароларимиз қонундан, Аллоҳимдан, гуноҳдан қўрқмасдан табиатга ваҳшиёна муносабатда бўлишаяпти ва буни “қаҳрамонлик”сифатида ижтимоий тармоқларга тарқатишаяпти?  Яна жасад вояга етмаган болалар кўз ўнгида хурланаяпти. Эртага улар ким бўлиб етишишади?  Демак, қонунлар ҳали ўз кучига эга эмас, жарималар эса жуда паст.  157 та қолган қўнғир айиқнинг биттаси ўлди, демак 156 та қолди. Ҳар йили 8-9 та айиқ ўлдирилса, 20 йилга бормай фарзандларимиз уларни фақат расмлар кўради ва у инсоният томонидан Турон йўлбарси каби йўқ қилинган жониворларнинг қора рўйхатига киради. Видеодаги ғайри-табиий овозлар, чалажон ёки ўлган  айиқнинг устидан масхаралаб кулишлар, уни қийнашдан роҳатланиш яна бир карра маънавиятимиз ачинарли аҳволда бўлиб, экологик онгимиз жуда пастлигидан далолатдир. Зеро, маънавият даражаси инсоннинг табиатга бўлган муносабати билан ҳам белгиланади.  Бунинг учун зудлик билан боғчаларда, таълим муассасаларида экология дарсларини 1 синфдан киритиб, соатларини кўпайтириш, бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш,  Халқаро ҳамда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонот ва  ўсимлик дунёсига зарар етказган жисмоний ва юридик шахсларга жарималарни 100 баробар ошириб, қамоқ жазосигача белгилаш зарур.

Наргис Қосимова

zbekiston_rmonlari_is_arib_ketmo_dami_yeki_

Ўрмонларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди

Мамлакатимиздаги давлат ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 11, 44 млн. гектардан зиёдни ёки республика умумий ер майдонининг 25,2 фоизини ташкил этади. Республика ҳудудида 4600 дан ортиқ ўсимлик тури мавжуд бўлиб, уларнинг 3000 дан ортиғи табиий ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳисобланади. Уларнинг 324 тури Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Республикамизда ҳайвонот дунёси объектлари 16000 турдан ортиқни ташкил этиб, шундан 184 тур Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонот дунёсининг 95 фоизи, кўп тарқалган турларнинг 85 фоизининг яшаш муҳити, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимлик дунёсининг 95 фоизи, кўп тарқалган турларнинг 80 фоизининг ўсиш муҳити давлат ўрмон фонди ерлари ҳудудига тўғри келади.

04-402017 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши  республикамиз ўрмон ресурсларининг бой салоҳиятидан тўла-тўкис ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, ўрмон хўжалиги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага илғор илмий-техника ютуқларини жорий этиш, ўрмон хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, шунингдек, соҳага хорижий инвестицияларни янада фаол жалб этиш ва экологик туризмни ривожлантириш учун муҳим омил бўлди.

Юқорида қайд этилган Фармон ва Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда кенг жамоатчилик таклиф-мулоҳазаларини ва ривожланган хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги тажрибаларини ҳисобга олиб янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 16 апрель куни имзоланиб, оммавий ахборот воситаларида 17 апрель куни эълон қилинди.

Янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги Қонун нормаларига Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг белгилаб берилган асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари, Ўзбекистон қўшилган халқаро ҳужжатларнинг қоидалари сингдирилди ҳамда қонун лойиҳасинини ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг тажрибаси, шу жумладан Хитой, Россия Федерацияси, Эстония, Украина, Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг тажрибаси, ўрмон соҳасига оид ҳуқуқий ҳужжатлари ва қонунчилик амалиёти ҳисобга олинди.

Мазкур Қонунда қўлланилаётган термин ва атамаларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш ва турлича талқин этилишини истисно этиш мақсадида Қонуннинг янги 4-моддаси билан “ўрмон”, ”ўрмонни кўпайтириш”, “ўрмонни муҳофаза қилиш”, “ўрмонга оид муносабатлар” асосий тушунчаларга тариф берилди. Давлат ўрмон фонди, ўрмон фонди ерлари, давлат ўрмон фонди участкаларининг ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилди ҳамда ўрмон соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ўрмонга соҳасида давлат бошқаруви белгилаб қўйилган нормаларига таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрмон соҳасидаги ваколатлари белгиланган нормаларга аниқлик киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилди, шунингдек фуқаролар ўзинининг ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ўрмонга оид муносабатларни таъминлашда иштирок этишини белгиловчи моддалар критилди.

42bizY14946136496316_bЯнги таҳрирдаги Қонуннинг “Ўрмонларни муҳофаза қилишни ва  ҳимоя қилишни ташкил этиш” деб номланган 3-бобида, ўрмонни муҳофаза қилиш ва ўрмон тузиш тадбирлари ўтказиш йўллари, ўрион мониторингини амалга ошириш, ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш тартиби, шунингдек ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширувчи органлар белгиланди.

Давлат ўрмон хўжалиги органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ўрмонни ундан фойдаланиш тартиби бузилишидан, шу жумладан ўрмонни қонунга хилоф равишда кесишлардан ҳамда ўрмонга бошқача тарзда зарарли таъсир кўрсатилишидан муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Қонуннинг нормаларига кўра, ўрмонларни ёнғинлар, зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш вазифалари ўрмондан фойдаланувчилар зиммасига юклатилиб, улар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши ва ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириши, ёнғин чиққанда уни ўчириш чораларини кўриши, ўрмон зараркунандалари, касалликлари ўчоқларини, саноат ва маиший чиқиндиларнинг ҳамда бошқа салбий омилларнинг таъсир доиралари ривожланишини ҳисобга олиши ва прогноз қилиши лозим.

Шунингдек, Қонунда ўрмон қўриқчилигининг вазифалари, ўрмон хўжалигини ташкил этишнинг асосий қоидалари, белгиланган мақсади ва бажарадиган вазифаларига мувофиқ ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари аниқ белгиланган.

Қонуннинг 4-боби, 28, 29 ва 30-моддаларида ўрмонларни кўпайтириш тадбирлари ўрмондан фойдаланувчилар томонидан ҳудудларнинг сердарахтлигини ошириш, ўрмонларнинг тур таркибини яхшилаш, қимматли навли дарахтларни кўпайтириш ва эрозия жараёнларининг олдини олиш мақсадида махсус дастурлар бўйича амалга оширилиши белгиланиб, ўрмонларни қайта тиклашга алоҳида талаблар қўйилмоқда ҳамда ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг тур таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш натижасида амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Қонуннинг 5-бобида баён этилган, ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидаларига кўра, давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилиши ҳамда ўрмондан фойдаланиш умумий ёки махсус бўлиши мумкин.

Ўрмондан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан, ушбу Қонун 36-моддаси биринчи қисмининг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган фойдаланиш турлари бўйича, яъни ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор ва техник хом ашёсини ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун йиғиш ва тайёрлаш бўйича бепул ва ўз эҳтиёжлари учун белгиланган ҳажмларда амалга оширилади.

Ўрмондан махсус фойдаланиш учун ҳақ тўланади. Тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўрмон фонди ерлари ўзларига доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги ташкилотлари ўрмондан доимий фойдаланувчилар, ўрмондан қисқа муддатли ёки узоқ муддатли фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлар асосида давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар эса ўрмондан вақтинча фойдаланувчилар ҳисобланади. Ўрмондан вақтинча фойдаланиш қисқа муддатли – уч йилгача ва узоқ муддатли – ўн йилгача бўлиши мумкин.

Ўрмондан махсус фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан берилади. Ўрмондан махсус фойдаланишни амалга оширишга рухсатнома, ўрмон кесиш (ўрмон) чиптаси бўйича йўл қўйилади. Қонуннинг фуқароларнинг ўрмонларда бўлиши белгиланган 47-моддасида назарда  ҳолларда, яъни уларнинг учун ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш тартибида ўрмонларда бўлиши, ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар, мевалар ва қўзиқоринларни қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ўз эҳтиёжлари учун йиғишга рухсатнома талаб этилмайди.

Шу билан биргаликда, ушбу моддага кўра, фуқаролар томонидан ўрмонларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни, шунингдек заҳарли, таркибида гиёҳвандлик моддалари мавжуд бўлган ўсимликларни йиғиш тақиқланади.

Фуқаролар ўрмонларда ёнғин хавфсизлигига риоя этиши, дарахтлар ва буталарни синдиришга, кесишга, ўрмон экинларига шикаст етказилишига, ўрмонларнинг маиший ҳамда бошқа чиқиндилар билан ифлосланишига, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити йўқ қилинишига ва урчиш жойлари бузилишига йўл қўймаслиги, шунингдек ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талабларни бажариши шарт.

Янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги Қонун билан ўрмондан фойдаланиш турлари кенгайтирилиб, янги қўшимча ва алоҳида моддалар билан ўрмонларда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор ва техник хом ашёсини йиғиш ҳамда тайёрлаш, дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш, дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш, ўрмон-овчилик, ўрмонлардан асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун фойдаланиш ва экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.

Аввалги таҳрирдаги Қонунда  дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш, пичан ўриш, чорва молларини ўтлатиш, ўрмондан лмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш бўйича белгиланган нормалар аниқлик киритилиб такомиллаштирилди ва янги таҳрирда баён этилди.

Жумладан, биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш чоғида давлат ўрмон фонди участкаларидаги дарахтзорлар ва бутазорларни ишлаб чиқариш-техник заруратдан келиб чиқмаган ҳолда кесиш, шунингдек давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг ўрмонлари, табиат боғларининг, давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналаридаги ўрмонларини тақиқланади.

Дарахтзорлар ва бутазорларни кесишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, ўрмон кесиш (ўрмон) чипталари асосида ва фақат ўрмонларни албатта қайта тиклаш шарти билан йўл қўйилади.

Ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси белгилаган тартибда ўрмон хўжалиги ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур Қонун билан давлат ўрмон фонди ерларида пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан буён, давлат ўрмон фонди участкаларида юридик ва жисмоний шахслар томонидан пичан ўришга шу мақсадлар учун махсус мўлжалланган майдонларда, давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилади.

Давлат ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш учун майдонлар ўрмон тузиш лойиҳалари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш схемалари ва пичан ўришнинг календарь жадвали ҳисобга олинган ҳолда фойдаланишга берилади.

Шунингдек, давлат ўрмон фонди участкаларида юридик ва жисмоний шахслар томонидан чорва молларини ўтлатиш шу мақсадлар учун махсус мўлжалланган майдонларда, давлат ўрмон хўжалиги органлари берадиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Белгиланган мақсади ва бажарадиган вазифаларига мувофиқ ўрмонлар қўриқланиш тоифалари жумласига киритилган дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқчилик зоналаридаги ўрмонларда, давлат қўриқхоналарининг ўрмонларида, шунингдек белгиланган режимга мувофиқ табиат боғларининг, буюртма қўриқхоналарнинг, курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонларида чорва молларини ўтлатишга йўл қўйилмайди.

Давлат ўрмон фонди участкаларида чорва молларини ўтлатишга ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг камёб ва қимматли турлари табиий равишда такрорий кўпайишини, ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолишни, шунингдек эрозия жараёнларининг юзага келиш эҳтимолининг олдини олишни таъминлаш шарти билан йўл қўйилади.

Ҳайвонот дунёсини ҳайвонларнинг юқумли ва бошқа касалликларидан ҳимоя қилиш ҳамда улар тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат ўрмон фонди участкаларида чорва молларини ўтлатишга чорва молларини, уловларни (отлар, эшаклар, туялар) ва уларни қўриқловчи итларни ветеринария-лаборатория кўригидан ўтказиш шарти билан йўл қўйилади.

Қонунга кўра, ўрмон фонди ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш давлат ўрмон фондига зарар етказмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган қурилиш ҳамда портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, кабеллар, қувурлар ва бошқа коммуникацияларни ўтказиш, пармалаш ишлари ва бошқа ишлар давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ва ушбу ишларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар ўрмонларни қайта тиклаш, ўрмон фондининг ҳолати бузилган ерларини рекультивация қилиш бўйича чоралар кўришлари шарт.

Ўрмонларни муҳофаза қилиш мақсадида, Қонун нормалари билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўрмонлардан фойдаланишга ёки фойдаланишнинг айрим турларига нисбатан чекловлар ёки тақиқлар белгилаши ҳамда ўрмонларни муҳофаза қилишни таъминлаш учун Қонунда аниқ кўрсатиб ўтилган ҳолларда ўрмондан махсус фойдаланиш ҳуқуқи тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни сўзсиз, ўрмон хўжаликлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга, ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва давлат ўрмон фонди ресурслари ва ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланишнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлашга, қонунни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга ҳамда ўрмонларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий взифаларини бажаришга хизмат қилади.

 

 

С.Джакбаров,

 

Х.Гаппоров,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

депутатлари