Tag Archives: қишлоқ хўжалиги

8a2cb375daea18a0f98073c1ba2b0d8f

КЛАСТЕРЛАР ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Ишни ташкил этишнинг эскича усулларидан тамоман воз кечиб, ер-сув деҳқонга берилгани, эмин-эркин ишлаш учун шароитлар яратилиб, қатор имтиёзлар жорий этилгани туфайли фермер хўжаликлари иқтисодий жиҳатдан қаддини тиклаб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошириб боришаяпти. Президентимизнинг вилоятларга ташрифида қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар стратегиясини изчил амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада тараққий эттириш, уларнинг моддий-техника таъминотини тубдан яхшилашга доир таклиф ва тавсиялар берилиб, ҳудудларда синов тариқасида  “кластер” усулини қўллаган ҳолда хомашёдан тайёр маҳсулотгача  бўлган жараёнларнинг қамраб олиниши назарда тутилган эди. Шундан  келиб чиқиб бошқа вилоятларда бўлгани каби воҳамизда ҳам кластерлар ташкил этилаяпти. Жумладан, Қумқўрғон туманидани “Amudar Textile”, Денов туманида “Baxt Navoiy”, Шўрчи туманида “Nortex Siytc”, Сариосиё ва Шеробод туманлари ерлари ҳисобига “Sherobod Textile Lnvest”, Ангор туманида “Ангор Сурхон Ғурури” масъулияти чекланган жамиятлари тузилиб, бу жамоаларга  47947 гектар ер ажратиб берилди.

Энди иш бошлаётган мазкур кластерлар фаолиятини уч йўналиш бўйича олиб боришади. Ўзларига бириктирилган заминда ишчиларни, техникани жалб қилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўстириб, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришади. Шунингдек, тайёр ҳосилни ўз корхоналарида қайта ишлайдилар. Олинган даромад ишчи-хизматчиларни рағбатлантириш ва такрор ишлаб  чиқаришга йўналтирилади.

Кластерларнинг иккинчи йўналиши шундан иборатки, бунёд қилинган қайта ишлаш корхоналарини узлуксиз ишлатиш учун йил давомида хомашё билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги мустақил равишда фаолият кўрсатиб, пахта, ғалла ва бошқа зироатлар ўстираётган фермер хўжаликларидан фьючерс  (қўшимча даромад олиш учун истиқболли келишув) шартномалари асосида хомашё қабул қилади.

— Кластерлар жамоаси далаларда экин-тикин ишларини бажариб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши,  техникалар харид қилиши ва ишлатиши учун кредитлар ажратилади, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Исмоилов. — Албатта, энди иш бошлаётган кластер корхоналари учун ишни ташкил этиш бироз машаққатли бўлиши мумкин, лекин ишга жалб қилинадиган мутахассислар шу пайтгача тармоқда ишлаб бой тажриба тўплаган.

У. НОРМАТОВ