Tag Archives: Ер

tupro_osildorligini_oshirishda_samarali_usullar_rganilmo_da

Конференция доирасидаги дала куни

Конференция доирасида “Тупроқ унумдорлигини оширишда экологик соф ресурс тежамкор технологиялар” кўргазмаси ташкил этилиб, “Энг яхши илмий иш” номинациялар бўйича танлов натижалари эълон қилинди.

Конференциянинг иккинчи кунида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Арид ҳудудининг вертикал зоналлик минтақаси тупроқлари” мавзусидаги дала куни ўтказилиб, ушбу тадбирда анжуман иштирокчилари тоғ олди ва тоғ тупроқларини тупроқ хосил қилиш шароитлари ва тупроқларни хосса хусусиятлари билан батафсил танишдилар. Шунингдек, ҳудудларда экологик туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида “Ҳудудларни ривожлантиришда экотуризмнинг аҳамияти: халқаро ва миллий тажриба” мавзуидага тадбир ҳам ташкил этилди.

Қайд этилганидек, жаҳонда туризм иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган ва сердаромад соҳаларидан биридир. Маълумотларига кўра, сайёҳлик хизматларини кўрсатишдан тушадиган даромад ҳажми глобал ялпи ички маҳсулотдан тушган даромаднинг 10% ни ташкил қилиб, ҳар 10 та иш жойидан бирини сайёҳлик хизмат кўрсатиш ташкил қилади. Туристик бозорнинг деярли ярмини қамраб олган Осиё-Тинч океани минтақалари, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатлари ушбу соҳада етакчилик қилмоқда. Ривожланиб бораётган мамлакатларнинг туризм индустрияси асосан табиий ёки экологик туризм ҳисобига амалга оширилмоқда. Қайд қилиш лозимки, ушбу мамлакатларнинг экотуризмдан олган даромади давлат ички ялпи маҳсулотининг 70-80 % га тенг.

Ўзбекистон экотуризм соҳаларини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга.  Гўзал географик ва табиий шароитлар Республикамиз ҳудудида экологик туризмни ривожлантириш учун ғоят қулайдир. Ўзбекистонда фуқароларни ва чет эл сайёҳларни ўз эътиборига тортиши мумкин бўлган бетакрор гўзал табиати, ландшафтлари, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, нодир дунё аҳамиятига эга бўлган археологик топилмалари, палеонтологик қолдиқлар, дунёда кам учрайдиган геологик кесмалар мавжуд. Мамлакатимиздаги бири-биридан фарқланадиган иқлим, ландшафтлар, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан фарқ қиладиган улкан ҳудудларининг мавжужлиги, экотуризмнинг муҳим ресурсларларга бойлигидан далолат беради.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг экотуризм соҳасини ривожлантириш учун ғоят қулай имкониятларга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда халқаро ва миллий тажрибалардан келиб чиққан холда туризм соҳасидаги асосий йўналишларига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида ўзаро фикр алмашилди. Экотуризмда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш, туристик инфратузилмаларни барпо этиш, экотуризмнинг жаҳон талабларига жавоб бераоладиган моддий-техник, ахборот-таҳлилий базасини яратиш хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, экотуризм масканларини экологик тоза, қайта тикланувчи муқобил энергия қурилмаларидан  фойдаланишни кенг йўлга қўйиш, соҳада тарғиботни кучайтириш бўйича фикрлар билдирилди.

Сўнгра анжуман қатнашчилари экотуризмни ривожлантиришга бағишланган “Дўстлик” номли экологик боғ ташкил қилиш мақсадида ёнғоқ кўчатларини экиш акциясида ҳам иштирок этишди.

Конференциянинг учинчи куни Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида давра сухбати, Тупроқ бонитировкаси  шўъба корхонасининг “Кимё таҳлил лабораторияси”нинг фаолияти билан танишув, Ўзбекистон Миллий университети Биология факультети ўқитувчи-профессорлари ва  ёш олимлар, иқтидорли талабалари иштирокида билан  давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, “Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш”, “Қишлоқ хўжалик экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва қарорлари республикада ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назоратни янада кучайтириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш соҳага замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Бундан ташқари тадбир доирасида Орол денгизи ҳавзаси транс чегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда ва самарали фойдаланиш умумий ёндошувларни ишлаб чиқиш мавзуида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш бўйича ҳамкорлик юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбирлар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Н.ҚОСИМОВА

zemelnie_resursi_2

Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш иқтисодий барқарорлик асоси

Ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида 1970 йилдан бошлаб, ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси қарорига асосан 22 апрель куни Ҳалқаро Ер куни сифатида нишонланмоқда.

Бугунги кунда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш халқаро ҳамжамиятнинг ҳамда дунёдаги барча давлатларнинг олидида турган ўта муҳим долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Ер юзасида кечаётган глобал экологик зиддиятли жараёнлар, масалан иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари, биологик хилма хилликнинг қисқариб бориши, атмосфера ҳавоси ва сув мабаларининг ифлосланиши, чиқиндилар билан боғиқ муаммолар, саноат ишлаб чиқариши билан боғлиқ техноген авриялар ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказмоқда, ердан самарали фойдаланмаслик натижасида ерларнинг бузилиши ва ориқлаб кетиши жараёнлари кучаймоқда.

Ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 млн га табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўронлар ва гармселлар тарқалиши таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Орол фожиаси оқибатида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонли Оролқум чўли вужудга келган.

Мамлакатимиз умумий майдонининг 9,6 фоизи, яъни 3,3 млн. гектари суғориладиган ерларга тўғри келиб, ҳозирда ушбу майдонларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларинг 95 фоиздан ортиғи етиштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса 400 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.

c106cc8b65a4f6aaf8124c135e345b6cБугунги кунда мамлакатимизда ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Фуқаролик кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлари, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

2018 йилнинг июль ойида ва жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорларидан келиб чиққан ҳолда ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан суғориладиган ерларни яхшилашни ҳамда муҳофаза қилишни, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларни кучайтириш, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик, ноқонуний қурилишларни тўхтатиш чораларини кўриш мақсадида, Ер кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги ва “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонунларга, Жиноят кодексига, Фуқаролик кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон, 1993 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвецияга қўшилди
1995 йилда Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва (ёки) чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса Африкада чўлга айланиб боришларга қарши кураш бўйича БМТ Конвенциясини ратификация қилди. Мамлакатимиз
2018 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига Париж битимини ратификация қилди ва ушбу халқаро ҳужжатлар доирасида қабул қилган мажбуриятларини бажариш билан ерларни муҳофаза қилиш масалаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш бўйича ишларни олиб бориш самарадорлигини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини самарали бажаришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президантининг 2019 йил
22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи сифатида республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, Конвенция бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш юзасидан қўшимча вазифалар юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2017 йиил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори республикамизда ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назоратни янада кучайтириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш соҳага замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилишда алоҳида аҳамият касб этади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали ҳамда ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга ошириш тартиби белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида таъкидланиб, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, ерлардан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кегайтириш учун қўшимча ер майдонларни ажратиш лозимлиги қайд этилган эди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” доирасида қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш орқали соҳани жадал ривожлантириш чора-тадбирларига асосан, тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини белгилаш бўйича нормативлар ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида, 2018 йилнинг 16 октябрида «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация Марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Халқаро инновация марказининг асосий вазифалари ва фаолиятиниг устувор йўналишлари, Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, шўрланган тупроқли муҳитдаги турли муаммоларни ҳал этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, экинлар диверсификацияси, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослашувчанликни белгилаш, илгари суриш ва тақдим этиш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ва бошқалардан иборат.

Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш доирасида бутун донорлар ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари ва маблағларини сафарбар қилиш, Орол ҳалокатининг офибатларини тугатиш учун ягона кўптомонлама майдонни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 8 январида қабул қилинган “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда ўзнинг самарали натижаларини бермоқда.

Мамлакатимизда умумиллий бойлик ҳисобланган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ижтимоий, иқтисодий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишни таъминлаб, шубхасиз, халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Cодиржон Джакбаров,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

Kakoj-byla-Zemlya-do-potopa

ЕР РЕСУРУСЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Бугунги кунда Ер сайёраси аҳолиси 7,5 млрд кишига етди. Жаҳонда юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолатга келиши, биологик хилмахилликнинг камайиб бориши нафақат иқтисодиёт тармоқлари ривожи, шу билан бир қаторда инсониятнинг фаровон келажагига ҳам жиддий хавф солмоқда.

XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигига келиб кўпгина мамлакатлар чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши муаммоларини бошидан кечираётгани, оқибатда дунё бўйича қарийб 2 миллиард гектар ер майдони яроқсиз аҳволга келгани масаланинг нечоғли долзарб эканлигини кўрсатиб турибди. Бу борада ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш ҳаракатлар ўтган асрнинг 70 йилларидан бошланган эди. 1970 йилдан бошлаб, ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси 2009 йилдан 22 апрелни “Бутунжаҳон Ер куни” деб эълон қилди.

Халқаро экологик ҳамкорлик принциплари илк бор 1972 йилда, БМТнинг атроф муҳит муаммоларига бағишланган Стокгольм конференцияси Декларациясида халқаро ҳамкорликнинг янги – атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши ҳамда инсоннинг ҳаётга ва атроф муҳитга бўлган асосий ҳуқуқини эътироф этувчи ва бошқа принциплар белгилаб қўйилди.

1992 йил июнь ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида БМТнинг атроф муҳит ва ривожланиш масалаларига бағишлаб ўтказилган Конференциясида Атроф муҳит ва ривожланиш тўғрисидаги Декларация, шунингдек “XXI аср кун тартиби” номли ҳаракат Дастури қабул қабул қилинди ва имзоланди.

Ана шундай мураккаб вазиятда юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир. Чунончи, Чўлланишга қарши кураш бўйича конвецияга, Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияни қўшилди. Ушбу конвенцияларнинг кўплаб мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бир қатор муҳим старатегик, шу жумладан: “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар Дастури”, “Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастури” ва бошқалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг иқлим ўзгаришлари, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, бутун жаҳон маданий меросни муҳофаза қилишга доир конвенциялар ҳамда бошқа экологик йўналишдаги халқаро шартномаларга қўшилиши мамлакатимизда мазкур йўналишда салмоқли ишлар олиб борилаётганидан далолатдир.

Бу борада шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, унинг ривожига янада жиддий эътибор қаратила бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ҳамда “Давлат ер кадастри тўғрисида”гиЎзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер умуммиллий бойлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб берилди. Шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан ҳамда бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат эканлиги белгилаб берилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ деҳқон ва фермер хўжаликлари ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада амалга оширилган ислоҳотлар самараси бу борада катта ютуқлар қўлга киритилди. 1998 йилда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муҳим омил бўлди. Мазкур қонун нормаларига асосан фермер хўжаликларига ер участкалари узоқ муддатга, яъни 50 йилгача, бироқ 30 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилиши белгиланди.

Бугунги кунда фермерлик ҳаракати хақли равишда соҳанинг етакчи бўғинига айланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи асосий куч мақомини олди. Аммо, ютуқлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Бу борада ишга, ерга бўлган муносабатга эътибор қаратиш, фермер хўжаликларига давлат томонидан берилган зарур имтиёз ва преференциялар натижадорлигини назорат қилиш, қишлоқ хўжалиги экин ерларининг балл бонитетини янада ошириш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 15 октябрдаги Фармонига асосан, ердан фойдаланиш, геодезия ҳамда картография соҳасидаги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ер муносабатларини тартибга солиш, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш мақсадида Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Геодезия, картография ва давлат кадастри Бош бошқармаси тугатилиб, уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ташкил қилинди.

Ердан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб бориш, ушбу йўналишда дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш унинг асосий вазифалари қилиб белгиланди.

Бугунги кунда мамалакатимизда ер ресурсларидан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари билан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва ер муносабатларни тартибга солишга оид қонунларни амалга ошириш, ҳозирги даврнинг долзарб талаблари даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигида жадал фойдаланиладиган суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив ва ирригация объектларнинг тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида замонавий, илғор ресурстежамкор усулларни қўллаш орқали, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга алоҳида ўрин берилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда экинзорларнинг умумий майдони 4 миллион гектардан ортиқ. Шундан суғориладиган ерлар 3 миллион 285 минг гектарни ташкил этади. Буни, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг олтин фондига қиёслаш мумкин. Негаки, иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, саноат тармоқларини муҳим хом ашёлар билан кафолатли таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш бевосита ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлашга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги давлат геодезия назорати инспекцияси тўғрисидаги, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисидаги, давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 66-сон қарорига мувофиқ “Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисида НИЗОМ” қабул қилинди.

Мазкур Низом билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини, шунингдек ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Шунингдек, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари этиб Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси белгилаб берилди. “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши Низомда кўрсатиб ўтилди. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши кўрсатиб ўтилди.

Шундан келиб чиқиб, тизимда ҳаётга татбиқ этилаётган изчил чора-тадбирлар туфайли муайян ютуқлар қўлга киритилди. Энг аввало, ҳар бир қарич ернинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берадиган электрон хариталар яратилди. Бундан ташқари, автоматлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилди.

Ҳозирги пайтда ушбу электрон хариталар қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, мониторинг қилиш ишларини олиб боришда кенг қўлланилмоқда. Бу, ўз навбатида, ерлардан фойдаланишда учраётган салбий ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар қабул қилиш имконини бераяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур фармон ва қарорда республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатиш, шунингдек, республика ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Шунинг учун республикамизнинг асосий деҳқончилик юритиладиган тоғ олди ва тоғ ости ҳудудларида тупроқ шароити, қишлоқ хўжалиги экинлари талабларини ҳисобга олган ҳолда экинларни тўғри жойлаштириш, ишлаб чиқаришни чуқур ихтисослаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларида доимий кадастр ҳисобини юритиш долзарб аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур йўналишдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассислари томонидан ерга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш бўйича жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кучайтириш зарурдир. Бу, аҳолининг ер ресурсларига бўлган муносабатини, деҳқон ва фермер хўжаликларида эса ердан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга бўлган масъулияти янада оширишга хизмат қилади.

Борий АЛИХОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси. Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси