Tag Archives: Чуст

Чустда аҳоли соғлиғи учун ўта хавфли ҳолат аниқланди. Ҳоким ўринбосари жавоб беришдан бош тортди

Буни Чуст тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникация ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ҳамрохўжаевнинг журналистларга қарата: “Аввало, республика ишчи гуруҳининг ҳурмати учун келиб турибман. аммо журналистларга интервью беришни истамайман, ана, бошқалардан олаверларинг”, деган иддаоси ҳам исботлаб турибди.

Поп туманидаги “Янгиобод”, “Юқори қишлоқ”, “Янги тўда”, “Эски тўда” аҳоли пункти фуқаролари ичимлик суви танқислигидан Тўдасой сойига оқизилаётган чиқинди сувидан истеъмол қилишга мажбур бўлишяпти. Масаланинг долзарблиги эса Чуст тумани сил касалликлари диспансерининг оқова сувлари гарчи хлорланаётган бўлса-да, канализация тизими орқали шу сой сувига қуйиб юборилаётганида.

“Ҳудудимизда тоза ичимлик суви тармоғи йўқлиги боис аҳоли сой сувидан истеъмол қилади. Сойга қўшни туманнинг барча йирик ташкилотлари ва маиший хизмат кўрсатиш объектларининг канализация суви оқизилаётгани сабабли сувнинг таъми шўр ва истеъмолга умуман яроқсиз. Чиқиндихонага айланган сойдан анқийдиган бадбўй ҳид баҳордан то қишга қадар узоқ-узоқларга қадар етиб бормоқда. Чустнинг чиқиндиси Попни булғамоқда. Бу ҳолатга қачонгача чидаш мумкин?! Бормаган жойимиз ҳам қолмади. Ҳеч қандай натижа йўқ. Ягона умидимиз Попни ўрганаётган республика ишчи гуруҳидан”, дейди “Янги тўда” маҳалласида яшовчи пенсионер Маҳаммаджон Ҳасаналиев.

Журналистлар ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишди. Аниқланишича, чиқинди сувларини биологик тозалаш иншооти Чуст туманидаги Дуоба қишлоғида жойлашган “Оқовасув” кўп тармоқли хусусий корхонасига тегишли.

Корхона раҳбари Муроджон Йўлдашевнинг айтишича, бино 1984 йилда қурилган ва 2000 йилга қадар “Барион” корхонаси қошида бўлган. Умумий ер майдони 0,9 гектар ва қуввати суткасига 400 метр кубга тенг.

— Нуфузли корхона банкрот бўлгач, 2000 йил 30 декабрда “Оқовасув” кўп тармоқли хусусий корхонаси сифатида ташкил этилди, – дейди М.Йўлдошев. – Мана 18 йилдан буён ишлаб келаяпмиз. 1 ойда 3–3,5 миллион сўмлик хизматлар бажарамиз. Аммо кўплаб бюджет ташкилотлари бизга маблағ ўтказиб бермайди. Бу ердаги ҳарбий қисм яхши мижозимиз эди. Аммо 2015 йилда Ҳарбий прокуратура тергов қилиб, қисм ортиқча бюджет маблағларидан 17,5 миллион сўм тўлаб юборганини аниқлаган ва буни зиммамизга юклаган эди. Ҳозир 80 миллион сўм қарзимиз бор. 55 миллион сўми иш ҳақидан, 13 миллион сўми электр энергиясидан, 12 миллион сўми эса солиқдан шаклланган. Бир вақтлар бу ерда 22 тагача одам ишларди, эндиликда эса 5 киши амал-тақал қилиб кун ўтказмоқда. Бизни бу иншоатни на таъмирлашга, на бирор ўзгариш қилишга қурбимиз етмайди. Ечим учун энг тўғри йўл – уни вилоят “Сувоқова” корхонаси таркибига ўтказиш. Тўғри, мени давлат санитария хизмати бир неча маротаба огоҳлантирди. Аммо иқтисодий имкониятим бўлмаса, нима қилишим керак. Ахир муаммо хусусий эмас, ҳудуд аҳамиятига молик. Бир неча маротаба қилган мурожаатларимга ҳеч бир масъул эътибор қаратаётгани йўқ.

Иншоот ҳозирда капитал таъмирга муҳтож бўлиб, бир неча йиллардан буён таъмирлаш ишлари ўтказилмаган. Қувурлар эскириб чириб кетган. Ҳозирги кунда чиқинди сувлар бирламчи ҳовузларда тиндирилмаяпти. Хлор билан тўлиқ зарарсизлантирилмасдан тўғридан-тўғри ҳудуддан оқиб ўтган очиқ сув ҳавзасига ташлаб юборилмоқда. Аслида бу умуман мумкин эмас. Тозаланган чиқинди сувлари қувур орқали суғориш майдонларига ташланиши лозим. Бу мақсад учун қурилган 1 км. узунликдаги қувурлар чириб-ёрилиб қўрқинчли ҳолатга келиб қолган. Сув тортиш насослари умуман йўқ бўлиб кетган.

— Биз бу ерда доимий мониторинг ўтказиб турамиз, – дейди Чуст тумани Давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош врачи Зайниддин Анорқулов. – Иншоотга суткасига тахминан 1000-1500 метр куб сув тушаётганини аниқлаганмиз. Бу белгиланган меъёридан 4–4,5 баробар кўп бўлиб, чиқинди сувларини тўлиқ биологик тозалаш ишлари ўтказилмаяпти. Боз устига иншоатда хлор захираси йўқ. Оқибатда очиқ сув ҳавзасига қуйиб юборилаётган чиқиндилар тахминан 4–5 км. масофа ҳудуддан оқиб ўтиб, Катта Фарғона канали ва Сирдарё сув ҳавзаларини ифлослантирмоқда. Аҳоли ўртасида юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти. Марказимиз лабораториясида текширувлар ўтказилганда сув таркибидан юқумли ичак касалликлигини келтириб чиқирувчи микроблар борлиги аниқланганди. Энг ёмони, Чуст тумани сил касалликлари диспансери оқова суви ҳам гарчи хлорланаётган бўлса-да, шу канализация тизимига қўйилмоқда ва охир-оқибат у сой сувига қуйиб юборилмоқда. Биз бу ҳақда туман прокуратураси ва ҳокимлигини, юқори турувчи ташкилотимизни мунтазам хабардор қилиб, қатъий назоратга олиш ва амалий ишлар кўриш бўйича хатлар киритганмиз. Натижа эса ҳамон йўқ.

Ўзи шу сой сувидан ичиб кўрмаган ҳоким ўринбосари, жаноб Улуғбек Ҳамрохўжаев дастлаб журналистларга кўрсатган “ҳурмати”дан кейин масала моҳиятини тушунгангандай бўлиб, бирор тайинли иш қилган-қилмагани ёки таклифи ҳақида сўзлаб берди:

 

— Тумандан суткасига 1500-2000 куб метр чиқинди сувлари чиқаяпти. Ҳаммаси шу ерга келиб тўпланади. Вилоят “Сувоқова” ташкилоти мазкур объектни ўз таркибига олиши учун хусусий корхонанинг мавжуд қарздорлигидан чиқариш зарур бўляпти. Ушбу муаммони ҳал қилиш юзасидан 5 миллиард 746 миллион сўмлик тахминий лойиҳа қилганмиз (лойиҳа Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ишчи гуруҳининг огоҳлантиришидан кейин зудлик билан бажарилган – таҳририят). Бунча қиммат лойиҳани ўз имкониятимиз билан қила олмаймиз. Ваҳоланки, сал тепароқда 1978 йилда қурилиши чала қолиб кетган бино турибди. Япониянинг “Жайка” ташкилоти вакиллари бу биноларни келиб, кўриб кетишди. Агар маблағ ажратишса, оқова сувларнинг тозалаш тизимини ўша жойда қурганимиз мақсадга мувофиқ. Унда кунига 10 минг куб метр чиқиндини тозалаш имконияти пайдо бўлади.

Кўриниб турибдики, маҳаллий маъмурият маблағ етишмаслигини рўкач қилмоқда ва шу вақтгача амалий ишку майли, аммо жўяли бир таклиф билдиргани ҳақида сўзлаб бера олмайди. 5,7 миллиард лойиҳани компьютерда тайёрлаб бериш осон, аммо бу объект атрофида яшаётган одамларнинг оғирини енгил қилиш учун нима иш бажаришни пойтахтдан келадиган ишчи гуруҳи кўрсатиб бериши керакми? Наҳотки бу глобал муаммога сектор раҳбарлари панжа ортидан қараб келмоқда.

Фарҳод Эсонов, ЎзА