Tag Archives: чиқинди

мусор

ЧИҚИНДИДАН ҚАЧОН ҚУТИЛАМИЗ?

    Йўлда кетаётганингизда кўча-кўйда, теварак-атрофингизда, ерга ташланган чиқиндиларни кўрганда, кайфиятингиз тушиб кетади. Музқаймоқ қоғози дейсизми, баклашка, қоғозлар, ҳар ерда ташлаб кетилган писта пўчоқларими, хуллас атрофдаги чиқиндиларни кўрган инсоннинг руҳиятига салбий таъсир қилмай қўймайди. Ваҳоланки, кўпгина шаҳар ва туманларда чиқиндилар муаммоси бугунги кунда ўз ечимини топаяпти. Чиқиндилар борасида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш бўйича, олиб борилаётган ишлар хусусида вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси йиғма ахборот – таҳлилий бўлими бошлиғи Хуршид Самадов билан суҳбатлашдик. Қуйида ушбу суҳбат билан танишасиз.

  Савол: Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузган қайси мансабдор шахс ёки фуқарога Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг қайси моддаларига асосан жарима солиниб ундириб олинади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузган ҳар қандай фуқаро ва мансабдор шахсларга нисбатан атроф табиий-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишга оид барча қонун ва қонун ости норматив ҳужжатларни бузилиши натижасида, яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари тўғрисидаги, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 65-модда 2-қисми, 68-модда 1-қисми, 70-72 модда 1-қисми, 75-модда 2-қисми, 77-модда 1-қисми, 79-модда 1-2-қисми, 82-модда 2-қисми, 84-модда 1-қисми, 85-модда 1-қисми, 88-модда, 90-модда 1-қисми, 91-модда, 95-модда ҳамда 96-моддаларига асосан жарима солиниб ундириб олинади.

С. Бошқарма томонидан жойлардаги аҳоли яшаш пунктлари ҳамда дарё, сой, каналлар ва коллекторлар атрофида ноқонуний ташкил этилган чиқиндихоналар бўйича ўтказилган рейдлар давомида қандай камчиликлар аниқланди ва қандай чоралар кўрилди?

Ж: Бошқарма ходимлари томонидан жойлардаги аҳоли яшаш пунктлари ҳамда дарё, сой, каналлар ва коллекторлар атрофида ноқонуний ташкил этилган чиқиндихоналар бўйича ўтказилган рейдлар давомида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 22-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунининг 15-моддаси талабларини бузган 182 та хуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91, 95, 96 – моддаларига асосан 39 млн 382 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди ва ундириб олинди. Қўлланилган маъмурий жариманинг 165 нафар фуқароларга нисбатан 30 млн 382 минг сўмни ҳамда 17 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 9 млн 100 минг сўмни ташкил этади.

С: Ғалладан бўшаган майдонларда сомон ва куз пайтида хазонларнинг ёқилиши, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, кўп қаватли уйларнинг томларида очиқ аланга олдириб, битум эритиш ва ноқонуний равишда ихтио фауна ресурсларини овлаш бўйича ўтказилган рейд текширишлари давомида қандай камчиликлар аниқланди?

Ж: Ғалладан бўшаган майдонларда сомон ва куз пайтида хазонларнинг ёқилиши, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, кўп қаватли уйларнинг томларида очиқ аланга олдириб, битум эритиш ва ноқонуний равишда ихтио фауна ресурсларини овлаш бўйича ўтказилган рейд текширишлари давомида

жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 47-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 24-моддаси талабларини бузган 61 нафар хуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 85, 86, 88 ҳамда 95-моддаларига асосан 14 млн 282 минг 160 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди ва ундириб олинди. Қўлланилган маъмурий жариманинг 46 нафар фуқароларга нисбатан 9 млн 114 минг 960 сўмни ҳамда 15 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 5 млн 167 минг 200 сўмни ташкил этади.

С: Хўжалик юритувчи субъектларнинг атроф-муҳитнинг ифлослантирувчи манбааларида ўтказилган мониторинг кузатувлари жараёнида қандай ижобий ёки салбий ҳолатлари кўзга ташланди?

Ж: Жорий йилнинг ифлослантирувчи манбалар мониторинги бўлими томонидан вилоятдаги мавжуд 28 та хўжалик юритувчи субъектларнинг  атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбааларида мониторинг назорати ўтказилиб, 278 та манбадан, жумладан атмосфера ҳавоси бўйича 157 та, оқова сув бўйича 92 та, тупроқ ифлосланиши бўйича 29 та манбадан намуналар олиниб, жами 1796 та, шундан атмосфера ҳавоси бўйича 759 та, оқова сув бўйича 792 та, тупроқ ифлосланиши бўйича 245 та кимёвий таҳлиллар ўтказилди. Ўтказилган кимёвий таҳлиллар натижасида аниқланган қонунбузарликлар ҳолати юзасидан 10 нафар мансабдор шахсларга ва фуқароларга нисбатан 3 миллион 10 минг сўмни, шундан атмосфера ҳавоси бўйича 6 та 1 миллион 722 минг сўм миқдорида, оқова сув бўйича 3 та 1205,68 минг сўм, тупроқ ифлосланиши, чиқиндиларни жойлаштириш бўйича 1 та 172,24 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, ундириб олинди. Шунингдек, 5 млн 717 минг 20 сўмлик қўшимча компенсацион тўлов сўммаси ҳисоблаб ундириб олинди.

мусор1   Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вилоятдаги мавжуд очиқ сув ҳавзаларининг ифлосланиши бўйича Кашкадарё, Оқсув, Танхоз, Яккабоғ, Шимолий ва Жанубий коллекторлар ҳамда Талимаржон, Чимқўргон, Пачкамар сув ҳавзалари сувларидан намуналар олиниб, кимёвий таҳлил қилиб борилди. Тахлиллар натижаси бўйича Қашқадарё дарёсининг бошланиши (Варганза) постида минерал тузлар миқдори 327,0 мг/л ни, Муборак постида 1536,0 мг/л ни ташкил этмоқда. Минерал туз микдорининг ортиб бориши Варганза пости билан Муборак пости оралиғида Қашқадарё дарёсига ушбу ҳудуддан оқиб ўтувчи зовур ва сойлардаги минерал туз миқдори юқори бўлган сувларнинг келиб қўшилиши натижасида содир бўлади.

С: Чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, сақлаш, қайта ишлаш борасида кейинги пайтда олиб борилаётган амалий ишлар нималардан иборат? Бу борада камчиликка йўл қўяётган корхона, ташкилотлар хусусида тўхталиб ўтсангиз?

Ж: Бошқарма томонидан жойлардаги барча туман ва шахар аҳоли яшаш пунктлари ҳамда дарё, сой, каналлар ва коллекторлар атрофида ноқонуний ташкил этилган чиқиндихоналар бўйича назорат ўтказиш бўйича бошқарманинг 2018 йил 6  январдаги буйруғи ишлаб чиқилиб, мазкур буйруғ асосида доимий рейдлар олиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича камчиликларни бартараф этиш ва келгусида қайта содир этмаслик мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Ўтказилган назорат давомида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Қарши шаҳрида 142 та чиқиндилар ноқонуний жойлаштирганлиги аниқланиб, 258 тоннага яқин чиқиндилар жойлардаги марказий чиқиндихоналарга чиқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Таркибида симоб моддаси бўлган лампалар ва приборлардан фойдаланиш ва уларни фойдали равишда ишлатиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида”ги 2000 йил 23 октябрьдаги “Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2011 йил 11 сентябрьдаги қарорлари  ижроси юзасидан мониторинг олиб борилиб, 7740 дона хар хил турдаги таркибида симоб моддаси бор бўлган яроқсиз лампа ва приборлар аниқланди. Мониторинг даврида таркибида симоб моддаси бўлган яроқсиз лампа чиқиндиларни демиркулизация қилиш учун Қарши шаҳар “Эко баланс технология” МЧЖ га топширтирилди.

Бошқарма ходимлари томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қарши Нефт база масъулияти чекланган жамиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 сентябрдаги “Ишлатилиб бўлган техник мойларни топшириш, йиғиш, ҳисоб-китобларини амалга ошириш, сақлаш ва ташиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан назорат ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида Қарши Нефт база масъулияти чекланган жамияти томонидан 7,2 тонна миқдорида ишлатилган мой қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 октябрдаги “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори ижроси юзасидан жойларда 35 та хўжалик субъектларида мониторинг олиб борилиб, тўпланган 29 тонна чиқиндилар миқдори чамалаш йўли билан аниқланди ва тегишли кўрсатмалар берилди.

Вилоятдаги мавжуд барча кадастр объектлари, қаттиқ маиший ҳамда қурилиш чиқиндиларини кўмиш полигонлари, фойдаланиб бўлингандан кейин кўмиб ташланадиган кул тўплаш ва кўмиб ташланадиган шлам тўплаш жойлари, хавфли чиқиндиларни сақлаш, заҳарли кимёвий чиқиндиларни ва саноат чиқиндиларни кўмиш жойлари, шунингдек, чиқиндиларни утилизация қилиш жойларини тўлиқ хатловдан ўтказилди. Чиқиндиларни йиғиш майдончаларида уларни жойлаштириш ва сақлаш жараёнини атрофлича ўрганиб борилмоқда ва аниқланган камчиликлар бўйича тегишли тартибда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Чиқиндиларни жойлаштириш ва сақлаш жараёнида юзага келаётган муаммоларни самарали ечимини топиш бўйича Республика қўмитаси билан ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.Очик турдаги автотранспорт воситаларида чиқиндиларни ташиш вақтида юк устини махсус қоплама билан мажбурий ёпишни жорий этиш бўйича назорат ишларини ташкил этилган.

Ўтказилган рейдлар давомида чиқиндиларни ташиш қоидаларини бузганлиги учун 7 нафар фуқарога нисбатан маьмурий чоралар қўлланилди.

Қаттиқ маиший чиқиндилар ҳамда саноат чиқиндиларини кўмиш ва утилизация қилиш жойлари давлат кадастри маълумотлар базаси яратилган бўлиб, ҳар чорак якуни бўйича чиқиндихонага жойлаштирилган чиқиндилар миқдори маьлумотлар кадастри киритиб борилмоқда.

  С: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги, “Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича ҳамкорликдаги кунлик рейдлар давомида фуқаро ва мансабдор шахсларнинг қандай қонунбузилишларга йўл қўйганликлари аниқланди?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги, “Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича ҳамкорликдаги кунлик рейдлар давомида жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси “Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 33-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 15,18,47-моддаси талабларини бузган 31 та хуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70, 95, ҳамда 701-моддаларига асосан 17 млн 585 минг 800 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди ва ундириб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик сув ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақида”ги Низом талбаларидан келиб чиқиб Қашқадарё дарёсининг муҳофаза зоналарида 6 маротаба рейд ўтказилиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 2 нафар фуқарога нисбатан 516 минг 720 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб ундириб олинди. Назорат ишлари давом этмоқда.

 С:Расмий веб-сайт ва “Facebook” ижтимоий тармоғига қандай мурожаатлар келиб тушди улар асосида ўтказилган тезкор рейдлар натижалари нималардан иборат?

Ж: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги экологик маданиятни ошириш, бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилиш, расмий веб-сайт ва “Facebook” ижтимоий тармоғидан унумли фойдаланишдан иборат. Бундан ташқари бошқарма фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда унинг самарадорлигини кузатиб бориш, фуқороларнинг ҳуқуқий ва санитар-экологик саводхонлигини ошириш бўйича кенг кўламдаги ишларни ташкил қилиб бориш, умумтаьлим ва ўрта-махсус таьлим муассаларидаги ўқувчи- ёшларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг экологик маданиятини ошириш. Халқаро экологик саналар ва улар доирасида олиб борилаётган фаолият юзасидан аҳоли хабардорлигини кузатиб, мониторинг қилиб бориш. Қашқадарё вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш фаолиятини янада такомиллаштиришга йуналтирилган ташкилий-хуқуқий, назорат-таҳлилий ва амалий тадбирлари ҳамда унинг дастурий вазифаларини самарали амалда қўллаш юзасидан 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланганган бўлиб, ушбу бўйича амалий иш олиб борилмоқда.

                                          Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                     Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё

                                      вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.

жазо1

АТРОФНИ ИФЛОСЛАНТИРГАНГА ОҒИР ЖАЗО ёки ЮРТ ОБОДЛИГИ КЎНГИЛ ОБОДЛИГИДАН БОШЛАНАДИ

Яқинда “Аргументы и факты” газетасидан шаҳарни ифлослантирганларга қаттиқ жазо тайинланиши, мамлакат қонунларига итоат қилмаганларга қатл жазоси берилишш ҳақидаги бир мақолани ўқиб қолдим. Сингапур давлати қонунчилигига асосан тозалик қонун-қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган жазо чоралари ҳайратимни оширди. Ўқиганларимни, қолаверса, анчадан буён мени ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган ҳолатлар ҳақида бошқаларга ҳам етказишни ўзимнинг бурчим деб билдим.

жазо2Кўча тозалиги ва умуман, экологик тарбия ҳақида гап кетганида болалигимда содир бўлган бир воқеа эсимга тушади… Онам билан (Худо ўз раҳматига олган бўлсин уларни) шаҳар жамоат транспортида қаергадир йўл олгандик. Мен жуда ёш эдим ва бекатда сотиб олдирган сақичимни автобусга чиққан захотим очишга шошилдим. Шунда онам қоғозини менга бер, дея чўнтакларига солиб қўйдилар. У қоғоз онамга керак экан, деб ўйладим. Биз манзилга етиб боргач, автобусдан тушдик. Онам ўшанда у ёқ-бу ёққа қараб ниманидир (чиқинди ташлаб идишини) излаганларини эслайман. Биз уйга қайтиб келгач, онам чўнтакларидаги қоғоз ёдларига тушиб, уни чиқинди идишига ташлагандилар. Шунда нега бундай қилганларини сўраганимда, автобусни ичи, умуман биз юрган кўчалар, йўлларнинг барчаси ҳам уйимиздек эканлигини, айниқса, ерга чиқинди ташлаб бўлмаслиги, чунки унинг ҳам жони борлигини, худди бизга ўхшаб нафас олишини, ер юзи қанча ифлосланса, ҳаво олиши қийинлашиб қолишини уқтиргандилар. Биз оилада кўпчилик бўлиб, бу тарбия барчамизга сингдирилганди ўшанда…

СИНГАПУР ЖАЗОЛАРИ

Айтишларича, шундан роппа-роса 40 йил олдин Осиёнинг жануби-шарқидаги Сингапур мамлакати кўчалари чиқиндилар билан тўлиб-тошган экан. Бугун эса қаттиқ жазо туфайли у ерда чиннидек озодалик ўрнатилибди.
Сингапурда бўлиб қайтган россиялик журналист Георгий Зотовнинг ёзишича, Чанг исмли маҳаллий тадбиркорлардан бири чекиш мумкин бўлган (!) очиқ жойда папирос чекиб бўлиб, қолдиқларини ўзи билан олиб юрган темир ғилофчали идишга тартиб билан жойлаштираётганини кўрган.
Суҳбатдан сўнг Чанг қўлидаги идишни юз метрлар узоқ масофада жойлашган чиқинди ташлаш идишига олиб бориб бўшатган.
- Сингапурда конфет қоғозини жамоат жойига ташлагани учун маҳаллий пулда 500 доллар жарима тўланади (бизда 2 миллион етти юз эллик минг сўмга тўғри келади), — муаллиф), — деган Чанг, — шунинг учун менда болалигимдан конфет қоғози ва бошқа чиқиндиларни кўчага ташламасликка ўзидан ўзи рефлекс (одат) пайдо бўлган, чунки бунинг учун дарров жаримага тортилиш мумкин, қолаверса, бугун барча ерга видеокузатувлар ўрнатилган.
Чангнинг ҳикоя қилишича, деб ёзган журналист, — бир қўшнисининг 18 ёшли ўғли қадимий меъморчилик обидасининг деворига чизганлиги учун суд қарори балан орқасининг юмшоқ жойига 10 марта ёғоч даста билан калтакланиб, 7 кун қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
“Бу ерда ҳеч ким ўлим жазосини бекор қила олмайди. — тушунтирган журналистга адвокат Виктор Ли Хонг. – Ҳукумат Евроиттифоқ, шунингдек, АҚШнинг бу бўйича эьтирозларини умуман эътиборга ҳам олмайди. Агар кимдир мамлакат ичкарисига наркотик модда олиб кирса ёки сотиш билан шуғулланса, унга ўлим муқаррар. 2002 йили Чанги аэропортида 22 ёшли Австралия фуқароси қўлга олинади: у ўзи билан 400 гр. кокоин моддасини олиб ўтган. Унинг ҳимоясига Автралиянинг бош вазири, санкциялар билан таҳдид қилган, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳатто Рим Папаси чиқишган, аммо йигит барибир осилган.
29667Хулоса шуки, Сингапурда қонунларга барча, бойлар ҳам, оддий кишилар ҳам итоат қилиши шарт экан. Бу мамлакатнинг кўчалари бўйлаб юрган кишилар турли огоҳлантиришлар ёзилган пешлавҳаларга кўзлари тушиши мумкин бўлиб, ҳар-хил чекловларга риоя этишлари қатъий белгиланган. Масалан, резинали сақич фақат дорихоналарда сотиларкан ва энг муҳими, у фақат қатъий рецепт асосида бериларкан?! Мабодо сайёҳлар ўзлари билан сақич олиб келсалар, бунга рухсат берилсада, “резинка”ни метрога ташласа, маҳаллий пул билан 1 минг доллар жаримага тортиларкан.
Сингапурда пешонасига “Мен шаҳарни ифлослантирдим” деган ёзувли оппоқ пешлавҳаларни тақиб юрган кишиларни учратиш мумкин бўларкан. Сабаби улар томонидан чиқинди ташлаш учун ўрнатилган махсус идишларга эмас, атрофига папирос қолдиқларини ташлаганлар шундай жазоларга, такроран содир этганлар бир ҳафталик истироҳат боғлари ва кўчаларни тозалаш учун ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилиши қатъий белгиланган. Жамоат жойларидаги умумий ҳожатхоналардан фойдаланган пайтда ўз орқасидан сувни тортиб кетмаган “жиноятчи” учун эса бизнинг пулга ўлчанганда 700 минг сўм атрофида жарима тўланаркан!
Энг қизиғи шундаки, бугунги кунда бундай жазолар асосан қоғозларда мавжуд. Тўғрироғи, қонун ва қоидаларга амал қилиш сингапурликларнинг қон-қонига сингиб кетганлиги туфайли, ҳуқуқбузарликлар унчалик ҳам учрамайди. Ҳа, яна бир гап, Сингапурда қонунга итоат қилиш шу қадар қатъий белгиланганки, мисол учун вояга етмаганлар учун папирос сотилса, шу дўкон эгаси йирик миқдорда жарима тўлайди, ҳуқуқбузарнинг ўзи эса “юмшоқ жойи”га калтак еса, сотувчи қамоқ жазосига ҳукм қилинаркан.
Шунинг учун ҳам Сингапурда қонун бузилиш ҳолатлари жуда кам учрар экан. Бугун йирик жарималар ва шафқатсиз жазолар туфайли Сингапур дунёдаги энг тинч, энг тоза ва энг обод маконлардан бирига айланган. Яна шуниси эътиборлики, Сингапурда одамлар қонунларга қўрққанидан эмас, балки ўз ихтиёри билан итоат қилишар экан!
Ўйланиб қоласан киши, қанийди бизда ҳам кишилар ҳеч қандай жазоларсиз кўчаларни, шаҳарларимизни тоза, озода сақласалар…

ДАДАМ АЙТИБ БЕРГАН РИВОЯТ

нодБолалигимда оила даврасида ота-онамиз бизларни тарбиялашда ривоят ва масаллар айтиб бериш усулидан фойдаланишарди.
Ривоят қилинишича, бир юртнинг подшоси мамлакатининг ободлиги ва тозалигини таъминлаш мақсадида тўрт томонга жарчи юборди. Жарчилар кўчама-кўча юриб одамларга кимда-ким уйидан кўп миқдорда чиқинди ва ахлатларни кўчасидаги ўз уйи олдига йиғиб қўйса, уюлган чиқиндининг миқдорига қараб, подшонинг мукофотига сазовор бўлишларини етказибдилар.
Ва ниҳоят, подшоҳ аёнлари билан кўчаларни айланиши керак бўлган фурсат етибди. Кўчалар оралаб ҳар-хил миқдордаги уйилган чиқиндилардан кўнгли беҳузур бўлиб ўтиб бораётган подшохнинг кўзи бир уйга тушибди.
Уй атрофи чиннидек супирилган, сув сепилган эмиш. Подшоҳ дарвоза ҳатлаб, уй ҳовлисига кирибди.
Ҳовли сатҳи топ-тоза, атрофга гул ва райҳонлар экилган экан. Ҳовли саранжому-саришта бўлишига қарамай, уй эгасининг бўй етган қизи супирги билан у ер-бу ерни супириб, ҳокандозга чиқинди еғиш билан овора бўлаётганмиш.
- Нега мени топшириғимни бажармадинглар, — дебди подшоҳ салом-аликдан сўнг. — Кўчага чиқинди уюб қўймабсизлар?!
- Бир қошиқ қонимиздан кечинг, шоҳим, биз оилада чиқинди йиғилса, барака қочади деб, ҳеч қачон йиғмагандик, шунинг учун сиз белгилаган кунга қадар кўчага уйиб улгурмадик. – деб ерга қарабди қиз.
Қизнинг ақл, фаросати ва хушмуомаласини кўрган подшоҳ шу қизни ўз ўғлига келин қилиб олиб берган экан.
Қиссадан ҳисса шу эканки, фаросатли инсонлар ҳеч қачон чиқиндиларини кўчага кўз-кўз қилиб йиғиб қўймас эканлар.
ВИЖДОН АЗОБИ

shtrafy-za-musor-v-singapure-0190-йилларнинг бошлари. Адабиётга бўлган меҳрим туфайли ҳамюртимиз, истеъдодли шоир ва жамоат арбоби, марҳум Келди Қодирнинг хонадонларига тез-тез бориб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлар эдим.
Ўта маданиятли ва юксак маънавиятли адибимиз ўша йилларда Туркия давлатида бўлганларидаги бир ибратомуз воқеани ҳаяжон ва ҳижолат бўлган ҳолда айтиб берганлари кечагидек эсимда.
Келди аканинг ҳикоя қилишларича, Туркия давлатининг университетларидан бирида профессор бўлиб ишлайдиган танишлари ўз машинасида шаҳарларни сайр қилдирибди. Йўлда Келдиаканинг папирос чеккилари келиб тутата бошлабдилар. Шунда профессор оғайнилари эътироз билдирмасада, ойнадан орқа ўриндиқда ўтирган меҳмонга ёмон қараб қўйибди. Тутун ҳиди унга ёқмаётганлигини дарров англаган шоир папиросни тезда ўчирибдиларда, юриб кетаётган машина ойнасини очиб, кўчага улоқтириб юборибдилар. Шунда нима бўлибди денг, профессор мошинасини секинлатиб, бурилиш жойидан орқага қайтибдида, худди бояги йўлга қайта келиб, папирос улоқтириб юборилган жойга тўхтабди. Мошинадан тушиб, қолдиқни излаб топибдида, ўзи билан олиб тушган қоғоз парчасига папиросни ўраб, мошинасининг эшик қисмидаги кармончасига солиб қўйибди!
Келди Қодир ўша воқеа туфайли қанчалар ҳижолат бўлганларини такрор-такрор айтиб бергандилар ўшанда.
Худди шу воқеа сингари ўзим ҳам бир кўнгилсизликка тушганимни шу кунгача бировга айтмагандим, тўғриси, айтолмаганман. 10 йиллар олдин чамаси Тошкентга хизмат юзасидан 3 кунлик малака оширишга юборилдим. Яқин қадрдоним, ҳамкасбим, айни пайтда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатаётган Мамлакат Умарова боришимни билгач, меҳмонхонага эмас, менинг уйимга келинг, деб таклиф қилди.
Ўқишимиз бошланишидан бир кун олдин борган эмасманми, эрталаб, уйдан чиқиш пайтимда ўртоғим чиқиндилар солинган пакетни ўзим билан бирга олиб чиқиб, ташлаб кетишимни сўради.
Мен ўқишга борадиган жойнинг манзилини сўраб, тахминан билиб олганман холос, қолаверса, бизга кечикиш мумкин эмаслиги огоҳлантирилган эди.
Қўлимдаги чиқинди тўла пакетни олиб кўп қаватли уйлар оралаб, чиқиндихонани изладим. Йўл-йўлакай ўтаётган йўловчилардан сўрасам, кимдир билмаслигини, яна кимдир ичкари уйларнинг орасида эканлигини айтади. Вақт эса ўтиб бормоқда. Хали олдинда мен боришим керак бўлган манзилни излаб топиш турибди.
Хуллас, йўлим ёқасидаги ариқлардан бирига чиқиндини яшириб кетиб, ўқишдан қайтишда яна олиб, чиқиндихонага олиб боришга қарор қилдим.
У ёқ, бу ёққага қараб, ҳеч ким йўқлигига иқрор бўлгачгина, худди катта бир гуноҳ иш қилгандек, хадик ва қўрқув билан қўлимдагини ариқ панасига қўйдимда, икки қадам юрганимни биламан, орқамдан бир эркак кишининг қаттиқ бақиргани эшитилди. Уй орасидан чиқиб қолган катта ёшлардаги бир одам менга нисбатан айтмаган гапи қолмади чамамда.
Мен эса ўзимни оқлаш у ёқда турсин, ношудлигимдан бирор гап айтишга ҳам иложим қолмаганди. Чунки мен ҳақиқатдан ҳам нотўғри иш қилгандим ўшанда. Йиллар ўтсада, ўша воқеа туфайли, чиқиндини ўқишдан сўнг ташлаш керак бўлган жойга олиб бориб ташлаб кетганимни ўша одамга билдиролмаганимдан виждоним қийналади…

ШАҲРИМИЗНИ ИФЛОС ҚИЛМА!

Бугун ҳеч кимга сир эмаски, жаннатмонанд юртимизнинг ҳар бир гўшасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Биргина Жиззахимизни мисол қилиб оладиган бўлсак, шаҳримиз кўчалари обод, турли ранглардаги анвойи гуллар билан яратилган ландшафтлар кўзларни қувонтирса, унинг атридан диллар яйрайди. Аммо, бу гўзалликка мафтун бўлиб туриб, ногаҳон гуллар орасида ёки йўлакларда ётган қоғозлар, ўриндиқлар атрофига ташлаб кетилган писта пўчоқлари, пластмасса идишлар ва бошқа чиқиндиларни кўриб табингиз хира бўлади. Энг хунуги эса, шаҳримиз марказий кўчаларида жойлашган савдо марказлари қоғоз ва бошқа катта-катта уюмларни айнан йўл бўйларига йиғиб қўймоқдалар. Бу шаҳар ҳуснига доғ бўлиш билан бирга биринчидан йўлдан ўтаётган кишилар кайфиятига салбий таъсир кўрсатса, иккинчидан, шаҳарга келган меҳмонларда ёмон таассурот қолдиради.
Шаҳримиз кўркига кўрк бағишлаб турган муҳташам иншоот — вилоят мусиқали дарма театри халқимизнинг маданий мероси ҳисобланади. Рости, ҳар гал театр атрофидаги гўзалликдан бир қувонсам, ҳар куни ён-атрофни тозалаётган фаррошлар ва бошқа ободонлаштириш бошқармасининг ишчи-ходимлари меҳнатига ичим ачийди. Қолаверса, ям-яшил газонлар ораларига яна ва яна кўпроқ сочилган писта пўчоқларини кўриб (ваҳоланки, ўриндиқлар ёнгинасига чиқинди ташлаш идишлари ўрнатилган), уни тозалаш минг машаққат эканлигидан, ўтлар орасидан тозалаб олиш қийин бўлгани учун шаҳримиз ҳуснига доғ бўлиб қолаётганидан кўнгил ранжийди.
Бундан ташқари айримлар папиросни чекиб бўлиб, қолдиқларини гулзор ва яшил ўтлар орасига улоқтирмоқдалар, яна бировлар эса резинали сақични чайнаб бўлиб, йўлакларга ташламоқдаларки, бунинг оқибатида қанчаликк хунук манзаралар қолишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Одамларимиз музқаймоқ ва бошқа ширинликларни истеъмол қилиб бўлгандан кейин бемалол ерга ташлаб кетишни тобора одат қилиб бормоқдалар. Ўйланиб қоласан киши, нега шундай қилишаркан, ахир ўз уйларида уй юзига ёки ҳовлиларига ҳам шундай муносабатда бўлишармикан?! Наҳотки, ўзгалар меҳнатига ичлари ачимаса? Қолаверса, атроф-муҳитни атайлаб ифлослантиришга қандай йўл қўйиш мумкин?
Кейинги пайтларда, ҳаттоки театр ичкарисида томоша маданиятига ҳам эътибор қилмасдан, томоша пайтида писта чақиб ўтириш, сақич чайнаб, қимматбаҳо ҳисобланган ўриндиқлар ва тўшалган гиламларга сақич ёпиштириб кетиш ҳолатлари учрамоқда.
жащШу ўринда болалигимда онамнинг қоғозни кўчага ташлаб юбормай, уйгача олиб келиб, чиқинди идишига солгани яна бот-бот эсимга тушаверади ва тарбия ҳам, одоб ва аҳлоқ ҳам энг аввало, оиладан бошланишига, мактабда ва жамиятда камол топишига имон келтираман.
Шу ўринда яна бир гап, кейинги пайтларда аҳоли, айниқса, ёш болалар орқали чиқиндиларни ариқларга ёки ташлаш мумкин бўлмаган жойларга ташлаб кетиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Мен яшаб турган уй катта йўл ёқасида жойлашган. Кўчадан латокда сув ҳам оқиб ўтади. Кўпинча ишдан уйга қайтгунимизча уйимиз кетидаги ариқларга ҳар-хил маиший чиқиндиларни тўкиб кетишганига гувоҳ бўламан. Айрим ҳолларда эса кишиларнинг оқиб турган латок сувига чиқинди идишларини бўшатиб ёки ўлиб қолган товуқ, мушук ва бошқа санитария ва эпидемиология талабларига зид нарсаларни оқизиб юборишганини кўриб, бу одамлар ўз ҳовлисига, экин ерларига айнан шу сув киришини, биз истеъмол қилаётган озиқ-овқатлар ҳам шу сувдан суғорилганини ўйлаб кўрармикан, деган саволга жавоб тополмай қоласан киши.
Юқорида Сингапур мисолида атроф-муҳитни, шаҳарни ифлослантирганларга оғир жазо қўлланилиши ҳақида гапирдик. Тўғри, бизда бундай эмас. Аммо бизда кўпнинг қарғиши ёмон бўлади, деган ибора бор. Ўзгаларни оғринтириб, қарғиш олиш энг оғир жазодир аслида!
Минг шукрки, халқимизда, боланинг бегонаси бўлмаганидек, ўзига хос тарбия усуллари бор, яъни кўча-куйда нотўғри ҳатти-ҳаракат қилаётганларга катталар томонидан танбеҳ бериб ўтилади. Тўғри, бизда Сингапурчалик пешонасига шаҳарни ифлослантиргани учун тамға осиб қўйишнинг иложи йўқдир, аммо, биз катталар ёшларимизга ҳар куни, ҳар доим шаҳримизни, юртимизни, она табиатимизни ифлослантирмасликка даъват этишдан тўхтамайлик. Бу борада, ҳамюртларимизга, барча давлат ва жамоат ташкилотларига бир таклиф бор, “Шаҳримизни ифлос қилма!” акциясини ўтказайлик. Кўчалар, таълим, тиббиёт ва бошқа одамлар гавжум жойларда ёзувлар ўрнатиб, одамлар орасида тозалик ва озодаликка чорловчи буклетлар тарқатиб, театрлаштирилган саҳна кўринишлари билан жойларда, шунингдек, телевидение ва радио ҳамда ижтимоий роликлар орқали тарғибот ишларини кампания сифатида олиб борайликки, токи юртимиз бунданда гуллаб яшнасин. Зеро, Ватан ободлиги кўнгил ободлигидан бошланади.

Нодира АЛИМОВА,
Жиззах вилоят мусиқали драма театри раҳбари

САНОАТ ВА КУНДАЛИК ЧИҚИНДИЛАРДАН самарали фойдаланиш лозим

49

Дунё бўйича ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ва илмий  техникавий тараққиёт, доимий ва тухтатиб бўлмайдиган ҳолатда инсоннинг  атроф муҳитга таъсири ошириб бормоқда. Бу ўз навбатида табиий  ўзгаришларга ўз таъсирини ўтказади. Бундай  шароитда инсонлар ва атроф  муҳит   ўртасидаги муносабатлар асосий масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳозирги кундаги асосий ва энг муҳим  масалалар ҳамда вазифалардан бири табиатга онгли ва эҳтиётлик билан муносабатда бўлишни ва табиий бойликлардан  самарали  фойдаланишни тақазо этади.

Саноат ишлаб чиқаришнинг  жадал ривожланган  шароитида, табиатни муҳофаза қилиш чора тадбирларидан бири, чиқиндисиз технологияни қўллашдир. Бунда  кўп миқдордаги  саноат ва кундалик чиқиндилардан  самарали фойдаланиш, уларни инсонлар учун  фойдали ва атроф  муҳит  учун  зарарсиз  ҳолатларга  келтириш масалаларини ҳал қилиш зарур.

Саноат таркиби ранг-баранг органик чиқиндилар — гидролизли лигнин, пилла ғумбаги, ипак момиғи, ипак қуртининг  нажаслари, тамаки ва мохорка гарди, пахта кунжарасидан компостлар тайёрлашда кенг фойдаланилади.

Юқорида қайд этганимиздек чиқиндилар  турли туман ва кўп  ҳолларда фойдаланиш қийин бўлган ҳолатда бўлиши мумкин. Саноат чиқиндилари жумласига биокимиёвий ишлаб чиқариш чиқиндиси бўлган, гидролизланган лигнинни киритишимиз мумкин. Фақатгина  пахтачиликга мослашган  туманларда чигитни қайта ишлаш заводларидан ҳар йили 300-550 минг тонна лигнин моддаси  чиқинди  сифатида  ташлаб юборилар экан. Бу  ўз навбатида  шу ернинг  сизот  сувларига, ҳавосига, тупроғига салбий  таъсири  кўрсатмасдан қолмайди ади ва экологик ҳолатни ёмонлаштиради. Лигнин  барча ўсимликлар ва бошқа тирик организмлар  хужайра  деворининг  асосини  ташкил қилади.  Лигнин  таркибида   63,8 фоиз углерод, 6,04 фоиз водород, 29,7 фоиз кислород бўлади. Табиий ва ишлаб чиқаришдан  чиққан  лигнин, ташқи  кўринишидан тўқ — қўнғир  рангдаги  аморф порошок. Табиий  лигниннинг таркиби ва хоссалари ундан қишлоқ-хўжалигида  фойдаланилса  ахамияти катта эканлигини  кўрсатади.

Суғориладиган тупроқларнинг  асосий қисми, таркибида  чиринди  миқдорининг камлиги  билан ажралиб  туради (чиринди  миқдори 1-2 фоиз дан  ошмайди) ва бу  тупроқларда  микробиологик  жараённинг   жадаллиги   органик қолдиқларнинг  тез минерализацияланиб кетишига  сабаб  бўлади. Лигнин   ўз таркиби ва хоссаларига қўра органик  ўғит сифатида  фойдаланишга яроқли  ҳисобланади. Табиий  лигниннинг микромолекуласи  тупроқдаги  чиқинди  моддаларининг  ўтмишдоши   ҳисобланади. Унинг  парчаланиши ва  гумификация  жараёнига учрашини  микроорганизмлар таъминлайди. Лигниннинг  энг муҳим хусусиятларидан яна бири, унинг  нафақат тупроқ кимёвий  таркибига, балки физик хоссаларига яъни  структуралик  даражасига ҳам  таъсир қилишидир.

Биз  ўртача  шўрланган,  суғориладиган бўз-ўтлоқи тупроқда  лигнин билан  ўтказган  тажрибаларимизда шу  нарса  аниқландики,  гидролизланган  лигнин  эритмаси  билан  чигит  экишдан  олдин ишланиб  экилганда,  ғўзанинг  ўсиб ривожланишида  сезиларли  ўзгариш  кузатилди ва ҳосилдорлик  назорат вариантга  нисбатан 3-5 центнерга ошди. Агар ҳар  гектар ерга  15-20 тонна  лигнин соладиган  бўлсак   юқорида  айтиб ўтганимиздек  чиринди  миқдори ошади  ва бу ўз навбатида тупроқнинг  физик, сув, ҳаво ва иссиқлик  хоссаларини  яхшилайди, унумдорлик даражасининг ошишини таъминлайди.

Биохимик заводлардан  20-30  километр масофада жойлашган  хўжаликларни чигитни  қайта ишлаш маҳсулоти  шелуха, шоли кепаги , ёғоч қипиқларни  гидролиз заводларда қайта ишлаши  натижасида  олинган  гидролизли  лигнин билан таъминлаш иқтисодий жихатдан самарали ҳисобланади.

Бундай компостлар шиббаланмай, эни 7 – 8 метр, баландлиги 2–2,5метр, чеккасининг кенглиги 3–4метр қилиб босиб қўйилганича тураверади. Шу усулда сақлаш санитария – эпидемиологик ва агрохимик кўрсаткичларни яхшилаш имконини беради. Қорамол гўнгини гидролизли лигнин билан қўшиб компост тайёрлашда 1:2 нисбатда, парранда қийига лигнин қўшилганда 1:2,5 нисбатда, шаҳар чиқинди қолдиқларига лигнин қўшилганда 1:2 нисбатларда олиниб, бундай компостларни тахланган зич ҳолатда, устига 10–15 см қалинликда тупроқ тортилиб, 4–5 ой давомида сақланади. Бу муддат ичида аралашмалар устига уч маҳал тоннасига 60–100литр ҳисобида сув сепиб турилади. Тахламалар (штабеллар) катталиги: тепаси 1,5м атрофида, эни 2,0 – 2,5м, узунлиги тўпланган ўғитга қараб 3–5м ни ташкил қилади.  Юқоридагилардан  келиб чиқиб  саноат ва кундалик чиқиндилардан  қишлоқ  хўжалигида  кенг фойдаланиш орқали  тупроқ унумдорлигини оширишга ва атроф муҳитнинг экологик ҳолатини яхшилашга эришиш мумкин. Шунинг учун биз фермер хўжаликлари раҳбарларига саноат ва кундалик чиқиндилардан самарали фойдаланишни   тавсия этамиз.

Н. ЖАПАҚОВ, Ў.ТОШБЕКОВ,

 Гулистон давлат  университети

доцентлари.

И.РАХМОНОВ,

 илмий изланувчи.