Tag Archives: #CAIEF2018 #CAREC #Давэкологияқўм #Экоҳаракат

photo_2018-06-05_11-56-19

Марказий Осиё халқаро экология форумининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди

7 июнь куни иккинчи Марказий Осиё халқаро экология форумининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Форумда жами 300 киши иштирок этди – Марказий Осиё мамлакатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, дипломатик миссиялар вакиллари, атроф-муҳитни ҳимоялаш бўйича етакчи экспертлар, табиатни муҳофазалаш бўйича етакчилар ва вакиллар. Форум ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Марказий Осиё минтақавий экология маркази.

Форумнинг ёпилиш маросими Марказий Осиё ва Афғонистон ёшларининг жамоавий мурожаатномаси билан бошланди. Унда делегатлар ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтишди.

Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари давлат қўмитаси ҳузуридаги Саҳро, ўсимлик ва ҳайвонот олами миллий институти директор Мухаммет Дуриков тадбирга бошловчилик қилди.

Бошловчидан кейин форум иштирокчиларига биринчилардан бўлиб Туркманистон делегацияси вакили Мерген Юсупов мурожаат этди. Юсупов жаноблари Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари давлат қўмитаси раиси Батирмурод Оразмурадовнинг мурожаатномасини ўқиб эшиттирди. «Ушбу форум атроф-муҳитни муҳофазалаш йўналиши бўйича яқин ҳамкорликни ривожлантириш истагининг яна бир исботига айланди», — таъкидлади жаноб Оразмурадов ўз мурожаатида. Жаноб Оразмурадов форумнинг янада фаол ҳамкорлик ўрнатиш учун туртки бўлгани унинг асосий натижаси эканига ишонч билдирди ва МОҲЭФ 2018 ташкилотчиларига миннатдорчиилик изҳор этди.

Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Энегетика вазирлигининг Экологик мувофиқлаштириш ва назорат қўмитаси раисининг ўринбосари Зулфухар Жолдасов форум иштирокчиларига юзланди. «Марказий Осиё ва Афғонистондаги экологик аҳволни яхшилаш бўйича катта масъулият зиммамизга юклатилган», — таъкидлади жаноб Жолдасов.

Қирғизистон делегацияси раҳбари, Атроф-муҳит ва ўрмон хўжалигини муҳофаза қилиш давлат агентлиги директори ўринбосари Арсен Риспеков форумнинг мавзу йўналишлари атроф-муҳит масалаларида алоҳида аҳамиятга эга эканини форум исботлаганини айтиб ўтди. Жаноб Риспеков мамлакатлар қанчалик келишиб, биргаликда ишлашса, минтақанинг умумий фаолияти шунчалик муваффақиятли бўлади, деб ишонч билдирди.

Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Хайрулло Ибодзода ўз чақишида Марказий Осиё халқаро экология форумини ҳар йили ўтказиш зарур эканини таъкидлади. «Ўтган ушбу кунлар самарали ишлаш учун имконият яратди, деган фикрга ҳамма қўшилса керак», — таъкидлади жаноб Ибодзода.

Сўнгра Афғонистон делегацияси раҳбари, Афғонистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги бош директори Шах Заман Майвандига сўз берилди. Жаноб Майванди форум маълумотларни тарқатиш, тажриба алмашиш имконини берганини айтди. Шунингдек, у МОҲЭФ ўтказилиши чоғида Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи қатор муҳим учрашувларни ўтказишга улгурганини айтиб ўтди. «Бизнинг учрашув ва тадбирларимиз бугун ўз ниҳоясига етди, аммо, келинг, алоқани узмасдан, бугун бошлаган мулоқотимизни давом эттирайлик».

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази директори доктор Искандар Абдуллаев ҳам форум иштирокчилари қаршисида сўзга чиқди. Доктор Абдуллаев форум ўз ишини тугалламаётгани, 8 июнь куни МОМЭМ-ТИҚХММИнинг Инновация ва илмий тадқиқотлар кластерининг очилиш маросими, Орол мавзусига бағишланган анжуман ва сув бўйича ҳамкорлик борасидаги махсус сессия бўлиб ўтишини таъкидлади.

«Форум Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва атроф-муҳитни ривожлантириш бўйича биргаликдаги қарорларни шакллантириш майдонига айланаётганини кузатиш жуда қувонарли», — деди МОМЭМ ижрочи директори д-р Искандар Абдуллаев.

Доктор Абдуллаев Ўзбекистон Ҳукуматига ва миллий делегациялар аъзоларига миннатдорлик билдирди: «Уларнинг ҳиссасисиз минтақада экология бўйича ҳамкорлик тўлиқ бўлмас эди». Д-р Искандар Абдуллаев фуқаролик жамиятининг саводхонлигини оширишга ёрдам берувчи журналистларнинг ролини таъкидлаб ўтди.

Доктор Абдуллаев МОҲЭФ 2018 форумнинг асосий мавзу йўналишлари бўйича ҳуқуқий ва институционал базанинг тараққиёти, ҳамкорликдаги илмий-тадқиқотлар, ҳамда давлат-ҳусусий шерикчилиги борасидаги ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга маълумотлар беришга имкон яратганини билдирди. Форум қатнашчилари энг яхши амалиётлар ва технологиялар, тўпланган тажриба ҳамда инвестицияларни жалб этиш имкониятларини муҳокама этишди. Бундан ташқари, форум минтақавий ҳамкорликни кучайтириш имкониятини ўрганиш, Марказий Осиё учун Барқарор тараққиёт мақсадлари контекстида биргаликдаги ҳаракатларни шакллантириш ва мувофиқлаштиришга шароит яратди.

Шунингдек, МОМЭМ ижрочи директори кейинги йилда ҳам форумни ўтказиш истагини эълон қилди: «Эртадан бошлаб учинчи форумга тайёргарлик бошланади». Марказий Осиё минтақавий экология маркази миллий ҳамкорлар билан музокараларни бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров ўзининг хулосаловчи сўзида МОҲЭФ 2018 иштирокчиларига мурожаат этди: «Ўйлашимча, ўз олдимизга қўйган мақсадимизга эришдик. Мулоқот ўтказдик, бунинг учун делегациялар раҳбарларидан миннатдорман. Ушбу мулоқот кейинчалик ҳам давом этади ва мустаҳкамланади, деб умид қиламан».

Отабек УМАРОВ