Tag Archives: бузоқ

zodiac-circle-from-space-1

Мучалингизни биласизми?..

Мучал — йил ҳисобини юритишнинг ўзига хос тизими. Унга кўра, ҳар қайси янги йил 22 мартдан бошланади ҳамда сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз каби ўн икки ҳайвондан бирининг номи билан аталади. Шунга мутаносиб равишда ҳар ўн икки йилда янгидан такрорланади.
Мозийшунослар фикрича, Мучалнинг туб негизида аслида бундан қирқ асрча бурун хитойликлар тузган, йил номлари ҳар олтмиш йилда мунтазам такрорланиб туришига асосланган тақвим ётади. Унинг вужудга келишига ўша кезлардаги олам сув, олов, тупроқ, металл ва ёғочдан ташкил топган ҳамда улар ўзида ижобий ва салбий хусусиятларни мужассамлантиради, деган тушунча туртки бўлган. Бу беш унсур “осмон шохобчаси” деб номланган. Самонинг энг ёруғ ёритқичларидан Муштарийнинг 12 йиллик ҳаракати йўли эса шунча бўлакка бўлинган ва ҳар бирига “ер шохобчаси” деб аталувчи 12 ой белгилари қўйиб чиқилган. Милоднинг бошларида уларга каламуш, сигир, йўлбарс, қуён, аждаҳо, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит, чўчқа каби ҳайвонлар номи қўшилган. Бу белгилар Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракати йўлида жойлашган Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв ва Ҳут юлдуз туркумлари эгаллаган ҳудудларга мос келган.
Шу зайл қадимги хитойликлар беш белгили “осмон шохобчаси” ва 12 белгили “ер шохобчаси”дан ташкил топган ҳамда уларнинг кўпайтмаси бўйича олтмиш йилни қамраб олувчи, ҳозир ҳам Хитой, Япония, Корея, Вьетнам ва Монголияда қўлланилувчи циклик жадвал тақвимини яратишган. Моҳиятан ёндошганда, бу аслида шамсий-қамарий тақвим бўлган. Чунки унда Ойнинг Ер атрофида айланиш даври, илмий тилда айтганда, синодик ой 29 кеча-кундуз 12 соат 44 дақиқа 3 сония, Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши учун зарур вақт 365 кеча-кундуз 5 соат 48 дақиқа 46 сония деб олинган. Шундан келиб чиққан ҳолда, йилнинг узунлиги оддий йилларда 12 ойлик қилиб 354 кунга, кабиса йилларда 13 ойлик қилиб 384 кунга тенглаштирилган. Тақвимдаги йиллардан қай бири 12 ойлик, қай бири 13 ойлик бўлиши маълум Ой фазаси, масалан, янги ойнинг йилнинг аниқ бир санасига тўғри келиши даврига қараб белгиланади. Бу давр 19 йилга тенг бўлиб, шундан еттитасига, яъни 2, 5, 7, 10, 13, 15- ва 18-йилларга 13-ой қўшилади, қолганлари 12 ойдан иборат бўлади. Ўтган асрда ушбу тақвимнинг 19-йиллик цикллари боши 1924, 1943, 1962, 1981, 2000 йилларга тўғри келган.
Баъзи қадимий ёзма манбаларга қараганда, Мучал дастлаб милоддан аввалги III-II асрларда ёхуд Юнон – Бақтрия подшолиги даврида кўчманчи чорвадор халқлар, айрим далилларга кўра, мисрликлар ва хитойликлар томонидан жорий этилган. Бошқа маълумотлар бўйича эса, мазкур йил ҳисоби барча туркий, форсий-қобулий халқлар, шунингдек, мўғул, хитой, тува, олтой, хакас, бурят, қалмоқ ва ўзга миллату элатлар орасида қадимдан амалда бўлган. Қандайлигидан қатъи назар, у кейинчалик Мўғулистон, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Миср, Ироқ, Эрон, Афғонистон, Марказий Осиё мамлакатларига кенг тapқалган. Ўтмищдошларимиз одамнинг ёшини, туғилган ва вафот этган вақтини, тарихий жанглар ва буюк воқеаларни, йил ва фаслларнинг нечоғли келишини шу тақвим асосида “йил ағдариб” аниқлашган.
Шубҳасиз, инсон ёруғ дунёга кўз очган йилни ҳайвонлар номи билан аташ одати ўтмишда айрим маҳлуқларга сиғиниш оқибати ўлароқ келиб чиққан. Қайси юртда қайси жонзотларга кўпроқ сажда қилинса, улар Мучал йили ҳисобига киритилган. Macалан, Хитойда биздаги балиқ ўрнига афсонавий аждаҳо, Африкадаги баъзи халқларда тимсоҳ, Мисрда сичқон ўрнига мушук, от ўрнига эшак танланган. Бора-бора айрим жойларда, жумладан, Марказий Осиё, Мўғулистон ва Хитойда ҳам турли қимматбаҳо буюм-жиҳозларни Мучал йилларига номи берилган ҳайвонлар расми билан безаш урф бўлган. Натижада олтин ва кумушдан илон шаклида ясалган билагузуклар, балиқ ва бошқа ҳайвонлар тасвири ўйиб ишланган мис идишлар кўпайган.
Албатта, Мучал йиллари тўғрисида турли миллатлар турлича фикр-хулосага эга бўлишган. Шу боис бир халқнинг муайян йил тўғрисидаги тасаввури гоҳида иккинчи халқникига мос келмаган. Аммо барчасида Мучал ҳисобига киритилган ҳайвонлар хосиятли ва муқаддас саналган. Ўз навбатида, йилларнинг баъзилари қут-баракали, баъзилари қутсиз-баракасиз деб таърифланган ва ҳар бирида кўпйиллик ҳаётий кузатувларга таянган ҳолда олдиндан башорат қилинган қандайдир воқеа-ҳодисалар содир бўлиши кутилган. Бу ўринда кўпинча об-ҳавонинг қулай ё ноқулай келиши, қайси йил кишиларга қувонч, омад ва бахт ато этиши, қай бири ғам-ташвиш, омадсизлик ва кулфат келтириши назарда тутилган. Айтайлик, Балиқ йили серёғин келади ва экинлардан мўл ҳосил кўтарилади. Негаки, бу “луқмаи ҳалол” сувда яшайди. Товуқ йилида ҳам озиқ-овқат сероблашади, лекин одамларнинг ташвиши ортади. Сабаби, бу парранда асосий озиғи бўлмиш донни топиб ейиш учун ҳаммаёқни оёғи ва тумшуғи билан обдон титкилаб ташлайди. Худди шунингдек, Тўнғиз йилида ёғингарчилик кўпайиб, нарх-наво арзонлашса-да, тез-тез қор ёғиб, совуқ забтига олади, боз устига, фитналар авжига чиқади. Илон йилида эса қишнинг қаҳри қаттиқлашиб, қурғоқчилик ва қимматчилик рўй беради. Сигир йили кирса, уруш кўпаяди, чунки бу забонсиз жониворлар бир-бири билан тез-тез сузишиб туради.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ёзилишича, бунга ўхшаш эътиқодий тушунчалар туркий халқлар орасида анча оммавийлашган. Улар йилларнинг ҳар бирида ўзига яраша бетакрор ҳикмат бор деб ҳисоблашган ва шунга тааллуқли тахминларни илгари суришган. Этнограф T.Потаповнинг аниқлашига кўра, қадимги туваликлар сичқон, от, қўй, ит ва тўнғиз йилларини қутли, сигир, балиқ (маҳаллий аҳоли талқинида — аждаҳо), илон, маймун, товуқ йилларини қутсиз, йўлбарс ва қуён йилларини мўътадил деб билишган.
Булардан ташқари, аждодларимиз инсоннинг тақдири ва феъл-атвори ҳам кўп жиҳатдан унинг мучалига боғлиқ бўлишини мудом эслатиб келишган. Чунончи, Қуён йилида дунёга келган ўғил бола яхши одам бўлиб вояга етади, жамият учун фойдали ишлар қилади, тўкин-фаровон ҳаёт кечириб, узоқ умр кўради, деган фикрни авлодлар қулоғига қуйишган.
Табиийки, Мучал йиллари тўғрисидаги тасаввурлар ва ибратли башоратлар турли миллатларнинг халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам ўз ифодасини топган. Адашмасак, асрлар оша сайқал топган “Барс (яъни, йўлбарс ёки илвирс) йили — бойлик, Қуён йили – қаҳатлик”, “Барс йилида боринг соч, ҳеч бўлмаса тариқ соч”, “Сигир йили — тўқлик, Қўй йили — йўқлик”, “Ит йилида бўрон бўлар”, “Ит йилида экканингни тўнғиз йилида ўрасан”, “Барс йилида боринг ўсар, Ит йилида молинг ўсар”, “Сичқон йили — тўқлик, Қуён йили — очлик”, “Қуён йилида ют бўлади” сингари ўзбек мақоллари бунга ёрқин мисол бўла олади. Заҳматкаш тадқиқотчилар Шотурсун Шомақсудов ва Шуҳрат Шораҳмедовнинг 2001 йили “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” нашриёти томонидан чоп этилган ”Маънолар махзани” китобида минглаб бошқа сўз дурдоналари қатори ушбу нақлларнинг ҳам чўнг маъно-мазмуни теран очиб берилган. Шунингдек, моҳиятан Мучалга дахлдор “Туя бўйига ишониб, йилдан қуруқ қолибди” деган мақолнинг халқ афсоналарига уйқашиб кетган яратилиш тарихи ҳақида сўз юритилган.
Бу ривоятнинг мухтасар тафсилоти қуйидагича: қадимги одамлар Мучални ўйлаб топиб, унга киритилган ўн икки йилнинг ҳар бирига бирор жонивор номини қўймоқчи бўлибдилар. Айни мақсадда ҳамма турдаги ҳайвонларга дарё бўйига тўпланишни буюрибдилар. Шунинг баробарида “Қайси бирингиз олдин кўринсангиз, мучалнинг дастлабки йили сизнинг номингиз билан аталади”, деб эълон қилибдилар. Бу хабардан огоҳ топган дароз бўйли туя ўзида йўқ қувониб кетибди. ”Биринчи йилга барибир менинг номим лойиқ қўрилади” деган хомхаёлга бориб, бўйнини ғурур ила олға чўзганча, лўкиллаб йўлга тушибди.
Ҳайвонларнинг энг миттиси сичқон бояқиш бундоқ қараса, бошқа маҳлуқлар оёғи остида қолиб кетиб, ҳакамлар назарига тушмаслиги тайин. Шунда у ўзи учун ниҳоятда фойдали ақлли бир иш қилибди. Чаққон сакраб, ёнидан ўтиб бораётган туянинг устига чиқибди-да, унинг қулоғи учига ўтириб олибди. Қарабсизки, ҳайвонлар айтилган манзилга яқинлашганларида ҳаммадан илгари сичқон кўзга ташланибди. Шартга биноан, мучалнинг биринчи йилига унинг номи берилибди. Бўйига ишонган лақма туя эса йилдан қуруқ қолибди.
Албатта, бу нақлнинг маъжозий маъноси ҳам бор. Айрим кишилар қилдай амалга ўтирса, бамисоли филдай ақлга эга чиққандай, манманликка берилиб, ён-атрофидагиларни менсимай қўядилар. Айримлари ўз ўткинчи мол-дунёси ёки сохта обрў-эътиборига маҳлиё бўлиб, “Фалон нарса менга тегмай, кимга тегарди?” ёки “Пистон жойга мендан бўлак ким ҳам айтиларди?” дея катта кетадилар. Алқисса, амалда тескариси бўлади. Улар ўша жойга айтилмайдилар ёки бериладиган нарсадан қуруқ қоладилар. Охир-оқибат шарманда бўлиб, қаттиқ пушаймон чекадилар. Табиийки, “Бўйига ишонган қамиш бўйра бўлибди” деган мақол ҳам истеҳзо тариқасида мана шундай кимсаларга нисбатан ишлатилади.
Қуйида мучал йилининг милодий тақвим бўйича қайси йилларга тўғри келишини кўрсатувчи жадвални эътиборингизга ҳавола қилаётирмиз
№ Мучал йили Мучал йилига мос келадиган милодий йиллар
1 Сичқон 1924 1936 1948 1960 1972 1984 1996 2008
2 Сигир 1925 1937 1949 1961 1973 1985 1997 2009
3 Йўлбарс 1926 1938 1950 1962 1974 1986 1998 2010
4 Қуён 1927 1939 1951 1963 1975 1987 1999 2011
5 Балиқ 1928 1940 1952 1964 1976 1988 2000 2012
6 Илон 1929 1941 1953 1965 1977 1989 2001 2013
7 От 1930 1942 1954 1966 1978 1990 2002 2014
8 Қўй 1931 1943 1955 1967 1979 1991 2003 2015
9 Маймун 1932 1944 1956 1968 1980 1992 2004 2016
10 Товуқ 1933 1945 1957 1969 1981 1993 2005 2017
11 Ит 1934 1946 1958 1970 1982 1994 2006 2018
12 Тўнғиз 1935 1947 1959 1971 1983 1995 2007 2019
Агар сиз мучалингизни топмоқчи бўлсангиз, аввал таваллуд йилингизга 9 сонини қўшинг, сўнгра йиғиндини 12 га бўлинг. Қолдиқ сонни эса мучалингиз деб билинг. Айтайлик, сиз 1972 йили туғилгансиз. Бу санага 9 ни қўшсак, 1981 га айланади. Уни 12 га бўлсак, 165 сони келиб чиқади ва қолдиқ сифатида 1 қолади. Жадвалда эса ушбу рақам қаршисида “Сичқон” ёзуви турибди. У сизнинг мучалингиздир. Борди-ю, амаллар натижаси “ноль”га тенг бўлса, 12-мучал йилида дунёга келган ҳисобланасиз. Мисол учун, сиз 1959 йили туғилган бўлсангиз, бу сонга 9 қўшилганда, йиғинди 1968 га тенглашади. У 12 га тақсимланса, ҳеч қандай қолдиқ чиқмайди, аниқроғи, “ноль” пайдо бўлади. 1959 рақами эса жадвалнинг ўн иккинчи қаторидан ўрин олган. Демак, мучалингиз тўнғиз эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Сиз оила аъзоларингиз ва қариндош-уруғларингиз мучалларини ҳам шу асосда бемалол аниқлашингиз мумкин.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ.