Tag Archives: Қарши

IMG_20180818_085925

ЮРТ ОБОДЛИГИГА ЎЗ ҲИССАНГНИ ҚЎШ!

Халқимизнинг табиат бойликлари, табиий ресурсларни тежаб-тергаб ишлатиш, улардан оқилона фойдаланиш, табиий тизимларнинг ўз ҳолича сақлаш борасидаги бой қадриятларини аҳолига, жумладан ёшлар онгига сингдириш, замонавий экологик билимлар билан танишиб бориш давр талабидир. Азалдан халқимиз ўсиб келаётган авлодни маънавий қадриятларга йўғрилган эзгу анъана ва урф-одатлар руҳида тарбиялаб, унда табиат бойликларига меҳр-муҳаббат уйғотишга, тежамкорлик ва табиий бойликларни асраб-авайлашга ўргатишга алоҳида эътибор қаратган.

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27- йиллигини кенг нишонланиши муносабати билан Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ва вилоятдаги олий таълим муассасалари ташаббуси билан Қарши шаҳридаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда хиёбонларда “Юрт ободлигига ўз ҳиссангни қўш!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва “Ёшлар қаноти” фаоллари, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабалари, ишчи-ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад: Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27-йиллиги байрамини муносиб нишонлаш, халқимизнинг қадриятлари ва анъаналарига таянган ҳолда ёшларда экологик маданиятни шакллантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга ўргатиш, узлуксиз экологик таълим ва барқарор ривожланиш учун таълим тизимига кўмаклашиш, ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш, ёш авлод онгига ҳамда она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳини сингдиришдан иборат.

 20180818_101042 Кенг жамоатчиликни август ойида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда Қарши шаҳридаги маданият ва истироҳат боғлари ва хиёбонларда “Юрт ободлигига ўз ҳиссангни қўш!” шиори остида умумхалқ хайрия хашарини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб –қувватлаб, Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси “Ёшлар қаноти”, вилоятдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда Қарши давлат университети талабаларигаА.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи”, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабаларига “Ватанпарвар” (Эски болалар истирохат боғи) ва “Маданият ва ахоли дам олиш маскани” ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаларига “Навруз” ҳамда “Ёшлар” хиёбонлари ҳудудида умумхалқ ҳашарида иштирок этдилар.

    Инсон умри дарахтга қиёсланади. Ота-боболаримиз фарзанд дунёга келса, оиланинг ёши улуғ инсонлари билан шу янги авлодга атаб мевали дарахт экишган. Болани парпаришлаш баробарида бу навниҳол ҳам эътиборда бўлган. “Болам бир кун келиб элига фойда келтирсин”, деб дуо қилган ота, боласини рамзий келажагини дарахтга ўхшатиб, ҳудди дарахтнинг меваси, сояси ва фойдаси унинг гўзаллигига қиёслаган.

-Бугунги кунда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида экологик барқарорлик омиллари ҳақида кўпроқ тўхталиб ўтиш зарур,-дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Носир Ҳалимов. -Биринчи галда аҳолининг, айниқса ёшларнинг табиат муҳофазасига бўлган муносабатини ўзгартириш, экологик билим ва тушунча, тафаккур ва маданиятни оширишга қаратиш лозим. Экологик қарашлар дастлаб оилада, сўнг боғчада шаклланади. Илк тушунча ва билимлар  мактаб, коллеж, лицейда бойитилиб, мустаҳкамлаб борилади. Бунинг учун ота-оналар, тарбиячи, бошланғич синф ва махсус фан ўқитувчилари болаларнинг экологик дунёқарашини кенгайтириш, тафаккурини ошириш асносида уларнинг экологик билим ва маданиятини мустаҳкамлаб борадилар. Экологик барқарорлик, деган тушунча уларнинг онгу шуурига чуқурроқ сингдирилса экологик муаммолар ўз вақтида бартараф этилади, уларнинг глобал тус олишига йўл қўйилмайди.

   Она заминимиз жуда сахий, умид билан суқилган ниҳол, бир кун келиб мева беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, атроф муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш халқимизга хос одатдир.

IMG_20180818_085834   Қарши шаҳридаги умумхалқ хайрия-ҳашарида иштирокчилар томонидан боғ ва хиёбонларда 96,3 гектарлик ер майдон тозаланиб, 187 тонна, 800 кг қаттиқ, маиший ва қурилиш чикиндиларидан тозаланиб, зарарсизлантирилди. 850 метр масофада ариқлар қазилди. 420 та дарахтга шакл берилиб, танаси оқланди, бегона ўтлардан тозаланди. Мавжуд сув йўллари тартибга келтирилди.

Юртимизни кундан-кунга чирой очиб, тобора гуллаб-яшнаши учун ҳисса қўшиш шу диёрда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир. Инсоннинг табиатга бўлган муносабати унинг экологик маданияти ва экологик дунёқараши билан белгиланади. Шунинг учун табиатимизнинг бойликларини вақтида асраб-авайлаб, ундаги содир бўлаётган ҳар бир ўзгаришга эътиборли бўлишимиз даркор.

Бир сўз билан айтганда умумхалк хайрия ҳашари юксак кўтаринкилик билан ўтказилди. Бундай ҳашарлар ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтиришда албатта катта аҳамият касб этади.

Аҳамиятлиси, қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам тозалик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудудлар саранжом-саришта, обод манзилларга айлантирилди.

Атроф муҳит мусаффолиги ва инсон саломатлиги бир бутун тушунча эканлигини бугун ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этаётган юртдошларимиз ўз саъй-ҳаракатларини шунга йўналтираётганликлари албатта қувонарлидир.

Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                       Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё

                                       вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.