266064_66f99180ed009cb7b939b9cc5454884a234354_3f14801bc7216254fbb0bc8c6b5c7f5c1476712541

СУВДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНАЙЛИК!

Фарғона вилояти “Сувназорат” инспекцияси томонидан қонунбузилишларининг олдини олиш ва унга имкон яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича  вилоятнинг бир қатор туманларида профилактик-семинарлар ташкил этилди.

Семинар кун тартибида бир қатор, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги №82-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низоми ва 14.06.2013 йилдаги №171-сонли Қарори билан тасдиқланган “Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги Низоми ва юқоридаги Қонун бузилишининг олдини олиш, “Сувназорат” инспекцияси томонидан қонунбузилишларининг олдини олиш ва унга имкон яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, юқоридаги қонун ва низом талабларининг бажарилиши юзасидан профилактик-семинар қатнашчиларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳамда мавжуд сув истеъмоли бўйича вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан, асосий вазифалари эса аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектининг ҳолатини яхшилаш, шунингдек, сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Фарғона туманидаги “Саткак Азиз” фермер хўжалиги раҳбари Б. Абдураимов томонидан ўзига қарашли суғориладиган 7.6 гектар ғалла майдонларини суғориш мақсадида ҳудуддаги “Хурмону Азиз” СИУ га сувларни истеъмол қилиш бўйича буюртманома (талабнома) бермасдан, 80 л/с сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани, бундан ташқари, хўжалик раҳбари томонидан сувларнинг дастлабки ҳисобини юритиш бўйича сувнинг олди-берди дафтарини мунтазам равишда сувларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо чекмасдан келганлиги, сув олиш жойида сувни бошқариш ва ҳисобга олишнинг техник жиҳатдан яроқли воситалар билан жиҳозланмаганлиги аниқланган.

Хўжалик раҳбари Б. Абдураимовга юқоридаги хатти-ҳаракатлар натижасида  олинган ҳар минг кубометр сув учун белгиланган энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилишига олиб келиши тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, Фурқат туманидаги “Э. Абдуҳаёт” фермер хўжалиги раҳбари А. Эгамов томонидан ўзига қарашли суғориладиган 10.0 гектар майдонларнинг шўрини ювиш мақсадида ҳудуддаги “Қуқонлик Бўстонбой орзуси сув йўллари” СИУ га сувларни истеъмол қилиш бўйича буюртманома (талабнома) бермасдан, 100 л/с сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани, бундан ташқари, хўжалик сувчилари томонидан сувлардан фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, хўжаликка қарашли ички ариқлар тозаланмаганлиги натижасида ариқлардан тошиб, сувларнинг исрофгарчилигига йўл қўяётгани ва шўр ювиш давомида 10 л/с сувлардан фойдаланмаган ҳолда самарасизлик билан ички коллектор-дренаж тармоғига ташлаб қўйилгани аниқланган. Корхона раҳбари А. Эгамовга   энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилишига олиб келиши тушунтириб ўтилди.

Қува туманидаги “Тараққиёт” фермер хўжалиги раҳбари А. Саидов томонидан ҳам юқоридаги қонунбузилиши ҳолати содир этилгани аниқланди. “Янгиқишлоқ Дўстлик” СИУ раиси А. Абдукаримов “Тараққиёт” фермер хўжалигидаги ҳолат юзасидан ўз хулосаларини айтиб, келгуси фаолияти давомида бу каби қонунбузилишларнинг олдини олиш ва барча сув истеъмолчилари ўртасида сув истеъмолига доир қонун ҳужжатлари тўғрисида, берилган сувлардан белгиланган тартиб асосида ва самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлиги хусусида тўхталди.

Фурқат тумани “Олмазор” фермер хўжалиги раҳбари Б. Ҳамроқуловнинг сув истеъмоли бўйича суғориш мавсумида сувларнинг адолатсиз тақсимоти бўйича вужудга келиши мумкин бўлган муаммолар тўғрисидаги мурожаатига тавсиялар берилди.

Қизғин ва таассуротларга бой ўтган йиғилишда профилактик-семинар қатнашчиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Наргис Қосимова 

 

 

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз