СЕРГЕЙ САМОЙЛОВ: “Ноқонуний дарахтлар кесилишининг олдини олиш учун назоратни кучайтириш лозим”

IMG_5262 

Бугун экологик муаммолар ҳақида жуда ҳам кўп гапирилмоқда Бу табиий. Зеро, ҳар биримизнинг ҳаётимиз, соғлиғимиз, фаравон  турмушимиз бевосита атроф-муҳитнинг тозалиги, софлигига боғлиқ. Бугунги кунда табиат ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қонун ҳужжатларининг аҳамияти катта. Давлат экологик сиёсатининг муваффақиятли олиб борилиши қонунчилик ҳужжатларининг ҳолати ва такомиллаштирилишига бевосита боғлиқ. Шундай экан, экологик қонунчиликни босқичма-босқич ва тизимли такомиллаштириб бориш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Сергей Владимирович Самойлов билан Ўзбекистонда  экология соҳасида қонунчиликнинг янгиланиши, бугунги кунда юртимиздаги мавжуд экологик муаммолар  ҳақида суҳбатлашдик

- Сергей Владимирович,  Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида бевосита экологик йўналишдаги қандай қонун ҳужжатлари кўриб чиқилмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ баъзи бир қонунлар, хусусан сув ва сувдан фойдаланишга йўналтирилган  қонун ҳужжатлари бугунги кунда  маънан эскирди, уларни янгилаш, бугунги вазиятдан кели чиққан ҳолда қўшимчалар киритиш давр талабидир. Шундай эмасми?

- Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қўйилган қонунчилки квотасига мувофиқ экологик қонунчиликни такомиллаштириш борасида фаол ишлашмоқда. Бугунга келиб Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ташаббуси  билан экологик соҳада 12 та янги қонун қабул қилинди, яна 8 таси устида иш олиб борилаётир.  Шулардан 1 таси янги қонун, 7 таси эса мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдир. Хусусан, янги “Қайта тикланадиган қувват манбалари тўғрисида”ги қонун устида иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майда ПҚ-2343 сонли қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага электр қуваттини тежовчи  технологияларни киритиш, электр қувватини тежаш борасидаги Дастурга мувофиқ юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Депутатларнинг ташаббускор гуруҳи томонидан қўшимча равишда Бразилия, Канада, Япония ва Хитойда қайта тикланадиган электр манбаларининг ҳуқуқий мақоми ва уларни қўллаб-қувватлашнинг қонуний  регламентацияси ўрганиб чиқилди. Жаҳон тажрибасига мувофиқ тушунча аппарати, қайта тикланадиган электр манбаларининг турларини тавсифлаш ва аниқлаш борасидаги масалалар кўрилди. Шунингдек, Ўзбекистонда қайта тикланадиган электр манбалари борасида тўпланган тажриба, ютуқ ва камчиликлар ҳам эътибордан четда қолмади. Айни пайтда қонун лойиҳаси ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига биринчи ўқишга киритиш учун тайёрланмоқда.

Шу билан биргаликда яна 7 та қонунга ўзгарттиришлар киритилмоқда. Булар Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги  (янги таҳрирда), “Ўрмон тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Туризм тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ижро ҳукумати, прокуратура, ички ишлар важойлардаги бошқа ташкилотларнинг атроф –муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалаларга доир фаолиятини жойларда кўриб чиқиб, бир қатор зудлик билан ҳал қилиниши учун давлат, ҳудудий дастурлар  қабул қилиниши ва уларни бартараф этиш бўйича давлат бюджетидан маблағ ажратилиши билан бирга зарур чоралар кўриниши лозим бўлган муаммоларни аниқлади. Хусусан,

-                     янги қурилаётган шаҳар типидаги  посёлкалар ҳамда мавжуд турар жойларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган  юқори самарага эга бўлган, сувни тозалаш технологияларига асосланган марказлаштирилган канализацияни қуриш;

-                     янги типдаги сувни тайёрловчи ва уни хавфсизлигини таъминлаб берувчи марказлаштирилган ичимлик суви тизимини қуриш;

-                     қаттиқ маиший чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш, биогаз қурилмалари мавжуд  участкаларига эга бўлган полигонлар қуриш;

-                     чиқиндини қайта ишлаш корхоналарини қуриш зарур.

 

-Сергей Владимирович, аҳолининг ичимлик суви билан таъминганлик даражаси  бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан  биридир. Айнан шу йўналишда қонун ҳужжатларига бирор ўзгарттиришлар киритиш назарда тутилмоқдами?

-Албатта дунёнинг глобал исиши, иқлим ўзгариши, сувдан ўта ифросгарчилик билан фойдаланиш оқибатида инсоният мазкур муаммога дуч келди. Сув танқислиги эса асосан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан юртимизда сезилаётир. Шу сабабли айнан оби ҳаёт билан боғлиқ қонунчилик албатта такомиллашган бўлиши зарур ва унда нафақат миллий даражадаги муамммоларни, балки глобал, ҳудудий масалалар ҳам ўз аксини топмоғи зарур:

– табиий- иқлим ўзгаришлари (экологик омил);

– ер ва сувнинг атроф муҳит компоненти сифатидаги роли (экологик-географик ва иқтисодий омил);

– мазкур объектлардан қатъий халқаро босим остидаги бозор муносабатлари шароитида фойдаланиш (ижтимоий- иқтисодий омил);

– жаҳон инқирози сабоқлари (молиявий омил) ва  ҳоказо.

Қонуннинг  47 -“Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли” деб номланган моддасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек фуқароларнинг суғориладиган ерларида қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалга оширилади.

Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этган ҳолда сувдан умумий ва махсус фойдаланиш ёки сувни умумий ва махсус истеъмол қилиш тартибида амалга оширилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно”. Аммо амалда сувдан фойдаланишда аксарият ҳолатларда белгиланган лимит четлаб ўтилади. Масалан фермер хўжаликларида уй ҳайвонларини суғориш учун қурилган иношоатларда белгиланган лимитга риоя этилмайди. Ҳануз ҳар бир фермер хўжалиги учун ажратиладиган лимит ва сувдан фойдаланганлиги учун реал сумма белгиланмаган. Бундан ташқари сувнинг хўжалик далаларига биринчи ёки иккинчи, учинчи бўлиб бориши масаласи ҳам очиқ. Ҳозир 2 чи ва 3 чи бўлиб сув олаётган фермерлар биринчи бўлиб сув олган ҳамкасби билан  тенг ҳақ тўлайди. Лимитга кўра дала ва боғларни сўғоришга 3 кун ажратилади, аммо сувнинг нотекис тушиши оқибатида баъзи бир фермерлар ўз ерларини тўлиқ сўғора олмай қолишади. Шу сабабли ушбу хусусиятларни инобатга олган ҳолда сувга ҳақ тўлаш масаласини кўриб чиқиш  зарур.

Бундан ташқари назорат-таҳлил фаолият доирасида Жиззах вилояти мисолида аҳолини марказлашган ҳолда сув билан таъминланиш ҳолати ўрганиб чиқилди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг меъёр ва ҳолатларининг амалда бажарилиши тўғрисида  парламент эшитуви кутилмоқда. Мақсад -  сувдан фойдаланиш борасида парламент назоратини кучайтириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланиш бўйича амалга оширилаётган чора- тадбирлардан аҳолини бохабар этиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қарорлар қабул қилишдир. Шу билан биргаликда “Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати” мавзусида “давра суҳбати”ни ўтказиш. Юқорида қайд этилган барча чоралар “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгарттиришлар киритишда фойдаланилади.

     —  Сув -бу обиҳаётдир. Бугунги кунда оқава сувлар Салар аэрация иншоотида тозалангач, қишлоқ хўжалигига фойдаланиш учун йўналтирилади. Аммо улар аэростанцияда масалан турли хил буёқлардан 100 фоиз тозаланмаслиги эътиборга олсак, аҳоли соғлиғи учун  маълум даражада хавф туғилмайдими?

- Ҳақиқатдан ҳам сув — инсон ҳаёти омилидир. Айтиш жоизки Тошкент шаҳар  оқава сувларини тозалаш иншоотлари  маиший ва канализация сувларини тозалашга мўлжалланган бўлиб, улар канализация қувурлари орқали 94 % оқава ва 2 % ишлаб чиқаришнинг чиқинди сувлари ва қолган 2 % турли хил кўнгилочар ҳудудлардаги сув ҳавзалари ва дренаж сувлар пойтахтимиздаги мавжуд “Салар”, “Бўзсув” аэрация ва “Бектемир” тозалаш иншоотларига келиб тушиб, у ерда тозаланади. Тозаланган сув қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Бугунги кунда мазкур масала юзасидан бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Масалан, аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш  чораларини яхшилаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.11.2012 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013—2015 йилларга мўлжалланган сув таъминоти ва канализация тизимини комплекс тарзда янада ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги № 337-сон қарори қабул қилиниб, унга кўра:

- 2020 йилга келиб шаҳар ва шаҳар типидаги турар жойларда истиқомат қиладиган аҳолини канализация хизматлари билан таъминлашни 70%га етказиш;

-замонавий технологиялар асосида канализацион тармоқларни қуриш ва реконструкция қилиш;

- канализация тизимини комлекс равишда ривожлантиришга халқаро молия  институтлари маблағларини жалб этиш кўзда тутилган эди.  Шу билан биргаликда ЎзР ВМнинг 03.02.2015 йилдаги 19 –сонли   “Аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига ичимлик сув таъминотини ва оқова сув хизматини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:

1) аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сувдан фойдаланиш бўйича Махсус республика комиссиясини тузиш;

2) сув билан таъминланиш ва  оқав сувларни чиқариб ташлаш бўйича республикадаги иншоотлар ҳолатини инвентаризациядан ўтказиш;

3) Аҳоли пунктларининг бош режасига мувофиқ вилоятларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантириш;

4) сув билан таъминлаш тизими асосида назоратни кучайтириш учун доимо янгиланиб турадиган электрон базани ташкил этиш кўзда тутилган. Шу билан биргаликда  Тошкент вилояти аҳолиси ва  хўжалик субъектларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида  ЎзРнинг Президенти томонидан 2017 йил 3 мартда 2812-сонли  “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларини сув ва канализация билан таъминлаш тизимини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтиш жоизки ўтган вақт давомида эртимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги 6 йил ичида 13 минг км.га яқин  сув қувурлари ётқизилиб, 1,6 минг сув чиқариш қудуқлари, 1,4 минг сув миноралари ва резервуарлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Натижада  тоза ичимлик сувидан мосуво бўлган кўплаб аҳоли  яшаш пунктлари замонавий сифат талабига жавоб берадиган тоза ичимлик сувига эга бўлишди.  Шу билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сқрдарё ва Жиззах вилоятларида ҳануз ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжуд.  Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун Юртбошимиз томонидан 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги Президент қарори қишлоқ жойларда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, янги ичимлик суви билан таъминлаш иншоотлари ва канализация тизимини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, ичимлик суви таъминотига янги ахборот технологияларни жорий этиш, ичимлик  сувини ишлаб чиқариш жараёнлари самардорлигини ошириш ва ҳоказолар назарда тутилган. Шунингдек мазкур ҳужжатга биноат 2017-2021 йилларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул  қилиниб, Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” жамғармасини ташкил этиш белгилаб қўйилди. Қарорга мувофиқ Дастур доирасида амалга ошириладиган барча лойиҳа-тадқиқот, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари 2022 йил 1 январга қадар барча  божхона тўловларидан озод этилиши белгиланди.

-Сергей Владимирович, бугунги кунда нафақат Тошкент шаҳри балки республикамиз аҳолисини ёзнинг жазирама кунларида соя бериб турган, шунингдек бебаҳо кислород манбаи бўлган вояга етган дарахтлар, хусусан чинорларнинг кўплаб кесилиш ҳолати ташвишга солмоқда. Экоҳаракат депутатлар гуруҳи мазкур муаммонинг ечимини нималарда кўради?

- Айтиш жоизки 1 гектар аралаш дарахтлардан иборат майдон бир йилда 3 тонна кислород ишлаб чиқариб, 54 тонна чанг ва 5 тонна С02 ни ютади. Бугунги кунда пойтахтимизнинг яшил майдонларини янгиланиш жараёни кетмоқда. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1966 йилдаги зилзиладан сўнг қайта тиклаш ишларида Тошкент шаҳрининг ўпкаси ҳисобланган яшил халқани барпо этиш мақсадида чинор дарахтлари кучатлари экилган эди. Бугун ҳам шу ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шаҳарнинг кенгайиши натижасида яшил ҳудудларни янгилашга тўғри келяпти. Бундан ташқари ҳар бир дарахтнинг ўзига яраша яшаш муддатини ҳам инобатга олиш зарур. Масалан, терак ўртача 30-35 йил умр кўради, чинор дарахти эса 40 йилдан зиёд яшайди. Шунингдек, кўпчилик чинор ва шарқий платанни чалкаштиради. Шарқий платан асрлар давомида яшайди. Чинор эса шарқий платан ва клён чатишмасидан ҳосил қилинган. Чинорларнинг аксарияти шаҳарнинг ер ости коммуникация тизими устидан экилган. Аслида улар устидан 1-2 йиллик бутасимон ўсимликлар экилиши лозим эди. Аммо бу талабларга риоя этилмаганлиги сабабли мазкур муаммолар келиб чиқмоқда.Масалан, канализация  тизими ҳар 20 йилда янгиланиши зарур. Албатта уни очиш учун ер устидаги дарахт ва буталар олиб ташланади. Бундан ташқари Тошкент шаҳрини ривожлантириш Бош режаси мавжуд. Унга кўра, шаҳар ҳудудида атмосферанинг ифлосланиши даражасига қараб дарахтлар экиш илмий равишда асосланган ҳолда кўзда тутилган. Чунки турли хил ўсимлик турлари турлича вазифани бажаради. Масалан, йўловчи йўлаклари бўйлаб “тирик девор” ҳосил қиладиган буталар ўстириларди ва улар транспорт шовқини, чангнинг олдини оларди. Ҳозир эса уларнинг янги турлари етиштирилмоқда. Аммо афсуски, ноқонуний дарахтларни кесиш ҳали ҳам кузатилмоқда ва бугунги кунда бу борада назоратни кучайтириш лозим.

- Экологларнинг фикрига кўра дарахт баргининг ҳажми  қанчалик катта бўлса, у шунчалик кўп чангни ушлаб қолади. Аммо биз пойтахтимиз ва вилоят марказларида айнан ана шундай дарахтларни кесиб, ўрнига игна барглиларнинг экилишини кузатмоқдамиз. Бу тўғрими?

-Тўғри игна баргли дарахтларни чинор, қайрағоч ўрнига экилишининг сабаби, улар кўпроқ кислород ишлаб чиқаради. Япроқ ҳажмига келадиган бўлсак арчаларнинг барча баргларининг умумий ҳажмининг майдони ҳар қандай йирик япроқли дарахтлардан каттадир. Албатта Қрим соснаси зарур сояни бермайди, аммо бу вазифани каштан бажаради. Шу сабабли уларни режалаштирилган ҳолда экиш зарур. Бундан ташқари ободонлаштириш хизмати дарахт баргларини ювиб турса, уларнинг чанг ютиш ва кислород чиқариш ҳолати кучаяди. Бундан ташқари дарахтларни буташда ҳам мавсумга қараб, уларнинг ҳаётий фаолияти инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши зарур. Аммо биз аксарият ҳолатларда ёзнинг қоқ ўртасида ҳам кўкариб турган дарахтларни буташ ҳолатига дуч келамиз. Бу ишларни амалга оширишда шаҳар ободонлаштириш маъмурияти қатъий белгиланган норматив талаблари асосида иш кўриши лозим.

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз