ДУНЁ ЮЗ ЙИЛДАН СЎНГ…

EPCOT Center, 1979

Тасаввур қилинг, уйингиз остонасини ҳатлаб ўтишингиз билан ёқимли овоз “Ассалому-алайкум, қадрдон хонадонингиз, оилангиз багрига хуш келибсиз!” дея сизни олқишлаб, йўлак чироги ёқилади. Ошхонадан эса олдиндан дастурланган қозонда овқат пишганлигидан далолат берувчи ёқимли ҳид кайфиятингизни кўтаради. Роботлаштирилган столда аллақачон дастурхон ёзилган бўлиб, уй компьютери яна ўша хуш овозда оила аъзоларини кечки овқатга чорлайди. Сув билан уқалаш ва барча касалликларингизга ташхис қўя оладиган, даволовчи муолажаларини бажарувчи ювиниш хонасидан чиққач, сиз ўзингизни қушдай енгил ҳис қиласиз ва виртуал оламдаги денгиз бўйида дам олишга ёхуд Амазонка бўйи ўрмонларидаги энг йирик капалаклар паркига сайр қилиш учун суюқ кристаллардан иборат курсига ўтирасиз. Шу заҳоти у сиз истаган ҳолатга киради ва танангизга ором бахш этувчи енгил тебранишга ўтади…

Йўқ бу хаёл ҳам туш ҳам эмас, балки 100 йилдан сўнг сизнинг “ақлли уйингиз”нинг кўриниши, холос. Дарвоқе, дунё 2100 йилда қай кўринишда бўлади? Албатта, бу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Зеро, биздан анча илгари яшаб ўтган ота-боболаримиз бугунги кунни ўз тасаввурларига сиғдира олмагандек, аксарият одамлар ҳам келажакни турлича тасаввур қиладилар. Биз айрим юртдошларимиздан шу вақт фикрларини сўрадик.

 Дармон Ибрагимов, Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг директори:

— Ўзбекистон  дунёнинг энг ривожланган, яъни биринчи рақамли давлатларидан бирига айланган бўлади. Иқтисодиётимиз ривожи билан биргаликда миллий қадриятларнинг сақланиб қолиниши унинг жаҳондаги бошқа давлатлардан маънавий устунлигини таъминлайди.

Ёқуб бобо Хакимов, Жиззах вилояти Жиззах туманида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси. 93 ёш.

-Аввало Ўзбекистон келажагига назар ташлайдиган бўлсак, унинг ривожи беқиёс бўлиши, барча инсон онги  билан яратилган технологиялар нафақат юртимизга тадбиқ этилиши, балки уларни яратиш бўйича Ватанимиз  биринчилар қаторига қўшилишига ишонаман. Мустақиликка эришгач, Ўзбекистонимиз 20 йил ичида 70 йиллик йўлни тинчлик билан босиб ўта олдими, 100 йилдан сўнг унинг янада қанотини кенг ёзишига ишончим комил.

 Дилафрўз Азаматова, Тошкент шаҳридаги Мирзо Улугбек туманидаги 207- мактабнинг кимё ва биология фани ўқитувчиси:

-100 йилдан сўнг шубҳасиз, дунё қиёфаси тубдан ўзгаради. Менимча одамлар ўртасида меҳр-оқибат кейинги ўринларни эгаллаши мумкин. Кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган бўлади. Бизнинг юртимизда эса, бу ҳолат дунёнинг бошқа юртларига нисбатан анча ижобий ҳолда сақланиб қолади.

Хомосапиенс, яъни ақлли инсон пайдо бўлибдики у ўзини эртанги кунини  билишга ҳаракат қилади. Бундан албатта турли хил фолбин ва башоратчилар самарали фойдаланишади. Аммо ўзини илм-фанга багишлаган олимларнинг башоратлари нисбатан тўгри чиқади. Масалан, америкалик муҳандис  Жон Уоткинс 1900 йили дунё 2000 йилда қандай кўринишга эга бўлиши ҳақида аёллар учун мўлжалланган «Ladies Home Journal» журналида чоп этилган  “100 йилдан сўнг дунёнинг қиёфаси” мақоласи қуйидагича бошланган эди: “Ушбу башоратлар сизга галати ва ақл бовар қилмас бўлиб туюлиши мумкин, аммо юз йилдан сўнг бу ҳақиқатга айланади”.

Муҳандис 100 йилдан сўнг рақамли фотоаппаратлар пайдо бўлишини, одамлар симсиз телефонлар орқали дунёнинг исталган бурчагидан туриб бир-бирлари билан гаплаша олишларини,  озиқ-овқат маҳсулотларини яримфабрикатлар эгаллашини, фермерлар  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта ойна билан ўралган уйлар –иссиқхоналарда қишин-ёзин етиштиришларини, мева ва сабзавотларнинг улкан навлари пайдо бўлишини, телевизор ихтиро этилишини айтиб ўтган эди. Унинг амалга ошмаган башоратлари эса 100 йилдан сўнг ер юзида барча ҳайвонлар, шу билан биргаликда пашша- чивинлар йўқолиб кетишини, барча одамлар яёв юриб,  автомобиллар катта шаҳарларга кириши тақиқланишини айтган.

Физика бўйича 2012 йилда Нобель мукофотининг соҳиби бўлган  америкалик профессор Мичио Каку 100 йил эмас, яқин 20 йилдан сўнг дунё қиёфасини чизар экан, аввало Интернетга чиқувчи янги контакт линзаларнинг пайдо бўлиши, инсон танаси учун зарур “қисм”ларнинг очиқ савдога чиқиши, жамият аъзолари телепатия сирларидан бохабар бўлиб, ҳар бир одам бошқасининг фикрини ўқий олиши ҳақида башорат қилади. 2070 йилга келиб, йўқолиб кетган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўпгина вакилларини уларнинг ДНКсини тиклаш орқали  қайта ерга қайтариш имкониятлари мавжуд бўлишига олимнинг  ишончи комил. Бундан ташқари неандертал инсон ҳаётга қайтарилади. Бунинг жамиятга нима фойдаси борлигидан бехабармизу, аммо олимларга ҳамма нарса қизиқлиги аниқ.. Энг асосийси, ҳар бир одам орзуси, яъни инсон танаси қаришининг олди олинади.

2100 йилга келиб дунёда “материани дастурлаш” технологиялари яратилади, яъни дунёда компьютерлар томонидан шакли ва фаолияти дастурланадиган материялар – биоодамлар пайдо бўлади. 100 йилдан сўнг ҳар бир фуқаро коинотнинг исталган юлдузига сайр қила олади. Одамларнинг сони  тез кўпайиши натижасида 18 минг оламдаги яшаш учун мақбул сайёралар излаб топилиб, инсонлар уларга кўчиб ўта бошлайдилар. Албатта, инсоният саратон, ОИТС каби даҳшатли касалликлар давосини топади. Танага махсус нанокомпьютерлар, яъни “санитарлар” киритилиб, улар организмни касал ҳужайралардан тозалайдилар.

Инсон танасига биометрик паспортни ўзига жамлаган чиплар киритилади. Қоғозбозлик йўқолиб, давлат функциялари қисқаради. Атом қуввати биринчи ўринга чиқади.

Машҳур башоратчилар ва олимларнинг келажак истиқболини кўришлари замирида нисбатан ҳақиқат мавжуд. Дунё башоратчиларига сайёрамизнинг кўриниши 100 йилдан сўнг ўзгарадими, деган саволга шунингдек И. В. Бестужев-Лада,  Иэн Пирсон, Ферейдун М. Эсфендиари ҳамда «Institute For The Future», «Popular Science»  каби футурологик журналлар қуйидагича жавоб беришган:

2016  йил. Олимлар аутизм касаллигини давосини топадилар. Дунёда чучук сув етишмовчилиги яққол сезилади.

2016 йил. Осиё ва Европани бирлаштирувчи, 17 та мамлакатни кесиб ўтувчи темир йўл қурилади. Сотувга сунъий равишда етиштирилган гўшт чиқади. Дунёдаги сайловларнинг 60 фоизи интернет орқали ўтади.

2018  йил. Ниҳоят дунё мамлакатлари  молиявий –иқтисодий  инқирозни енгиб, енгил нафас олишади.

2020 -30 йиллар. Само сайёҳлиги ривожланади. Инсон миясига микрочипларнинг ўрнатилиши, масофадан туриб фикрни ўқиш имконини беради. Ер шари аҳолисининг сони  8 миллиард нафарга етади. Инсон клони пайдо бўлади. Барча транспорт турлари автопилот – роботлар ёрдамида бошқарилади ва йўл-ҳаракат транспорти ҳодисаларининг олди олинади.

2035 йиллар. Учар автомашиналар оммалашади. Шаҳарлар ҳар бир қаватига дарахт ва гуллар экаилган экологик тоза бинолардан ташкил топади. Барча чиқиндилар тўлиқ қайта ишланади ва ёнилғи фақат улардан олинади.

2040-70 йиллар. Инсоннинг ўртача ёши 150 га етади.

2080-2100 йиллар. Компьютер ўрнига танасига ўрнатилган чиплар асосида инсон барча ахборотни саралаб, фақат кераклигисинигина қабул қилади. Инсонсюқ қувват билан озиқланиб, боқийлик сирини очади

Албатта, буларнинг барчаси тахминий башоратлар холос. Аммо бугунги кунда инсониятнинг келажакка интилиши замирида яширинган ҳақиқатлар ҳам атиги бир асрдан сўнг дунё қиёфасини худди шундай ўзгартириши мумкин.

Хўш, инсон ўз ақли билан иш кўрмай, ҳамма ишини роботлар бажариб, у фақатгина уларни бошқариш билан шуҚулланса, ҳаёт лаззатини фақатгина  ўзининг виртал дунёсига шўнғиб олса, унинг виртуал дўстлари оиласига айланса, ҳаттоки болалари ҳам пробиркада бунёд этилса, бундай келажакнинг нима кераги бор?

Балки 100 йил эмас, атиги 10 йилдан сўнг инсоният  бугунги куннинг тинчлиги, Она-юрт тупроғи, яқинлари меҳрини асраш ва қадрлаш келажакда дунё қиёфасини фақат яхшилик томон ўзгаришига олиб келишини тушуниб етишига ишончимиз комил.

Бу башоратларнинг қанчалик тўғри ёхуд нотўғри эканлигини Яратганнинг ўзига маълум.

Наргис ҚОСИМОВА

ЭКОТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ ёки табиатни асрашга янгича назар

eco-tourism2 (1)

Юртимиз гўзал табиатининг сўлим гўшалари, пурвиқор тоғлари, зилол сувли сойлари, яшил гиламга бурканган қир-адирлари,  ўзга сайёралар рельефини эслатувчи қум барханлари ҳар қандай сайёҳнинг эътиборини тортиши турган гап.  Бугунги кунда сайёҳларни юртимизга жалб этадиган йўналишлардан бири экотуризм бўлиб, у  ҳудуд табиати билан танишиш, экологик барқарорлик тамойилларига асосан маҳаллий аҳолининг ўз она ерига бўлган меҳрини кучайтириш билан боғлиқ миллий қадриятлар, удумлар ва маросимларни ўрганиш, мавжуд экологик муаммоларга муносабатини билдиришни ўз ичига олади.

Тошкент давлат аграр университетининг доценти Бобур Комиловнинг фикрича, экотуризм атамасини Гектор Цебаллос-Ласкурейн 1983 йили киритиб, унинг асосий мақсади инсоннинг экологияга нисбатан салбий таъсирини камайтиришдир. Экотуризм  ўз ичига  асосий учта мезонни олиб, булар флора, фауна ва геологик ўзига хосликлардир. Бугунги кунда экотуризмни юртимизда ривожлантириш учун барча қулай шарт-шароитлар мавжуд, дейди Б.Комилов.- Биргина тоғ ва чўл ҳудудларнинг ҳайвонот олами, ўсимлик дунёси, хусусан доривор гиёҳлар билан танишиш,  деярли барча геологик қатламларни ўз ичига олган рельефларни кўриш, сув ҳавзалари бўйлаб сайёҳатарни уюштириш Ўзбекистоннинг сайёҳлик борасидаги салоҳиятининг ўсишига олиб келиши билан биргаликда,  мавжуд маҳаллий экологик муаммоларни ҳал этиш учун зарур маблағнинг кириб келишига ҳам пойдевор бўлиб ҳам хизмат қилади.

Ҳўш, экотуризмнинг асосий тамойиллари нимадан иборат? Аввало, бу:

-табиат қўйнига саёҳат, махаллий  табиий ёдгорликлар, мазкур ҳудудга хос анъана ва урф-одатлар билан танишиш;

- экологик барқарор муҳитни  яратиш ва унинг қонуниятларига амал қилиш;

- табиатни асрашга ҳисса қўшиш;

-экологик таълим;

- маҳаллий аҳолини экотуризмни ривожлантириш учун рағбатлантириш (тушаётган даромаднинг маълум қисмини аҳолига йўналтириш, бу ўз навбатида аҳолининг ўзи яшаб турган ҳудуддаги табиатни асрашга ундайди).

-экотуризм ривожлантириш кўзда тутилган ҳудудларнинг иқтисодиётини, шунингдек сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турларини яхшилаш ва такомиллаштиришдир.

Юқорида санаб ўтилган ишларни қандай амалга ошириш мумкин?

Албатта, экотуризм қатнашчиларини табиатга зиён етказмаслик,  доривор гиёҳларни юлмаслик, атроф- муҳитни ифлонтирмаслик ҳусусида огоҳлантириш;

- сайёҳларни олиб юришда экологик тоза транспорт — велосипед, отлардан фойдаланиш;

- барча ахлатлар махсус елим халталарга йиғилиб,  ахлат тўкиладиган жойларга ташлаш;

- дам олиш жойлари ва гулхан ёқиш фақатгина махсус белгиланган ерларда амалга ошириш;

- тирик табиат объектларидан ясалган сувенир ва эсдаликларни сотиш ва сотиб олишга йўл қўймаслик,  гуллар, гиёҳларни фақатгина махсус рухсат орқали узиш;

- сайёҳларнинг дам олиши учун қуриладиган кемпинглар, уйлар, меҳмонхоналар табиатга уйғун бўлиб, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмаслиги, ишлатилган сув, мағзава ва бошқа чиқиндиларни ташқарига чиқармасдан, ёпиқ экотехнологик тозалаш қурилмаларидан фойдаланиш. Сайёҳларга табиат объектларига боришдан олдин бир кунлик экологик таълим борасида семинар-тренинг ўтилади ёки бу билимлар табиат қўйнида амалга оширилади. Албатта экотуризм ўз ичига табиатшунослик музейлар, ўқув экологик йўлкалар,экотехнологик хўжаликлар  билан танишишни ўз ичига олиши зарур.

Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида туризм, хусусан экотуризмни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

-Экотуризм объектларини юртимизнинг биргина Жиззах вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, булар Фориш туманида миллий ўтовлардан иборат туристик база, Нурота қўриқхонасининг ҳайвонот дунёси, Айдаркўлда балиқ ови ва Қизилқум кенгликларида туя ёки отда сайр каби хизматлар сайёҳларга таклиф қилиниши мумкин, дейди Жиззах вилояти хокимининг матбуот котиби Дилмурод Абдураҳимов.- Бундан ташқари экотуризм қатнашчиларига Зомин туманидаги табиий ва соғломлаштирувчи иқлимда дам олиш, қишки мавсумда тоғ чанғисида учиш,  Жиззах шаҳрида Амир Темур дарвозаси ва Сангзор кўли бўйида қуёш ботишини томоша қилиш, миллий таомлар чойхонасида тановвул қилишни таклиф қилиш мумкин. Дастурга мувофиқ вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида эса сайёҳларга  кўрсатиладиган барча хизмат турларини яхшилаш, жумладан Жиззах, Зомин ва Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрининг тарихий туристик масканларида ободонлаштириш таъмирлаш ишларини ташкил этиш, йўлларда ушбу объектларга йўналтирувчи инглиз, рус ва ўзбек тилларида кўрсаткичлар ўрнатиш, Фориш туманида “Ўтов”лардан иборат турбаза қуриш, тоғлар, қўриқхона ва чўл ҳудудларига от ва туяларда сайёҳатни ташкил этиш, вилоятнинг барча меҳмонхоналарида сувенир, антиквар ва миллий ҳунармандчилик дўконларини ташкил этиш лозим. Шунингдек, Зомин, Фориш, Бахмал туманларига бориш ва М-39 автомагистраль орқали Жиззах шаҳрига кириш қисми автомобил йўлларини стандартларга мувофиқ таъмирлаш каби турли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бу ишларнинг дебочаси сифатида  2012 йилнинг ноябрь ойида “Ўзэкспомарказ” павильонида ўтказилган 17-Тошкент халқаро таристик ярмаркасида Жиззах вилояти туристик объектлари ва имкониятлари тўғрисида тақдимот бўлиб ўтди. Жумладан, БМТнинг Тараққиёт дастури лойиҳаси асосида ташкил этилган Зомин тумани туристик имкониятлари бўйича алоҳида кўргазмалар намойиш этилди. Ушбу лойиҳанинг давоми сифатида Зомин туманида Республикада таниқли сайёҳлик фирмалари иштирокида Зомин тумани туристик имкониятлари, Зомин сиҳатгоҳида таклиф этиладиган хизматлар, қишки мавсум ойларида тоғ чанғиси йўналиши бўйича янгича туристик хизматлар таклифи юзасидан келган мутахассислар иштирокида семинар ўтказилди. Айни  пайтда Жиззахда туризм, шу жумладан экотуризм соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЧОЙ

51a0a8650dbc261496Чой ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Ер шарининг бирор бир бурчаги йўқки, ушбу хўшбуй ичимлик севиб истеъмол қилинмаса. Тадқиқотчиларнинг фикрича, чой истеъмоли бўйича дунёда сувдан кейин иккинчи ўринда турар экан. Чойнинг кашф этилиши бир нечта афсоналар билан боғлиқ бўлиб, Хитойда  эрамиздан уч минг йил аввал император Чен Нунг бута тагида ўтириб қайноқ сувни  хўплаётганида пиёласига келиб тушган  бута барги унга ажойиб таъм беради. Ичимлик таъми ёқиб қолган император бута баргларини ериб, қуритиб сақлашни ва барча аҳоли уни истеъмол қилишини буюради. Бошқа афсонага кўра эса чой бутасини тасодифан ҳинд шахзодаси  Бадхидхарма Жанубий Хитой бўйлаб саёҳати давомида топган ва унинг баргларини чайнаб кўриб, уларнинг тетиклантирувчи кучига қойил қолган. Японияликлар ўз навбатида чой бўтаси шахзода Дарум медитация пайти ухлаб қолмаслик учун ўз киприкларини  кесиб, уларни кўмган ердан ўсиб чиққанига  ишонишади. Айтишларича, Дарум  аскарлари бута баргларини териб, уларни дамлашган. Ҳосил бўлган ичимликни эса ҳарбий юриш  давомида истеъмол қилишган.

Аслида чойнинг ватани Жанубий Ғарбий Хитой, Юқори Бирма ва Шимолий Вьетнамдир. Чой атамаси эса  шимолий хитойликларнинг cha сўзидан кириб келган бўлиб, чойни  Жанубий Хитойда   te, деб аташади ва бу сўз tee  сифатида Европа мамлакатлари халқлари тилига ўрнашган. Хитойда чой оммавий равишжа 350 йилларга келиб етиштирила бошланганлиги тарихий манбалардан маълум. Кўп йиллар давомида чой бутасимон ўсимлик дея ишониб келинган бўлса,  1763 йили Бирманинг Ассам вилоятида  чой дарахтини топишган ва шундан сўнг “ассам чойи” нави тез орада оммалашган. V асргача чой дори сифатида истеъмол қилинган бўлса, Х асрдан бошлаб у Хитойда миллий ичимликка айланади.  Европага чой XVI – XVIII асрларда португалия ва голландияликлар томонидан олиб кирилади. Чой   Ява, Суматра, Вьетнамда  XIX асрда экила бошланади,  ХХ  асрниннг бошларида эса Италия, Жанубий Швейцария, Австралияда  етиштириш йўлга қўйилади.

Чой ичинг ва ёшаринг

Қадимги хитойликлар чойни “ҳаёт олови” деб аташган. ХVIII асрда Япония императорининг хос шифокори чойни қонни тозалашда, кўз нурини ўткирлашда, жигар ва талоқ фаолиятини яхшилашда,  тетиклик бахш этиб, кайфиятни кўтаришда фойдаланган. Бугунги кунда чойнинг инсон организмига ижобий таъсири тўлиқ ўрганилиб,  у барча ҳаётий функцияларни кучайтириши аниқланган. Чой ичган одам оч қолмайди, чанқоқликни босади, кайфиятни кўтаради. Шунинг учун ҳам  Хитой, Корея ва Япония армияларида  чой асосий озиқ-овқат тури сифатида зобитлар овқатланишига киритилган. Чойда 130 дан зиёд турли хил моддалар аниқланиб, уларнинг асосийси таниндир. Қуритилган чой баргларида 16% гача танин, 0,007% эфир мойлари, катехин мавжуд бўлиб, улар қон томирлар эластиклигини сақлаб, атеросклероз касаллигининг олдини олади. Юрак-қон томир касалликларида чой тинчлантирувчи восита  сифатида хизмат қилиб, томирларни кенгайтиради, қон босимини меъёрлаштиради, қон айланишини  яхшилайди, бош оғриғи, қулоқдаги шовқинни камайтиради. Катехинлар ичакдаги моддалар алмашинувини тезлаштиради, мушаклар эластиклигини сақлаб, тез қаришнинг олдини олади. Шунингдек  чойдаги  кофеин ва теобромин инсоннинг доимо тетик бўлишига хизмат қилади. Чой  бўйрак касалликларида энг яхши даводир. У ўткир  ва хроник нефритларда ҳам зарар келтирмай, иштаҳа юқолиши, умумий  ҳорғинликнинг олдини олади. Шамоллаш пайти ичилган чой нафас олиш йўлларида ҳужайраларнинг янгиланишига сабаб бўлади. Бу эса касалликнинг тезроқ  чекинишига олиб келади. Чойдаги В2  ўз навбатида терининг чиройли ва таранг бўлишини таъминлайди. Ширинсизликсиз ичилган чой тишларни мустаҳкамлайди. Чунки унинг таркибидаги фтор тиш эмалини мустаҳкамлайди. Айниқса кўк чойни севиб истеъмол қилган одамларнинг асаблари тинчланади, унинг таъсирида мия кислородга тўйиниб, яхши ишлай бошлайди.

Чой организмдаги барча зарарли моддаларнинг кушандасидир. У хаттоки оғир металларни  чиқаришга, жигар, буйракни тозалаш , ошқозон фаолиятини яхшилаш хусусиятига эга. Албатта буларнинг барчаси чойнинг  навларига боғлиқ бўлиб, фақатгина ўзи истеъмол қилинса ва у тўғри дамлансагина фойда келтиради. Бўлмаса чой зарар ҳам келтириши мумкин. Жуда ҳам катта миқдорда чой солиниб дамланган бир чойнак чой юракка таъсир этиб, инсонни шокка тушириши ёхуд чуқур уйқуга элтиши мумкин. Қадимда хитойликлар “бир пиёла чой соғлиқ келтирар, икки пиёла чанқоқни қолдирар, учинчи пиёлани  ақатгина аҳмоқлар ичар” деб бежиз айтишмаган.

Чой дамлаш сирлари

Турли  хил халқларда чой ичиш маросимлари мавжуд бўлиб, японияликларда у эстетик-фалсафий характерга эга. Инглизлар чойни эрталаб соат  7 дан 9 лар орасида ва албатта  кечки 17 билан 18 орасида ичиб, бундай одат «five-o’clock-tea», “соат бешдаги чой» Кечкурун шотландияликлар “катта чой” ичишиб, унга тортилган турли ширинликлар аксарият ҳолатларда кечки овқатнинг ўрнини эгаллайди.    Ўзбекистонда чой куннинг ҳар соатида ичилади ва вилоятларга қараб турлича дамланади. Албатта, биринчи навбатда чойнинг таъмига сув таъсир этади. Булоқ сувига дамланган чойнинг таърифига сўз ожиз.  Кўп қаватли уйда истиқомат қиладиган одамлар албатта чойга ишлатиладиган сувни бир кун давомида тиндириб қўйишлари лозим. Чой учун сув қайнатганда унинг  ҳар тмонлама қайнашига эътибор бериш керак. Бир неча маротаба қайнатилган сув чой дамлашга ярамайди. Чойнинг қайси навини дамламанг аввало чойнакни иссиқ сувда чайқаш ва уни бўғда ёхуд қизиган печда бир неча дақиқа қиздириб олиш лозим. Бир чой қошиқда қуруқ чой солинган чойнак қора чой учун ярмигача, кўк чой учун учдан бир қисмигача қайнаб турган сув қўйилади ва чойнакнинг устини ёпган ҳолда 3-5 дақиқа тиндирилади. Сўнг қолган қайнаб турган сув қўйилиб, чой бир неча маротаба қайтарилади ва 2 дақиқа тиндирилади. Японияда аксарият ҳолатларда қуруқ чой устига  бир оз совуқ сув қўйилиб, чойнак 5 дақиқа бўғ устида ушланади, сўнг чойнакнинг ярмигача сув қўйилиб, яна 5 дақиқа бўғ устида тиндирилади ва чойнак тўлдирилиб яна 5 дақиқа чойнак қиздирилади. Қуруқ чой фақатгина  бир маротаба дамланади. Қайта дамланган чой ўзидаги  фойдали моддаларни йўқотади. Эрталабга қолган чойни ичмаслик зарур. Чунки бу чой инсон организмига фақатгина зарар келтириши исботланган.

Чойни нима билан ичиш керак?

Фойда учун чойнинг қуруқ ўзини ичган маъқул. Ширинликлар ундаги фойдали моддаларнинг фаоллигини сусайтиради. Қуритилган мевалар ҳар қандай чойхурликка мос келади. Хамирли ширинликлар ҳазми ёмон бўлганлиги сабабли чой уларнинг ҳазм бўлишини тезлаштиради. Аммо чойни шакар билан ичмаслик керак, чунки у чойдаги фойдали моддаларни “ўлдиради”. Сутли чой организм томонидан яхши ҳазм бўлади ва у кўп ҳолатларда шамоллаш, юрак ва буйрак касалликларида ишлатилади. Сут танин таъсирини нейтраллаштиради ва чойдаги бошқа моддалар фаоллигини оширади. Зираворлар – райҳон, занжабил, ялпиз, кардамон, зира, долчин, мурч билан дамланган чой шифобаҳш ҳисобланиб,  инсон организмидаги моддалар алмашинувини тезлаштиради. Саримсоқпиёз билан дамланган чой тиш оғриғини қолдиради.

Бир неча маслаҳат

Чой балиқ ҳидини юқотади. Чой шамаси гиламларни яхшигина тозалайди, чой дамламаси билан артилган ойнада доғ қолмайди. Шунингдек чой шамаси боғдорчиликда ҳам қўлланилиб, дарахт ва гуллар учун зарарли бўлган зараркурандаларни ўлдиради.

Наргис ҚОСИМОВА

ЛАЛМИКОР ДЕҲҚОНЧИЛИК жаҳон аҳлини тўйдиради

Arid ground and green

Ер юзида иқлимнинг ўзгариши, чўлланишнинг кўпайиши, ичимлик ва суғориш сувларининг камайиши бутун инсоният олдида  сувни тежаш ва сувсизлик шароитида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш масаласини қўймоқда. Ушбу муаммонинг ечими лалмикор ерларни ўзлаштириш ва у ерда экиладиган  экинларнинг ҳосилдорлигини оширишдан иборат. Лалмикор ерлардаги намлик асосан  куз ва қиш фаслларида ёққан ёмғир ва қорнинг ёғиш даражасига боғлиқ. Бутун дунёда бундай ерларнинг майдони ҳар йили намлик даражасига қараб ўзгариб туради. Айнан лалмикор ерлар бугунги кунда улкан аҳамиятга эга бўлиб, суғорилмайдиган ҳудудлардан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бугунги кунда  лалмикор ерлар асосан Афғонистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Судан, Туркия, Марказий Осиё давлатларида кенг тарқалган бўлиб,  ҳавонинг исиши натижасида музликларнинг эриши, ёғингарчиликнинг кўпайиши сўнгги йилларда лалмикор ерлардаги ҳосилдорликнинг ошишига олиб келмоқда. Бундан ташқари айнан лалмикор ҳудудлар  чорвачиликнинг ривожланишига омил бўлиб хизмат қилади. Кенг яйловлар, кузги буғдойдан бўшаган ерлар қорамол ва майда туёқли чорванинг ривожланиши учун қулайдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан лалмикор ерлардан кузги буғдой йиғиштириб олингач, унинг ўрнига экилган маккажўхорига боқилган чорва ёз фаслининг энг иссиқ ойларида ҳам вазн йиғади.

Ҳиндистон  деҳқон-чорвадорлари мазкур усулдан қадимдан фойдаланиб келишади. Тоғ ёнбағрларидаги суғорилмайдиган ерларда ўстириладиган  иссиққа чидамли экинлар аҳолининг аксарият қисмини зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмасдан йилдан йилга кўпайиб бораётган қорамолларнинг сонини тез суръатларда ўсишига ҳам омил бўлмоқда.  Бунинг асосий сабаби  буддизм динида сигирлар суйилишининг таъқиқлаганлигидир. Йирик шохли қорамоллар мамлакатда асосан ишчи ҳайвон сифатида фойдаланади. Бугунги кунда бир неча ўн миллион қорамолга эга бўлган Ҳиндистон улар учун озуқабоп экинларни  лалмикор ерларда етиштиради. Бундай ерлар мамлакатнинг 57 фоизини ташкил этади. Мамлакат мустақилликка эришгач, ҳукумат томонидан биринчи галда аграр ислоҳотлар ўтказилиб, йирик ер эгалари йўқ қилинди. Ер  майда деҳқонларга бўлиб берилди. Қисқа муддат ичида Ҳиндистон бир йилда 185 млн. тонна буғдой етиштиришга эришди ва дунёда Хитой ҳамда АҚШдан сўнг учинчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Ҳиндистонда шартли равишда бўлинган учта ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, суғориладиган Ҳинд-Ганга дарёлари бўйидаги ерларда асосан буғдой, шоли, пахта, шакарқамиш экилса, Панжоб штатида узунтолали пахта, шоли ва буғдойнинг 40 фоизи етиштирилади. Учинчи ҳудуд Декан  тоғ ёнбағирларини  қамраб олади ва бу ерда лалмикор ерларга ихтисослашган  қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Энг қизиғи буғдойдан ташқари ҳинд фермерлари лалмикор  ерларда маккажўхори, жавдар, қисқатолали пахта етиштиришни ҳам яхши йўлга қўйишган. Бошқа ҳудудларга нисбатан ҳосилдорлик бу ерда анча паст бўлишига қарамай, биргина пахтанинг ўзидан ҳар гектардан 26 центнергача ҳосил олинади.

Афғонистонда узлуксиз давом этган ҳарбий ҳаракатлар унинг қишлоқ хўжалигига  салбий таъсирини кўрсатди. Мамлакатда фаолият юритиб келаётган салкам 2,5 млн. фермерларга бир йилда 250 минг тонна уруғли буғдой керак бўлиб,  асосан ғалла лалмикор ерларда етиштирилади. Чунки суғориладиган ерлар кўп бўлишига қарамай, уруш оқибатида буткул яроқсиз ҳолатга келиб қолган ирригация тизимини тиклаш учун анчагина маблағ зарур. Бугунги кунда мамлакатда етиштирилаётган мева ва полиз экинлари ҳам лалмикор ерларда етиштирилмоқда. Бу ўз навбатида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда  инновацион технологияларни, шунингдек полиз экинларини янтоққа пайвандлаш асосида етиштириш кенг йўлга қўйилмоқда.

Эронда Афғонистонга нисбатан бир мунча ўзгача ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳайдаладиган ерлар мамлакат ҳудудининг 20 фоизини ташкил этиб, уларнинг асосий қисми шимолда, Каспий денгизининг яқинида жойлашган.  Ҳозирда мамлакатда 7,5 млн. га ер суғорилиб, 46 фоиз  қисмида лалмикор деҳқончилик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Лалмикор ерларда фермерлар асосан кузги буғдой, арпа, писта етиштириб, айнан мазкур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилаётир. Шунингдек лалмикор ерларда деҳқончилик қилаётган фермерларнинг аксарият қисми чорвачилик билан ҳам шуғулланиши, қишлоқ хўжалигидаги яйлов учун ажратилаётган ҳудудлар сони камайиб бораётганлиги туфайли, соҳа ривожи учун ҳам лалмикор майдонлардан фойдаланилмоқда.  Бошқа мамлакатлар сингари Эронда ҳам лалмикор ерларда асосан буғдой етиштирилиб, суғориладиган ҳудудларда шоли, пахта, қанд лавлаги етакчилик қилмоқда.  Ўтган асрнинг 60- йилларида ўтказилган аграр ислоҳатлар  айнан буғдой учун ажратилган майдонларни янада кенгайтириш, лалмикор ерларда юритилаётган деҳқончиликда янги технологиялардан фойдаланиш имконини берди. Натижада 1990 йилларда буғдойдан 11 млн. тонна ҳосил олинган бўлса, бугунга келиб унинг ҳажми  3 баробарга ортди. Эрон дунёда юқори сифатли қуритилган мевалар, тоғ пистаси ва зираворлар экспортери саналади. Қир ёнбағрларида ўстириладиган тоғ пистаси ва зираворларнинг айрим турлари сувни тежаш имконини бериб, лалмикор ерларда деҳқончиликни янада ривожланишига олиб келмоқда.
Бугун мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, тупроқни муҳофаза қилиш, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, табиий захиралардан самарали фойдаланиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Айтиш жоизки, тупроқ унумдорлиги ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш кўп жиҳатдан унга эҳтиёткорлик, тежамкорлик билан муносабатда бўлиш, уни яхшилашга қаратилган ҳаракатларга боғлиқ. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимиз қишлоқ хўжалик инфратузилмасини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш, лалмикор ва суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилиб келаяпти.   Лалмикор ерлар майдони 767 минг гектардан зиёд бўлиб, уларга асосан кузги буғдой, полиз экинлари ва узум экилади. Маҳсулот етиштириш учун экин эқиш учун етарли даражада намлик тўплайдиган ерлардан фойдаланилади. Бу ерларнинг катта майдонлари Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Жиззах вилоятларида жойлашган. Жорий йилда лалмикор ерларда узумчиликни ривожлантириш бўйича ишлар  олиб бориши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 октябрда қабул қилинган “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йилларда республикада узумчилик соҳасини янада такомиллаштириш чора –тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида  амалга оширилиб,  Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг лалмикор майдонларида узум етиштириш кўзда тутилган. 2013 йилда мамлакатимизда 5500 гектар токзор, 4500 гектар боғ барпо этилиб, қарийиб шунчаси реконструкция қилинган. Паркент, Бўстонлиқ, Янгийўл, Зангиота, Самарқанд, Жомбой, Асака туманларининг мева ва узум етиштиришга ихтисослаштирилганлиги яхши самара бермоқда. Мутахассислар таъкидлашича, юртимизнинг тоғли ҳудудларида лалмикор боғдорчиликни ривожлантириш яхши натижалар беради. Бунда айниқса, Туркистон ва Нурота тоғ тизмаларининг катта ҳудудини эгаллаган Жиззах вилоятининг имкониятлари юқори. Таъкидлаш ўринлики, вилоятнинг Жиззах, Зомин, Янгиобод, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида янги бодом навларини экиш, мазкур ҳудудларда лалмикор бодом боғларини барпо этиш ҳам иқтисодга, ҳам вилоятнинг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

        Республикамизда жами лалмикор деҳқончилик юритиладиган ер майдони 754 минг гектарни ташкил қилади. Юртимизда лалмикор майдонларни  об-ҳаво ҳамда тупроқ таркибига кўра тўртга бўлиш мумкин. Шундан асосийси текисликда жойлашган бўлиб, унда ёғингарчилик  миқдори 250-300 миллиметрни ташкил этади ва асосан ғалла етиштиришга мўлжалланган. Қир-адирларда амалга оширилаётган лалмикор  деҳқончилик иккинчи ҳудудни ташкил этиб, агротехник қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда деҳқончилик қилинса барча турдаги лалмикор экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. Мазкур деҳқончилик учун энг қулай минтақа тоғолдидир. Ёғингарчиликнинг юқорилиги томири азот йиғувчи экинлар билан ғаллани алмаштириб экиш яхши натижа беради ва  тупроқдаги табиий намликдан ҳамда унинг унумдорлигидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Лалмикор ерларда тупроққа ишлов бериш тизимини тўғри олиб бориш ўсимликни бутун вегетацияси давомида намлик, озиқа моддалар билан етарли даражада таъминлашга, тупроқнинг сув-физик хусусиятларини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга тупроққа турли усул ва чуқурликда ишлов бериш орқали уни сув ва шамол эрозиясидан, бегона ўтлардан, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мумкин.  Лалмикор деҳқончилик бутун дунёдаги каби кузги ғалла етиштириш учун қулайдир. Бугунги кунда ер шари аҳолиси жадал суръатлар билан ўсаётган бир пайтда аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда лалмикор деҳқончилик муҳим роль ўйнамоқда.Албатта, лалмикор ерлардаги деҳқончилик орқали олинаётган ҳосилнинг салмоғини ошириш учун бугунги кунда деҳқонлардан янги технологияларни интенсив равишда ўзлаштириш, куз ва қиш фаслларда ерга тушадиган намликни сақлаб қолиш, ирригация тизимларини такомиллаштириш,  томири узун бўлган  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари турини кўпайтириш, суғорилмайдиган ерларда экотизимни сақлаб қолиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларга амал қилишни талаб қилади. Ҳозирда лалмикор ерларнинг экомувозанатини сақлаб қолиш муҳим масала бўлиб, ҳосилдорликни ошириш учун тупроққа киритиладиган кимёвий ўғитлар тупроқ таркибини ўзгартириб, экинларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида экологик жиҳатдан тоза бўлмаган сабзавот ва полиз экинлари, ғалла таркибида кимёвий моддаларнинг кўпайиши уларни истеъмол қилаётганларда турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш  жаҳондаги асосий масала бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига биринчи навбатда қўйилаётган талабдир. 

Наргис ҚОСИМОВА

Журналистлар резина-техник буюмларни ишлаб чиқаришда экологик тоза технологиялар билан танишдилар

product-71570-picture

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилаётган медиа ва пресс-турларнинг асосий мақсади журналистлар ҳамда аҳоли кенг қатламини табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги энг яхши тажрибалар, мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этишга кўмаклашиш тўғрисидаги бохабарлигини ошириш ҳисобланади.

Бугунги кунда жадал суръатлар билан миқдори ошиб бораётган чиқиндиларни бошқариш масаласи уларни утиллаштириш бўйича саноат қувватларини ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. Утиллаштириш мураккаб бўлган заҳарли чиқиндилар – илгари фойдаланишда бўлган автомобил покришкаси ва шиналарини қайта ишлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишлатилиб бўлинган шиналар ҳажми автотранспорт воситалари сони билан бирга ошиб бормоқда. Шу билан бирга улар ҳажми катта резинали чиқиндилар бўлганлиги сабабли қўшимча муаммоларни юзага келтиради, хусусан, кўп ҳолларда чиқиндихоналарга олиб борилади ёки оддийгина ташлаб кетилади. Агар табиий шароитда резинали буюмларнинг юз йилдан ошиқ вақт мобайнида парчаланиши ҳисобга олинса, бу каби чиқиндиларнинг барқарор ривожланишга қандай хавф солаётганини тасаввур қилиш мушкул эмас.

Турли маълумотларга кўра, ҳар йили жаҳонда 800-900 миллион эскирган шиналар тўпланади ва улардан фақат 20 фоизигина қайта ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Ўзбекистонда ҳам бу каби чиқиндиларнинг тўпланиши муаммоси мавжуд бўлиб, уларни қайта тиклаш билан шуғулланувчи корхоналар сони саноқлидир. Фойдаланишдан чиқган шиналар учун махсус полигонларнинг йўқлиги сабабли, улар маиший чиқиндихоналарга ташланади. Ўз навбатида, уларни қайта ишлаш ҳамда иккиламчи қўллашни биринчи галдаги вазифалар қаторига қўшиш ҳам экологик, ҳам иқтисодий аҳамият касб этади.

Автошиналарни тиклаш ва улар асосида резино-техник буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналардан бири бу – “Тошкент шина тиклаш заводи” МЧЖ ҳисобланади. Корхона ишлаб чиқаришни ташкил этиш, кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, техник жиҳозланиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ассортиментининг кенгайиши натижасида резина-техник буюмларни, хусусан, шпал ва рельс ости қистирмалари, зичлагичлар, трансформатор пластиналари, автомобил салони гиламчалари ва сув сачратгичлари, резина хом-ашёлари, шунингдек, саноатнинг турли соҳалари учун расмий ҳамда норасмий резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш соҳасида мустаҳкам ўринни эгаллайди.

Пресс-тур иштирокчилари корхона майдонидаги қайта тиклаш ва резина-техник буюмларни ишлаб чиқаришда экологик тоза технологиялар жорий этилган ишлаб чиқариш цехларига ташриф буюрдилар.

Журналистлар билан бўлган учрашувда завод мутахассислари таъкидлаганидек, улар қайта тиклайдиган технологияларни тадбиқ этиш орқали ўз олдиларига аҳолидан, корхоналардан, турли муассасалардан хом ашёни йиғиш тизимини ташкил этиш вазифасини қўймоқдалар. Ўзбекистон автомобил паркининг динамик ўсиши эскирган шиналарнинг доимий тўпланишига олиб келади. Эскирган шиналарнинг кичик улушигина қайта ишланади, қолганлари эса экологик вазиятни мураккаблаштиришга сабаб бўлувчи ноқонуний чиқиндихоналарга ёки оддийгина кўчаларга, маҳаллаларга ташлаб кетилади. Шу туфайли ҳар бир фуқаро бу каби чиқиндиларни резина-техник буюмларни ишлаб чиқариш ва қайта тиклаш бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг қабул қилиш жойига топшириш орқали ўз ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилашга хиссаларини қўшишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг фикри бўйича, резинали чиқиндиларни утиллаштиришнинг экологик масалаларини ҳал этиш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида рағбатлантириш мақсадларида бу каби корхоналарни қўллаш, иккиламчи хом ашёни йиғишда кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.

Чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантиришнинг қонуний асосини яратиш, хусусан, чиқиндиларни утиллаштириш бўйича корхоналарга имтиёзли солиқ солиш, заҳарли чиқиндиларни ёқиш ҳамда қўмишни таъқиқловчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, чиқиндиларни алоҳида йиғиш устидан ташкилотлар, аҳоли масъулиятини ошириш зарурдир.

Шу тариқа шиналар ва покришкаларни утиллаштиришнинг илғор технологиялари ва усуллари эски шиналар асосида кўплаб хавфсиз ҳамда фойдали буюмларни ишлаб чиқариш имконини беради.

Навруза САГДУЛЛАЕВА

 

МИР ОТКАЗЫВАЕТСЯ ОТ ПЛАСТИКОВЫХ ПАКЕТОВ

пластик
Американские города один за другим вводят запреты на продажу полиэтиленовых пакетов: в январе 2014-го тенденцию укрепил Лос-Анджелес, на очереди — Чикаго. Европа не отстает: 10 марта члены Европарламента тоже одобрили идею ограничить использование полиэтилена.
 Новые правила заставят людей перестраиваться: если раньше они чаще всего бесплатно получали полиэтиленовые пакеты в магазинах, то теперь будут вынуждены носить с собой многоразовые сумки или за небольшие деньги покупать пакеты биоразлагаемые. Использование полиэтиленовых мешков в принципе не запрещается, но рынок сбыта сужается колоссально.
  В США пионером движения за запрет пакетов в 2007 стал году город Сан-Франциско. За ним последовали Малибу, Сан-Хосе, Санта-Барбара и десятки других городов, в основном в Калифорнии. С января 2014-го продажу полиэтиленовых пакетов запретил штат Гавайи, и, по сведениям газеты «Нью-Йорк Таймc», уже совсем скоро вся Калифорния может последовать его примеру.
 Евросоюз одобрил планы сократить использование полиэтиленовых пакетов на 80 процентов к концу десятилетия, передает газета «Гардиан». Для этого все страны-члены ЕС должны принять соответствующие жесткие меры.
 США и ЕС не одиноки: еще в 2008 году продажу тонких полиэтиленовых пакетов запретили в Китае — сэкономив с тех пор более пяти миллионов тонн нефти. В 2011 году так же поступили в Италии, а Кения в 2011 году запретила даже производство и импорт полиэтиленовых пакетов.
 Каждый год миллионы новых пластиковых пакетов засоряют природу: они разлетаются по земле, блокируют канализацию, вызывая наводнения, замусоривают океаны, становятся причиной гибели диких животных, птиц и рыб, которые глотают их или, попадая в них, задыхаются.
 Пока же разные города и страны мира решают вопрос с полиэтиленом, известный своим «зеленым» настроем Сан-Франциско перешел к взятию следующего экологического рубежа. Уже на этой неделе местные законодатели могут проголосовать за то, чтобы запретить продажу пластиковых бутылок для воды.

 

Наргис КОСИМОВА

ekobarqaror.uz билан экологик маданият сари

40871_1538399828823_2273057_n

http://ekobarqaror.uz сайти Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг экологик маданиятини ошириш, ўз ўқувчиларига республикамиз ва дунё экологияси ҳақида хабардор қилиш, бу борадаги ҳуқуқий  билимини оширишга йўналтирилган бўлиб, бизнинг мақсадимиз  мўъжизакор Она табиатимизни асраш, кундан кунга тобора кескинлашиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшишдан иборат.  Юртбошимиз  таъкидлаганидек, “Экология ҳозирги замоннинг кенг миқёсдаги кескин ижтимоий муаммоларидан биридир. Уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммоларни ҳал қилинишига боғлиқ”.  Бугунги кунда  глобал экологик муаммолар, яъни:

-         Иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши;

-         Чўллашиш ва ернинг деградцияси;

-         Биохилма-хилликларнинг қисқариши;

-         Ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги;

-         Аҳоли сонининг ортиб бориши;

-         Ортиқча ҳажмдаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва уларни зарарсизлантириш муаммолари;

-         Ўрмон ва тупроқ инқирози ва  бошқалар мазкур мавзуга жиддий ёндошишни,  табиатни, яъни Она Еримизни ўз уйимиздек асрашимизни, фарзандларимизга уни асл ҳолатда қолдиришни талаб этади. Дўппини олиб қўйиб, бир ўйлаб кўринг, бугун, айни дамда,  табиатни асраш учун сиз нима қилдингиз?

Барча фикрларингизни ва мақолаларингизни n.qosimova2012@yandex.com электрон манзилимизга юборинг. Улар албатта жавобсиз қолмайди.

Ҳурмат билан  Наргис ҚОСИМОВА

 

 

ФАРЁД

 

тигр

Қамишлар орасида дарёнинг ялаб ўтган кенг яланглигида қулоқларини чимирганича гоҳ оғзини ўтга текизаётган, гоҳ чўчиб, атрофга аланглаётган кийикни кўриб, оғзининг суви оқди. Қамишларнинг оҳиста шамолда чайқалиши унинг учун айни муддао эди. Уларнинг шитирлашидан юргани билинмас, шамол эса ўлжаси томондан эсаётгани учун, унинг борлигини сездирмас,  агар омади чопса ўлжаси бир неча дақиқадан сўнг ҳаётдан кўз юмишидан бехабар эди. Тўқайдан ялангликка яна уч-тўрт кийик чиқди. Икки қўзичоғини эргаштирган она кийик деярли ўтламай, фақат чор-атрофни диққат билан кузатар, бу эса уларга яқинлашишига ҳалақит берарди. Олдинга яна бир қадам босди-ю,  ўнг оёғини ерга босмай, қотиб қолди. Ана шу унинг хатоси бўлди. Она кийик паст овозда маъраб, кескин бурилди-да,  болаларини эргаштирганича ўзини тўқайга урди. Унинг орқасидан қолган кийиклар ҳам эргашишди. Фурсатни қўлдан бой бермаслик керак. У бор кучини тўплаб, олдинга интилди. Икки кун оч юргани, бурнининг тагидан “овқат” кетиб қолаётгани алам қилди. Шу заҳотиёқ бундан бир неча дақиқа очиқ  бўлган осмонда гумбирлаган овоз эшитилди. Орқа оёғи ёниб, оғриқ миясига урди-да, бир зум уни карахт қилиб қўйди. Ҳозиргина атрофни равшан қилиб турган қуёш нурлари йўқолиб,  зулмат ўз домига тортди…

-Тур болам алаҳлаяпсан, мана бу  сувни ичиб ол.

Амаллаб кўзини очиб, бир неча сония қаерда ётганини тушунмади. Сўнг боши устида пиёла ушлаб турган бувижонисини кўриб енгил тин олди. Пиёлани олиш учун туриб ўтирмоқчи бўлган эди,  чап оёғидаги кучли оғриқ, инграб юборишига сабаб бўлди.

-Йўлчи, сенга нима бўлди болам? Бирор еринг оғрияптими?

Кўрпани очиб, оёқларига тикилди. Чап оёғининг тўпиқдан сал юқори жойи қорайиб, яра ҳосил қилган. Худди ўқ тешиб ўтгандек бўлиб турган ярадан эса қон оқмоқда.

-Вой ўлай, ким сени бу аҳволга солди? Уйга келганингда соппа-соғ эдинг-ку? Бу яра қаердан келди? Қонни тўхтатиш керак. Ҳозир мен “Тез ёрдам” чақираман.

Сабиҳа ая югуриб, бошқа хоанага чиқиб кетди.  Йўлчи эса туш билан руё ўртасида бўлиб, ҳали ҳам карахт эди: “Нима бўлди ўзи? Менга ким ўқ узди. Нега мен кийикни овламоқчи бўлдим? Бунинг устига тўрт оёқлаб кетаётган эдим, шекилли..”. Айтгандай,  Ваҳобга телефон қилиш керак. Куни кеча  Амударёнинг йўқ бўлиб кетган тўқайларини қайтадан тиклаш борасида ўтказилган экспедиция пайтида топилган Турон йўлбарсининг жасадини нима қилди экан-а? Уни яхшилаб текшириб кўрмагунча,  музейга бериб юбормаслик керак. Ўзиям шу куни Ваҳоб билан иккаласининг роса омади келди-да. Илмий тадқиқот институтида бирга иш бошлашган, Ваҳоб Ўзбекистоннинг чўл зонасидаги тўқайларни тиклаш борасида илмий иш олиб бораётган бўлса, ўзи тўқайларда истиқомат қилган, ХХ асрнинг ўрталарида инсоннинг ваҳшийларча, эртанги авлодни ўйламай  қилган хатти-ҳаракати натижасида йўқ бўлиб кетган жониворларни, хусусан турон йўлбарсининг ҳаётини ўрганаётган эди.

Экспедициянинг иккинчи куниёқ  Қизилқумда бўронга дуч келишди. Шамол тингач эса,  бундан  ярим аср чамаси яраланиб, ташналикданми ёки кўп қон йўқотишданми ҳалок бўлган йўлбарснинг жасадига дуч келишди. Иссиқ, қуруқ қумда жасад айнан сақланган, ҳаттоки қурт-қумурсқалар ҳам унинг терисига зиён етказмаган. Бу табиатнинг яна бир сири. Бўрон эса мана сенга менинг туҳфам дегандай айнан унинг оёқлари остидаги жасадни очиб берди-я! Айтишларича, турон йўлбарсини сўнгги маротаба 1968 йилда Амударё бўйларидаги тўқайзорда кўришган экан. Йўлчи илмий ишини бошламасдан олдин кўпгина кекса овчилар, балиқчилар билан суҳбатлашди. Йўлбарсни кўрганлар унинг ўта ақлли, айёрлиги, бўйи икки метрдан ошиб, ингичка қора йўл-йўл чизиқлари ўзига ярашган, ёрқин оловранг  рангдалигини сўзлаб беришганди. Унинг орзуси турон йўлбарсини қайта тиклаш, унинг бутун ҳужайраларини топиб, клонини яратиш. Шу орзусига етаман деб турганда, бу яра қаердан пайдо бўлди экан-а?

Йўлчининг ҳаёлларини эшикдан кириб келган шифокор билан бувиси бузди. Шифокор диққат билан ярани кўздан кечирар экан, шубҳа билан йигитга қаради.

-Қизиқ, ўқ терингизни ялаб ўтган, аммо унчалик қон кўп кетмаган. Бирор одам билан урушмаганмидингиз? Дарҳол милицияга хабар бериш керак!

-Йўқ, йўқ. Мен ишдан тўғри уйга келдим. Бувим билан овқатландик. Кейин эса озгина компьютерда ишлаб, жойимга ётдим. Ишонинг, ҳеч қанақа яра йўқ эди. Қўрқинчли туш кўрдим. Уйғонсам,  кўрпам қон.

-Кечирасиз-у, яхши йигит, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериш бизнинг бурчимиз. Бу чўпчакларингизни ўзингизни участкавойингизга айтасиз.

Шифокор шундай деганича ярани яна бир бор кўздан кечириб, унинг атрофларини спирт билан артиб,  малҳам қўйиб боғлади.

-Ҳозир мен билан касалхонага кетасиз, у ерда ярангизни тикамиз, яхшиямки ўқ суякка тегмаган, фақат терини ялаб ўтган.

-Аммо, мен..

-Вой, болам, кимларга аралашдинг…

Сабиҳа ая  кўзига ёш олди. Йўлчи бувисини тинчлантириб, оқсоқланганича шифокор ортидан тетик қадам ташлашга ҳаракат қилмоқчи бўлсада, ҳар оёғини босганда миясига урилаётган оғриқдан юзи буришганича эргашди. “Тез ёрдам” бир зумда уларни касалхонага етказди.  Деворлари оқ кафель билан қопланган хонада кушетка устига ётқизиб, Йўлчини “Тез ёрдам” шифокоридан қабул қилиб олган ёшгина йигит сирли  жилмайганича унинг оёғидан докани еча бошлади. Сўнг… ажабланиб Йўлчига қаради:

-Яра қани, ака?

Воажабо, оёғи ҳамон ачишиб, оғрияётган бўлсада, ярадан ном-нишон қолмаган, фақатгина ўрни сал кўкариб турарди, холос.

-Ҳазил ҳам эви билан-да. Бурибой ака ҳам ўқ теккан деб криминал қилвордилар. Бугун биринчи апрель эмас эди, шекилли?

Шифокорнинг юзидан уни лақиллатишгани учун жаҳли чиққани шундоқ билиниб турарди.

-Мен кетаверайми?

Йўлчи йўқолган яранинг жойиини пайпаслаб кўрар экан, шифокорга юзланди.

-Кетаверинг. Бўлмаса шу ерда ётиб қолмоқчимисиз?

Ҳеч нарсага тушунмаган Йўлчи енгил тин олганича, кўчага чиқди.

Сабиҳа ая неварасининг гапини эшитиб, калима қайтарди. Якка-ёлғиз неварасини ёмон кўзлардан асрашни илтижо қилиб дуо қилгач, Йўлчининг қистови билан ўз хонасига кетди. Бувисининг орқасидан эшик ёпилиши билан бўлиб ўтган воқедан ҳали ҳам ўзига кела олмаган Йўлчи жойига чўзилди. Кўз ўнгида ҳамон турон йўлбарсининг жасади. Уни нега отган овчи ўзи билан олиб кетмаган? Ахир йўлбарс териси ҳар доим ҳам жуда қиммат турган-ку?! Ёки яралангач, йўлбарс тўқайдан қочиб чиқиб,  чўлга яширинган. Бу пайти қум бўрони туриб, уни адаштирган. Кейин эса у қон йўқотиш-у, ташналикдан ўлган. Ёки  қум бурони натижасида тўқай четида ёввойи жийда тагига судралиб етиб борган йўлбарсни қум босган. У нафас ҳолсизланиб, қон юқотишдан, очлик ва ташналикдан улган. Ана шу фикри ҳақиқатга яқинроқ. Чунки жасаднинг олдида йиқилган жилон жийданинг  танаси ҳам бор эди-ку!

Ҳаёллар билан кўзи илинганини сезмай қолди.

Яна қамишзор. Бир зум ҳушини йўқотибди, шекилли, кўзини очганида бошида милтиқ ушлаган, шляпаси қийшайиб кетган одамни кўрди. Унинг ёнида яшил тусли олачипор кийимда паст бўйли,  ажин босган юзини сийрак тук қоплаган одамча, шляпалисига муте ҳолда тикилганча турарди.

-Яшанг Қаҳрамон ака. Мана буни қаҳрамонлик деса бўлади, бир отишда қулатдингиз-а. Бу жуда ҳам ноёб йўлбарс, анчадан бери кўринмай кетган эди. Яқинда браконьерларни пойлашга чиққанимда изларини кўриб қолдим. Сизга насиб қилибди-да. Терисини уйингизнинг тўрига осиб қўйсангиз, бирам ярашадики…

-Бўлди, бўлди. Кўп гапирма. Йўлбарс овлаш тақиқланганини биласан. Яна оғзингдан гуллаб юрма. Буни терисини ошлайдиган устанг борми?

Шляпали одам ёнидаги турган жиккакина одамчани жеркиб гапирди.

-Қаҳрамон Ёмонқулович, бу нима деганингиз? Сиз учун кетворган устани топамиз. Энди буни тезроқ терисини шилиб олиш керак. Гўштини шу ерда тулки-ю чиябўриларнинг ўзи тинчитади.

Кичкина одам этигининг қинидан пичоқ чиқариб,  қўлоғидан ушлашини билан бирдан жусаси бўйлаб алангаланган ғазаб, унга куч бағишлади. Иррилаганча ўрнидан сакраб туриб, қўлидаги пичоғи бор одамга ташланди. У эса қўрққанидан пичоқни ташлаганича, юзини қўли билан тўсиб, ерга йиқилди. Шляпалигиси эса милтиғини четга улоқтириб, ўзини қамишлар орасига урди. Ғажиб ташлаш учун ерда ётган одамнинг устига энгашгашдию, аммо ундан гупиллаб келаётган аччиқ, сассиқ ҳид, кўнглини беҳузур қилди. Тинмай додлаётган ана шу жирканч одамнинг ёқасидан тишлаб бир силкитди. Кейин эса уни ерга ташлаганича тўқайнинг қалинроқ жойига, ўзи доимо дам оладиган ёввойи жилонжийда томон кетди. Оёғи ҳали ҳам ачишиб оғрир, дам-бадам тўхтаб, ярадан оқаётган қонни яларди. Қани энди ҳозир ҳеч бўлмаса бир тишлам гўшт бўлса? Шу пайт кўкда калхатнинг чинқириғи эшитилди, бир неча сониядан сўнг эса кўкдан нақд тумшуғининг тагига  бир нарса “тап” этиб тушди. Бу кулранг турна эди. Калхат кўкда алам билан чинқирар, у эса тақдир туҳфаси бўлган таомни бир неча дақиқа ичидаёқ еб бўлган эди. Очлик жазаваси йўқолгач, оёғининг оғриғи ҳам пасайди. Жилон жийданинг тагига чўзилгунча, тинмай ярасини ялай бошлади. Бир оздан сўнг дарахт барглари орасидан юзига келиб тушаётган қуёш нурлари, пешонасини қиздирди. Уйқу элитиб, унда ўз ёшлигини кўрди.  У уч нафар ака-укалари билан баҳайбат йўлбарс атрофида умбалоқ ошиб ўйнар эди. Кимки юмалаб, она йўлбарснинг тумшуғи тагига келиб қолса, йўлбар уни ялар, тили бирам ёқимли эдики…

-Тур болам, кун ҳам ёйилиб кетди.

Кўзини очдм. Бувиси пешонасини силаганича неварасига ўйчан тикилиб ўтирарди.

-Кеча нима бўлди ўзи? Ҳеч нарсани тушунмаяпман?

-Сизни  жуда ҳам яхши кўраман, бувижон. Бирам қўлларингиз ёқимлики, худди йўлбарснинг тилига ўхшайди.

-Эсингни еганмисан бола… Ўхшатган нарсангни қара-ю! Бу турон йўлбарсини топаман деб, жинни бўлиб қолмасанг гўрга эди. Нонушта тайёр, юзингни ювиб, ширчойни ичиб ол. Бўлмаса ишингга кеч қоласан.

Йўлчи дўсти Ваҳобни йўлбарс жасади устида топди. Кўзойнагини ёш бўлишига қарамай, тўкилиб, сочи сийраклашиб қолган пешонасининг устига қўндирган Ваҳоб, ўйчан ҳолатда олдидаги оқ чойшаб устида ётган йўлбарсга тикилганича турарди.

-Нақадар ваҳшиймиз. Бизнинг фарзандларимиз турон йўлбарсини фақат мультфилм-у,  китобда кўради, холос.

Ваҳоб бу гапни ўзига-ўзи гапирдими ёки Йўлчигами билиб бўлмасди.

Йўлчи тезда оқ халатини кийиб, скальпель билан жасаднинг устига энгашди.

-Унинг тери ости ҳужайраларини текшириб кўришим керак. Зора бирортасида ҳаёт топилса. ДНКсини тикласам марра меники, жўра.

Эҳтиёткорлик билан йўлбарснинг кўкрак қафаси устидаги терига тиғ тортди.

-Юзингга ниқоб кийиб олмадингда, ўртоқ. Худо билади у нима касалликдан ўлган. Яна сенга ҳам юқиб юрмасин, Ваҳоб узоқроқ туриб  Йўлчининг ишини кузата бошлади.

-Кўп гапиргунча, менга ёрдам бер.  Ҳеч бўлмаса панжасидан ушлаб, тур.

Ваҳоб истар-истамас, йўлбарснинг тошдек қотиб қолган панжасига резина қўлқоп кийган бармоқларини истар-истамас югуртирди. Йўлчи кўзига лупа –кўзойнакларини тақиб, жасаднинг устига янада  яқинроқ энгашган эди, димоғига урилган аллақандай ҳиддан кўнги беҳузур бўлиб, уқчиб юборди.

-Айтмадимми сенга эҳтиёт бўл деб…

Ваҳоб бехосдан чаён чаққандек, панжани қўйиб юбориб, ўзини четга олган эди,  тошдек қотиб қолган йўлбарснинг олди оёғи энгашиб турган Йўлчининг бошига гурзи мисол урилди. Йигитнинг кўз олди қоронғулашиб, боши шилқиллаганича жасаднинг кесилган териси устига тушди.

-Ўртоқ, сенга нима  бўлди? Йўлчи қаёқдандир узоқдан элас-элас эшитилаётган Ваҳобнинг овозидан узоқлашиб яна ўзини қадрдон тўқайида кўрди. Бу сафар унинг ёнида онаси йўқ.. У яна қорин тўйғазиш илинжида туқай кезади. Афсус,  болалик чоғидан бери атиги 10 йил ўтар-ўтмас қадрдон туқайи анча сийраклашиб қолибди. Қум барханлари тобора дарё қирғоғига бостириб келмоқда. Бирдан шамол унинг димоғига хавотирли ҳидни олиб келди. Яқин атрофда одам бор. У бироз оқсоқланиб юргач, кўз олдига димоғдор шляпали киши келди. Айтгандай ўқ теккан оёғи ҳамон оғрияётган бўлсада,  яра битай деб қолган.  Вужудини ўртаётган қизиқиш уни одамлар томон етакласада, ҳамон оғрияётган оёғи уни хавфли жойдан узоқроқ қочишга ундарди. Аммо табиий қизиқиши кучлилик қилиб, у олға қадам босди. Икки- учта ўспирин бир-бирига ҳазил қилганича,  бири кўзига кўринган юлғун, селин,  оқ саксовул, қуёнсуяк, ёввойи жийдалар поясига болта урар, қолган иккитаси чопилганларини сал нарида турган эшак-аравага ортмоқда эди. Эвоҳ,  ҳар куни аҳвол шу, наҳот инсоният тўқайга болта уриши ўз илдизини чопиш билан баробар эканлигига тушунмаса?! Ахир шу атрофдаги қишлоқларни мана шу туқай боқади-ку! Энг асосийси дарё узанини қумга тўлишидан, қишлоқларни қум остида қолишидан сақлаб турибдику! Эҳ одамизот, намунча бефаҳм бўлмасак, фақат бугунги кун билан яшамасанг!!!

Ҳозир эса атрофда бирон бошқа жонзот кўринмайди. Албатта, бундай шовқин суронда ҳаттоки  юмронқозиқлар ҳам ўз инига кириб кетган. Тезроқ ана шу аянчли манзарадан қочиш учун, йўлбарс қарама қарши томонга бурилди. Бу ёқдан қўй-эчкиларнинг маъраши эшитилди. Очлик уни ўша томон ундади. Бир оздан сўнг итларнинг вовуллаган овози қулоғига чалинди. Йўқ, у ёққа ҳам бориб бўлмайди. Атроф қумлигидан яқин қишлоқ аҳолисининг бари шу ерда қўй-сигирини боқади. Пода эса йўлида учраган гиёҳни супуриб кетаяпти. Айниқса одамлар Амунинг сувини тўсиб Тахиатош ва Туямуйин сув омборларини қурганидан кейин аҳвол чатоқлашди. Шу пайтгача йилига икки маротаба юз берадиган сув тошқини натижасида барқ уриб  турган ўт-ўланлар ҳам, сувсизликдан кўкармай қўйди. Уларнинг қолган қутганларини эса одамларнинг моли пайҳон қилиб, йўқ қилмоқда. Қани энди ёнида ака-укаси бўлса, одамларнинг адабини берар, қадрдон туқайини сақлаб қоларди. Аммо акасини ўтган йили машинада келган, ўнга яқин одам, ялангликка ҳайдаб чиқариб, отиб ўлдиришган. Сўнг унинг атрофида ўтириб олиб,  роса шишаларда олиб келган қандайдир суюқликни ичишган эди. Укасини эса кичиклигидаёқ  ушлашиб,  аллақаёққа олиб кетишди. Доно қарғанинг айтишича у укасини дарё узанида жойлашган азим шаҳарда, қафас ичида кўрганмиш. Энди эса унинг ҳеч кими йўқ. Қавми аллақачон одамизотнинг ваҳшиёна ҳаракатлари натижасида қирилиб кетди. Ёлғиз ўзи туқайга ҳукмрон. Йўқ, у аллақачон тахтдан тушган. Унинг наъраси туқай жониворларини зир титратсада, йўлбарсдан кўра улар одамдан кўпроқ қўрқишади. Тан олиш керак, одамнинг  ҳидини сезиши билан, ўзининг ҳам эти жунжикиб, оёқлари қалтирай бошлайди. Орқага, қадрдон жилонжийдасининг остига қайтиш керак.

Йўлбарс ҳорғин шимол томон бурилди. Аммо бирдан турган жойида тек қотди. Шундоқ унинг рўпарасида  жимжимадор шохларини кўз-кўз қилганича хонгул-бухоро буғуси турарди. Нега буғу ундан қочмаяпти? Наҳотки ана шу беозор жонивор ҳам ундан қўрмай қолган бўлса?

-Салом, Йўлбарсбек!

Хоншул бошини хиёл эгиб, олдида турган йиртқичнинг кўзларига тик боқди.

-Мен қавмим номидан сен билан гаплашгани келдим. Балки бироз душманлигимизни унутиб, суҳбат қурармиз, чунки муаммомиз бир. Бизга бош бўл! Она тўқайимизни асраб қолайлик. Биз доимо сенинг ўлжанг бўлиб келган эдик. Аммо ҳозир барчамиз одамизотнинг ўлжасимиз. Мен ёлғиз эмасман. Чиқаверинглар….

Хонгулнинг орқасидаги буталар орасидан қўрқа-писа аввалига хива тустовуғи, сўнг қарақал, жийрон, йирик эчкиэмар, тўқай мушуги, ёввойи чўчқа, Преживальск оти ҳамда ёввойи эшак – қулон, бўрсиқ, кўрсичқон, тоғай қуён, каламуш, типратикан, ондатра кўринди. Бир паснинг ичида ён атрофдаги буталарга, чумчуқ, зарғалдоқ, бедана, дарё қайирлари, қирғовул, ғоз, ўрдак,  кўлранг турна, лайлак, балиқчи, бирқозон келиб қўнишди. Йўлбарс ён-атрофига аланглаб ҳеч нарсани англамади. Кун бўйи озиқ илинжида туқай кезади. Аммо уларнинг ҳеч бирини учратгани йўқ. Энди эса уларнинг бари ўз оёқи билан тумшуғининг тагига келиб турибди.  Кўзларида ҳадик, нажот исташади. Аммо уларга ёлғиз ўзи қандай ёрдам бера олади, ҳозир унинг ўзига ёрдам керак-ку!

-Эшитаман. Мендан нима истайсизлар?

Буни у секин айтса ҳам, аммо унинг наъраси қуёнсуяк, қизилча, жилонжийдаларнинг баргларини титратиб ўтди. Холмон исирғогули шабодада алангиланаётган қизил бошчасини нола қилиб ёрдам сўрагандек, эгди. Тинмай чуғурлашаётган қушлар бирдан жим бўлиб қолишди.

-Бизни ўз ҳимоянгга ол. Одамизотдан қутқар, секин гап бошлади Хонгул. Авлодимиз сони  кундан кунга қисқариб кетаяпти. Бор йўғи 300 та қолдик. Бизни чиройли шохимиз, тансиқ гўштимиз учун овлашади. Бу ерлар қўриқхона қилинган бўлсада,  ўрмончиларнинг ўзи арзимас чақага амалдорлар, уларнинг ялоқхўрлари нишонига бизни тутиб беришмоқда.

-Мен эса ёлғиз қолдим. Инсон милтиғининг ўқидан чап берсам ҳам, ажалим етса бу ерда уруғим қурийди, деди мунгли товуш билан қарақал — қум силовсини. Ҳаттоки авлод қолдириш учун жуфтимни ҳам ўлдиришди.

-Мени эса одамизотнинг фарзандлари фақат ҳайвонот боғида кўришмоқда, ҳангради қулон.

-Сувда балиқ камайиб кетди. Озиқ излаб дарё сувига шунғисак, патларимиз турли чиқиндилар билан ифлосланади. Сувнинг таъми ҳам ўзгарган. Одамлар кўр-кўрона барча чиқинди-ю ахлатини сувга оқизишади, ғақиллади бирқозон.

-Нега лайлак бу йил келмади экан-а, деб нола ҳам қилишади. Ахир мен қаерда бола очай, қаердан озуқа топай,  ҳаммо жойни ўзлаштириб экин қилишган бўлса, уларга солинадиган кимёвий ўғитлардан озиқланган ҳашорот-у майда жониворларни еб, заҳарланиб ўлай дедим. Қаердан тинч, тоза жой топсам экан-а, тумшуғини такиллатди лайлак.

-Бизни ҳам қутқар, бизни ҳам…

Чор атрофдан ёрдам сўраб эшитилаётган бу овозлардан йўлбарснинг боши айланиб кетди. У яна наъра тортди. Бир оз сукут сақлаб гап бошлади.

-Биз бирлашишимиз керак. Бўлмаса ҳаммамиз қирилиб кетамиз

-Аммо бирлашсак ҳам қўлимиздан нима келади? Ҳозир одамизот бизни қорнини тўйдириш учун эмас, балки кўнглини хушлаш учун овлайди. Унинг милтиғидан қочиб қутилиб бўлмайди.

-Тўғри, балки уларнинг ўзига мурожаат этармиз. Уларнинг ичида ҳам меҳрибони, табиат ошуфталари кўп. Вакил жўнатсак, бизни тушунар, тўқайни пайҳон қилмас,  ўт –ўланларни юлмас, дарахту-буталарни кесмас, бизларни ўлдирмас.

-Келишдик, аммо унинг олдига ким боради? Ким қила олди буни? Ким?…

Овозлар қўшилиб, шовқин-сурон авжига чиқди…

Йўлчи бирдан ўзига келиб кўзини очганида, бошининг устида энгашиб турган Ваҳобни, унинг юзида ҳадикни  кўрди.

-Ўзингга келдингми? Одамни роса қўрқитдинг-ку?!  Кушеткага сени ётқизишимни биламан, худди йўлбарсдек наъра тортдинг ўзиям. Овозинг ҳам айнан йўлбарсники эди…

Йўлчи амаллаб ўрнидан туриб, луқиллаётган бошини чангаллади.

-Биласанми жўра,  шу йўлбарсни жасадини топганимиздан бери ғалати аҳволдаман. Кўзимни юмишим билан ўзимни унинг терисида кўраман, унинг ҳиссиётларини бошимдан кечираман. Кеча қизиқ воқеа бўлди. Ухлаганимда туш кўрибман,  тўқайни қўриқлаш учун қўйилган ўрмончи мени шляпа кийган аллақандай амалдорга ушлаб бермоқчи бўлди. Оёғимдан яраландим. Уйғонсам, ростанам кўрпам қон, оёғимда эса ўқнинг изи. Касалхонага етиб келганимизда эса ундан ном-нишон қолмабди. Шифокор ўзини алданган ҳис қилиб роса ранжиди.  Ҳозир ҳам ҳайвон-у қушлар мендан нажот излаб, атрофимга тўпланишганди. Аммо мен уларга ёрдам бера олмадим. Улар одамнинг ўзидан ёрдам сўрашмоқчи эди, вакил жўнатиб…вакил… аммо қандай қилиб вакил жўнатишади, у ердаги ҳайвонларнинг ярми аллақачон йўқ бўлиб кетган-ку, турон йўлбарси ҳам қирилиб кетганига ярим аср бўлди….

Ваҳоб Йўлчига тикилиб турар экан, ўртоғини саросимада кўриб, ўйланиб қолди. Йўқ, Йўлчи жиннига ўхшамайди. Бу ерда бир гап бор. Ёрдамбек Яхшибоевичга учрашиш керак. У Ваҳобнинг устози, академик. Қатор илмий ишлари ер юзидан йўқолиб бораётган ҳайвонларга , уларнинг руҳиятига бағишланган. Балки у  Йўлчига ёрдам берар…

…Ёрдамбек Яхшибоевич Йўлчини диққат билан тинглар экан, ўйланиб қолди. Унинг бир умрлик меҳнати бесамар кетмабди. Худойимнинг ўзи Йўлчи кўринишида унга ёрдам юбораяпти. Агарда мана шу дўнг пешона, кўзлари бироз қисиқ, юзидан нур ёғилиб турган йигитнинг гапини илмий тарзда исботласа, балки инсоният эътиборини экологик инқироз муаммосига қарата олар. Ҳозир бу муаммо нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунёнинг муаммосидир.  Инсон атом ва водород бомбасини ўйлаб топиши шарт эмас эди. Кўр-кўрона табиатни аста-секинлик билан йўқ қилмоқда, табиат ҳам унга шу тарзда жавоб бераяпти. Табиат томонидан ёзилган ўлимга маҳкумлик ҳукмига инсон шу тариқа, ихтиёрий равишда имзо чекаётир. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди. Ерни яшашга яроқсиз ҳолатга келтириб, коинотдан жой излаган тақдирда ҳам инсоният у ерда ҳам истиқомат қила олмайди. Чунки аллақачон у коинотни ҳам ахлатга тўлдириб бўлган.

-Оёғингиздаги ўқнинг изи сиз турон йўлбарсининг вужуди билан қўшилиб кетганингиз, унинг қалбига қулоқ тута билганингиз учун ҳам ўнгизда пайдо бўлган. Бунинг сабаби сизга уйқунгизда кечираётган ҳаёт ҳақиқатда рўё эканлигини англатиш эди. Касалхонадан қайтаётганингизда эса жароҳатнинг йўқолгани сиз ўз аслингизга қайтганингиздан, ҳайвонлар машварати эса сизнинг улар томондан айнан инсониятга олдига вакил қилиб сайланганингиздан далолатдир. Фурсатни бой бермай уларнинг оҳини ҳар бир республикамиз фуқаросига, керак бўлса дунёдаги ҳар бир одамга етказиш керак.  Бир бирини овлаб кун кечириб юрган, айнан йўқолган ва йўқолиб бораётган ноёб ҳайвон-у қушларнинг бирлашиб, ҳаракат қилишга ундашлари бежиз эмас. Бу одамзотнинг  мазкур муаммони  ҳал қилишда бирлашишига қаратилган чақириқдир. Ҳозир сизни ухлатиб,  тушингиздаги ҳаётингизни мана бу қурилма орқали ёзиб олишга ҳаракат қиламиз. Албатта бу муаммо юзасидан мен яқинда боришим керак бўлган халқаро анжуманда маъруза қиламан. Куч-адолатда ва бирликда! Буюк бобокалонимиз Амир Темур бежиз бу гапни айтмаган. Биз бирлашиб, Она Еримизни, жонажон табиатимизни албатта сақлаб қоламиз!

Йўлчи енгил тортди. Ҳозир у Ёрдамбек Яхшибоевичнинг барча айтганини қилишга тайёр. Фақатгина ундан ёрдам сўраб, мурожаат қилган ҳайвону-қушлар, даррандалар, ўсимликларга ёрдам берса бўлгани. У албатта турон йўлбарсини ҳаётга қайтаради, Ватанининг тенги йўқ гўзал табиатини асраб қолиш учун биохилма-хилликни асраб қолишга умрини бахшида этади, буни келгусида фарзандларига ҳам ўргатади. Бунинг йўли осон. Фақатгина атрофидаги таниш-у нотанишлари ўйлаб қадамини босишса, ўз уйлари каби, атроф-муҳитни ҳам тоза тутишса, чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаса, сув, электр чироғи, газдан тежаб фойдаланишса, кўзига яхши кўринган гулни бесабаб юлмаса, дарахтларни кесмаса, ҳайвону қушларни кўнгил озиғи учун ўлдирмаса, тупроқни, ҳавони, сувни кимёвий моддалар билан заҳарламаса бас. Бундай қилганларни эса қонуний жазолаш, керак бўлса экологик милиция деган ҳуқуқ-тартибот  соҳасида янги тармоқни вужудга келтириш керак. Энг аввало болаларимизга гўдаклигидан “ноннинг уволи тутади”деб уқтирганимиздек, “сувнинг, жониворларнинг ҳам уволи тутади, уни ифлос қилма,  тирик жонзотни ўлдирма”, “баданингни тоза тутаяпсанми, табиатни ҳам тоза тут” дея тарбиялашимиз, бешикдан бошлаб ана шу ўгитларни фарзандларимизнинг миясига қуйишимиз лозим. Чунки табиат ҳам бебаҳо қадрият. Уни қадрламоғимиз лозим. Ана шунда дунё ўзгаради. Шаҳарда ҳам булбул хониш қилади, канал-у ариқлардан ахлат эмас, зилол сув оқади.

Йўлчи ана шу ҳаёллар билан Ёрдамбек Яхшибоевич кўрсатган курсига жойлашиб ўтириб, кўзини юмди. Пешонасига олим ёпиштирган тугмачалардан таралаётган кўринмас тўлқинлар уни яна турон йўлбарси вужудига қайтарди.

… У яна ёш йўлбарсча! Ака-укалари билан виқор билан ётган онасининг олдида ўйнамоқда. Атрофида эса  ям-яшил туқай шовуллар, буталар орасидан эшитилаётган  зарғалдоқ, бедана, каклигу-қирғовулларнинг овози алла каби дилига ором бағишлар,  вужудини қамраб олган ҳаёт шодлиги уни ҳали кўрмаган, сирли, ёрқин, ям-яшил келажакка чорларди…

ЧИҚИНДИЛАР ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 72-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда, 9-10-сон, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 50-51-сон, 512-модда; 2011 й., 1-2-сон, 1-модда, 36-сон, 365-модда)

1-модда.

Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан хўжалик фаолиятида оқилона фойдаланилишини таъминлашдан иборат.

2-модда.

Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш — чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаб олиб кетиш, сақлаш, ташиш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари — чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, кўмиб ташлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш учун фойдаланиладиган объектлар;

чиқинди паспорти — чиқинди келиб чиққан жойни ҳамда чиқиндининг индивидуал хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжат;

чиқиндилар — ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилиш жараёнида хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюмлар ёки маҳсулотларнинг ҳосил бўлган қолдиқлари, шунингдек ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган товарлар (маҳсулотлар);

чиқиндиларни жойлаштириш лимити — муайян муддатга жойлаштириш рухсат этилган чиқиндиларнинг энг юқори миқдори;

чиқиндиларни жойлаштириш объекти — чиқиндиларни сақлаш ҳамда кўмиб ташлаш учун махсус ажратилган ва жиҳозланган жой;

чиқиндиларни кўмиб ташлаш — чиқиндиларни, ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳитни булғатишининг олдини олишга қаратилган ҳамда бу чиқиндилардан келгусида фойдаланиш имкониятини истисно этадиган тарзда, ажратиб қўйиш;

чиқиндиларни сақлаш — кўмиб ташлаш, қайта ишлаш ёки утилизация қилиш мақсадида чиқиндилар олиб кетилгунча уларни махсус жиҳозланган тўплагичларда сақлаш;

чиқиндиларни утилизация қилиш — чиқиндилар таркибидан қимматли моддаларни ажратиб олиш ёки чиқиндиларни иккиламчи хом ашё, ёқилғи, ўғит сифатида ва бошқа мақсадларда ишлатиш;

чиқиндиларни қайта ишлаш — чиқиндиларни экологик жиҳатдан бехатар сақлаш, ташиш ёки утилизация қилиш мақсадида уларнинг физик, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш;

чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативи — маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилаётганда ёки бошланғич хом ашё бирлигидан ҳосил бўладиган муайян турдаги чиқиндиларнинг белгиланган миқдори;

хавфли чиқиндилар — таркибида хавфли (заҳарлилик, юқумлилик, портловчанлик, тез алангаланиб ёнғин чиқарувчанлик, реакцияга тез киришувчанлик, радиоактивлик) хусусиятлардан лоақал биттасига эга моддалар мавжуд бўлган, бундай моддалар фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ўзи мустақил тарзда ҳам, шунингдек бошқа моддаларга қўшилганда ҳам бевосита ёки потенциал хавф туғдирадиган миқдорда ва шаклда мавжуд бўлган чиқиндилар.

3-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари атмосфера ҳавосига ва сув объектларига ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш ва оқизиш билан боғлиқ муносабатларга тааллуқли эмас.

Қорақалпоғистон Республикасида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда.

Чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқи

Чиқинди қайси хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюм ёки маҳсулотлардан, шунингдек товарлардан (маҳсулотлардан) фойдаланиш натижасида ҳосил бўлса, чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқи шуларнинг эгасига тегишли бўлади.

Чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахс олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномаси ёки чиқиндиларни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги қонун билан тақиқлаб қўйилмаган ўзга битимлар асосида олиши мумкин.

Чиқиндиларнинг мулкдорлари қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида чиқиндиларга эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар ҳамда уларни тасарруф этадилар.

Чиқиндилар жойлашган ер участкасининг мулкдори ўзгарган тақдирда чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ҳамда зарарли оқибатлар учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

5-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назорати олиб борилиши тартибини белгилайди;

чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритиш тартибини белгилайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида нормативлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида олиб ўтиш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни паспортлаш тартибини белгилайди;

хавфли чиқиндиларнинг ҳамда чегара оша ташилиши давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган чиқиндиларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

хавфли чиқиндиларни кўмиб ташлаш учун ер участкалари бериш масалаларини ҳал этади;

депозитсиз идишлар ва тараларни ишлатиш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳажмини белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

6-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (бундан буён матнда «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси деб юритилади).

7-модда.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва технологик ишланмалар ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экологик экспертизасини ўтказади;

чиқиндилар ҳосил бўлишининг белгиланаётган нормативларига ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларига розилик беради;

чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

8-модда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш чоғида белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат санитария-эпидемиология назоратини амалга оширади;

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза этиш чора-тадбирларини белгилайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари хусусида давлат санитария-гигиена экспертизаси хулосасини беради;

чиқиндилардан тайёрланаётган товарларга (маҳсулотларга) нисбатан санитария-гигиена талабларини белгилайди ҳамда уларга доир гигиена сертификати беради;

чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиги учун хавфлилик даражасини белгилашда услубий таъминотни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

9-модда.

Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги:

маиший-рўзғор чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритади;

маиший-рўзғор чиқиндиларини тўплаш, ташиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш ҳолати мониторингини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

10-модда.

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси:

кончилик ва қайта ишлаш соҳасидаги ишлаб чиқариш чиқиндиларини ҳисобга олиш, сақлаш ва утилизация қилиш устидан давлат назорати ва текширувини;

радиоактив чиқиндиларни сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш пайтида радиациявий хавфсизлик устидан давлат назоратини;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

11-модда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид умумдавлат дастурларини бажаришда иштирок этадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид маҳаллий дастурларни тасдиқлайдилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратиб берадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудга жойлаштириш масалаларини ҳал этадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қиладилар;

чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш корхоналари ташкил этилишига кўмаклашадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

12-модда.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудда жойлаштириш масалаларини ҳал қилишда иштирок этадилар;

аҳоли пунктлари санитария жиҳатидан тозаланишига ҳамда маиший-рўзғор чиқиндилари тўплаб олиб кетилганлиги учун тўловлар вақтида тўланишига кўмаклашадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан жамоат назоратини амалга оширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

13-модда.

Фуқароларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фуқаролар:

чиқинди билан боғлиқ ишлар амалга оширилаётганда ҳаётлари ва соғлиқлари учун хавфсиз шароитлар билан таъминланиш;

ўзлари яшаётган жойларда хавфли чиқиндилар бор ёки йўқлиги тўғрисида, лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган, шунингдек ишлаб турган чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг хавфсизлиги ҳақида белгиланган тартибда тўлиқ ва аниқ ахборот олиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари қурилишига доир қарорларнинг лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги натижасида ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни тўлатиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан жамоат назоратини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқларига эгадирлар.

Фуқаролар:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошираётганда белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, бошқа талабларга риоя қилишлари;

маиший-рўзғор чиқиндиларини тўплаб олиб кетиш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар хизматидан фойдаланганлик учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб боришлари шарт.

Фуқаролар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлишлари ҳамда зиммаларида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.

14-модда.

Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқлари

Юридик шахслар:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларидан чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги санитария нормалари ва қоидалари, экологик нормативлар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олишга;

чиқиндиларни ҳудудни тоза-ораста тутишнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ равишда чиқиндиларни жойлаштириш объектларида сақлашга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ таклифларни киритишга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этишга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш натижасида бошқа шахслар томонидан ўзларига етказилган зарарни тўлатишга ҳақлидирлар.

Юридик шахслар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

15-модда.

Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари

Юридик шахслар:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, экологик нормативларга риоя этишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чиқиндилар ҳисобини юритишга, улар тўғрисида ҳисобот тақдим этишга;

чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфлилик даражасини белгиланган тартибда аниқлашга;

чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга;

ресурс қимматига эга ва утилизация қилиниши лозим бўлган чиқиндиларнинг тўпланишини, лозим даражада сақланишини таъминлашга ҳамда уларнинг йўқ қилиниши ва бузилишига йўл қўймасликка;

ўзларининг мулки бўлган чиқиндиларнинг утилизация қилиниши бўйича технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўришга;

чиқиндилар аралашиб кетишига (ишлаб чиқариш технологиясида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) йўл қўймасликка;

чиқиндиларнинг рухсат этилмаган жойларда ёки объектларда сақланиши, қайта ишланиши, утилизация қилиниши ва кўмиб ташланишига йўл қўймасликка;

чиқиндилар жойлаштирилган ўз объектларининг санитария ва экология ҳолати устидан назорат олиб боришга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш пайтида ҳолати бузилган ер участкаларида рекультивация ишларини ўтказишга;

чиқиндиларни мумкин қадар кўпроқ утилизация қилиш, уларни чиқинди тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга реализация қилиш ёки бериш чора-тадбирлари мажмуини амалга оширишга, шунингдек утилизация қилинмайдиган чиқиндилар экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда кўмиб ташланишини таъминлашга;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига атроф-муҳитга рухсат олинмаган тарзда чиқиндилар чиқарилганлиги ҳолатлари тўғрисида ва кўрилган чоралар ҳақида белгиланган тартибда ахборот тақдим этишга;

чиқиндиларни жойлаштирганлик учун белгиланган тартибда компенсация тўловлари тўлашга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш натижасида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, атроф-муҳитга, юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга мажбурдирлар.

Юридик шахслар зиммасида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

16-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу Қонунда юридик шахслар учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўладилар ҳамда мажбуриятларни бажарадилар.

17-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш

Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги фаолияти фуқаролар ҳаёти ва соғлиғининг ҳамда атроф-муҳитнинг хавфсизлигини таъминламоғи керак.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги натижасида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига ёки атроф- муҳитга зарар етказилганда, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсизликни таъминлашнинг техникавий ёки бошқа имконияти бўлмай туриб хавфли чиқиндилар ҳосил бўлган ҳолларда юридик шахсларнинг фаолияти белгиланган тартибда чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки тугатилиши мумкин.

18-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида нормалаштириш

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтириш мақсадида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари ишлаб чиқилади.

Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади ва чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари томонидан тасдиқланади.

Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативларини ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

19-модда.

Чиқиндиларни экологик сертификатлаш

Олди-сотди, экспорт-импорт операцияси объекти бўлган чиқиндилар, шунингдек ташилиши керак бўлган хавфли чиқиндилар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги санитария нормалари ва қоидаларига, экологик нормативларга мувофиқлик бўйича экологик сертификатлашдан ўтказилиши керак, унинг натижаларига кўра чиқиндиларнинг мулкдорларига экологик сертификат берилади.

Чиқиндиларни экологик сертификатлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

20-модда.

Хавфли чиқиндиларни ташиш

Хавфли чиқиндиларни ташиш чиқиндиларнинг экологик сертификати ҳамда уларни ташиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда махсус жиҳозланган транспорт воситаларида амалга оширилади.

Хавфли чиқиндиларни бехатар ташиш учун жавобгарлик транспорт ташкилоти зиммасида бўлади.

21-модда.

Чиқиндиларни олиб кириш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан чет элга мансуб радиоактив чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида олиб кириш тақиқланади.

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳитнинг хавфсизлиги таъмин этилиши шарти билан чиқиндилар фақат қайта ишлаш ва утилизация қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб кирилишига йўл қўйилади.

22-модда.

Чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлашга доир талаблар

Чиқиндиларни сақлаш санитария нормалари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланилишини ёки уларнинг бошқа шахсларга берилишини таъминловчи усулларда амалга оширилади.

Чиқиндилар кўмиб ташланадиган жой (хавфли чиқиндилар бундан мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлган чиқиндиларнинг кўмиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва бундай жойларга кўмиб ташлаш тақиқланади.

Алоҳида ҳолларда, махсус тадқиқотлар натижаларига кўра фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит хавфсизлигини, табиий ресурслар сақланишини таъминлаш талабларига риоя этган ҳолда чиқиндиларни ер остига кўмиб ташлашга йўл қўйилади.

23-модда.

Чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари

Чиқиндиларни махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларга жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ундирилади.

Компенсация тўловлари миқдори белгиланган тартибда чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари асосида, чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳит учун хавфлилик даражасига қараб белгиланади.

24-модда.

Чиқиндиларни утилизация қилиш ҳамда уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир фаолиятни рағбатлантириш

Чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ҳамда уларни утилизация қилишга қаратилган технологияларни ишлаб чиқаётган ва жорий этаётган, чиқиндиларни утилизация қилишга мўлжалланган корхоналар ва цехлар яратаётган, ускуналар ишлаб чиқараётган, чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш чора-тадбирларини молиялаштиришда улушбай асосида иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир фаолиятни рағбатлантириш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қўшимча чоралар белгилашлари мумкин.

25-модда.

Чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш

Чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш чиқиндиларнинг мулкдорлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундай тадбирларни молиялаштиришга табиатни муҳофаза қилиш фондларининг, бюджетдан ташқари фондларнинг маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари жалб этилиши мумкин.

26-модда.

Чиқиндиларнинг давлат ҳисобини юритиш

Олиб кириладиган, олиб чиқиладиган, амалда мавжуд бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳосил бўладиган, шунингдек транзит тарзида олиб ўтиладиган чиқиндиларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак.

Чиқиндилар тўғрисидаги давлат статистика ҳисоботининг шакли, уни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланади.

27-модда.

Чиқиндиларни паспортлаш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳосил бўладиган чиқиндилар паспортланиши лозим.

Чиқинди паспорти чиқиндининг ҳар бир тури учун юридик шахслар томонидан тузилади. Ишлаб чиқариш технологияси билан боғлиқ тарзда чиқиндининг ўзига хос хусусиятлари ўзгарган ҳолларда чиқинди паспортига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилади.

Чиқиндиларни паспортлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

28-модда.

Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойлари давлат кадастри

Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойлари тўғрисидаги ахборотлар тўпланиши, қайта ишланиши, сақланиши ва таҳлил қилинишини таъминлаш мақсадида чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастри юритилади, кадастрда чиқиндиларнинг миқдор ва сифат тавсифлари, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳамда уларнинг хавфлилик даражасини камайтириш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборот ўз ифодасини топади.

Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастри қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.

29-модда.

Низоларни ҳал этиш

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30-модда.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 221-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 126-модда; 1998 й., 9-сон, 181-модда; 2000 й., 7-8-сон, 217-модда; 2001 й., 1-2-сон, 23-модда; 2004 й., 1-2-сон, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 50-51-сон, 512-модда; 2009 й., 52-сон, 555-модда; 2011 й., 1-2-сон, 1-модда, 36-сон, 365-модда)

I боб. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда.

Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

2-модда.

Сув тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасида сувга доир муносабатлар ушбу Қонун ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган сув тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида сувга доир муносабатлар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

21-модда.

Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ер ости сувлари — ер сатҳидан пастда ер қобиғининг тоғ жинслари қатламларида жойлашган сувлар;

ер усти сувлари — ер қобиғининг устида жойлашган сувлар;

мелиорация объектлари — коллектор-дренаж ва ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган, коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиорация насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;

сувлар — сув объектларида тўпланган барча сувлар мажмуи;

сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) — юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда фойдаланиш;

сув истеъмолчилари уюшмаси — юридик шахс бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти;

сув истеъмолчиси — ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;

сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;

сув объектларини муҳофаза қилиш — сув объектларини сақлаш ва тиклашга қаратилган тадбирлар тизими;

сув режими — сув объектлари ва тупроқ-грунтда сув сатҳи, тезлиги, сарфи ва ҳажмининг вақт бўйича ўзгариши;

сув ресурслари — фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши лозим бўлган сув объектлари сувлари;

сув хўжалиги — иқтисодиётнинг сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб олувчи тармоғи;

сув хўжалиги объекти — сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида сув хўжалиги фаолияти амалга ошириладиган сув объекти;

сувдан фойдаланиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;

сувларнинг зарарли таъсири — сув тошиши, сув босиши, зах босиши ва сувларнинг ўзга таъсирлари натижасида айрим табиий-хўжалик объектлари ва ҳудудларнинг ювилиши, бузилиши, лойқа чўкиши, ботқоқланиши, шўрланиши ва бошқа салбий ҳодисалар;

трансчегаравий сув объектлари — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган сув объектлари;

трансчегаравий сувлар — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ер усти ёки ер ости сувлари»;

3-модда.

Сувга давлат эгалиги

Сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади.

4-модда.

Ягона давлат сув фонди

Ягона давлат сув фонди:

жилғалар, сойлар, дарёлар, сув омборлари, кўллар, денгизлардан, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари, булоқлар, ҳовузларнинг сувлари ва бошқа ер усти сувларидан;

ер ости сувлари, қор захиралари ва музликлардан иборатдир.

Трансчегаравий сув объектларининг (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларининг) сувларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.

II боб. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ СУВГА ДОИР МУНОСАБАТЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ

5-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда сув хўжалигига оид стратегик давлат дастурларини қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тасарруфига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этиш.

6-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш соҳасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, бошқа юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

сув фондини ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини, сувдан фойдаланиш, сув истеъмоли меъёрларини ва сув объектидан сув олиш лимитларини (бундан буён матнда сув олиш лимитлари деб юритилади) тасдиқлаш тартибини белгилаш;

сувларнинг давлат томонидан ҳисобга олиб борилишини ҳамда сувдан фойдаланишни назорат қилиш ва уларни муҳофаза этишни таъминлаш, давлат сув кадастри ва сув мониторингини юритиш;

йирик авариялар, фалокатлар, экология танглиги ва сувларнинг зарарли таъсири олдини олиш ҳамда уларга барҳам бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, сув объектларини булғатганлик ва қуритиб қўйганлик учун ҳақ ундириш тартибини белгилаш;

давлатлараро муносабатларни ривожлантириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.

7-модда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш;

сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш;

сув объектлари ҳолатини ҳисобга олиб бориш ва уларга баҳо бериш, сувлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилиниши, белгиланган сув олиш лимитларига риоя этилиши, сувдан фойдаланувчиларнинг сувдан фойдаланиш ҳисобини юритишлари устидан назорат қилиб бориш;

сув объектларини сақлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш, сувларнинг зарарли таъсир кўрсатишини, шунингдек булғанишини олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳамда авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан тадбирлар ўтказиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалаларни тартибга солиш.

III боб. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА НАЗОРАТИ

8-модда.

Сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви

Сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (ер ости иссиқ сувлари ва минерал сувлар) ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳисобланади.

9-модда.

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг вазифаси сувдан фойдаланиш борасида белгилаб қўйилган тартибга барча вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар риоя қилишлари, сувни муҳофаза қилиш, сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф қилиш вазифаларини, сувни ҳисобга олиш қоидаларини, шунингдек сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб берилган бошқа қоидаларни бажаришларини таъминлашдир.

 

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширадилар. Сувдан фойдаланиш устидан идоравий назоратни Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси органлари амалга оширадилар.

10-модда.

Сувлардан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек фуқароларнинг иштироки

Сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ ҳамда фуқаролар сувлардан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашади. Давлат органлари бу тадбирларни ўтказишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини ҳисобга олиши мумкин.

IV БОБ. СУВЛАРНИНГ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲОЛАТИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ КОРХОНАЛАР, ИНШООТЛАРНИ ҲАМДА БОШҚА ОБЪЕКТЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ, ЛОЙИҲАЛАШ, ҚУРИШ, РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ, ТАЪМИРЛАШ, ТИКЛАШ ВА ИШГА ТУШИРИШ

11-модда.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш шартлари

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга туширишда, янги технологик жараёнларни жорий этишда аҳолининг соғлиғини сақлаш ва ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини ҳамда маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш талабларига риоя этган ҳолда сувдан оқилона фойдаланиш, шунингдек коллектор-дренаж сувларини ва оқинди сувларни чиқариб юборишнинг қулай режими таъминланиши лозим. Бунда сув объектларидан олинадиган ва шу объектларга қайтариладиган сувни ҳисобга олишни, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлашни, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни, ерларнинг сув босишини имкон қадар камайтиришни, ерларни шўрланишдан, зах босишдан ёки қақраб қолишдан муҳофаза қилишни, шунингдек қулай табиий шароитлар ва ландшафтларни сақлаб қолишни таъминловчи тадбирлар назарда тутилади.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари сув объектларидан дам олиш ва спорт учун фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда тузилиши лозим.

12-модда.

Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва ишга тушириш шартлари

Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида янги ва таъмирланган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва ишга тушириш чоғида ушбу Қонун 15-моддасининг талабларига риоя қилиш билан бир қаторда, балиқ захираларига етказилаётган зарарнинг ўрнини қоплаш, бошқа сув ҳайвонлари ва ўсимликларини муҳофаза қилиш ҳамда уларни асраш, қайта тиклаш ва кўпайтиришни таъминлайдиган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш лозим.

13-модда.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш мазкур сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан қонун ҳужжатларига мувофиқ келишиб олинади.

14-модда.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларининг келишиб олиниши ва давлат экспертизаси

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги, санитария назорати, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда бошқа органлар билан келишиб олиниши лозим, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат экспертизасидан ўтказилади.

Мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилади.

Ишлаб чиқариш шароитларига кўра айланма сув таъминотига ва чиқитсиз технологияга ўтказилиши мумкин бўлмаган саноат корхоналарининг сув билан тўхтовсиз таъминлаш тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўйилмайди.

15-модда.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни ишга туширишни тақиқлаш

Қуйидагиларни:

сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олувчи қурилмалар билан таъминланмаган, шунингдек сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи янги ҳамда реконструкция қилинган корхоналар, цехлар, агрегатларни, коммунал ва бошқа объектларни;

ерларнинг сув босиши, зах босиши, ботқоқланиши, шўрланишининг ҳамда тупроқ эрозиясини олдини олишнинг лойиҳаларда назарда тутилган тадбирлари амалга оширилмагунча суғориш ва сув билан таъминлаш тизимларини, сув омборлари ва каналларни;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ сув қабул қиладиган ва бошқа иншоотларни қуриб битказмай туриб, зах қочириш тармоқларини;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ балиқларни сақлаб қолиш қурилмалари бўлмаган сув олиш иншоотларини;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ тошқин сувларни ва балиқларни ўтказиб юборадиган қурилмалари тайёр бўлмаган гидротехника иншоотларини;

ер ости сув захиралари тасдиқланмаган сув олиш иншоотлари гуруҳини;

сувни тартибга солувчи қурилмалар билан таъминламай туриб ва тегишли ҳолларда санитария муҳофазаси зоналарини белгиламай туриб, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқларни ишга тушириш тақиқланади.

Сув омборларини уларнинг ўзанини лойиҳада кўрсатилганидек тайёр қилиб қўйиш тадбирлари амалга оширилмагунча сув билан тўлдириш тақиқланади.

16-модда.

Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларини келишиб олиш

Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш органлари ҳамда зарур ҳолларда, энергетика, архитектура ва қурилиш органлари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (кемалар қатновини белгилаш юзасидан) билан келишиб олиниши ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишига йўл қўймасликни, уларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши лозим.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органлар билан келишиб олиниши ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.

V БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДА, СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ СУВНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ЗОНАЛАРИ, СОҲИЛ БЎЙИ МИНТАҚАЛАРИДА ВА САНИТАРИЯ МУҲОФАЗАСИ ЗОНАЛАРИДА ИШЛАРНИ БАЖАРИШ

17-модда.

Сув объектларида, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида ишларни бажариш тартиби

Сув объектларида, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида, ер ости сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларда сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи қурилиш, таъмирлаш, тиклаш, ўзан тубини чуқурлаштириш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва сув ўсимликларини олиш, кабеллар, қувурлар ҳамда бошқа коммуникацияларни ўтказиш, дарахтларни кесиш, бурғилаш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва ўзга ишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология ва минерал ресурслар органлари ва бошқа органлар билан келишилган ҳолда бажарилади.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи ишлар ушбу Қонун талабларига мувофиқ равишда, илмий асосланган норма ва қоидалар асосида қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, балиқчилик хўжалиги, ўрмон хўжалиги, маиший ва коммунал хўжалик манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.

VI БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР, СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА УЛАР ФОЙДАЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР

18-модда.

Сувдан фойдаланувчилар

Сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари, коммунал-маиший соҳа, гидроэнергетика корхоналари, бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сувдан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.

181-модда.

Сув истеъмолчилари

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сув истеъмолчилари бўлиши мумкин.

182-модда.

Сув истеъмолчилари уюшмалари

Сув истеъмолчилари уюшмалари асосан гидрография принципига ёки сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган бошқа шартларга мувофиқ ташкил этилади.

Фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари, шунингдек юридик шахс бўлган бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг муассислари бўлиши мумкин.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг аъзолари бўлиши мумкин.

Сув истеъмолчилари уюшмаси ва унинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган аъзолари, шунингдек бошқа қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ҳамда ўзга юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги сувга доир муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади.

19-модда.

Сувдан фойдаланиш объектлари

Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш объектлари бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга берилиши мумкин.

191-модда.

Сув истеъмоли манбалари

Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сув истеъмоли манбалари бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сув истеъмоли учун берилиши мумкин.

20-модда.

Сув объектларидан фойдаланишни қисман ёки батамом тақиқлаш

Алоҳида давлат аҳамиятига ёхуд алоҳида илмий ёки маданий қимматга эга бўлган сув объектларидан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қисман ёки батамом тақиқланиши мумкин.

VII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТУРЛАРИ

21-модда.

Сувдан фойдаланиш турлари

Сув объектидан сув олиш усулига, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этилишига қараб сувдан фойдаланиш сувдан умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз эҳтиёжларини ҳамда бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадида сувдан фойдаланиш сувдан умумий фойдаланишдир.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сувдан фойдаланиш сувдан махсус фойдаланишдир. Сувдан махсус фойдаланишга айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сувдан фойдаланиш ҳам киритилиши мумкин.

Сувдан умумий ва махсус фойдаланиш турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахсларга бутунлай ёки қисман фойдаланишга берилган сув объекти танҳо фойдаланиладиган сув объектидир.

Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.

Сув объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қишлоқ ва сув хўжалиги, санитария назорати, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда фойдаланишга берилади.

Сув объектлари сувдан фойдаланувчиларга сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги, ичимлик, даволаш ва маиший эҳтиёжларини, аҳолининг курорт, рекреация ва ўзга эҳтиёжларини, саноат, энергетика, транспорт, балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қондириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда фойдаланишга берилади.

Оқинди сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳамда махсус талаблар ва шартларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Сув объектлари битта ёки айни бир вақтда бир нечта мақсадда фойдаланишга берилиши мумкин.

211-модда.

Сув истеъмоли турлари

Мақсадли фойдаланилишига кўра сув истеъмоли ичимлик, коммунал-маиший, даволаш, курорт, рекреация, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги сув истеъмолига ва бошқа турларга бўлинади. Сув объектидан олинадиган сувнинг миқдорига қараб сув истеъмоли умумий ва махсус сув истеъмолига бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз шахсий ичимлик, маиший, рекреация, даволаш эҳтиёжлари, ҳайвонларни суғориш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадидаги сув истеъмоли умумий сув истеъмолидир.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сув истеъмоли махсус сув истеъмолидир. Махсус сув истеъмолига айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сув истеъмоли ҳам киритилиши мумкин.

Сув ресурслари қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда истеъмол учун берилади.

VIII боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ ФОЙДАЛАНИШГА БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

25-модда.

Сув объектларининг, аввало аҳоли эҳтиёжлари учун берилиши

Сув объектлари, аввало, аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини ва маиший эҳтиёжини қондириш учун фойдаланишга берилади.

26-модда.

Сув объектларини танҳо фойдаланишга бериш тартиби

Сув объектлари танҳо фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёхуд тегишли ваколатга эга давлат органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда батамом ёки қисман берилади.

Сув объектлари танҳо фойдаланиш учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш рухсатномаси албатта расмийлаштирилган ҳолда берилади.

27-модда.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш рухсатнома асосида амалга оширилади.

Табиий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ер усти сувлари бўйича — қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, ер ости сувлари бўйича — геология ва минерал ресурслар органлари, минерал ва термал сувлар бўйича — ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органларининг таклифлари асосида табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан берилади.

Сунъий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома:

ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларига, трансчегаравий сув объектларидан, вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга, насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаларига, мелиорация экспедицияларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — республика ёки вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

ирригация тизимлари бошқармаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — вилоят ёки туманлараро аҳамиятга молик сув объектларидан ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан;

сув истеъмолчилари уюшмаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — туман аҳамиятига молик сув объектларидан ирригация тизимлари бошқармалари томонидан;

ўзлари хизмат кўрсатадиган зонада жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда бошқа сув истеъмолчиларига—қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан берилади.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

28-модда.

Сувдан умумий фойдаланишни амалга ошириш

Сувдан умумий фойдаланиш ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда рухсатсиз ва чеклашларсиз амалга оширилади.

29-модда.

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланиш ва умумий сув истеъмоли

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва умумий сув истеъмолига шу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда белгиланган шартларга кўра йўл қўйилади, зарур ҳолларда эса, бундай сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқлаб қўйилиши мумкин.

30-модда.

Сув олиш лимитлари

Сув олиш лимитлари барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан белгиланади.

Сув олиш лимитлари (ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича белгиланади, ер ости сувлари борасида эса геология ва минерал ресурслар ҳамда ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчилари учун сув олиш лимитлари уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланади.

Коммунал ва маиший хўжаликларнинг сув олиш лимитлари тегишли фойдаланувчи ташкилотлар томонидан белгиланади.

Сув олиш лимитлари сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бир йилда икки марта ҳамда бошқа эҳтиёжлар учун бир йилда бир марта белгиланади ва улар учун мажбурийдир.

Сувдан фойдаланувчиларнинг сувни етказиб бериш бўйича хизматлари, шунингдек кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун шартнома асосида ҳақ тўланади.

31-модда.

Сув объектларидан фойдаланиш муддатлари

Сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун берилади.

Муддати аввалдан белгиланмаган ҳолда фойдаланиш — доимий фойдаланиш деб эътироф этилади.

Сувдан вақтинча фойдаланиш муддати: қисқа — уч йилгача ва узоқ — йигирма йилгача бўлиши мумкин.

Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш муддатлари сувдан фойдаланувчи манфаатдор томонлар илтимосномасига биноан, шу сув объектларини танҳо фойдаланиш учун бериш тўғрисида қарор чиқарган ёки ундан махсус фойдаланиш учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши мумкин.

IX БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

32-модда.

Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Сувдан фойдаланувчилар:

сув объектлари қандай мақсадлар учун фойдаланишга берилган бўлса, фақат шу мақсадларда фойдаланиш;

сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иншоотлар, қурилмалар ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш;

берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;

сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш;

манбанинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилигидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Сувдан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

321-модда.

Сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари

Сув истеъмолчилари:

берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;

сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш;

ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;

сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Сув истеъмолчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

33-модда.

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади.

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.

34-модда.

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқларини чеклаш

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадини, давлатнинг бошқа манфаатларини, шунингдек ўзга сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг манфаатларини кўзлаб, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Бунда аҳолининг ичимлик ва маиший эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш шароитлари ёмонлашмаслиги лозим.

35-модда.

Сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Сувдан фойдаланувчилар:

сув объектларидан оқилона фойдаланиши, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;

белгиланган сув олиш лимитларига ва сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;

сувдан махсус фойдаланишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;

ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқинди сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;

бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўрмонлар, ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;

сув объектларини, сувни муҳофаза қилиш иншоотларини ва бошқа иншоотларни, техник қурилмаларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, уларни ишлатиш сифатини яхшилаши ҳамда улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

сувни олиш ва беришда сув миқдори ҳисобини юритиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоботни тақдим этиши;

сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;

сувни тежаш чора-тадбирларини кўриши;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;

сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларига сувларнинг зарарли таъсирини бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини сақлашнинг белгиланган режимига риоя қилиши;

сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда, шунингдек сув объектларида таъмирлаш-тиклаш ишларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши;

балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.

Сувдан фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

351-модда.

Сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Сув истеъмолчилари:

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;

белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши;

сувни махсус истеъмол қилишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;

ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқинди сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;

бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўрмонлар, ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;

сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаши, ички сув объектлари ва иншоотларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

олинаётган сув миқдори ҳисобини юритиши ва сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома берган органларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;

сувни тежаш чора-тадбирларини кўриши;

сувларни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда келишилган технология, ўрмон-мелиорация, агротехника, гидротехника, санитария тадбирлари ва бошқа тадбирларни амалга ошириши;

сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишда ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг талабига кўра иштирок этиши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларига риоя этиши;

сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши, шунингдек уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда иштирок этиши;

балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.

Сув истеъмолчиларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

X БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ БЕКОР ҚИЛИШ

36-модда.

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш асослари

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:

сувдан фойдаланишга, сув истеъмолига эҳтиёж қолмаганда ёки улардан воз кечилганда;

сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли муддати тугаганда;

корхона, муассаса, ташкилот, фермер хўжалиги тугатилганда, деҳқон хўжалиги тугатилганда (фаолияти тугатилганда);

сув хўжалиги иншоотлари бошқа сувдан фойдаланувчиларга берилганда;

танҳо фойдаланилаётган сув объектларини қайтариб олишга зарурат туғилганда бекор қилинади.

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган ёхуд сувдан мақсадсиз фойдаланилганда ёки сув мақсадсиз истеъмол қилинганда ҳамда лимитдан ортиқча сув олинганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар тўланмаган тақдирда ҳам сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин (ичимлик ва маиший эҳтиёжлар учун сувлардан фойдаланиш ҳуқуқи бундан мустасно).

Қонун ҳужжатларида сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.

37-модда.

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш тартиби

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномани бекор қилиш;

танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларини қайтариб олиш йўли билан бекор қилинади.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун унга рухсатнома берган органнинг қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

38-модда.

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларини қайтариб олиш

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектлари қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда қайтариб олинади.

39-модда.

Сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларга сув хўжалиги тадбирларини (сув объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ва бошқаларни) ўтказиш, сувлардан нооқилона фойдаланиш, уларни булғатиш, ифлослантириш, камайтириш, шунингдек сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини қонунга хилоф равишда бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қопланади.

Сув объектларининг соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида қонунга хилоф равишда қурилган объектлар ҳамда қонунга хилоф равишда ўзлаштирилган ер участкаларида сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қопланмайди.

ХI боб. АҲОЛИНИНГ ИСТЕЪМОЛИ, МАИШИЙ ВА БОШҚА ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

40-модда.

Аҳолининг истеъмоли, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун ажратиладиган сув объектлари

Аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини, маиший эҳтиёжини ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сувнинг сифати белгиланган санитария-гигиена талаблари ва давлат стандартларига мувофиқ бўлган сув объектлари ажратилади.

41-модда.

Аҳолини марказлашган тартибда сув билан таъминлаш

Аҳолининг истеъмоли, маиший ва бошқа эҳтиёжларини марказлашган тартибда сув билан таъминлаш учун сув объектларидан фойдаланилганда, ўзининг кундалик бошқарувида, эгалигида ёки фойдаланишида хўжалик-ичимлик водопроводлари бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар сув олиш иншоотларининг белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаларига ва ичимлик сув олиш ҳамда уни истеъмолчиларга етказиб бериш учун сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаларига мувофиқ сув таъминоти манбаларидан сув олишга ҳақлидирлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олаётган сувларини ҳисобга олиб боришни ташкил этади, сув билан таъминлаш манбаларидаги сувнинг сифати ҳолатини мунтазам кузатиб боради ва манбаларда сув сифати ўзгарганлиги ҳамда ишлатилган сув миқдори ҳақида табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар, ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш, санитария назорати органларига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотлар бериб туради

42-модда.

Аҳолини марказлаштирилмаган тартибда сув билан таъминлаш

Аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжларини марказлаштирилмаган тартибда сув билан таъминлаш учун сув объектларидан фойдаланганда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар сувдан умумий ёки махсус фойдаланиш ёхуд сувни умумий ёки махсус истеъмол қилиш тартибида бевосита ер усти ёки ер ости сув объектларидан сув олишга ҳақлидир. Зарур ҳолларда, бундай сув олиш каналлар, коллекторлар, сув омборларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш чоғида назарда тутилиши ва меъёрлаб қўйилиши лозим. Шу мақсадлар учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига мувофиқ ҳамда сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, санитария назорати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари мазкур сув олиш иншоотларининг тегишли санитария-техника ҳолатида бўлишини таъминлаши шарт

43-модда.

Истеъмолга яроқли ер ости сувларидан истеъмолга ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланишни чеклаш

Истеъмолга яроқли ер ости сувларидан истеъмолга ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланишга, одатда, йўл қўйилмайди. Ер юзасида зарур сув манбалари бўлмаган ва истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган жойларда ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ лимитларга мос равишда табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари бундай сувлардан истеъмол ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланишга рухсат беришлари мумкин.

ХII боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ДАВОЛАШ, КУРОРТ ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАҚСАДЛАРИДА ФОЙДАЛАНИШ

44-модда.

Шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан биринчи навбатда даволаш ва курорт мақсадларида фойдаланиш

Белгиланган тартибда шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан, аввало, даволаш ва курорт мақсадларида фойдаланилади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш органлари шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан, айрим ҳоллардагина тегишли ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари, соғлиқни сақлаш органлари ва курорт бошқармалари билан келишиб туриб, бошқа мақсадлар учун фойдаланишга рухсат беришлари мумкин.

45-модда.

Шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларига оқинди сувлар ташланишини тақиқлаш

Шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларига оқинди сувларни ташлаш тақиқланади.

46-модда.

Дам олиш ва спорт учун сув объектларидан фойдаланиш тартиби

Дам олиш ва спорт учун сув объектларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

ХIII боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

47-модда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек фуқароларнинг суғориладиган ерларида қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалга оширилади.

Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этган ҳолда сувдан умумий ва махсус фойдаланиш ёки сувни умумий ва махсус истеъмол қилиш тартибида амалга оширилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ берилади.

48-модда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳар йилги сув билан ҳақиқий таъминланганлик ҳисобга олинган ҳолда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари асосида амалга оширилади.

Коллектор-дренаж тармоғида сувдан фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш мелиорация қилинаётган ерларнинг ҳолатини, коллектор-дренаж суви сифатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Сув истеъмоли режалари сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан тузилади ва тасдиқланади. Сув истеъмолчилари уюшмалари сув истеъмоли режаларини умумлаштиради ва уюшмаларнинг сувдан фойдаланиш режаларини тузади.

Сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланиш режалари ирригация тизимлари бошқармалари ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан умумлаштирилади.

Қуйидагилар:

ирригация тизими бошқармаси туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда — сув истеъмолчилари уюшмалари бўйича;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда — ирригация тизими бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалиги бош бошқармаси — ҳавза ирригация тизими бўйича, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари бўйича тузилган ва умумлаштирилган сувдан фойдаланиш режаларини тасдиқлайди.

49-модда.

Суғориладиган ерларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг ўзига хос хусусиятлари

Суғориладиган ерларда каналлар, мураккаб муҳандислик иншоотлари, мелиорация тармоғи барпо этилганлиги шундай ерларнинг ўзига хос хусусиятидир.

Сув фонди ерларидан, сув объектларидан, суғориладиган ерлар доирасидаги сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари сув хўжалиги объектлари ва иншоотларидан ягона сув хўжалиги тизими сифатида фойдаланилади, улар давлат мулки бўлиб, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Сув объектларининг соҳил бўйи минтақалари, ер ости суви чиқаргичи санитария муҳофазаси зоналарининг хўжалик-ичимлик суви мақсадидаги I ва II пояслари табиатни муҳофаза қилиш эҳтиёжлари учун ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилиши мумкин.

Суғориладиган деҳқончилик эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланишнинг ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Сувни фақат рўйхатдан ўтказилган, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган сув ажратиш жойларидан (каналларнинг сув олиш иншооти, қудуқ, насос станцияси (агрегати) ва бошқа сув олиш иншоотлари) шартномавий асосда олишга рухсат берилади.

 

50-модда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланувчи сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланувчи сувдан фойдаланувчилар ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

сув ресурсларини самарали бошқариши, лимитдан ортиқча сув олинишига ва сувдан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслиги;

белгиланган тартибда янги сув объектлари қурилишини ва ишлаб турганлари реконструкция қилинишини, шунингдек суғориладиган ерларнинг комплекс реконструкция қилинишини ташкил этиши;

сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштиришда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;

қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларнинг мониторинги асосида салбий жараёнларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиши шарт.

501-модда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчилари ушбу Қонуннинг 351-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтларини суғориш, шунингдек яйловларга сув чиқаришнинг қулай режимини сақлаши;

сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштириши;

сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини амалга ошириши;

тупроқ унумдорлигини сақлаш имконини берадиган мелиорация тадбирларини амалга ошириши;

суғориш учун берилган сувларнинг коллектор-дренаж тармоғига ва бошқа сув объектларига оқизиб юборилишига йўл қўймаслиги;

сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши шарт.

51-модда.

Оқинди сувлар билан суғориш

Қишлоқ хўжалик ерларини оқинди сувлар билан суғоришга табиатни муҳофаза қилиш органлари давлат санитария ва ветеринария назорати органлари билан келишиб рухсат берадилар.

Саноат, коммунал корхоналари ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар тупроқ унумдорлигига ва етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига зарарли таъсир қилувчи сувларни қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун беришлари тақиқланади.

52-модда.

Ўрмонлар, дарахтзорлар ва кўчатзорлар билан банд бўлган ерларни суғориш

Ушбу Қонуннинг 47, 50-моддалари ва 51-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган қоидалар ўрмонлар, дарахтзорлар ва кўчатзорлар билан банд бўлган ерларни суғоришга ҳам татбиқ қилинади.

53-модда.

Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув объектларидан фойдаланиш

Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома асосида сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фуқароларнинг экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув ресурсларини ажратиш сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг экинзорларни ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларини умумлаштиради, сув истеъмоли тўғрисида шартномалар тузади ва улар ўртасида сувни истеъмол қилиш тартибини белгилайди, шунингдек суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.

54-модда.

Сув истеъмолчиларининг сув объектларидан бериладиган сув оқими маромини ўзбошимчалик билан ўзгартиришини тақиқлаш

Сув истеъмолчиларининг сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда сув сарфини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоотларини ўзбошимчалик билан ўзгартириши, шунингдек уларга муваққат тўсиқлар, насос станциялари (агрегатлар) ва сувни кўтарадиган ҳамда сув оладиган бошқа иншоотларни қуриши тақиқланади.

Рўйхатдан ўтказилмаган сув ажратиш жойларидан ўзбошимчалик билан сув олиш тақиқланади.

55-модда.

Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари устидан тракторлар, транспорт воситаларини ва чорва молларини ҳайдаб ўтишнинг тақиқланиши

Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари устидан тракторлар, қишлоқ хўжалик машиналари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларини ҳайдаб ўтиш, шунингдек мўлжалланмаган жойлардан чорва молларини ҳайдаб ўтиш ва суғориш тақиқланади.

ХIV боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН САНОАТ МАҚСАДЛАРИДА ВА ЭНЕРГЕТИКА ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

56-модда.

Сув объектларидан саноат мақсадларида ва иссиқлик энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Сув объектларидан саноат мақсадларида ва иссиқлик энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчилари, ушбу Қонуннинг 351-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сув таъминотининг айланма ҳамда такрорий тизимларини жорий этиш орқали сув сарфини камайтириш ва оқинди сувларнинг оқизиб юборилишини тугатиш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Лойиҳаланаётган ва ишга туширилаётган саноат объектлари учун сув таъминотининг тўхтовсиз тизимидан фойдаланишни назарда тутиш ман этилади, ишлаб чиқаришнинг шарт-шароитлари тақозоси билан айланма сув таъминотига мослаштирилиши мумкин бўлмаган корхоналар ва бошқа объектлар бундан мустасно.

Айланма сув таъминотига эга бўлмаган ишлаб турган корхоналар учун табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда уларни сув таъминотининг тўхтовсиз тизимига ўтказиш муддатлари белгиланади.

57-модда.

Ичимлик сувдан саноат мақсадлари учун фойдаланишни чеклаш

Табиий офат, авариялар рўй берган тақдирда ва бошқа фавқулодда ҳолатларда, шунингдек корхона водопровод сувини лимитдан ортиқча олган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжларини ва маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш манфаатларини кўзлаб, коммунал водопроводлардан саноат мақсадлари учун ичимлик сув истеъмолини қисқартиришга ёки тақиқлаб қўйишга ва идораларга қарашли ичимлик сув берадиган хўжалик водопроводлари сувидан саноат мақсадлари учун фойдаланишни вақтинча чеклаб қўйишга ҳақлидир.

58-модда.

Ер ости сувларидан техника сув таъминоти ва бошқа саноат мақсадлари учун фойдаланиш

Ичимлик сувлар қаторига киритилган ер ости чучук сувларидан ишлаб чиқариш-техника мақсадлари учун фойдаланиш тақиқланади, зарур ер усти сув манбаалари мавжуд бўлмаган ҳудудларда фойдаланадиган ҳоллар бундан мустаснодир.

Ичимлик ёки шифобахш сувлар қаторига киритилмаган ер ости сувларидан (чучук, минерал ва иссиқ сувлардан) фойдаланишга лойиқ тасдиқланган захиралари бўлса, белгилаб қўйилган тартибда техника сув таъминоти учун, мазкур сув таркибидаги кимёвий элементларни ажратиб олиш, иссиқлик энергияси ҳосил қилиш ва бошқа ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилинган ҳолда фойдаланиш мумкин.

59-модда.

Сув объектларидан гидроэнергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш

Сув объектларидан гидроэнергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари манфаатлари ҳисобга олиниб, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида, тегишли ҳолларда эса, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда табиатни муҳофаза қилиш органларининг қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сувлардан комплекс ва оқилона фойдаланиш талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Гидроэнергетика эҳтиёжлари учун бериб қўйилган сув объектларидан табиий шароитларга, хўжалик эҳтиёжлари ва ўзга эҳтиёжларга қараб, бошқа мақсадлар учун ҳам фойдаланилади.

Гидроэнергетика корхоналари ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

сув объектларининг фойдаланиш қоидаларида белгиланган иш режимига, шу жумладан сув омборларини тўлдириш ва ишга тушириш, улардан сув чиқариш ҳамда сувнинг юқори ва қуйи сатҳи ўзгаришининг режимига риоя этиши;

санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув омборларидан сув чиқариб турилишини таъминлаши шарт.

ХV боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН БАЛИҚЧИЛИК ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

60-модда.

Балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб балиқчилик хўжалиги ҳавзалари сувидан фойдаланишни чеклаш

Балиқларнинг қимматли турларини ҳамда сув билан боғлиқ овчилик объектларини сақлаб қолиш ва урчитиб кўпайтириш учун алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган балиқчилик хўжалиги ҳавзаларида ёки шу ҳавзаларнинг айрим участкаларида сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб чеклаб қўйилиши мумкин.

Бундай ҳавзаларнинг ёки шу ҳавзалардаги участкаларнинг рўйхатини ҳамда сувдан фойдаланишни чеклаш турларини табиатни муҳофаза қилиш ва қишлоқ ва сув хўжалиги органлари белгилаб беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.

61-модда.

Балиқ захираларини муҳофаза қилиш ва балиқларни урчитиб кўпайтириш тадбирлари

Балиқчилик хўжалиги ҳавзаларидаги гидротехника иншоотлари ва бошқа иншоотларни ишлатишда балиқ захираларини муҳофаза қилиш ва балиқларни урчитиб кўпайтириш шарт-шароитларини таъминлаш тадбирлари ўз вақтида амалга оширилиши лозим.

Балиқчилик хўжалигига қарашли сув ҳавзаларидаги балиқлар уруғ ташлайдиган жойларга ва уларнинг қишлов уялари жойлашган ерларга тупроқ тўкиш, балиқ захиралари ҳолатига ҳамда уларнинг урчиб кўпайиш шароитларига салбий таъсир этувчи бошқа ишларни бажариш ман қилинади.

Саноат мақсадлари, суғориш ва бошқа эҳтиёжлар учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан сув олишга табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишиб, сув чиқариш иншоотларига балиқ тушиб қолмаслигини таъминлайдиган махсус мосламалар ўрнатилган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

62-модда.

Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан ёки ов қилиш участкаларидан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари

Фойдаланиш учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ёки ов қилиш участкалари бериб қўйилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг 35 ва 351-моддаларида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

балиқ захираларининг урчиб кўпайиш шароитларини таъминлаши;

ирригация-мелиорация тармоқларини, сунъий ҳовузлар ва бошқа балиқчилик хўжалиги иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашни амалга ошириши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;

зарур мелиорация ишлари олиб бориши ҳамда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жойлашган ерлардаги қирғоқ участкаларини лозим даражада санитария ҳолатида сақлаши шарт.

63-модда.

Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

64-модда.

Сув объектларидан спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш учун фойдаланиш

Сув объектларида спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлашга рухсат берилади, давлат қўриқхоналари, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналари ҳудудидаги сув объектлари бундан мустасно. Табиатни муҳофаза қилиш органлари шу мақсадлар учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда сув объектларини ёки уларнинг айрим участкаларини ажратиб беришлари мумкин.

Кўнгилли спорт жамиятларига бериб қўйилган сув объектларида спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш учун шу жамиятлардан рухсат олинади.

ХVI боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ОВЧИЛИК ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

65-модда.

Сувдан фойдаланишда овчилик ташкилотларининг имтиёзли ҳуқуқлари

Табиатни муҳофаза қилиш ва қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ёввойи сув қушлари ва қимматли мўйна берадиган сув ҳайвонлари (қундуз, ондатра, сув каламуши, нутрия ва ҳоказолар) маскани бўлган дарёлар, кўллар ва бошқа сув объектларида сувдан комплекс фойдаланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда овчилик хўжалиги корхоналарига ва ташкилотларига сувдан фойдаланиш учун имтиёзли ҳуқуқлар бериб қўйишлари мумкин.

66-модда.

Сув объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

XVII БОБ. МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРДА ЖОЙЛАШГАН СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

67-модда.

Муҳофаза этиладиган сув объектлари

Устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар деб эълон қилинади ва хўжалик мақсадида фойдаланишдан чиқарилади.

68-модда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сувларидан фойдаланиш тартиби ва уларни муҳофаза қилиш чоралари

Давлат қўриқхоналари, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналари сувларидан балиқ овлаш, ов қилиш, сув ўсимликлари ва организмларини йиғиш учун фойдаланиш, шунингдек бундай сувларнинг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сувларига оқинди сувларни оқизишга, шунингдек уларда гидромелиорация ишларини ўтказишга ушбу Қонунда белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда йўл қўйилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сувларидан фойдаланиш тартиби ва уларни муҳофаза қилиш режими қонун ҳужжатларида белгиланади.

69-модда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектларини олиб қўйиш

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектларини олиб қўйишга зарур бўлган алоҳида ҳолларда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органлар томонидан йўл қўйилади.

ХVIII боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН СУВ ТРАНСПОРТИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

70-модда.

Кема қатнайдиган сув йўллари

Дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, башарти, сув йўллари сифатида фойдаланиш тўла ёки қисман тақиқланган ёхуд улар танҳо фойдаланиш учун бериб қўйилган бўлмаса, умум фойдаланадиган сув йўллари ҳисобланади.

Кема қатнови учун сув объектларидан фойдаланиш қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

71-модда.

Сув йўлларини кема қатнайдиган сув йўллари қаторига киритиш, шунингдек сув йўлларидан фойдаланиш қоидаларини белгилаш тартиби

Сув йўлларини кема қатнайдиган сув йўллари қаторига киритиш, шунингдек сув йўлларидан фойдаланиш қоидаларини белгилаб бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

72-модда.

Сув объектларидан кичик кемаларда сузиб юриш учун фойдаланиш

Сув объектларидан кичик кемаларда (эшкакли ва моторли қайиқлар, катерлар, елканли яхталар ва шу кабиларда) сузиб юриш учун фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган қоидаларга мувофиқ рухсат берилади.

ХIХ боб. ОҚИНДИ СУВЛАРНИ ОҚИЗИШ УЧУН СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

73-модда.

Оқинди сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга рухсат берувчи идоралар

Саноат, коммунал-маиший, зовур сувларини ва бошқа оқинди сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги органларининг давлат санитария назорати, ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари геология ва минерал ресурслар органлари билан келишиб берган рухсатига биноан йўл қўйилиши мумкин.

Рухсат сув объектларидан оқинди сувларни оқизиш учун фойдаланиш зарурати ва имкониятларини асослаб берувчи ҳужжатларга биноан берилади.

74-модда.

Сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари

Сув объектларига оқинди сувларни оқизишга сув объекти таркибидаги ифлословчи моддаларнинг белгилаб қўйилган меъёрлардан ошиб кетишига йўл қўймаслик шарти билан ва сувдан фойдаланувчи ҳамда сув истеъмолчиси бундай оқинди сувларни табиатни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгилаб қўйилган даражага етказиб тозалаб бериш шарти билангина йўл қўйилади.

Агар мазкур талаблар бузилаётган бўлса, табиатни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари оқинди сувларни оқизишни чеклаб, тўхтатиб ёки тақиқлаб қўйишлари, ҳаттоки айрим саноат қурилмаларини, цехлар, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйишлари лозим. Аҳолининг соғлиғига хатарли ҳолларда, оқинди сувларни оқизиш тўхтатилиб, ҳаттоки ишлаб чиқариш объектларидан ва бошқа объектлардан фойдаланиш тўхтатиб қўйиши лозим.

75-модда.

Сув объектларидан оқинди сувларни оқизиш учун фойдаланиш тартиби ва шартлари

Сув объектларидан оқинди сувларни оқизиш учун фойдаланиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

ХХ боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ЁНҒИНГА ҚАРШИ ЭҲТИЁЖЛАР УЧУН ҲАМДА БОШҚА ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

76-модда.

Сув объектларидан ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун фойдаланиш

Ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун ҳар қандай сув объектларидан сув олишга йўл қўйилади.

77-модда.

Сув объектларидан ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун ҳамда бошқа давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектларидан ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун, шунингдек давлат ва жамоатнинг бошқа эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

ХХI боб. СУВ ОМБОРЛАРИ, ГИДРОУЗЕЛЛАР ВА БОШҚА ИНШООТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

78-модда.

Сув омборларини сув билан тўлдириш ва улардан сув чиқариш режими

Сув омборларида тўғонлар, дамбалар, сув ўтказадиган ва сув оладиган иншоотлар, гидроэнергетика мажмуаларидан ҳамда бошқа иншоотлардан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фойдаланиш қоидалари ҳамда сув омборларининг таъсир зоналаридаги сувдан фойдаланувчилар, сув истеъмолчилари, ер участкаларининг мулкдорлари, ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда сув омборларини тўлдириш ва ишлатиш борасида белгиланган режимга риоя қилиши шарт.

Сув омборлари турли сувдан фойдаланувчиларнинг ва сув истеъмолчиларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондиришни тартибга солиш мақсадида бунёд этилади.

Сув омборларини сувга тўлдириш ва улардан сувни чиқариш режими, сув сатҳининг ўзгариш режими, гидроузел орқали сув ўтиш режими, кемаларнинг бемалол ва хавфсиз ўтиши, шунингдек балиқларнинг уруғ ташлайдиган жойларга ўта олишини таъминлаш сув омборларидан фойдаланиш қоидалари билан белгиланади.

79-модда.

Сув омборларидан фойдаланиш тартиби

Сув омборларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси ва бошқа манфаатдор органлар билан келишиб, ҳар бир сув омбори, сув омборлари тизмаси ёки тизими учун тасдиқланган қоидаларда белгиланади.

80-модда.

Сув омборларининг тегишли техника ҳолатини ва ободончилигини таъминлайдиган тадбирларни уюштириш ва мувофиқлаштириш

Сув омборларининг тегишли техника ҳолатини ва ободончилигини таъминлайдиган тадбирларни уюштириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек улардан фойдаланиш устидан назорат қилиш қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ҳамда катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш органлари томонидан амалга оширилади.

81-модда.

Кўл ва бошқа сув ҳавзаларидан сув омборлари сифатида фойдаланиш

Ушбу Қонуннинг 78, 79 ва 80-моддаларидаги қоидалар кўллардан ва сув омборлари тариқасида хизмат қилаётган бошқа сув ҳавзаларидан фойдаланишга ҳам жорий қилинади.

82-модда.

Гидроузеллар ва бошқа гидротехника иншоотларидан фойдаланиш тартиби

Дарёлар, сойлар, каналлар ва коллекторлардаги қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан фойдаланиладиган гидроузеллар ҳамда бошқа гидротехника иншоотлари давлат мулки бўлиб, улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Сув истеъмолчилари уюшмалари, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларнинг гидромелиорация тармоғидаги гидротехника иншоотлари, шу жумладан суғориш каналлари ва коллектор-дренаж тармоқлари сувдан фойдаланувчилар томонидан мансублиги бўйича ишлатилади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда бошқа сувдан фойдаланувчилар билан шартномавий асосда гидромелиорация тармоғига ва ундаги иншоотларга техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олиши мумкин.

ХХII боб. ОРОЛ ДЕНГИЗИ ҲАВЗАСИДА ДАВЛАТЛАРАРО СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ

83-модда.

Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан фойдаланишни тартибга солиш

Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларидан) фойдаланишни тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

84-модда.

Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, сув хўжалиги ва сувни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув объектларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида тартибга солинмаган қисмида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

XXIII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ

85-модда.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилувчи органлар

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари, шунга ваколатли бошқа органлар ва судлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

86-модда.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудидаги сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш мазкур органларнинг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.

87-модда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати

Тегишли ҳудудда сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа органлар ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.

90-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати

Турли вилоятлар ёки битта вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.

91-модда.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги халқаро низоларни ҳал қилиш

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасида трансчегаравий сувлардан ва трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланадиган тартибда ҳал қилинади.

92-модда.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни кўриб чиқиш

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар тарафлардан бирининг аризасига биноан кўриб чиқилади. Аризага сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар илова қилинади.

93-модда.

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низоларни кўриб чиқиш тартиби

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низолар манфаатдор томонлар иштирокида кўриб чиқилади, улар низо ҳал қилинадиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиб қўйилади.

94-модда.

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низолар юзасидан қарор қабул қилиш

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низоларни кўриб чиқиш натижаси ҳақида шу низони ҳал қилувчи органлар қарор чиқарадилар.

Зарур ҳолларда бу қарорларда уларни ижро этиш тартиби ва муддатлари, шунингдек бузилган ҳуқуқни тиклаш тадбирлари кўрсатилган бўлиши мумкин.

95-модда.

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низо юзасидан чиқарилган қарорлар устидан шикоят қилиш тартиби

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низо юзасидан чиқарилган қарор устидан шу қарор топширилган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида юқори турувчи органга шикоят қилиш мумкин.

Низо юзасидан чиқарилган қарор устидан қилинган шикоят бу қарорнинг ижросини тўхтатиб қўймайди. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низо юзасидан чиқарилган қарорнинг ижроси қарор чиқарган орган, юқори турувчи орган томонидан тўхтатилиши ёки ижро муддати узайтирилиши мумкин.

96-модда.

Сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган мулкка оид низоларни ҳал қилиш

Сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган мулкка оид низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли суд томонидан ҳал этилади.

XXIV БОБ. СУВНИ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

97-модда.

Сувни муҳофаза қилиш вазифалари

Ҳамма сувлар (сув объектлари) аҳоли соғлиғига зарар етказиши, шунингдек балиқ захираларининг камайиши, сув таъминоти шароитининг ёмонлашиши ҳамда сувнинг физикавий, кимёвий ва биологик хоссалари пасайиши, сувнинг табиий тозаланиш хусусияти камайиши, сувнинг гидрологик ва гидрогеологик режимининг бузилиши натижасида келиб чиқадиган бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши ҳолларидан муҳофаза қилиниши керак.

98-модда.

Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилишни, шунингдек сув режими ва сувнинг ҳолатини яхшилашни таъминловчи тадбирларни амалга ошириш

Фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, табиатни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги, санитария назорати органлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан келишган ҳолда технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари шарт.

99-модда.

Сувни ва сув объектларини чиқит ва чиқиндилар билан ифлослантиришдан муҳофаза қилиш

Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга қуйидагилар тақиқланади:

ишлаб чиқариш чиқитлари, маиший ва бошқа хил чиқитлар ҳамда чиқиндиларни сув объектларига ташлаш;

мойларнинг, ёғочларнинг, кимёвий ва нефть маҳсулотларининг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг тўкилиб-сочилиши натижасида сувни ва сув объектларини булғатиш ва ифлослантириш;

сув ҳавзаларининг юзи, сув ҳавзаларини қоплаб турган яхлар ва музликларнинг юзаси, саноат чиқитлари, маиший чиқинди ва бошқа ташландиқ чиқитлар, шунингдек ер усти ва ер ости сувларнинг сифатини ёмонлаштириб юборадиган нефть ва кимёвий маҳсулотлар билан булғатиш ва ифлослантириш;

сувларни ўғитлар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа зарарли моддалар билан булғатиш.

Оқинди сувларни сув объектларига оқизишга ушбу Қонуннинг 73, 74 ва 75-моддаларида кўрсатиб ўтилган талабларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилади.

100-модда.

Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари

Сув объектларининг тупроқ эрозияси маҳсулотлари билан булғаниши, ифлосланиши, камайиши ва лойқа чўкишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек қулай сув режимини сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун нормал шарт-шароит яратиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари белгиланади.

Аҳолининг ичимлик, маиший ва даволаш-соғломлаштириш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларни муҳофаза қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари белгиланади.

Сув объектларининг вазифаси, жойлашган ўрни ва техник кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарида хўжалик фаолиятининг махсус режими белгиланади.

Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

101-модда.

Ер ости сувларини муҳофаза қилиш

Ер ости сувлари чиқариш ва ундан фойдаланиш билан шуғулланувчи идоралар сув чиқарилаётган участка ва унга туташ ҳудудларда ер ости сувларига доир режимларга риоя этилишини кузатиб боришлари, шунингдек фойдаланилаётган сувнинг миқдори ва сифатининг ҳисобини юритишлари шарт.

Башарти, фойдали қазилмалар конларини қидириш, уларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бурғилаш ҳамда бошқа кон-қидирув ишлари бажариш чоғида ер ости сувлари бор қатламлар аниқлангани тақдирда, бу ҳақда табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги органларига маълум қилиниши ҳамда белгиланган тартибда ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Башарти, саноат оқинди сувларини оқизиш учун қазиладиган қудуқлар сувли қатламларни ифлослантириш манбаига айланиши мумкин бўлса, бундай қудуқлар қазиш барча ҳолларда ман этилади.

Ўз-ўзидан сув чиқариб, суви фойдаланиш учун яроқсиз бўлган қудуқларга сувни бошқариш ускуналари ўрнатилиши, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйилиши ёки тугатилиши лозим.

Сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграсида қаттиқ ва суюқ чиқиндилар тўплаш, ахлатхоналар барпо этиш, ер ости сувларининг ифлосланиш манбаига айланиш эҳтимоли бўлган саноат, қишлоқ хўжалик объектлари ва бошқа объектлар қурилишига йўл қўйилмайди.

Ер ости сувларини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўриш, шу жумладан қудуқларни кузатиш тармоғини яратиш фаолияти ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи корхоналар томонидан амалга оширилади.

102-модда.

Кичик дарёларни муҳофаза қилиш

Хўжалик фаолияти кичик дарёларнинг ҳолати ва режимига салбий таъсир кўрсатувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда сувни, унинг мусаффолиги ва сифатини сақлаш чора-тадбирларини кўришлари лозим.

Кичик дарёларнинг сувни муҳофаза қилиш минтақалари, бу минтақалардаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг хўжалик фаолияти режими қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

ХХV боб. СУВ ЕТКАЗАДИГАН ЗАРАРЛИ ТАЪСИРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ

103-модда.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича мажбуриятлари

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология ва минерал ресурслар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ҳолда ёки шунга ваколатли давлат органларининг ёзма кўрсатмалари бўйича:

сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг;

соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг;

ерларнинг ботқоқланиши ва шўрланишининг;

тупроқ эрозиясининг, жарлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувлар етказадиган бошқа зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириши шарт.

104-модда.

Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатишга доир энг зарур чораларни амалга ошириш

Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатишга доир энг зарур чораларни амалга ошириш йўллари қонун ҳужжатларида белгилаб берилади.

Маъмурий туман ҳудудида тошқин ва сел бўлганда авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тугатиш ишларини бажаришни туман давлат ҳокимияти органлари ташкил этадилар.

Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш ишларига оператив раҳбарлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти органлари зарур ҳолларда тошқинга қарши кураш комиссиялари ва бошқа комиссиялар тузадилар, бу комиссиялар таркибига тегишли корхона, ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари, шунингдек қишлоқ ва сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари киради.

105-модда.

Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари

Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, зарарли таъсирнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирлари сувдан фойдаланувчилар, сув истеъмолчиларининг маблағлари ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан, республика ва минтақавий дастурлар бўйича эса республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

106-модда.

Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишнинг иқтисодий чора-тадбирлари

Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирлари:

сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари, сув объектларини ифлослантирганлик ва уларга зарарли таъсир этишнинг ўзга турлари учун ҳақ олишни;

сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда, сувни муҳофаза қилиш ва тежашда самарали бўлган фаолиятни амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган солиққа, кредитга оид ва бошқа имтиёзларни;

ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, экологик рағбатлантиришнинг ва бошқача рағбатлантиришнинг самарали чора-тадбирлари тизимини қўллашни назарда тутади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишга қаратилган самарали чора-тадбирларнинг татбиқ этилишини рағбатлантириши ва тақдирлаши мумкин.

ХХVI боб. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ДАВЛАТ ЙЎЛИ БИЛАН ҲИСОБГА ОЛИШ ВА РЕЖАЛАШТИРИШ

107-модда.

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олиш вазифалари

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олишнинг вазифаси ягона сув фондини ташкил этувчи сувларнинг миқдорини ва сифатини, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни белгилашдан иборатдир.

 

108-модда.

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза этишни режалаштириш

Сувдан фойдаланишни режалаштириш биринчи навбатда аҳолининг ичимлик сувга бўлган ва маиший эҳтиёжларини қондиришни, сувнинг сувдан фойдаланувчилар ўртасида илмий асосда тақсимланишини, сувни муҳофаза қилишни ва сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олишни таъминлаши лозим.

Сувдан фойдаланишни режалаштириш чоғида давлат сув кадастридаги маълумотлар, сув хўжалиги баланслари, сувдан комплекс фойдаланиш ва сувни муҳофаза қилиш жадваллари ҳисобга олинади.

109-модда.

Давлат сув кадастри

Давлат сув кадастри сувни миқдор ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш, сувдан фойдаланишни қайд қилиш ва ҳисобга олиш маълумотларини ўз ичига олади.

110-модда.

Сув хўжалиги баланслари

Сувнинг мавжуд миқдорини ва ундан фойдаланиш даражасини баҳолаш учун дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари ҳамда иқтисодий минтақалар бўйича сув хўжалиги баланслари тузилади.

Сув хўжалиги баланслари ушбу Қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган сувлардан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан умумлаштирилади.

111-модда.

Сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш жадваллари

Сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишнинг бош ва ҳавза (ҳудудий) жадваллари аҳолининг ва иқтисодиёт тармоқларининг сувга бўлган истиқболдаги эҳтиёжларини қондириш учун, шунингдек сувни муҳофаза қилиш ва сув етказадиган зарарли таъсирларнинг олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган асосий сув хўжалиги тадбирларини ва бошқа тадбирларни белгилаб беради.

112-модда.

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олиш, давлат сув кадастри юритиш, сув хўжалиги баланслари тузиш ҳамда сувлардан комплекс фойдаланишнинг ва уни муҳофаза қилишнинг жадвалларини ишлаб чиқиш тартиби

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олиш, давлат сув кадастрини юритиш, сув хўжалиги баланслари тузиш ҳамда сувдан комплекс фойдаланишнинг ва уни муҳофаза қилишнинг жадвалларини ишлаб чиқиш ишлари бюджет ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган тартибда бажарилади.

113-модда.

Сув мониторинги

Сув мониторинги, шу жумладан ер ости сувлари мониторинги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, уларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш учун сувларнинг ҳолати устидан олиб бориладиган кузатув тизимидан иборатдир.

Сув мониторингининг тузилиши, мазмуни ва уни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

XXVII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

114-модда.

Давлатнинг сувга бўлган эгалик ҳуқуқини бузадиган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги

Сувдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқага бериш ҳамда давлатнинг сувга эгалик ҳуқуқини ошкора ёки яширин шаклда бузадиган бошқа хил битимлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

115-модда.

Сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

116-модда.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув объектларини қайтариб олиш

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув объектлари улардан қонунсиз фойдаланиш вақтида қилинган харажатлар қопланмаган ҳолда ўз эгасига қайтариб олиб берилади.

XXVIII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗИШ НАТИЖАСИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ

117-модда.

Сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш натижасида етказилган зарарларни ундириш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш натижасида етказилган зарарларни қонун ҳужжатларида белгиланадиган миқдорда ва тартибда қоплашлари шарт.

118-модда.

Зарар етказишда айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимларнинг моддий жавобгарлиги

Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар зарар харажатларини тўлашида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар белгиланган тартибда моддий жавобгар бўладилар.

ХХIХ боб. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР

119-модда.

Халқаро шартномалар

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонунда назарда тутилганларидан ўзга қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ