атмосфера

АТМОСФЕРАДА CО2 ДАРАЖАСИ ЭНГ ЮҚОРИ КЎРСАТКИЧГА ЕТДИ

Атмосферадаги карбонат ангидрид (CО2) гази даражаси 2016 йилда миллионга 403 қисмдан (403 ppm) ошди, бу 800 минг йил учун энг юқори кўрсаткичдир. Шундай маълумотлар Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) томонидан душанба куни Женевада эълон қилинди.

«Ўтган 800 минг йил давомида саноатдан аввалги даврдаги атмосферада CО 2 миқдори 280 ppm’дан кам бўлган бўлса, 2016 йилга келиб жаҳон миқёсида 403,3 ppm’га кўтарилган», — дея таъкидланади ЖМТ’нинг парник газлар тўғрисидаги хабарномасида. 2015 йилга нисбатан ўсиш 3,3 ppm’ни ташкил этди, карбонат ангидрид даражаси саноатдан аввалги даврга нисбатан (1750 йилгача) 145%га етди. Метеорологлар бунда икки омил — инсон фаолияти ва 2015-2016 йилларда тропик минтақаларда қурғоқчиликка сабаб бўлган Эл-Ниньо кучли табиат феномени комбинациясини кўришмоқда.

Ўтган 70 йил ичида атмосферада карбонат ангидрид даражасининг ўсиш суръати сўнгги музлик даври охирига қараганда деярли 100 баробарга кўп бўлди. Бу каби кескин ўзгаришлар олдин ҳеч қачон кузатилмаган, дея таъкидланади хабарномада. Тадқиқотларга кўра, CО2’нинг ҳозирги даражаси билан тенг ҳолат Ерда 3-5 миллион йил аввал мавжуд бўлган: ўшанда сайёрада ҳарорат Цельсий бўйича ўртача 2-3 даражага иссиқроқ, денгиз сатҳи эса 10-20 метрга баландроқ бўлган.

ЖМТ маълумотларига кўра, нафақат карбонад ангидрид, балки бошқа парник газлар даражаси ҳам ҳозирда саноатга қадар даврга нисбатан анча юқори. Хусусан, метан (CH4) даражаси 2016 йилда миллиардга 1853 қисмга (1853 mmb) тенг бўлди, яъни 1750 йилдан аввалги даражадан 226 фоиз. Азот оксиди (N2O) ҳозирда 328,9 mmb даражага эга, ёки саноат давридан аввалги ҳолатдан 128 фоиз.

З.ЯРАШЕВА тайёрлади

лайлак

ТУРКИСТОН ОҚ ЛАЙЛАГИ ТИНЧЛИК РАМЗИ

лайлЛайлаклар – лайлаксимонлар туркумига мансуб анча йирик, оёқлари ва тумшуғи  узун қушлардир.Ўзбекистонда оқ лайлак ва қора лайлак учрайди, улар Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган.

Лайлакларнинг товуш бойламлари мускули бўлмайди, шунинг учун  улар сайрамайди, лекин тумшуқларини бир бирига уриб, тақиллаган товуш чиқаради. Тузилиши жиҳатидан Туркистон оқ лайлаги тумшуқ шаклини ҳисобга олмаса Европа оқ лайлагидан фарқ қилмайди. Туркистон оқ лайлагининг тумшуғи бироз тепага йўналган (қараган) ва каттароқ бўлади. Қанотлари узунлиги 55 – 64 см., ўртача эса 59 см. ни, бўйининг узунлиги 100 – 125 см.ни ташкил этади. Ушбу қуш ўтирган ҳолатида қанотлари туфайли худди танасининг ярми (орқа қисми) қора рангда бўлиб кўринади. Тумшуғи ва оёқлари қизил рангда бўлади. Нар ва модаси ташқи кўринишидан ажралиб турмайди. Танаси оғирлиги 2.2-4.4 кг. ни, қанот қоққанда эса қанотлари узунлиги 120 – 135 см. ни ташкил қилади.

Оқ лайлак ва қора лайлак учиб ўтувчи тур ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудига эрта баҳорда февраль – март ойларида учиб келади. Баҳорги ва кузги учиб ўтиши  — яхши аниқланмаган. Баъзилари Сирдарё бўйларида қишлаши кузатилган.

лайлак1

Оқ лайлак асосан Сирдарёнинг ўрта оқими, Чирчиқ дарёсининг қуйи ва ўрта оқими, Фарғона водийси, Туркистон тоғ этаклари, Сурхондарё вилоятининг жануби (уялаш, қисман қишлаш), Хоразм, Бухоро, Самарқанд, воҳалари (илгари уялаган) уя қуриб, ҳаёт кечиради. Ушбу қушлар қиш мавсумини Ҳиндистонда, кам сонли қисми Шри-Ланкада ҳамда Эроннинг Шарқий қисмида ўтказади.

Яшаш тарзи баланд дарахтларда, электр узатиш тизмаси таянчларида колония бўлиб уялайди. Туркистон оқ лайлаги алоҳида жуфт бўлиб уялайди, бир дарахтда 2-3 жуфт уялаши мумкин.

Туркистон оқ лайлаги апрел-май ойларида уясига 3-5 та тухум қўяди ва 32-34 кун босиб ётади.Тухумларини навбат билан босади: кундузи эркаги, кечаси урғочиси. Тухумларидан чиққан полапонлари июн-июлда уча бошлайди.

Майда балиқлар, қурбақалар, судралиб юрувчилар ва сувда яшовчи умуртқасизлар билан озиқланади.Шунингдек, ҳашаротларни улар нафақат ерда, балки ўз уяларида турган ҳолатда ҳам тутиб истеъмол қилади.

Кузги учиб ўтиш респбликамиздаги кузатувларга кўра август ойининг охири ва сентябр ойининг бошларида бошланади ва асосий қисми октябрь ойи ўрталарида амалга ошади.

Оқ лайлаклар ўртача 20 йил умр кўради. Сўнгги йилларда уларнинг сонини камайиши кузатилаётганини эътиборга олиб муҳофаза чоралари кўриб борилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига хам киритилган. Бунга жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида 2003 йилда чиқарилган почта маркаларида Туркистон оқ лайлаги тасвирланган.

Оқ лайлаклар кўпинча эртакларда, афсоналарда ва қўшиқларда “бахт олиб келувчи қуш” сифатида талқин этилади. Халқимиз оқ лайлакларни тинчлик, осойишталик, фаровонлик рамзи сифатида қадрлашади.

Мустақиллик майдонида барпо этилган эзгулик аркасига ўрнатилган лайлакларнинг ҳайкаллари ҳам юртимиз фаровонлиги, тинчлигининг рамзидир. Аксарият Европа халқлари ҳам бу қушни бахт қуши, тинчлик рамзи сифатида қадрлашади. Қадимда агар оқ лайлак уйларнинг томига уя қурса бу уйдан йил бўйи тинчлик аримайди, тўкин сочинлик бўлади деб ҳисоблашган. Агар бирор қишлоқ ҳудудида кўплаб лайлаклар уя қуриб, ҳаёт кечирса, шу ҳудудда тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик бўлади деб ҳисоблашган.

С Абдуллаев,

 Ўзбекистон Давлат табиат музейи

Илмий-маърифий бўлим

 бошлиғи

Ш. Джалилова,  илмий ходими

 

Ўтириш – соғлиққа зарар

утириш

Сўнгги пайтда кишилар кўп вақтини ўтирган ҳолда, кунини ортиқча жисмоний ҳаракатларсиз ўтказишга одатланиб қолди. Бунга аввало, замонавий офис иш тартиби ҳамда иш столида ишлашнинг бир неча қулайликлари сабаб бўлаётган бўлса, технологик инқилоблар «ўтириш» жараёнини тезлаштириб юборди. Негаки, ходим эндиликда почтага чопиб чиқиши, мурожаатлар бўйича узоқ йўл юриши шарт эмас, ҳаттоки, тушликни ҳам иш жойига буюртма қилиш мумкин. Бунинг учун биргина компьютер сичқончасининг ҳаракати етарли.

Бир неча йиллар давомида таъкидлаб келинганидек, узоқ вақт ўтириб ишлаш соғлиқ учун зиён, демоқчи эмасмиз, балки у ўта хавфли жараёнга айланиб улгурди. Бир гуруҳ немис олимларининг тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатадики, кун давомидаги ҳаракатсизлик юрак касалликлари, диабет, ўсимта дардини пайдо қилишидан ташқари, инсон ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Бу хулоса спорт билан шуғулланиб келган «​ўтирувчи»​га ҳам тегишли эканини унутмаслик лозим. Шунинг учун, замонавий қараш билан айтсак, ҳаракатсизлик ёки ўтириш — замонавий чекиш тури.

Бу ўринда кишининг соғлиғига путур етиши неча соат ўтириб ишлаганига эмас, балки танаффуслар чоғида ҳаракатланиши, қадам ташлаб, машқлар бажаришига боғлиқ. Келиб чиқиши Жанубий Америкадан бўлган 12 минг нафар 40 ёш атрофидаги эркак ва аёл қатнашган кузатувлар чоғида бу масалага янада ойдинлик киритилди. Хулоса юқоридаги назарияни исботлаб бера олди.

Нью-Йоркдаги Колумбия Университети ходими Кейт Диазнинг Circulation махсус журналига айтишича, бир суткада 10 соатга яқин ҳаракатсиз, ўриндиқда ўтириб ишлаган ходим, агар у ҳар 30 дақиқада танаффус олмаса, организмида инсулин гармонига жавоб бериш сусаяди. Халқчил қилиб айтганда, ўтирган сари қон таркиби қандга бойиб боради. Қанд касаллигини келтириб чиқараётган узоқ вақт ҳаракатсиз ўтириш ва глюкоза метаболизмининг бузилишини ҳеч қандай спорт, уйқу, тўғри овқатланиш ҳам «​тўғрилаб»​​ кета олмайди.

Мунтазам офисда ишлайдиган ходимлар бундай хавфдан қандай қутулиши мумкин? Ремшейд кардиологи, шифокор Герберт Лёлльгеннинг айтишича, маслаҳат ўша-ўша, ўзгармайди: 30 дақиқадан ошмай, танаффус қилиш ва ҳаракатланиш керак.

Масалан, офисда ҳаракатланишни кўпайтириш учун сунъий равишда принтерни битта ўрнатиш, ичимлик, совуткични бурчакка қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Иш кунида майда харидлар учун чиқиб-келиш ҳам фойдали. Айрим немис шифокорлари эса дори-дармон ўрнига беморга ҳаракатланиш зарурлиги қайд этилган йўриқнома ёзиб бериши одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Жасур  ТОЖИБОЕВ тайёрлади

ок жираф

КЕНИЯДА ОҚ ЖИРАФАЛАР ТОПИЛДИ

Кениянинг Гарисса округида “Ишакбини” қўриқхонасининг  ходимлари  оппоқ рангдаги ноёб жирафаларни суратга туширишга муваффақ бўлишди. Жирафаларнинг бири катта ёшдаги бўлиб, иккинчиси эса унинг боласи эди.  Мазкур топилма ҳақида маҳаллиф аҳоли қўриқхона ходимларига хабар беришган.

ок жирафа

Бугунги кунга қадар оқ жирафалар ҳақидаги маълумотлар атиги уч маротабагина қайд этилган. Жирафалар   Африка саванналарида  истиқомат қилишади.  Қадимда жирафалар Нил дарёси  бўйларида истиқомат қилган бўлса, 19 асрда ушбу жониворлар хаттоки Сахрои Кабирнинг жанубида ҳам яшашган. Аммо  ов қилиниши натижасида фақатгина Африканинг марказий ва жанубий қисмида қолган.

Н.Қосимова

 

e: AR-SA’>Гулсара МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

левозибрина

УРГУТ ЛЕВОЗЕБРИНАСИ

Ургут левозебринаси булиминидлар оиласига мансуб бўлиб,заиф, табиатан камёб, локал тарқалган эндемик тур саналади.

Мазкур жонзот Ургут қишлоғи атрофидаги Зарафшон тизмасида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Афғонистонда учраши маълум. Тоғларнинг денгиз сатҳидан 900-1500 м баландликда буталар билан қопланган майда тошли ёнбағирларида  яшайди. Сони кам топилмалар орқали маълум. Яшаш тарзи кам ўрганилган. 1,5-2 йилгача яшайди. Тухум қўяди.

Дарахт ва буталарнинг қирқилиши натижасида яшаш жойларининг йўқ қилиниши, яйловдан чорвачиликда ҳаддан ташқари фойдаланиш Ургут левозебринасининг камайиб кетишига олиб келган. Улар махсус кўпайтирилмаган.

Яшаш тарзини ўрганиш ва яшаш жойларини муҳофаза қилиш лозим.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

Сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади

сугориш

23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Сув ҳавзалари инструментларини ишлаб чиқиш салоҳиятини институционал мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташкил этилган ушбу анжуманга молиявий кўмак Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан таъминланган бўлса, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (РЭЦЦА) экспертлик ёрдамини берди. 

Семинарнинг очилишида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан Мамутовнинг фикрига кўра республикада йилига ўртача 51 млрд. м3 сув истеъмол қилинади. Бундан 90 фоизи қишлоқ хўжалиги йўналишидаги, 4 фоизи эса коммунал мақсадлардаги истеъмол ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг сони йилдан йилга ортиб бораётганлиги сабабли, сув ресурсларини тежаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларини интеграллашган бошқариш услубида эса сув ресурсларидан фойдаланишга айнан рационал ва самарали ёндашувлар аниқланади.

- 1991 йили Ўзбекистон аҳолиси 21 млн. кишини ташкил этган. Айни даврда йилига 63-64 млрд. м3 сув истеъмол қилинган, дейди РЭЦЦА эксперти Воҳиджон Ахмаджоно. -Жон бошига олганда, ушбу кўрсаткич тахминан 3000 м3га тўғри келади. Ўтган давр мобайнида мамлакат аҳолиси сони сезиларли даражада ошган ва ҳозирда сув истеъмоли йилига ўртача 51 млрд. м3 га тенг келади. Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, жон бошига сув истеъмоли икки баробар пасайиб кетган.  Семинар давомида иштирокчилар сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва ҳимоя қилиш тизими (СРКФҲҚТ)ни муҳокама қиладилар ҳамда РЭЦЦА концепциясининг Ўзбекистондаги қонунчилик амалиётлари билан солиштирма

Н.ҚОСИМОВА

 

сутли

УЧТИШЛИ СУТЛАМА

Учтишли сутлама жуда камёб, эндемик тур бўлиб, Ўзбекистоннинг жанубида ўсади. Унинг бўйи 6-15 см бўлиб, туксиз, кўк-яшил рангли, бир йиллик ўтдир. Пояси қисқа, асосан шохланган. Поядаги барглари бандсиз, текис қиррали, пастки 2 жуфт барглари қарама-қарши, қолганлари навбат билан жойлашган. Узунлиги 4,5-5 мм. Гулолди барглари қарама-қарши жойлашган, қалами, узунлиги 10-15 мм, эни 1,5-4 мм, учта томирли. Тўпгули айри бўлиб шохланган, тарвақайлаган. Кўсакчасининг узунлиги 3-3,5 мм, эни 2-2,5 мм. Уруғи чўзиқ, олти қиррали, узунлиги 1,5-2 мм, оқиш ёки кулранг.Апрель ойларида гуллаб, май-июнда меваси етилади.

Сутламадошлар оиласининг мазкур вакили Сурхондарё вилоятининг Сурхон-Шеробод водийсида тарқалган бўлиб, гипсли ва шўр тупроқли ёнбағирларда ўсади. Ўсимлик уруғидан кўпаяди. Учтишли сутламанинг сонини сақлаб қолиш учун махсус муҳофаза чоралари ишлаб чиқилмаган.

 

phpjtNOuV

ЕРНИНГ ҲИМОЯ ПАРДАСИ МУСТАҲКАММИ?

Ер юзининг ҳимоя қобиғи ҳисобланган озон қатламининг емирилиши бутун дунё мамлакатларини ва шу билан бир қаторда, Ўзбекистонни ҳам хавотирга солиб, долзарб муаммога айланиб бормоқда. Ушбу муаммонинг ечимини топиш ва сайёрамиз табиатини муҳофаза қилиш Ердаги ҳаёт учун Озон қатламини ҳимоя қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасида Вазирлар Маҳкамасининг “Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Энг кўп озон стратосферада тўпланиб, у Озон қатлами деб аталади. Стратосферада ҳаво умумий зичлигининг пасайиши натижасида ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади, озон концентрациясини ошиб бориши кузатилади. Ҳаво қатлами яхши исийди, чунки нурлари таъсирида бўлаётган озон парчаланиши иссиқлик чиқиши билан бирга кечади.Натижада Ер юзида ҳаётни ҳимоя қилиш учун энг асосий жараён юз беради, ўткир ультрабинафша нурларининг бир қисми ютилади.Агар Қуёш нурлари ерга буткул тушса у ҳолда ҳайвонлар ва ўсимликлар гўёки улкан товада қовурилгандек қовжираб кетади.бизга ультрабинафша нурларининг бир қисмидан камроғи Ҳам етади, акс ҳолда организмга куйиш, тери саратони, кўриш нурини пасайиши, масалан, кўз касалликларидан катарактанинг авж олишига сабаб бўлади. Озон қатлами асосан атмосферанинг Ердан таҳминан 15 дан 50 кмгача масофада бўлган қуйи қисмидан ўрин олган. Озон қатламидаги озон моддаси (О3 ), азот оксиди ( NO), гидроксил ( ОН), атомли хлор ( СI ) ва бром (Br) каби эркин радикал катализаторлар билан парчалиниши мумкин.Инсоният узоқ йиллар мобайнида музлатгич қурилмалари, ҳаво совутгичлари, ўт ўчириш қуроллари, пеноматериаллар, аэрозолларни ишлаб чиқариб ва улардан кенг миқёсда фойдаланиб келмоқда. Бундан ташқари, одамлар тиббиёт ускуналарини стериллаш ва қишлоқ хўжалигида дезинфекция тадбирларида, нефтни қайта ишлаш заводларида катализатор сифатида, эритгичларда, ёғсизлантириш қўлланмаларида, реактив двигателларда ва яна бошқа кўпгина соҳаларда озон емирувчи моддалар қўлламоқдалар. Натижада хлор ва бром каби озон емирувчи моддалар концентрацияси ортиб бормоқда.БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Дастури асосида 1985 йилда Озон қатламини муҳофаза қилиш Вена конвенцияси ва 1987 йил 16 сентябрда 24 та мамлакатдан йиғилган гуруҳ раҳбарлари озонни емирувчи моддалар бўйича Монреаль шаҳрида баённомани имзоладилар. Бугунги кунга келиб ушбу Монреаль баённомаси 198 та мамлакат томонидан ратификация қилинди ва ушбу давлатлар баённома рўйхатига киритилган 100 га яқин озонни емирувчи моддаларни ишлатишни белгиланган тартибда камайтириб бориш мажбуриятини олдилар.
Шунга қарамай, Ер юзининг ўрта кенгликларида озон қатлами тахминан 3-6 фоизга камайганлигини тасдиқловчи аниқ илмий-амлий далиллар бор. Озон қатламининг емирилиши натижасида Ерга етиб келадиган Б ультрабинафша нурлари (УФ-Б) кўпайиб, ўз ўрнида тери саратони, иммунитет тизими кучсизланиши ва пардали катаракта, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига сезиларли даражадаги жароҳатларни келтириб чиқаради.
Хусусан, фотосинтез жараёнининг кучсизланиши оқибатида ўсимликларда ҳосилдорлик пасаяди, палнктон ва фитопланктон сингари денгиз турлари хилма-хиллигининг кескин қисқариши каби саломатлик ва экологик муаммоларнинг вужудга келишига олиб келади.
Ортиқча исиш хавфи мавжуд бўлган мамлакатлар сирасига Хитой, Япония, Ҳиндистон ва тропик мамлакатлар киради.Бу каби мамлакатларда ҳаёт кечирувчи инсонлар Озон қатлами сийраклашуви натижасида кучайиб бораётган офтоб нуридан сақланишлари учун: қуёшнинг тик нурларидан ҳимоя қилувчи махсус бош кийим кийиб юриши, кўзни ҳимоя қилувчи махсус кўзойнак тақиб юришлари лозим. Озон қатлами азот оксиди, гидрооксил, атомли хлор ва бром каби эркин радикал катализаторлар билан парчаланиши мумкин. Аэрозоллар, дезодорантлар, инсектицидлар ва бошқа маҳсулотларда ишлатиладиган, таркибида хлор-фтор-углерод мавжуд бирикмалар, бромли метил мазкур қатламга салбий таъсир кўрсатади. Лекин озонга ўт ўчиришда қўлланиладиган таркибида углерод ва галогенлар (фтор, бром, баъзиларида хлор) бўлган кимёвий бирикмалар энг кўп зарар етказади.
Ишлаб чиқаришнинг ривожланиши асосан техника ва технологиялар билан боғлиқ. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ишлаб чиқариш жараёнида, шунингдек, таркибида ОЕМлар бўлган техникалар, буюмлардан оқилона фойдаланмаслик табиатга, жумладан, озон қатламига кучли салбий таъсир кўрсатади. Масалан, айрим маҳсулотлар, жумладан, совутгичлар ва сунъий иқлим ҳосил қилиш тизимларида фойдаланиладиган хлор¬фторуглеводород (ХФУ)лар «бошланғич галоген газ» кўринишида атмосферага кўтарилиб, стартосферага етиб боргач, парчаланиб, ўзидан озонни емирадиган хлорли атомлар ажратади. Муҳофаза қатламининг юпқалашиши ёки унда «тешик»лар пайдо бўлиши оқибатида қуёшдан тараладиган ультрабинафша нурлар оқими кўпайиб, тери саратони, иммунотизим кучсизланиши, парда катаракти касалликларига, фотосинтез сустлаши натижасида эса ўсимликлар ҳосилдорлиги пасайишига олиб келади
Вена Конвенциясига қўшилган ва Монреаль Баённомасини маъқуллаган мамлакатимизда озон қатлами емирилиши олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Мана ўн икки йилдирки, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш Бош бошқармасида Озонни Емирувчи Моддаларни алмаштиришни бошқариш офиси фаолият кўрсатиб келмоқда. ОЕМдан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Миллий дастур ва бошқа экологик лойиҳаларни амалга ошириш борасида унинг зиммасига катта масъулият юкланган.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда маиший техникалар (масалан, совутгичлар) ва қатор маҳсулотларни ишлаб чиқаришда озон қатламини емирувчи моддалар ўрнига улар ўрнини босувчи бирикмаларни қўлланиш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда импорт қилинадиган буюм ва техникаларда ана шу меъёрларга риоя этилгани жиддий назоратда турибди.
Борлиққа салбий таъсир кўрсатадиган омилларни англаш кишиларда уларга ўз имконияти даражасида қарши курашни эҳтиёжга айлантиради.  Бу эса экологик маданиятга боғлиқ.

Н.Қосимова

жоме масжид

ЕТТИ ПИР ЗИЁРАТИ

 

накшбанд

Қадим Бухоро шаҳрига келган киши ушбу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар қабрини зиёрат қилиши мақсадга мувофиқ. Неча замонлардан буён бу анъана давом этиб келмоқда. Бунинг учун Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан) ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий (Когон) қабрлари жойлашган масканлар кетма-кетликда зиёрат қилинади.

Гиждувоний

Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратлари 1103 йили Ғиждувонда туғилиб, 1179 йилда вафот этган. Хожагон тариқатининг асосчиси ҳазрат Абдуҳолиқ авлиёларнинг султони ва бошқа номлар билан шарафланган. Хизр алайҳиссалом, Юсуф Ҳамадоний, Имом Садриддин, Ниёз Хоразмидан таълим олган. Ғиждувонийнинг оталари ҳазрат Имом Абдулжамил асли румлик бўлиб, Имом Молик (713-795) авлодларидан. Манбаларда келтирилишича, Ғиждувоний ҳазрати Нақшбандийнинг иккинчи маънавий устози бўлиб, Хожагон тариқатига асос солган. Айни шу тариқат Нақшбандий томонидан такомиллаштирилиб, унинг номи билан Нақшбандия номи билан атала бошлаган. Барчамизга маълум “Даст бакор, дил баёр!”(“Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин!”) шиори ҳам биринчи марта Абдуҳолиқ Ғиждувоний томонидан айтилган.

Абдуҳолиқ Ғиждувонийнинг “Рисолаи Сохибия”, “Рисолаи тариқат”, “Васиятнома”, “Маслак ал орифин”, “Мақсад ас-соликин”, “Аз суфар Хожа Аҳмад Абдуҳалил Ғиждувоний”, “Мақомат Хожа Юсуф Хомадоний” каби асарларида илму одоб, инсон ва унинг жамиятдаги ўрни, дин ва дунёвий муносабатлар тўғрисида фикр юритилган.

Зиёратни ўз одоб-қоидалари бор. Улар ҳақида ҳар бир зиёратгоҳда махсус пешлавҳа тайёрланиб, ёзиб қўйилган. Баҳоли қудрат амал қилган ҳолда зиёратни якунлаб, иккинчи манзил – Шофиркон туманига йўл олдим. Ғиждувоний зиёратгоҳи ёнидан ўтган тўғри йўл билан кетилса, Шофиркон шаҳрига яқинроқ чиқилар экан. Йўл текис, икки чети қуюқ тутзор (ҳар йили шохлари кесиб олинадиган). 16-18 километрлар чамаси юрилганидан сўнг йўлнинг ўнг томонида яна бир зиёратгоҳ борлиги ҳақида кўрсаткич  чиқади.

самосий

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳазратлари улуғ авлиё, илм, ҳилм, тақво, риёзат ва ибодат аҳлидан. Хожа Ориф Моҳитобон номи билан машҳур. Шофирконнинг Ревгар қишлоғи таваллуд топган. Умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланган. Хожа Ориф Ревгарий 100 йил ҳаёт кечирган. Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган.

Барча зиёратгоҳ мажмуалари яқин икки-уч йил ичида обод қилинган бўлиб, мақбара, масжид, таҳоратхона, салқин айвонлар, қулай ўриндиқлар ва бошқалар қурилган. Барчасида қудуқ суви учун махсус жўмракли иншоотлар барпо этилган.

Махмуд анжар

Учинчи зиёратгоҳ Вобкент туманида, шаҳарга етмасдан ўнг томонга кириб кетган йўлда жойлашган. Бу масканда Хожа Ориф Ревгарийнинг шогирди, улуғ авлиёлардан бўлмиш Маҳмуд Анжир Фағнавий қўним топган. Силсилаи олиянинг ўн биринчиси, Бухоронинг Фағна қишлоғида таваллуд топган, 1315 йилда вафот этган. Меъморчилик билан шуғулланган.

сайид амир кулол

Навбатдаги икки авлиёнинг қабри Ромитан туманида жойлашган.Вобкентдан Янгибозор, Ибн Сино туғилган Афшона қишлоғи ва Роминат шаҳри орқали Бухоро-Газли йўлига чиқиб, уни кесиб ўтилса, тўғрида Хожа Али Ромитаний ҳамда Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳларига элтадиган йўл чиқади. Ичкагира бир километрча юрилганидан сўнг айлана йўлдан тўғрига 300 метрлар юрилса, ўнг томонда дастлабки зиёратгоҳ дарвозаси  келади. Хожа Али Ромитаний 1191 йили Ромитан туманидаги Қўрғон қишлоғида таваллуд топган. Хожагон-нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, аллома, кароматпеша, юксак маънавий мақом соҳиби, қутби замон Хожа Али Ромитаний тасаввуф таълимотини ҳаётга яқинлаштириш ва тарбия воситасига айлантиришга улкан ҳисса қўшган. Мато тўқиш касби билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат билан кун кечирган ва тўқувчиларнинг пири ҳисобланган. Тариқатдаги устози Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўлса, Муҳаммад Бобойи Самосийга устозлик қилган. Халқ ва тасаввуф аҳли орасида Хожаи Азизон ва Ҳазрати Азизон номлари билан машҳур бўлган. Румий, Жомий ва Навоий асарларида бу зот ҳақида маълумотлар келтирилган. 1321 йилда вафот этгани айтилади (130 ёш).

накшбанд1

Хожа Али Ромитаний зиёратидан чиққандан сўнг озгина ортга қайтиб, айлана йўлдан чапга бурилиб, 5 чақирим босиб ўтилганида эса иккинчи манзил мунтазир кутади.

Муҳаммад Бобойи Самосий хожагон – нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, соҳибкаромат валиюллоҳ. 1259 йилда Ромитан туманидаги Самос қишлоғида таваллуд топган, боғбончилик билан тирикчилик қилган, деҳқонларнинг пири бўлган. Саййид Амир Кулол ҳазратларининг устози ҳисобланади. Халқ орасида Шамси Ҳақ, Ҳазрати Бобо номи билан машҳур. Муҳаммад Боқир (“Мақоми Шоҳи Нақшбанд”), Мавлоно Шаҳобиддин (“Мақомоти Саййид Амир Кулол”), Абдураҳмон Жомий (“Нафоҳатул унс”), Алишер Навоий (“Насойим ул муҳаббат”), Носириддин Тўра (“Туҳфат аз зоирин”) асарларида у киши ҳақида маълумотлар келтирилган.

Хожи Мухаммад ориф

Кейинги куни дастлаб Бухорои Шарифнинг хожагон-нақшбандия тариқати машҳур 7 пирининг олтинчиси Саййид Амир Кулол зиёратгоҳига борилади. Саййид Амир Кулол 1287 йилда Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топган. Бу зот кўплаб авлиёларни тарбиялаган бўлиб, уларнинг 100 нафари пирлик даражасига етишган.  Зиёрат хаёлида суратга олишни ёддан кўтарибман. Саййид Амир Кулол зиёратидан сўнг охирги манзил – Хожа Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига йўл олинади. Таомилга кўра, бу зот зиёратига келганлар дастлаб оналарининг қабрига бориш керак.

баховиддин накшбанд

Шундан сўнг ҳазрати Баҳовуддин Нақшбандий зиёратига йўл олинади. Нақшбандий зиёратгоҳи аввалгиларидан анча обод, анчагина гавжум. Мажмуанинг жами майдони 20 гектардан ошади. Бу ерда зиёратчилар, намозхонлар учун қулай шароитлар яратилган, ҳам зиёрат қилиб қалбингиз таскин топади, ҳам томоша қилиб кўзингиз қувнайди. Аммо бутун зиёрат мобайнида бир нарса кўнглимни хира қилиб, бош кўтариб юришимга халал берди. Ҳа, эски, оғриқли масала: кўпчилик аёлларнинг зиёрат одобига риоя қилмаслиги. Қандай буюк зотлар қаршисига қандай мақсад, орзу-ниятларда келишаяптию, қандай кийинишган? Афсус, афсус.

Етти пир зиёратига икки кунни бағишладим. Мазмунли сайр ва зиёрат қалбимни нурга тулдиргандек бўлди.

Санжар САЙИД.

ХАЛҚАРО ДEНГИЗ КУНИ (СEНТЯБРЬ ОЙИНИНГ ОХИРГИ ҲАФТАСИ)

Халқаро денгиз куни (Wорлд Маритиме Дай) Халқаро денгиз ташкилоти (ИМО) томонидан таъсис этилган бўлиб, 1978 йилдан нишонлана бошланган ҳамда БМТнинг халқаро кунлар тизимига киритилган. Халқаро денгиз кунида денгиз орқали ташиладиган юкларнинг экологик хавфсизлиги ҳамда биоресурсларни сақлаш муаммоларига эътибор қаратилади. Халқаро денгиз куни 1980 йилга қадар 17 март санасида нишонланган, кейинчалик сентябрь ойига кўчирилган. Ҳар бир давлат мазкур санани сентабр ойининг охирги ҳафтасидаги қулай кунга белгилайди. Денгиз куни анъанавий тарзда болалар боғчалари, мактаблар, кутубхоналарда танловлар ташкил этиш йўли билан нишонланади. Шунингдек, болаларга сувости бойликлари ҳақида ма’лумотлар берилади, денгиз ва океанларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тушунтирилади. Байрамни муносиб нишонлаш учун денгиз атрофи турли чиқиндилардан тозаланади, денгиз ва унинг бойликларини асраш мақсадида тадбирлар уюштирилади.

Н.ҚОСИМОВА