Осмоннинг оқ пардаси

16 сентябрь—Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни

o3

Болалигимда борлиқҳадсиз осмон чексиздай туюларди. Бағрига болалигимни яширган чўлнинг осмони тиниқ кўк, келинчакнинг мовий шоҳи рўмолидай кўркам бўларди. Даштнинг кенг далаларида баҳор кезлари самога тикилишни, ўркач-ўркач булутларни соатлаб кузатишни яхши кўрардим. Онам табиатан камгап, серфикр, сермулоҳаза, оқила аёл эди. Менинг осмон ҳақидаги қизиқишларим, болаларча ўй-хаёлларимни эшитиб, «осмоннинг оқ шоҳиси», «осмоннинг оқ пардаси» ҳақида ҳикоятлар айтиб берарди. Жаннати онам бу ҳикояни ўзи тўқиганми ёки бировдан эшитганми, билмайман.

Унинг матал қилишича, қадимда бир онанинг тўққиз ўғли бир қизи бўлган экан. Ўғиллар улғайиб отасидан қолган мол-мулк, ўрмонни, сувни бўлиб олишибди. Қобил ўғиллар юртини боғу бўстон қилибди, фақат бир нодони ўрмонга эга чиқиб, дарахтларни кесиб, ёғоч қилиб сотибди. Ногаҳон нодон ўғил ёққан гулхандан ўрмон ёниб, осмонни тутун қоплаб, тунда ой, юлдузлар кўринмай қолибди. Ёлғиз қизи Ойдиной даштга чиқиб, яратгандан оловни ўчиришини сўрабди. Шунда шаррос ёмғир қуйиб, ўрмонда яна ниҳоллар, дала-даштда кўклик униб чиқибди. Ва чақмоқдан овоз келибди «Осмон билан ер орасидаги пардани олов тешибди…» Ойдин қиз шоша-пиша севгилиси тортиққилган оқ рўмолини шамолга учирибди. Шу-шу қизнинг рўмоли осмоннинг оқ пардасига айланибди.

Онам айтган ўша жўнгина эртак, “осмоннинг оқ пардаси” ҳақида ҳали-ҳануз ўйлаб юраман. Рости, онам менга осмонни англатганми, осмон онамни эслатадими, англай олмайман…

Англаган ҳақиқатим, осмоннинг оқ пардаси, бугун ўйласам, одамзоднинг тириклик тиргаги, онамнинг жайдари қилиб айтгани озон қатлами экан-да…

Онам айтган чақмоқ, чақнаб яна борлиқ кўк тусга киргани мени кўп ўйлантиради. Ривоятларда ҳақиқат борми? Фанга маълумки, озон момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чаққанда, ултрабинафша нурларнинг кислородга таъсири оқибатида ҳосил бўлади.

Сайёрамизнинг ҳаво қобиғидаги кислород ҳавосидан доимий равишда озон пайдо бўлиб туради. Атмосферанинг юқори қатламлари ердан 20-40 километр баландликда озон ҳосил бўладиган табиий макон ҳисобланади. Ернинг стратосфера қисмида озон энг кўп тўпланади ва озон қатламини ташкил қилади. Олимларнинг таъкидлашича, атмосферада мавжуд бўлган озон миқдори уч миллиард тоннадан иборат бўлиб, у ҳавонинг миллиондан уч фоизини ташкил этар экан.

Афсуски, инсоният ўтган асрда осмонни саноат чиқиндилари, ис гази билан ифлослантирди. Бензин билан ишлайдиган автомобиллардан чиққан газлар, завод ва фабрикалардан ҳавога «ташланган» тутунлар… Оқибатда осмонимизнинг “оқ пардаси” йиртилди, туйнуклар ҳосил бўлди. Натижада ер юзидаги ҳаётни қуёш нуридан «паналаб» турувчи озон туйнукларидан офтобнинг ўткир ултрабинафша нурлари тикка ерга туша бошлади.

Қадимшунос олимларнинг ёзишича, ҳаёт даставвал Дунё океани сувларида кислородсиз муҳитда пайдо бўлган экан. Ер атмосферасини ёриб ўтган ўткир ултрабинафша нурлар узоқ давр мобайнида, тахминан, икки миллион йил давомида, қуруқликда ҳаёт ривожланишига йўл бермаган. Озон тахминан 620 миллион йил аввал пайдо бўлган, деб айтилади. Биз биламизки, борлиқда (ер билан само оралиғида) озон қатлами вужудга келгач, инсоният дунёга келган.

Бугунга келиб ўз томига ўзи «тош» отган одамзод бунинг олдини олиш учун қайғуряпти. Чунки ҳозирда экологик вазият анча мураккаблашиб боряпти. Аҳамият берган бўлсангиз, бугун дунёда одамлар қуёш нурларидан кўзининг тўр пардаси хиралашиши, ултрабинафша нурларнинг тана терисига салбий таъсири — сўгал ва ўсмалар пайдо бўлиши, қон-томирларга таъсир қилиши, иммунитет пасайиши каби хасталиклардан азият чека бошлади.

«Озон туйнуги» — озон қатламининг тешилишига экологларнинг таъкидлашича, вулқонларнинг отилиши ҳам жиддий сабаб бўлаяпти. Чунки вулқон отилганда таркибида олтингугурт бирикмалари бўлган газлар ҳавога тарқалади. Олтингугурт ҳаводаги бошқа газлар билан аралашади ва озон қатламини емирувчи сулфатларни ҳосил қилади.

Ёдга олинг-а, 1991 йили Пинатубо вулқони отилиши ҳавода сулфатларнинг кескин ошишига олиб келганди. Афсуски, кейинги ярим асрда авиация, космик ракеталар ҳам озон қатламига салбий таъсир эта бошлади. Товушдан тез учадиган самолётдан азот оксиди отилиб чиқади ва стратосфера озонига таъсир этади. Олимлар 1994 йилнинг 17 октябрида Антарктида устида пайдо бўлган»озон туйнуги»ни тасвирга туширган эди.

Сайёрамизда энг катта «осмон туйнуги» Ернинг жанубий ва шимолий қутбларида қайд этилган. 1957 йилдан бошлаб мутахассислар шу тешикни Халли қўлтиғи, Антарктика, Британия антарктик станциясида кузатдилар. Олимлар сўнгги пайтларда озон туйнуги сайёрамизнинг жанубий ярим шарида ҳам шакллана бошлайди, дея талқин этаяптилар.

Дунё экологлари Арктика устида ҳам «озон туйнуги»нинг ҳосил бўлганини аниқладилар. Уларнинг илмий тадқиқотлари Арктикада қиш мавсумининг охири ва эрта баҳорда стратосферада озон ҳажмининг 10-15 фоизи йўқолиб бораётганини кўрсатяпти. Афсуски озон фақат қутб минтақасидагина камайди, деб бўлмайди. Маълум бўлишича, сайёрамизнинг шимолий ярим шари устида охирги 30 йил ичида озон концентрацияси 3-5 фоизга пасайган. Шунингдек, Ернинг жанубий ярим шарида озон қатламининг сийраклашиши экватор зонасида ҳам кузатилган. Илмий ҳисоб-китобларга қараганда ер юзида ёнган маҳсулотларнинг атмосферага ташланиши оқибатида 1500 тоннадан ортиқ озон йўқолишига олиб келади.

Ўтган асрнинг 30-йилларидан турмушимизга совутгич ускуналар кириб кела бошлаган эди. Совутгич таркибидаги фреонлар озон қатламини емирувчи моддалар сирасига киради, яъни совутгичлар ҳам осмонимизни “тешиш”га ҳисса қўшди.

Маълумки, Монреал Протономи қабул қилингач, унда қатнашувчи мамлакатлар совутгичлар ишлаб чиқаришда озонни емирувчи фреонлардан воз кечиш йўлини танладилар. Ривожланган мамлакатлар электр энергиясини тежайдиган совутгичларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Жумладан, бизнинг республикамиз ҳам.

Осмоннинг оқ пардаси одамзоднинг ҳаётини муҳофазалайдиган неъматдир. Чунки озон қатлами қуёшдан келаётган инфрақизил нурларнинг бир қисмини ютиб, тириклик учун керакли миқдордаги қулай ҳароратни сақлаб туради.

Бир қарашда “озон туйнук”лари дунёда бугун рўй бераётган терроризм, хунрезликлар, табиий офатлар, дарёларга узоқни ўйламай, ўзбошимчалик билан тўғон солишлар олдида “бироз юмшоқ” ҳодисадай туюлиши мумкин. Аммо…

Сўнгги вақтларда жаҳон тиббиёти “одамда иммун танқисликнинг олдини олиш” керак, дея жар соляпти. “Озон туйнук”лари эса тирик мавжудотларда иммунитет пасайишига ва унинг танқислигига олиб келишини олимлар таъкидламоқда. Шуниси қизиқки, инсон ўз соғлиги илдизига ўзи “болта” уриб ҳосил қилган “озон емирилиши”га лоқайдгина муносабатда бўлади. Ортиқча ултрабинафша нурланиш минтақасида жойлашган худудларда, айниқса, ёз фаслида нурланишнинг салбий таъсири кучаяди. Ваҳоланки, ўткир қуёш нурлари кўз гавҳарини хиралаштиради, катаракта хасталигини келтириб чиқаради.

Озон қатламининг емирилиши терисига, ДНК тузилишига салбий таъсир этади, турли тери хасталикларини келтириб чиқаради. Агар ҳавода мавжуд озон қатлами 10 фоизга камайса, ушбу касалланиш кўрсаткичи 26 фоизга ортади.

Дунё олимлари “озон туйнук”ларидан сақланишнинг чора-тадбирларини яратишяпти. Бу борада жуда кўп ишлар қилиняпти. Аммо одамзод ўз соғлиги устида ўзи қайғурибгина қолмай, уни бартараф этишга озми-кўпми ҳиссасини қўшиш устида ҳам қайғурса… фойдадан ҳоли бўлмайди-да.

Одатда, биз экологик муаммоларнинг сабабини узоқдан ахтарамиз. Ҳаво атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сувнинг буғланишига олиб келадиган ҳодисаларни кўриб, бундай ҳолатга лоқайдмиз. Баъзан биз шаҳарликлар маиший чиқиндилар орасига истеъмолга яроқсиз бўлиб қолган лампочкаларни қўшиб ташлаб юбораверамиз. Ваҳоланки, лампочкалар синганда атроф-муҳит, ҳавони заҳарлашини, озон қатламини емирадиган газларга айланишини билсак-да, барибир ташлайверамиз.

Мана, баҳор фасли эшик қоқиб турибди. Ҳадемай кунлар исиб, аҳоли яшаш жойлари, мактаб, боғча, ташкилот, идора, жамоат жойларида ободончилик ишлари саранжомлай бошланади, маиший чиқинди, шох-шабба, баргларини тўплаб орасталик ўрнатилади. Баъзилар, айниқса, хонадонларидан чиққан япроқларни ёқиб юборадилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир тонна хазон ёнганда атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ташланади. Ёки битум ёқилганда ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқаради.

Қишлоққа борганимда кўп кузатганман. Одамлар ёз ойларида пана-пастқам, паст-баланд жойларда қовжираб қолган ўт-ўланни, ҳосилдан бўшаган майдонлардаги пояларни ёқиб юборишади. Сўрасангиз: “Ким билади, одамлар айтади-ки, ёқилса ер ости ва устидаги ҳашаротлар йўқолиб, янаги йили ҳосил мўл бўлармиш…”, дейишади мужмал қилиб.

Аслида-чи, ҳисоб-китобларга қараганда, 1 гектар майдонда дон пояси ёки бошқа чиқинди ёнганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди (СО) гази ташланади. Оқибатда “одамлар айтганидай”, эртага шу майдондан мўл ҳосил олиш ўрнига, тупроқ структураси бузилиб, эрозия кучаяди…

Отам ер “тили”ни билган инсон бўлганиданми, бир ҳовуч тупроқ, бир қарич ернинг зое кетишига йўл қўймасди. “Тупроқнинг ҳам заволи тутади” дерди оловда куйган далани кўрса…

Билмадим, тараққиётми, сершовқин шаҳарда яшаб дийдамиз қотиб кетяптими, ҳар ҳолда кўп нарсага эътибор бермаймиз. Биз шаҳарликлар, соф ҳаво нақадар зарурлигини биламиз, ҳаммасини тушунамиз, аммо лоқайдлигимиз бор-да… Бир чеккаси “озон қатламини” асраш учун катта-катта ишлар қилиш керак, деб яна ўзимизни оқлаб, юпатиб ҳам қўямиз.

Осмонни сиз ва биз, ҳаммамиз асраймиз. Йўқса, бир кун келиб осмон ҳам одамзодни “ўз ҳукмига солиши” мумкин эмасми!

Яқинда болаликни излабми, қўмсабми, Мирзачўлга бордим. Ота уйим устидаги бир парча осмонга узоқ-узоқ тикилдим. Назаримда, у бироз мункайиб қолгандай, бошимга соябондай… Осмон юзидан нигоҳларимнинг изини топгандайман… Қўлларим беихтиёр бошим узра сирпанади, сочларимда сирғанади. Ўйлаб қоламан, “Оҳ қанийди, Ойдин қизнинг оқ шоҳи рўмоли бўлсаю, осмоннинг юзига оппоқ ҳарир парда қилиб тортиб қўйсам…”

 

Саида Сайҳун

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз