озон

Осиёда яна кимдир озон қатламини бузмоқда

АҚШ Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси олимлари ташвишли баёнот беришди – ҳаво намуналари шуни кўрсатмоқдаки, жаҳондаги қайсидир давлат атмосферага тақиқланган моддани чиқариб, Монреаль баённомасини бузмоқда. Олимлар хлорфторуглеродларнинг озон молекулаларига бузувчи таъсирини аниқлашгач, жаҳонда CFC-11 ишлаб чиқариш 1987 йилги Монреаль баённомаси билан тақиқланди. Гавайи ороллари яқинидан олинган ҳаво намуналари шуни кўрсатдикки, айни вақтда CFC-11 зичлигининг барқарор пасайиши тўхтаган ва 2012 йилги кўрсаткичларга нисбатан 50 фоизга секинлашган. «Катта эҳтимол билан, кимдир CFC-11’ни ишлаб чиқармоқда, у атмосферага чиқарилмоқда, — дея иш муаллифи Стивен Монтцка Nature нашрида вазиятга аниқлик киритган. – Биз улар буни нега ва нима мақсадда қилаётганини билмаймиз – бу қандайдир кимёвий жараённинг маҳсули бўлиши мумкин». Олимларнинг сўзларига кўра, ҳозирча ифлосланиш манбаси қаерда эканини аниқлаш мушкул, бироқ ҳаво оқимлари таҳлили Шарқий Осиё минтақасига кўрсатмоқда.

Сайёрамиздаги совуққа энг бардошли инсонлар аниқланди

норвегияликларЛондон университети олимлари Шимолий Европа аҳолиси инсон организмини совуқ ейишдан сақлайдиган ва шимолликлар – норвеглар, шведлар, финлар ва яна бошқаларга қаҳратон қиш ва совуқларни енгил бошдан ўтказишга имкон берувчи TRPM8 гени ташувчилари ҳисобланишларини аниқлашди. Олимларнинг фикрича, бу ген  одамларда Европада иқлим анча совуқроқроқ бўлганда, тахминан 25 минг йил аввал пайдо бўлган. TRPM8, шунингдек, табиий оғриқсизлантирувчи ҳисобланади. У жиддий касалликлар билан енгилроқ курашишга имкон беради, танага совуқ егани ҳақида хабар қилувчи ҳарорат маркери ҳисобланади.  Олимларнинг таъкидлашича, айнан шу ген эвазига Евопанинг шимолий ҳудудлари аҳолиси совуқ вақтларда ўзларини яхши ҳис қиладилар ва камроқ касалга чалинадилар.

 Фил тишлари ҳукумат мулки сифатида тан олинди

филҲиндистон ҳудудида барча фил тишлари – фил суягининг асосий манбаи – ҳинд ҳукумати мулки деб ҳисобланади. Ушбу қарор Ҳиндистон Олий суди томонидан қабул қилиниб, қарийб 20 йил давом этган низоларга чек қўйди. Бу қарор фил суяги ноқонуний савдоси ва браконьерларнинг филларни ўлдиришига қарши курашаётган ҳиндистонлик ҳайвонлар ҳимоячилари томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳиндистон фил суяги экспорти ва импортини тақиқлайди, аммо мамлакатда қора бозор ривожланган. Хартумлилар тиши ҳукуматга тегишли экани ҳақидаги қонун бундан 20 йил олдин қабул қилинган, лекин браконьерлар ва савдогарлар бу қонундаги ноаниқликдан фойдаланиб, ўлдирилган ҳайвонлардан олинган тишларни «ўлган хусусий филдан», «сув тошқинидан ўлган филдан» олинган, деб кўрсатиб келишган.

 Пластик чиқиндилар дунёнинг энг чуқур жойигача етиб борди

пластик-в-океане-775x428Дунёнинг энг чуқур жойи бўлган Мариана ботиғида, 10 км дан кўпроқ чуқурликда пластик пакет аниқланди. Ушбу “топилма” Япониянинг ер ва денгизни ўрганиш бўйича фанлар ва технологиялар агентлиги лойиҳаси JAMSTEC доирасида аниқланган. Олимларнинг фикрича, ушбу топилма океаннинг қанчалик катта кўламда ифлосланганини яққол кўрсатади. 30 йил давом этган лойиҳа доирасида тадқиқотчилар океаннинг энг чуқур жойларида 3 мингдан кўпроқ турли чиқинди аниқлашган. Бу давр ичида денгиз ва океанлар тубига 5 мингдан кўпроқ марта ғаввослар шўнғиган ва чуқур сув ости қурилмалари жўнатилган. Топилган чиқиндидан учдан бир қисмидан кўпроғини бир марта ишлатилувчи қадоқларнинг майда пластик бўлаклари – микропластик ташкил қилган. Чиқиндилардан ярмидан кўпроғи 6 минг метрдан чуқурроқда аниқланган. Олимлар ифлосланиш чуқур сув ости экотизимларига тузатиб бўлмас зиён етказиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

МЕХРОЖ  ОЧИЛОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз