ОРОЛ — ИНСОНЛАР ТАҚДИРИДА

boshi .Still003

Орол денгизи фожеаси… У нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиёнинг экологиясига таъсир кўрсатди ва ҳудуд экотизимини ўзгаришига олиб келди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган экологик инқирознинг марказида жойлашган.  Бир пайтлар денгиз сувлари ювиб турган қирғоқлардан бугун кўтарилаётган қум ва туз бўронлари  бу ерга келган саноқли сайёҳларнинг кўзини ачиштиради. Қум барханлари ичида ором топган,  занглаган  кемалар шамолда аянчи овоз чиқариб, гуё ўзларининг аччиқ қисматлари ҳақида сўзлайди.

- Ушбу кемалар қабристони гўё Орол денгизига қўйилган монументдек, дейди эколог Рабуддин  Айтмуратов. — 1966 йилгача биз турган жой денгиз остида бўлган. Ўзбекистоннинг чўл худудларининг кўр-кўрона  ўзлаштирилиши Орол денгизининг қуришига олиб келди ва  айни пайтда сув илк қирғоқларидан  200 км.га чекинди. Оқибатлари ўзингизга аён. Эндиликда тузларни атмосферага учиб кетмаслигини олдини олиш, тупроқнинг намлигини ушлаб туриш  мақсадида мамлакатимиздаги мавжуд Ўрмон хўжаликлари ва Фанлар Академияси мутахассислари билан биргаликда туз миқдори юқори бўлган собиқ Орол ҳудудига чидамли  саксовул, юлғун сингари 16 турдаги ўсимликлар экилмоқда. Бу эса ўзининг дастлабки натижаларини берди. Эколог сифатида айтишим керакки, чўлга чидамли ўсимликлар орасида молларга  ем-хашак бўладиган  озуқабопларини ҳам  парваришлаш зарур. Шунда бу ҳудудларда янги яйловлар пайдо бўлади. Чорвачилик ривожланади.

Денгизнинг қуриган туби беш миллион гектар майдонга эга бўлган янги чўл- Оролқумнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Мутахассисларнинг фикрига кўра  чўлдан йилига ўз таркибида заҳарли кимёвий моддалар бўлган 100 тоннагача тузли-қум бўрони  кўтарилади. Ҳаво оқими эса уни жуда ҳам узоқларга, хаттоки Антарктида музликларигача олиб кетади. Ҳудудда қум   бўрони ва тупроқдаги намликни сақлайдиган саксовул ва юлғунларни кўпайтириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётганига қарамай, туманда табиий газнинг йўқлиги маҳаллий аҳоли томонидан мавжуд чўл буталари кесиб кетилмоқда. Ўзига ажратилган ҳудудни назоратини олиб борар экан Р.Айтмуратов ноқонуний равишда саксовулни чопаётган маҳаллий аҳолига дуч келади. Тушинтириш ишлари ва болтанинг мусодара қилиниши афсуски ҳуқуқбузарларни фақатгина бир неча кунга тўхтатиши мумкин.

- Албатта саксовулни кесиш керак эмаслигини яхши биламиз, дейди Мўйноқ шаҳрида яшовчи фуқаро Шарифбой исмли йигит. Аммо нима қилайлик, газ йўқ. Қиш кунлари совуқ. Баҳор ҳам илиқ келмади. Овқат пишириш учун ҳам ўтин зарур.  Атрофда эса саксовулдан ташқари ўтинга яроқли ёқилғи йўқ.

Йилнинг бошида  Мўйноқ шаҳри аҳолисида  келажакка  ишонч уйғонди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2803-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда умумий қиймати 52,3 млрд. cўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари туманга сармоядорларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга янгича ёндошув асосида қулайликлар яратиш мақсадида тадбиркорлар учун кредитлар ажратиш назарда тутилган. Мўйноқда туризмни ривожлантириш йўналишларига асос солинади ҳамда ҳудуд ва Орол денгизи тарихи ва бугунги кунини дунё миқёсидаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, Мўйноқни Ўзбекистоннинг туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг грант ва донор маблағлари жалб этилади.

Мўйноқ шаҳрида тўғилиб ўсган, ўзининг киндик қони тўкилган юртининг иқтисодиётига ҳисса қўшаётган инсонлардан бири тадбиркор  Манзура Ерниязова туманда экотуризмнинг чунки сайёҳларнинг жалб этилиши ҳудуднинг ижтимоий, иқтисодий муаммосини бартараф этишга ёрдам беради, аҳолининг ўз уйларига қайтиши, экологик ҳолатни яхшилашга қисман бўлсада туртки бўлади.

Манзура Ерниязова

-Мен биринчи гуруҳ ногирониман дейди М.Ерниязова биз билан суҳбатда. –Тақдир тақозоси билан ўнг қўлим ва ўнг оёғимдан айрилдим. Бошида яшагим ҳам келмади. Аммо фарзандим учун  ҳаётни давом эттиришга қарор қилдим. Кредит олиб соғин сигир олдим. Унинг сут қатиғини сотиб, кредитни ёпгач, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиҳонасидан 12 минг 800 долларлик грант олишга муваффақ бўлдим. Кичик тикувчилик цехи очдим. Ишга имконияти чекланган маҳалладошларим қаторида ишсиз юрган қизларни жалб этдим.

Айни пайтда Манзура Ерниязова миллий кийимлар билан биргаликда қорақалпоқ нақшлари туширилган буюмлар ҳам ишлаб чиқаради. Унинг орзулари катта. Ҳудудда туризмнинг ривожи тадбиркор аёл фаолиятини кенгайтиришини у яхши тушунади.

Оролни чин дилдан севган ва уни қалбида сақлаб қолган рассом-хайкалтарош Ануарбек Саимбетовнинг уйи кемалар қабристони ёнида.

boshi .Still017

- Мен Орол ёнимда тўғилдим. Кўзимни очганимда Оролни кўрдим. Расмларим ҳам бизни ташлаб кетган уммон ҳақида, дейди А.Саимбетов. — Қўлдан келганича Оролни сақлаб қолиш керак эди. Ҳозир ҳам  ҳаракат қилиш лозим. Мен 70 га яқин Орол ҳақида расмлар чиздим. Уларда ўз орзуларимни акс этдим. Хайкалтарошлик ва суратларим учун ғояни табиатдан оламан, бу менга бугунги ҳақиқий аҳволни одамларга етказиб беришга ёрдам беради.

Ануарбек Саимбетов  бир умр кема капитани бўлишни орзу қилган. Хаттоки Мўйноқдаги билим юртини битириб, кема капитани дипломига ҳам эга бўлган. Ҳарбий хизматдан қайтгач эса рассом денгизни топа олмади.  Аммо Орол унинг унинг орзуси ва суратларида қолди.

Орол фожеаси Манзура ва Ауарбек сингари ўнлаб мўйноқликлар тақдирига салбий таъсир кўрсатди. Аммо улар  ўзга юртларга кўчиб кетишни ҳаёлларига ҳам келтиришмайди ва ҳудуднинг келажакда гуллаб-яшнашига ишонишади.

Наргис ҚОСИМОВА,

Шўхрат ХУРРАМОВ.

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз