photo_2018-05-22_00-14-43

ОРОЛ ДЕНГИЗИ МУАММОСИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛИДА

Оролбўйи ҳудуди  ўзининг хилма-хил ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига эга бўлган. Ушбу сув ҳавзасида 38 турдаги балиқ ҳамда камёб ҳайвонлар учраган.  Ўсимликлар оламига келсак, Оролбўйида 638 турдаги камёб ўсимликлар ўсган.  Орол денгизи 1960 йилгача энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлиб, ҳудуди 68,9 минг кв.км., сув миқдори 1083 куб. км., узунлиги 426 км., кенглиги 284 км. ва энг чуқур жойи 68 метрни ташкил этган.

Орол денгизи минтақа иқтисодиётининг ривожи, ишлаб чиқариш тармоғи, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш билан бирга барқарор ижтимоий инфратузилмани шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Аввал ушбу денгиз балиқ етиштириш бўйича дунёдаги энг илғор масканлардан бири бўлиб ҳисобланар эди. Орол денгизидаги йиллик балиқ овлаш  ҳажми 30-35 минг тоннани ташкил этган. Орол қирғоқларида яшовчи  аҳолининг 80 фоиздан кўпроғи балиқ овлаш ва балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва етказиб бериш билан шуғулланишган.

Шунингдек, Орол денгизининг иқлимни тартибга солувчи ҳавза ҳамда бутун минтақада об-ҳавонинг кескин ўзгаришини камайтиришдаги вазифаси аҳоли турмуш шароитларига, қишлоқ хўжалиги ва экологик ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатарди.

Суғориш мақсадларида Амударё ва Сирдарё сувларидан ортиқча фойдаланиш натижасида 1960 йиллардан денгиз сатҳи тезлик билан пасая бошлади. 1989 йилда денгиз иккита алоҳида сув ҳавзаси Шимолий (Кичик)ва Жанубий (Катта) Орол денгизига ажралди.

2014 йилда Жанубий Орол денгизнинг шарқий қисми буткул  қуриб, денгизнинг атиги 72972 қисми қолди.

Оролнинг қуриши иқлимга ўз таъсирини ўтказди. Аввалги қирғоқ чизиғидан 100 кмгача бўлган ҳудудда иқлим янада континентал тус олди. Энди ёз қуруқроқ ва иссиқроқ, қиш эса янада совуқ ҳамда давомий хусусият касб этди.

Сўнги бир неча йил давомида Республикамизда Оролбўйи ҳудудининг атроф-муҳитга ҳамда инсонларга салбий таъсирини камайтириш мақсадида,  бир қатор кенг кўламли ишлар  амалга оширилди. Жумладан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Орол бўйи ҳудудларини ривожлантириш бўйича 2013-2017  йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.  Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксавул ва бошқа шўрхокликка чидамли ўсимликлардан иборат 350 минг гектарлик бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони ҳозирги кунда 700 минг гектарни ташкил этмоқда. 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил этиш борасидаги ташаббусни илгари сурди ва бу БМТ томонидан қўллаб қувватланди.

Гидробиологлар, геоинформация тизимлари мутахассислари, журналистлар, суратчиларлардан иборат 30 кишилик гуруҳ Оролбўйи ҳудудига экспеддицияни ташкил этишди. Экспеддиция давомида кўплаб иншоотлар, ҳудудларга бориб, экофожианинг оқибатларини ўз кўзлари билан кўришди. Машҳур Борсакелмас ороли, Бойқўрғон шаҳрига ташриф буюришган, қадимги шаҳар Кердери, Шимолий Оролни ўрганиб, Янгикент қалъа шаҳри вайроналарини бориб кўришган. Шу билан бирга, илмий сафарда қатнашган гидробиологлар Орол денгизидаги экологик вазият бирмунча яхшиланаётганини айтишган. Қозоғистон тарафда денгизнинг миттигина қисми яъни Кичик Орол кенгая бошлаган. Бунинг иккита сабаби бор. Аввало, Сирдарё ҳозирги кунда кичик оролга қуйилмоқда. Иккинчи омил эса – кичик Орол сувини тутиб турувчи  тўғон қурилган.

Тарихий маълумотларга эътибор қиладиган бўлсак, Орол денгизи ўз ўтмишида уч марта қуриганлиги аниқланган. Аввалги икки маротаба денгизнинг қуришига ташқи босқинчилик оқибатида Амударё оқими Узбой ўзани орқали Каспий денгизига буриб, юборилгани сабаб бўлган. Ўтган асрда сувнинг қуриб қолишига эса ерларни ўзлаштириш мақсадида сувдан бемақсад фойдаланиш сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

 

Хафиза Мамдалиева-Фарғона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза

қилиш бошқармаси мутахассиси, Экоҳаракат Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси “Ёшлар қаноти” етакчиси

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз