1429269547_gorit-trava

Она заминни куйдирманг!

 

        Табиат сўзига она сўзини қўшиб, “Она табиат” дейишга одатланганмиз.  Чиндан ҳам, атрофимизни ўраб турган  табиат, ер, сув, ҳаво биз учун меҳрибон, ғамхўр онадай азиз. Уни асраб-авайлаш, атроф-муҳитни ифлосланишига йўл қўймаслик,  келажак  авлодларга  бор таровати билан етказиш бизнинг фарзандлик  бурчимиздир.  Бугунги  кунда  табиатнинг  асраш, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонат дунёсини сақлаб қолиш, дарё ва кўлларни тоза сақлаш, инсоният фаолияти натижасида табиятга етказилаётган сальбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифамиздир.

Айни кунларда шахримиз далаларида  ғаллани  нобуд қилмай ўриб, йиғиб-олиш ишлари давом этмоқда. Мавсумга пухта тайёргарлик кўрилиб, ғалладан бўшаган майдонларни ёнғиндан сақлаш, сомон ёқишни олдини олиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Сомонни  ёқиш  чорва  учун  тайёр  озуқани нобуд қилиш билан бирга, атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказади ва ёнғин хавфини юзага келтиради.

Экин майдонларида тасодифий ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш борасида ҳам зарур чоралар кўрилди. Ўрим-йиғим ва сомон ташишда иштирок этадиган барча турдаги техника воситалари ёнғинга қарши профилатик кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди.  Фермер хўжаликлари далаларида техника воситалари ишлатиш ва таъмирлаш, ёқилғи қуйиш, хирмон жойлари ва ошхоналар фаолияти ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилмоқда.

Маълумот учун айтиш керакки, бир гектар майдондаги бошоқли дон пояси ёқилганда, ундан ҳавога ярим килограмм азот, 3 килограмм кул,          20 килограмм  газ ва  углерод  оксиди каби зарарли моддалар ажралиб чиқади. Қолаверса, сомон ёқилиши оқибатида ернинг унумдор қатлами куяди, тупроқ ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Бу эса инсон саломатлиги ва табиий мувазанатга салбий таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги  Кодексининг  88-моддаси  3-қисмида дала пунктларида анғиз, хазон ва шоҳ-шабболарни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган.

Шу боис  Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Фарғона шаҳарга бириктирилган давлат инспекторлари томонидан  Фарғона шахридаги фермер хўжаликларида ва аҳоли орасида олиб борилаётган тарғибот  -ташвиқот тадбирларида аҳолига сомонни ёқмаслик,  чорва учун  тайёр озуқани нобуд қилмаслик, , ёнғин хавфини юзага келишини олдини олиш ва  бунинг натижасида атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шундай экан,  барчамиз далалардаги ризқ-рўзимиз бўлган бўғдойни  нес -нобуд қилмасдан турли хил талофатларсиз йиғиштириб олайлик, далаларимизни ёнғиндан асрайлик  ва  атроф-мухитни  мухофаза  қилиш учун барчамиз бирдек  ҳаракат  қилайлик!

Фарғона вилоят экология ва атроф-муҳитни                                          муҳофаза қилиш бошқармасининг                                            Фарғона шаҳарга бириктирилган  давлат инспектори, гуруҳ рахбари Б.Рахманов,   давлат инспектори С.Турғунова 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз