ОНА ТАБИАТ – ШИФО МАНБАИ

20130122113905

Серқуёш заминимиз шифобахш ўсимликларга бой. Ота-боболаримиз турли касалликларни даволашда улардан унумли фойдаланган. Бугун ҳам пойтахтимизнинг қайси бир дорихонасига кирманг “фитобар” бурчаги ташкил этилганлигининг гувоҳи бўласиз. Бундай доривор гиёҳлардан фойдаланиш барча оилавий поликлиникаларда ҳам йўлга қўйилган. 

image0037
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий гиёҳлардан тайёрланган дамламалар иммунитетни кучайтиради, турли касалликларнинг асоратларини йўқотади, соғлиқни тез тиклашга ёрдам беради. Мисол учун, лимон ўт – нафас ва юрак-қон томир тизими, жигар фаолиятига ижобий таъсир этиб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Наъматакнинг 300 граммини 3 литр сувда 1 соат давомида қайнатиб, қайнатма қулоққа томизилса, қулоқ оғриғи ва шанғиллашини бартараф этади. Иммунитетнинг кўтарилишига яхши ёрдам беради.

shipovnik-poleznye-svojstva-ispolzovanie-v-narodnoj-medicine-i-protivopokazaniya-300x225
– Наъматак, ўрик шарбатининг бир нечта касалликларга даво бўлишини кўпчилик билади, – дейди олий тоифали шифокор Фотима Маҳмудова. – Ёки далачой ўсимлигининг хусусиятларига эътибор қаратсангиз, гиёҳларнинг фойдали жиҳатлари кўплигига амин бўласиз. Бу гиёҳ яра тўқималарини тез битирувчи таъсирга эга бўлиб, тиббиётда меъда-ичак, оғиз бўшлиғи касалликларида ҳамда иккинчи ва учинчи даражали куйишни даволашда ишлатилади. Демак, кундалик турмушда ҳам доимий равишда гиёҳли дамлама ва чойларни истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдали.

hypericum
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, юртимизда маҳаллий флорага мансуб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, ўрганиш ва уларни қайта ишлаш асосида табиий шифо воситалари тайёрлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Илм-фан муассасаларимизда табиий гиёҳларнинг дориворлик хусусиятларини ўрганиш, табиий ҳолда ўсадиган ушбу бойликлардан рационал фойдаланиш, доривор гиёҳлар етиштириш кўламини кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Доривор ўсимликшунослик бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультетида доривор ўсимликлар ва экология кафедраси фаолият кўрсатмоқда.
– Соғлиқни сақлаш муассасалари ва фармацевтика саноати корхоналари эҳтиёжини тўла-тўкис қондириш учун маданий ҳолда етиштирилган доривор ўсимликларнинг ўзига хос афзал жиҳатлари бор, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг доривор ўсимликлар ва экология кафедраси мудири, доцент Эгамёр Аҳмедов. – Бунда фармацевтика саноати бир хил турдаги ва бир хил ёшдаги доривор ўсимликлар хомашёси билан таъминланади ва бу дори воситаларини тайёрлашда технологик жараёнларни осонлаштиради.
Юртимизда табобат амалиётида ишлатиладиган барча доривор ўсимликлар ҳам ўсмайди. Ана шундай ўсимликлар кўчати ва уруғларини хориждан келтириб, маданийлаштириш ва иқлимлаштириш чоралари кўрилмоқда. Маккаи сано, доривор валериана, мойчечак, қалампир ялпиз, тухумак, тирноқгул, қизил эхинация каби ўсимликлар уруғи иқлим шароитимизга мослаштирилиб, юқори сифатли ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари, Филиппин ва Янги Гвинеяда кенг тарқалган тукли эрва, яъни “пол-пола”ни маданий ҳолда етиштириш йўлга қўйилди.

Айни пайтда, кафедрада соҳа бўйича назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаб, замон талабига мос, ўз касбининг моҳир устаси бўлган мутахассис ёшлар тайёрланмоқда.

– Ўткир баргли сано етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб бораяпман, – дейди доривор ўсимликлар етиштириш технологияси йўналиши магистранти Руслан Муродов. – Сано табиий ҳолда Нил водийларида, Қизил денгиз соҳилларида ўсади. Ноёб доривор ўсимлик сифатида мамлакатимизда, Туркманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Покистон каби давлатларда маданийлаштирилган. Унинг барг ва мевасидан узоқ давом этадиган қабзиятда ичиш учун дори ишлаб чиқарилади. Сано барглари секинлик билан ўт ҳайдаш хусусиятига эга бўлгани учун жигар ва ўт пуфагининг фаолияти бузилганда ичиш тавсия қилинади.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳақидаги ривоятларда буюк табибнинг гиёҳлар билан тиллашгани, табиатдаги барча ўт-ўланлар унга ўз сирларини очгани айтилади. Бу бежиз эмас. Зеро, ота-боболаримиз қадимдан турли хасталикларга давони табиатдан излаган, гиёҳларнинг шифобахш хусусиятлари, фойдали ва зарарли жиҳатларини ўрганиб, улардан кундалик ҳаётда унумли фойдаланган. Ўсимликлар биз учун ҳам озиқ, ҳам шифо манбаи. Фақат уларнинг хусусиятини пухта ўрганиш ва шунга кўра тўғри фойдаланиш кифоя.

Манба: uza.uz

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз