жамоа1

ОБ –ҲАЁТНИ ТЕЖАБ САРФЛАШДА АЖДОДЛАРИМИЗ ТАЖРИБАСИ

    photo_2018-08-07_21-49-55Сувнинг табиатда суюқ, буғ ва газ кристали шаклида учрашини яхши биламиз. У ўзининг эритувчанлик хусусияти билан ер юзидаги барча тирик организмларнинг яшашини таъминлаб туради. Улардаги мураккаб биокимёвий реакциялар, яъни модда алмашинув жараёни сувнинг иштирокида амалга ошади. Мутахассисларнинг фикрича, келгусида металл заҳиралари тугаб қолса, унинг ўрнига пластмассадан тайёрланган материаллар  ишлатилади. Ҳайвон ва ўсимлик маҳсулотларидан олинадиган озиқ моддалар етишмаса, уларнинг ўрнини босувчи моддалар тайёрлаш мумкин экан. Аммо ҳеч қачон сувнинг вазифасини ҳеч нарса бажара олмайди.

   Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Қарши “Афсона” меҳмонхонасида “Ўзбекистон ОАВ ва ННТ вакилларининг сув ресурслари ва сувдан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш” мавзуида семинар- тренинг бўлиб ўтди.

photo_2018-08-08_11-55-32 Мазкур тадбирда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Матбуот хизмати, Экоҳаракатнинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоятдаги ННТлар вакиллари, республика ҳамда вилоятдаги ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Cеминар-тренингнинг асосий мақсади, республикада фаолият юритаётган журналистларнинг сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тайёрлайдиган журналистик материаллари орқали кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва экологик маданиятини шакллантиришдан иборат.

photo_2018-08-07_15-31-31 Сув танқислиги билан боғлиқ муаммо оламшумул таҳдидга айланиб, табиий муҳитнинг ёмонлашувига, яшашга доир имкониятларнинг чекланишию аҳоли саломатлигининг ёмонлашувига олиб келди. Бугун сайёрамизнинг қирқдан ортиқ мамлакатида истиқомат қилувчи 2 миллиарддан кўпроқ одам сув танқислигидан азият чекмоқда. Ҳозирги даврда ички сув ҳавзалари, айниқса дарёлар шу қадар ифлосланганки, улар табиий йўл билан ўзини-ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар нафақат истеъмол учун балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаётир. Ўғит ва заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан оқиб чиққан сувлар ва бошқалар шулар жумласидандир.

photo_2018-08-08_12-02-46  Тадбирда таъкидланганидек, сувнинг уч хил агрегат ҳолатда суюқ, газсимон ва қаттиқ бўлиши жойларнинг об-ҳаво ва иқлим шароитининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Сув тирик организмлар учун бирламчи ҳаёт муҳити ҳисобланади. Инсон организмининг 60 фоизидан ортиғи, айрим ўсимликларнинг 80-85 фоизи сувдан иборатдир. Умуман кундалик ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сув  -  биосферадаги деярли барча жараёнларда иштирок этади.

-Об-ҳаётни тежаб сарфлашда аждодларимиз тажрибаси бугунги кунда ҳам қўл келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда,-дейди “Нақирон” газетаси бош муҳаррири Қурсия Қўлдошева. -Баъзи мутахассислар нишаб жойларда сувни бир жойда йиғувчи сардобага ўхшаш кичик иншоотлар қуриб, баҳор ойларида ёққан ёмғир сувларини тўплаш ва ёзда-вегетация даврида ундан экинларни ҳамда молларни суғоришда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлашаяпти. Бу усул тоғ ва тоққа яқин ҳудудларда қўлланилса, самарали натижа бериши тайин. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришга эътиборни кучайтириш ҳам фойдадан холи эмас. Бу борада яхшигина тажриба тўпланган ва у жойларда кутилган натижани бериши турган гап.

Дунё харитасига эътибор берсак, сайёрамизнинг учдан икки қисми гидросфера яъни сув қобиғидан иборат. Ердаги сувнинг умумий қоплами 1400 миллион кубкилометрни ташкил этиши тахмин қилинади. Бу асосан океан ва денгизларнинг ичиш учун яроқсиз бўлган шўр сувидир. Унинг катта қисмини Арктика ва Антарктида музлари ташкил этади. Истеъмол қилишга ярайдиган тоза сув миқдори жуда кам 1 фоизга яқин холос.

Кўпгина жойларда айниқса Осиё, Африка қитъасидаги мамлакатларда сув жуда танқис. Баъзи мамлакатлар, масалан, Мальта атрофи денгиз билан ўралган бўлсада, ичимлик сувини бошқа давлатлардан сотиб олади.

Турли табиий офатлар, глобал исиш туфайли музликларнинг эриши, ирригация иншоотлари қурилиши ва бошқа омиллар таъсирида сайёрамиздаги кўпгина сув ҳавзаларининг сатҳи ошиб ёки камайиб кетиши кузатилмоқда. Бу ўз ўрнида тошқинлар ёки чўлланиш, қурғоқчилик каби табиий офатларни келтириб чиқармоқда. Ана шундай ҳолатлар албатта ҳар биримизни ҳушёр торттириши, сувни ўз ўрнида, тежаб-тергаб ишлатишга ундаши зарур. Келгусида ўзимизнинг ва кейинги авлоднинг фаровон яшаши сувни қай даражада кўпайтиришимиз ва уни тоза сақлашимизга боғлиқ. Маълумки, иқлим ўзгариши, тоғлардаги ўрмонларнинг кесилиши натижасида сувнинг асосий манбаи бўлган қор тоғларга кам тушмоқда. Музликлар сатҳи тобора қисқариб бормоқда. Йўл қўйилган хатоларни вақтида англаб етмасак, сувга бўлган беписанд муносабатимизни ўзгартирмасак, келажак авлод бундан азият чекиши мумкин.

Ер юзида ҳозирги вақтда сув етишмаслигининг асосий сабаблари мавжуд чучук сув манбаалари материклар ва айрим мамлакатлар бўйича нотекис тақсимланиши ҳамда қишлоқ хўжалигида, саноат корхоналарида сувдан нооқилона фойдаланишдир.

Сувларнинг саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши ҳам сув етишмаслигининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Сувнинг ифлосланиши деганда, унинг таркибида сифатини камайтирувчи бегона бирикмаларни мавжудлиги тушунилади. Тозаланмаган ҳар бир м3 саноат ва маиший сув оқовалари 40-60 м3 тоза сувни ифлослаши аниқланган.

Ер усти ва ер ости сувларини ифлословчи манбаалар жуда кўп ва хилма хилдир. Сувларни ифлослантирувчи асосий манбааларга саноат корхоналари, маиший ҳўжаликдан чиқадиган оқова сувлар, нефтни қайта ишлаш корхоналарида ишлатиладиган чиқинди сувлар, кимьёвий воситалар ишлатадиган корхона ва ташкилотлардан чиқаётган оқова сувларни етарлича тозаламай чиқаришлари  ва бошқалар.

Агар биз авлодимиз чиндан ҳам тўлақонли баркамол бўлишини истасак, бу йўналишдаги ишларни изчил позицияга олиб чиқишимиз зарур ва шартдир. Биринчи навбатда  ичимлик суви махсус давлат стандартлари талабига жавоб бериши кераклигини унутмаслигимиз лозим.

Ҳа, биз учун ҳаёт манбаи бўлган сувни тоза сақлаш ва уни кўпайтириш чораларини кўра олсак, келгусида ердаги барча тирик мавжудотни сақлаб қолган ва халқимизнинг соғлом ва фаровон турмуш кечиришига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, сувни асраш ҳаётни асраш демакдир.

                      

                                                 Гулруҳ ЖЎРАЕВА,

                                     Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қашқадарё

                                      вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз