NASA Ойда завод қурмоқчи

ой

АҚШнинг NASA коинот агентлиги Ойда биринчи ракета заводини қуриш бўйича режасининг техник деталлари устида ишларни бошламоқда. Сайёрамиздан ташқаридаги илк саноат корхонасида бошқа сайёраларга саёҳат учун зарур бўладиган ракета ёнилғисини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.   Бўлғуси ракета ёнилғиси учун хом ашё – водород ва гелийни Ой сиртида олиш мўлжалланмоқда. Бу мақсадда 2019 йилда Ой сиртига иккита геологик разведкачи қурилма юборилиши мумкин. Бу қурилмалар иш учун энг мақбул майдончаларни қидириш билан шуғулланади.

Еврокомиссия пластикни кўпроқ қайта ишланувчан қилмоқчи

пластикЕвропа иттифоқи пластикдан фойдаланишдан воз кечмоқчи эмас, бироқ Еврокомиссия ўз олдига уни кўпроқ қайта ишланувчан қилишни мақсад қилиб қўйган. Аввалроқ Еврокомиссия пластик бўйича стратегиясини тақдим қилганди. Унинг мақсади пластикдан фойдаланишни қисқартириш, жумладан у билан денгиз ва океанларнинг ифлосланишини камайтиришдан иборат. Чунки бу нафақат денгиз жонзотлари ва денгиздаги ҳаёт, балки одамлар учун ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. “Биз пластикдан воз кечмоқчи эмасмиз”, деб ёзган Катайнен. Унинг таъкидлашича, айни вақтда пластик қадоқнинг аксарият қисми бир марта ишлатилади. “Бу йилига 105 млрд еврогача йўқотишни англатади. Биз буни ўзимизга эп кўролмаймиз”, деб қўшимча қилган Катайнен.

Покистонда аномал иссиқ туфайли 65 киши ҳалок бўлди

покистонПокистонда 3 кундан буён давом этаётган аномал иссиқ туфайли ҳалок бўлганлар сони 65 нафарга етди. Маҳаллий синоптиклар маълумотларига кўра, Карачи шаҳрида иссиқ ҳарорат 44 даражага кўтарилган. Қайд этилишича, вазият шаҳарларда электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар туфайли янада оғирлашмоқда. Одамларга кундуз кунлари кўчага камроқ чиқиш ва кўпроқ сув ичиш тавсия қилинмоқда.

Олмаотадаги дарё қизил рангга кирди

Қозоғистондаги Катта Олмаота дарёси қизил рангга кирди.Олмаота шаҳри жамоатчилик саломатлигини муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Айзат Молдагасимованинг айтишича, куни кеча фавқулодда вазият шароитида шунга доир хабар берилган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда дарёнинг табиий ранги қайтган. «Шундай бўлса-да, биз барча туманлардаги сувларни назорат қиляпмиз. Ўйлашимча, кун охиригача сувнинг санитар-кимёвий таркибига доир маълумотлар тақдим этилади, уч кун давомида эса сувнинг бактереологик таркиби маълум бўлади», — қўшимча қилди у.

Отабек УМАРОВ тайёрлади

 

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз