Мўъжизакор оқим

golfstreamДунё океанида шундай оқимлар борки, улар ҳақиқий мўъжиза яратади. Шимолий Америкадаги Мексика қўлтиғидан оқиб чиқиб, Шимолий Европага қараб йўналган Гольфстрим («қўлтиқдан чиқаётган оқим», деган маънони билдиради) оқими ана шундайлардан. Гольфстрим таъсирида Атлантика океанига туташ Европа мамлакатларида Ер куррасининг худди шу кенгликларидаги бошқа жойларга нисбатан илиқ ва юмшоқ иқлим шароити мавжуд. Чунки катта миқдордаги илиқ океан оқими устидаги ҳаво ҳам илиб, ғарбий шамоллар ёрдамида Европага кириб келади.

Гольфстрим – битта яхлит тасма бўлиб, бир неча йўналишлардан иборат. Унинг шарқий чеккасида айрим айлана ҳаракат қиладиган қанотлари баъзи жойларда ҳатто оқимдан ажралиб кетади. Флорида бўғизи орқали Мексика қўлтиғидан чиққан оқим Багама банкаси орқали АҚШнинг шарқий қирҚоқларига параллел равишда йўналган. Ньюфаундленд ороли яқинида Гольфстрим совуқ Лабрадор оқими ва шимолдан келаётган совуқ ҳаво массалари билан тўқнашади. Шу боис, мазкур ҳудудда доим қуюқ туман кузатилади. Худди шундай ҳолатни Буюк Британия қирғоқларида ҳам кузатиш мумкин. Гольфстрим таъсирида мазкур мамлакатнинг аксарият қисмида қуюқ туман кузатилади. Бу эса Буюк Британиянинг «туманли альбион», деб ном олишига сабаб бўлган.  Ньюфаундленд оролидан Гольфстрим шарққа – Европа қирғоқларига томон йўл олади. Океаннинг бу қисмида оқим ўарбий шамоллар оқими, деб аталади. Тахминан Атлантика океани ўрталарида оқим иккига бўлиниб, биттаси Шимоий Атлантика номи билан шарққа қараб давом этиб, Европага йўналади, бошқаси – жанубга бурилиб, Канар оқимини ҳосил қилади. Шимолий Атлантика оқими Британия қирғоқларига етганда бир йўналиш – Ирмингер оқими Қарбга – Исландия томон, бошқаси – Норвегия оқими Скандинавия яримороли қирҚоқлари бўйлаб Баренц денгизигача етиб боради. Шу боис, Скандинавия яриморолининг шимолида жойлашган Норвегияда январь ойининг ўртача ҳарорати мазкур мамлакат билан билан бир кенгликда ётувчи бошқа жойларга нисбатан 15 – 20 °C, Россиянинг Мурманск шаҳрида эса 11 °C юқори. Канадада 60° шимолий кенгликда тундра бошланиб, шимол буғулари ва бизонларгина яшаса, Гольфстрим таъсиридаги бирмунча илиқ Европа шимолида бутунлай бошқача ҳолат кузатилади. Жумладан, Баренц денгизи Шимолий муз океани денгизи бўлишига қарамай, умуман музламайди, Мурманск шаҳри деярли шимолий қутб доирасида жойлашганига қарамай, бу ердаги денгиз портида Гольфстрим таъсирида доимий равишда кема қатнови давом этади.

Манбаларга кўра, Гольфстрим оқимининг ҳосил бўлиши ва унинг Атлантика орқали шимоли-шарққа қараб диагональ бўйлаб йўналишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Буларнинг энг асосийлари сифатида атмосфера ҳавосининг айланиши ва шимолга яқинлашган сари тобора кучайиб борадиган Кариолис кучини (Ернинг ўз ўқи атрофида айланишидан ҳосил бўладиган куч) кўрсатиш мумкин. Гольфстримнинг сув сарфи секундига 50 миллион м³ни ташкил этади. Бу дунёдаги энг серсув дарё – Амазонканинг Атлантика океанига ҳар бир секундда қуяётган сувидан (200 минг м³) 250 марта, ёки дунёдаги барча дарёларнинг сув сарфидан 20 марта кўпдир. Оқимнинг иссиқлик қуввати эса тахминан 1,4×1015 ваттга тенг.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги ўн йилликларда бутун дунё миқёсида кузатилаётган глобал илиқлашув жараёни натижасида қутбёни ҳудудларидаги эриган музлар экватор ва қутб ҳароратлари ўртасидаги фарқни камайтириб, Гольфстримнинг йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу ҳолат Европадаги иқлимнинг бирмунча совишига олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Баъзи олимлар Европада иқлимнинг совиши тарихда бир неча бор юз берганини таъкидлаб, қитъа иқлимнинг ўзгариши учун бир неча ўн йиллар кифоялигини таъкидлашмоқда. Жумладан, Гольфстрим оқимининг секинлашуви 1300 йилда Европада кичик музлик даври юз беришига сабаб бўлган. Шу боис, баъзи мутахассислар Гольфстрим хусусиятларининг глобал илиқлашув таъсирида ўзгаришини 2020 йилда кузатиш мумкин бўлади, деб тахмин қилмоқдалар.

Наргис Суннат қизи

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз