МАМОНТ СУЯКЛАРИ ТОПИЛДИ

P1100120Яқинда Тошкент вилоятидаги Овжаз сойида (Оҳангарон шаҳридан жануби-ғарбга томон 25-30 километр узоқликда жойлашган Қоратўқай қишлоғи яқинида) бундан 10-12 минг йил олдин қирилиб кетган филлар оиласига кирувчи мамонтларнинг нақд 1,6 – 1,8 млн ёшли вакилининг суяклари топилди.

Олимлар аллювиал ва кўл-аллювиал ётқизиқлари қатламидан аниқланган 2та оғизшоҳ ва жағ тиши жойлашган бош суякнинг юқори чап қисми жанубий мамонтлар туркумига кирувчи Осиё (дашт) мамонтига тегишли деган фикрга келишди. Чап оғизшоҳнинг сақланиб қолган қисми 2,78 метр узунликда бўлса, ўнг оғизшоҳнинг узунлиги 1,68 метр, ўрта ва юқори қисмларнинг диаметри эса 25-30 смни ташкил этади. Оғизшоҳларнинг қолган бўлакларини сел ювиб кетган. Олимлар ўрама шаклдаги оғиз шоҳларнинг узунлиги аслида 4 метр бўлганини тахмин қилишмоқда. Геологик ва геофизик тадқиқотлар топилманинг тўртламчи (эоплейстоцен) даврга тегишли 1,6-1,8 млн ёшдаги, баландлиги камида 5 метр, оғирлиги 10-12 тонналик мамонтлигини кўрсатмоқда. (Қиёс учун: ҳозир энг йирик филнинг оғирлиги эса 4 тоннагача етиши мумкин).

  Жанубий мамонтга тегишли тишлар мамлакатимиз ҳудудида аввал ҳам топилган. 2009 йили Қашқадарёнинг чап қирғоғига балиқ овлаш учун борган маҳаллий аҳоли мамонтнинг иккита тишини топиб олишган. 2010 йилда эса Навоий вилояти Қизилқум туманидаги Караката сардобаси олдида мамонт тиши топилган. Аммо ушбу топилмалар иккиламчи ҳолатда, яъни алоҳида бир бўлак сифатида кўплаб ташқи таъсирларга учрагани боис унчалик катта илмий қимматга эга эмас. Овжаз сойидаги мамонтнинг суяк қолдиқлари эса мустаҳкам линзасимон лой қатлами туфайли бир жойда яхши сақланиб қолган. Энди олимлар олдида мамонт қолдиқларининг бошқа қисмларини эҳтиёткорлик билан кавлаб олиш вазифаси турибди. Бу эса бироз мушкул. Сабаби, топилманинг устида 15 метр қалинликдаги тоғ жисмлари ётибди. Овжаз сойидан топилган мамонт қолдиқларини илмий жиҳатдан ўрганиш мамлакатимизнинг қадимги географик, геологик, экологик манзараларини тадқиқ қилишда муҳим аҳамият касб этади.

«Қурама» номи берилган ноёб топилма ҳозирда Давлат геология музейида сақланмоқда. Ўзбекистон Миллий университети кимёгарлари ва Фанлар Академияси олимлари очиқ муҳитда емирилиши кузатилаётган топилмани сақлаб қолиш ва асл кўринишини тиклаш устида бош қотиришмоқда.

Фарангиз ДЖАМОЛХОНОВА

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз