МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЭКОТУРИЗМНИНГ РОЛИ

экотуризм

ХХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср бошларида туризм дунёдаги кўпгина давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий тараққиётини таъминловчи етакчи йўналишлардан бирига айланди.            Таҳлилларнинг кўрсатишича, ҳозирги вақтда бутун жаҳон миқёсида қуйидагилар туризмнинг энг истиқболли турлари ҳисобланади:

маданий маърифатга оид туризм;

фаол туризмнинг ҳар хил турлари;

ихтисослашган туризм (экологик, таълим, даволаш ва соғломлаштириш);

амалий ва ҳодисалар билан боғлиқ туризм.        Экспертларнинг таъкидлашича, яқин 10 йил ичида жаҳон туризмининг йиллик ўсиши 4-5 фоизни ташкил этади. 2020 йилга бориб халқаро туризм ташрифлари сони 1,6 млрд.гача ошиши кутилмоқда, бу 2010 йилдаги кўрсаткичдан 2 баравар ортиқдир. Халқаро туризм сафарларидан келадиган даромад 800 млрд. доллардан 2020 йилда 2 трлн. долларга етади.

Ўзбекистонда туризм турларидан бўлган экотуризм билан боғлиқ бетакрор гўзал табиат, ландшафтлар, хилма-хил ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ёдгорликлар мавжуд. Экотуризмни ривожлантиришнинг ижобий томони шундан иборатки, унда юқори даражадаги хизмат кўрсатилувчи меҳмонлар талаб қилинмайди. Табиат билан мулоқотда бўлиш учун палаткаларни жойлаштириш ва кемпингларни ўрнатиш кифоя. Бундан ташқари экологик турларни таклиф этувчи фирмаларнинг барча ҳаракатлари табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик талаблари асосида олиб борилиши керак.

Экотуризм – соғлом ҳаёт тарзи шакли ҳамдир. Экологик турлар кўпинча спорт билан шуғулланиш, соғломлаштириш муолажаларини кўзда тутади.

Ўзбекистон дам олиш масканларининг соғликни тиклаш билан боғлиқлиги туристларни ўзига чорлайди. Экологик туризм туризм индустриясининг махсус тармоғи бўлиб, у табиат ҳудудларига зиён етказмаган ҳолда ўрганиш, унинг объектлари ва ҳодисаларини тушунишга кўмаклашади. Айнан ушбу объектлар ҳамда ҳодисаларнинг мавжудлиги мазкур йўналишни ривожлантиришни таққозо қилади. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошидан кенг жамоатчилик фикри ҳамда экологик дунёқарашнинг ривожланиши таъсирида саёҳатчиларнинг эҳтиёжларида ўзгариш кузатилди. Одамлар саратон иссиғида табиий ўрмонларни, йирик шаҳар иншоотлари ўрнига маҳаллий аҳоли турар жойларини афзал кўришмоқда. Бу эса охирги ўн йиллик давомида экологик туризм шаклланганлигидан далолат беради. Экотуризм бутун туризм бозорининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади, унинг ўсиш суратлари эса бутун туризм индустриясининг ўсиш суратларидан 2-3 марта юқорироқдир. Экологик туризмнинг анъанавий туризмдан фарқи табиат ҳудудига зиён етказмаган ҳолда ўрганиш, табиий ҳодисаларни тушуниш, табиат қўйнида фаол дам олиш туристларнинг устивор қизиқишларидадир. Туризмнинг бу турида анъанавий ҳордиқ чиқариш ва маиший қулайликлар иккинчи даражали бўлади.

Экологик туризмнинг маъноси ҳанузгача тўла очиб берилмаган бўлса ҳам, дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммабоп бўлиб қолди. Бу ҳолат экология ва туризмнинг тамойиллари ҳамда мақсадлари ҳар доим бир-бирига мос келмаслиги билан боғлиқ. Экологик туризм туристларнинг экологик маданиятини ошириш мақсадида қилинадиган саёҳатлар, табиатда экологик мувозанатни сақлаб туриш учун инсон цивилизацияси етиб бормаган табиатнинг экологик тоза ҳудудларига йўналтирилган саёҳатлар ва инсоннинг хўжалик фаолиятидан муҳофаза қилинган табиий ҳудудларга йўналтирилган саёҳатлардан иборат бўлиб, экотуристларнинг асосий мақсади барча кўринишдаги табиат яъни ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, маҳаллий аҳолининг яшаш муҳити ҳамда турмуш тарзи билан бевосита танишишдир. Айнан шу нарса шаҳардаги ҳар кунги ҳаёт тарзидан чарчаган, ҳаво ва сув ифлосланиши ҳамда шовқин ва ижтимоий можароларнинг салбий таъсирини доим сезиб юрган туристларни ўзига чорлайди.

Экотуризм мамлакатга маҳаллий ва хорижий туристлар ҳамда сармояларни жалб қилишнинг истиқболли йўлларидан бири ҳисобланади. Демак, Ўзбекистон учун самарали экотуризм стратегиясини яратиш – кейинчалик янги иш жойларини ташкил этиш ва ноёб обидаларни муҳофаза қилиш ҳамда қайта тиклаш учун маблағларга эга бўлиш демакдир.

Мамлакатимиз бутун дунёга ўзининг минерал ресурслари, ландшафтларининг гўзаллиги – табиат бойликлари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг хилма-хиллиги ҳамда қулай иқлим шароитлари билан танилган. Ўзбекистон иқлим шароити бўйича дунёдаги энг машҳур курортлардан ҳам олдинги ўринда туради. Сабаби мамлакатнинг деярли барча вилоятлари оммавий табиий туризм марказлари бўла олади. Экотуризм чоғида Ўзбекистонннинг энг қизиқарли маъданлар кўриниши ва заҳиралари, бой флора ва фаунаси билан танишиш мумкин.

Юртимизда табиий ўсимликлар ва ўрмонлар, саҳро ва чўллар ҳудудларининг 85 фоизини, тоғлар 13 фоизини эгаллайди. Ўзбекистонда экотуризмнинг аҳамиятли томони шундаки, саёҳатларни деярли бутун йил давомида ташкил этиш мумкин. Туристларни жалб этиш учун биринчи навбатда қулай хизмат кўрсатиш шароитларини яратиш, уларни транспорт билан таъминлаш ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини чет элларда тарғиб қилишни амалга ошириш зарур. Ўзбекистонда экологик туризм ривожланиб бораётган бўлсада, унда овчилик, балиқчилик каби шакллари кўпроқ тарқалган. Аммо уларнинг самараси табиий ҳудудлар ва миллий парклар учун жуда паст, чунки топилган даромадлар бузилган экологик мувозанатни тиклаш ва сақлашга доим ҳам сарфланавермайди. Шу билан бирга, саёҳатларнинг атроф-муҳитни ўрганиш ва уни туристик сарф–харажатлар ҳисобига қўллаб қувватлашга қаратилган экологик шаклларни ҳам ривожлантириш лозим.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар экотуризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади ва туризм соҳасининг яна бир тури экотуризмнинг янада  ривожланишини таъминлайди.

 

С. Садуллаев,

Самарқанд вилояти

табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси

Ахборот маркази мутахассиси

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз