ekologiya-660x330

ИНСОН ТАБИАТНИНГ БИР БЎЛАГИ…

Инсон туғруқхонада илк бор кўзларини очганда, катта бир хона, ундаги нарсаларга кўзи тушади ва ўрганиш учун бир неча кун ўша ерда ётади. Ундан кейин мўъжаз ватанчасига олиб келинади. Бу жараёнда бола табиатни кўради. Илк бор машинага ўтиради. Ва ниҳоят уйига келади. Уйида эса уни янги муҳит кутаётган бўлади. Вақтлар давомида у ерга мослашиб бораверади…

Бола секинлик билан катта бўлгани сари унинг эҳтиёжлари ҳам катта бўлиб бораверади. Шубҳасиз, ҳар бир эҳтиёжи табиат билан боғлиқ. Эгнидаги пахтадан тикилган кийимидан тортиб тотган энг ширин мевасигача.Унинг оиласида муҳит қандай бўлса бола ҳам шу руҳда шаклланади. Ота-она тежамкор бўлса, у ҳам шундай қилади. Топганини ҳою-ҳавас йўлида совурадиган бўлса, бола ҳам худди шундай ўсади. Инсон табиати шунақа – ўрикнинг  тагига ўрик, беҳининг тагига беҳи тушади.

Инсон билан табиат бир-бирига узвий боғлиқ нарса. Унисисиз бунисини, бунисисиз унисини тасаввур қилиш қийин. Аммо билиб билмасликка олиб озор беравериш ёмонда. Кузнинг келганини пайқатиш учун бир неча кун ёмғир ёғди. Анча вақт кутилган ёмғир, лекин негадир у лойқа эди. Қарияларимиз сабабини дарахтларнинг кўп кесилиши билан боғлашди бу ҳолни. Албаттада, инсон табиатга озор бераверганидан кейин, лойқа ёмғир ёғмай шакарлиси ёғсинми? Ахир табиатда ҳам инсонларда бўлгани каби кўнгил бор. Биз шунчаки ташвишларимиздан ортиб уни пайқамаймиз холос.

Кўп қаватли уйларнинг атрофида махсус чиқинди ташлайдиган жойлар мавжуд. Лекин кўпинча ўша чиқиндиларни махсус идишларга эмас, йўл-йўлакай дуч келган жойга ташлаб кетишганининг гувоҳи бўлганман. Унинг ичида озиқ-овқат маҳсулоти бўлиши мумкин. Ахир уларни уволи борку, дея ўйлайдигандан, ишга, ўқишга шошяпман, бундай қилаётган бир менмаску, дейдиганлар кўпроқ. Ана шуниси ачинарли холда.

Биз табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтаради. Инсон ўзи узвий боғлиқ нарсага озор бериши орқали била туриб ўз илдизига болта урмаяптимикан, деган савол туғилади. Лекин жавоби шу юртда яшаётган етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир фуқоронинг ич-ичида.

«Болалигимда ёнғоқни жуда ёқтирардим. Қиш охирлаб баҳор келган пайтлари эди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида нонушта қилиб ўтирганимизда мен учун атаб дастурхонга қўйилган ёнғоқни акам еб қўйди. Мен жуда қаттиқ хафа бўлиб, аразлаб қолдим, холбуки бу йил ҳисобидан охирги ёнғоқ эди. Ҳамма мени юпатишга уринар, лекин фойдасиз эди. Шунда бобом раҳматли чўнтагидан битта ёнғоқ чиқардиларда: “Хоҳласанг буни танаввул қил. Бўлмаса сенга уни кўпайтириш йўлларини ўргатаман”, дедилар. Айни ёнғоқ тугаган пайтда уни кўпайтириш таклифи ёқиб тушди. Ўша битта ёнғоқ, битта кетмон, бир челак сув билан ҳовлимиз бурчагига бордик. У ерни кавлаб ёнғоқни экдик. Шунда бобом айтгандилар, буни парвариш қилсанг, бир неча йилдан сўнг шундай мева берадики, ҳамманики тугаса ҳам сеники тугамайди. Эккан ёнғоғим ер бағрини ёриб чиқиб, ниҳол бўлди. Шундан кейин мен вақти-вақти билан унинг тагини юмшатиб, сув қуядиган, оҳаклаб ҳам қўядиган бўлдим. Дарахт вақт ўтгани сайин ўсиб-улғайиб мева бера бошлади. Ўша пайт қаттиқ жанжал қилганимдан дарахтимгаям, мевасигаям ҳеч ким дахл қилмасди. Унинг баргларини ёқсам мендан аразлаб мева тугмай қўйишини айтганди бобом. Томорқага полиз экинларининг ўрнига ёйиб ташланса ўғит бўлади, дердилар. Орадан ўн беш йил ўтди. Мен ҳам, ёнғоғим ҳам улғайдик. Шаҳарга ўқишга келдим. Ҳозиргача ёнғоқ терилса, уйдагилар менинг дарахтим мевасини бериб юборишади. Бобом орамизда йўқлигига кўп давр ўтган бўлса ҳам уларни ҳар ёдга олганимда мана шу воқеани эсламай қолмайман, чунки улар ўша вақтда мени овутиш билан биргаликда табиатга муҳаббат уйғотиб кетган. Энг муҳими, меҳр берилган нарсадан меҳр қайтишини англаганман. Бу учун бобомдан миннатдорман…

Хулоса ўрнида: ҳар бир инсон дунёга келибдики ўзидан яхши ном — «давлат»  қолдиришга ҳаракат қилади. Бунинг учун умрини сарфлайди. Талайгина яхшиликлар қилади. Келинг, ўша талай яхшиликлар сафига она табиатга муҳаббатни ҳам қўшиб қўяйлик, биздан қолган муҳаббатни фарзандлар, улардан сўнг эса невараларимиз ардоқлашсин. Бу йўлда қўлимиздан келганча уйда, ишда, кўчада уларга намуна бўлайлик. Зеро, бу уларга қилган энг катта яхшиликларимиздан бири бўлса ажабмас.

Адиба Мейлиева,

ЎзДЖТУ талабаси

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз