IMG_9679

Иккинчи ва учинчи кун: қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва қайта тикланадиган энергия манбалари

Форумнинг иккинчи куни «Қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш» сессияда иштирокчилар мавзуларнинг долзарблигини таъкилаб ўтишди.

- Минтақада ҚМЧни қайта ишлаш паст даражада. Шу билан бирга мамлакатларнинг қонунчиликни такомиллаштириш ва чиқиндиларнинг ҳаддан зиёд тўпланиши муаммосини ҳал этишга қаратилган ташаббусларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини таъкидлаб ўтиш даркор. Хусусан, Афғонистонда пластикдан қайта фойдаланишни назорат қилиш бўйича қонун кўриб чиқилмоқда, деди Сайед Кайом Хашими, Афғонистон Ислом Республикасининг атроф муҳитни муҳофза қилиш миллий агентлиги, қаттиқ ва хавфли чиқиндилар экологик инспекциси ва мониторинги бўйича эксперти.

Айтиш керакки, бугунги кунда қатор МДҲ мамлакатлари, хусусан  Қозоғистонда «Ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган масъулияти» тизими татбиқ этилмоқда, Ўзбекистонда 2019 йилдан қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полиэтилен пакетлардан фойдаланишга таъқиқ жорий этилмоқда.

Мавзуларга оид параллель сессиялардан форум спикерлари пировард вазифа – чиқиндиларни алоҳида-алоҳида йиғиш ва саралаш эканини таъкидлашди. Бундан ташқари, минтақа давлатлари «велосипедни кашф этишлари»га ҳожат йўқлиги, яхшиси, халқаро тажрибага таяниш кераклиги таъкидланди. Аммо айнан таяниш ва ўз ҳулосасини чиқариш даркор. Латвиянинг Cleantech компанияси ижрочи директори Эвия Пудане Европа Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик борасида ўз фикрича,   мамлакатда яхши иш берадиган стратегиялар Ўзбекистон учун ярамаслиги ва самара бермаслиги ҳам мумкин, шу боис ўзингизнинг давлатингиз, шаҳарларингизга мос келадиган стратегия ва ёндошувларни танлашни маслаҳат бераман, деди у.

Zoï Environment Network директори жаноб Отто Симонетт Марказий Осиё бўйича минтақавий таҳлилни форум иштирокчилари эътиборига ҳавола этди. Қозоғистонда янги стандартлар, мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилмоқда ва қонунчилик янгиланаяпти, деб таъкидлади спикер. Қирғизистонда тоғ экотизимлари ва Иссиқ-Кўл кўлини чиқиндилардан тозалаш ишларида жамоатчиликнинг фаол иштироки кузатилмоқда. Тожикистонда халқаро кўмак остида заҳарланиш ва радиоактив ифлосланиш муаммоларини ҳал этишга киришилган, чиқиндилар бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Туркманистонда – янги қонунчиликда экологик талаблар, Каспийдаги тарихий ифлосланиш, шаҳарларда тозаликни сақлаш муаммолари қамраб олинган. Ўзбекистон чиқиндиларни бошқариш тизими, чиқиндиларни қайта ишлаш учун имкониятларни кенгайтириш борасида янгича фикрлаш ва давлат дастурларини, инвестицион режаларни намойиш этмоқда.

Форум иштирокчилари, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бизнес-сектор учун катта имконият эшикларини очаётганини таъкидлашди. Буни яхши англаган минтақанинг баъзи мамлакатлари ушбу соҳада фаолият юритадиган сармоядорлар учун преференциялар тизими устида ишлашмоқда.

 

Қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергосамарадорлик

Қайта тикланадиган энерги манбалари йўналиши бўйича муҳокамаларни бошлаб берган пленар сессияда (ТЭМ) Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари делегациялари вакиллари соф энергетика борасидаги миллий сиёсат ва асосий жиҳатларни акс эттирувчи маърузаларни ўқиб эшиттиришди.

Таъкидлаш керакки, минтақанинг барча мамлакатлари ўз сиёсатида қайта тикланадиган энергия ҳиссасини ошириш бўйича режаларини намоён этишади. Мисол учун Қозоғистонда ҳозирги пайтда қайта тикланадиган энергетиканинг ҳиссаси – 1%, 2030 йилгача уни 10%гача, 2050 йилгача эса – 50%гача ошириш кўзда тутилган. 2009 йилдан бошлаб қонунчилик даражасида қулай шарт-шароитлар яратилган, қатъий белгиланган тарифлар ҳисобига ТЭМдан ишлаб чиқарилаётган энергияни сотиб олиш кафолатланган, солиқ мажбуриялари олиб ташланмоқда.

Афғонистонда ТЭМ сектори атроф-муҳитга салбий таъсирларнинг камаяётганини ҳисобга оладиган бўлсак, у барқарор ривожланиш салоҳиятига эга. ТЭМни жорий этиш схемаси тасдиқланган, уни қўллаш масаласи иқтисодиётнинг барча секторларида кўриб чиқилмоқда.

Қирғизистонда ТЭМни ривожлантириш учун қонуний    асослар мавжуд. Миллий энергетика дастури қабул қилинган бўлиб, у ТЭМни ривожлантириш бўйича низомни ўз ичига олган. Қирғизистон Республикасининг саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси вакили Адима хоним Мусаева энергосамарадорликни ошириш бўйича ишлаш зарур эканини билдирди. У энергосамарадорликни ошириш ҳисобига 40%гача энергияни тежаш имкони мавжуд эканини таъкидлади.

Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги Электроэнергия бошқармаси бошлиғи ўринбосари жаноб Хол Юнусовнинг сўзларига кўра, мамлакатда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектростанциялар томонидан ишлаб чиқарилади. Тожикистон қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича юксак салоҳиятга эга. Жаноб Юнусов Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида Марказий Осиё электр узатиш тизими CASA 1000 қурилиши бўйича келишувларга эришилганини таъкидлади.

Туркманистонда 2018-2024 йилларда энергия тежаш дастури қабул қилинган, у ТЭМни жорий этиш ва қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича қонун лойиҳаси тайёрланишини кўзда тутади. Мазкур дастурни бажариш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у қонунчилик асосларини ҳам назарда тутади. Делегация аъзоси, Туркманистон табиатни муҳофаза қилиш жамияти раиси Сердар Аллеков мамлакатдаги асосий йирик объектлар газга ўтгани ва кенг миқёсдаги ТЭМ фойдали эмаслигига изоҳ берди. Аммо ТЭМ тор қамровда, мамлакатнинг чекка ҳудудларида уй хўжалигида асқатишини билдирди.

Ўзбекистонда ТЭМ бўйича йўл ҳариталари тасдиқланган. Халқаро компаниялар билан ишлар бошланган, техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, ТЭМдан фойдаланиш ва давлат-хусусий шерикчилиги бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Мавзуларга оид параллель сессияларда узоқ истиқболда қуёш, шамол ва бошқа сов энергиянинг нархи тушишига катта эътибор қаратилди. Бир вақтнинг ўзида қазиб олинадиган энергия манбаларидан олинадиган энергия қиймати эса барқарор сақланади. Ушбу далиллар ва жаҳондаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда мутахассислар қайта тикланадиган энергия манбаларининг ҳиссаси ортишини прогноз қилишмоқда, жумладан, Марказий Осиёда ҳам.

Шунингдек, ТЭМ соҳасида «давлат ва хусусий шерикчилиги» сессияси чоғида барча спикерлар хусусий сектор қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришдан манфаатор эканини билдиришди. Хусусий сектор соҳани ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши мумкин, аммо бунинг учун унга шундай имкониятни тақдим этиш даркор. Минтақанинг ҳар бир мамлакати нафақат қонунчилик асосларига, балки соҳани кредитлаш тизими ва имтиёзлар тақдим этишга ҳам эътибор қаратиши даркор. Хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароит яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ТЭМ соҳасида янги лойиҳаларнинг иқтисодий самарасидан фойдаланиш орқали ҳар бир мамлакат Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш учун замин ҳозирлайди.

Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, Марказий Осиёда энергия ишлаб чиқариш бошқа минтақалар билан қиёслаганда паст даражада, ва минтақа ТЭМни жорий этиш бўйича орқада қолмоқда. Аммо ривожланиш сари қадамлар қўйилмоқда. Нефть-газ сектори, энергосамарадорлик ва молиялаштириш муаммолари ўз ечимини кутаяпти. Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш даркор.

Уч кун давом этган Марказий Осиё халқаро экологик форуми 2018   доирасида  Ўзбекистон учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка кенг йўл очди. Жумладан, Италия атроф-муҳит вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди, Германия атроф-муҳит вазирлиги билан қўшма ҳужжатлар имзоланди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мақсадли келишувларга эришилди. Анжуман доирасида «Чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари. Атроф-муҳит муҳофазаси. Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги – ГEТCА 2018» ихтисослаштирилган кўргазмаси, бизнес-форум, «Марказий Осиё ёшлари» деб номланган тадбир ўтказилди ҳамда Оролбўйи ҳудудига саёҳат уюштирилди. Форум ёпилишида Марказий Осиё ёшларининг атроф-муҳитни асраш ва экологик муаммоларни бартараф этишда биргаликда курашишга бағишланган мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз