zbekiston_ekologik_partiyasi_ora_alpo_iston_respublikasi_ken

ЕР РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШ ВА УЛАРНИ БАҲОЛАШНИНГ ЯНГИ ЁНДАШУВЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкентда “Ер ресурсларини бошқариш ва уларни баҳолаш: янги ёндашувлар ва иновацион ечимлар” мавзуидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва бошқа қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассислари, экспертлар, шунингдек, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, К.А.Тимирязев номидаги Россия давлат аграр университети профеесор ўқитувчилари, халқаро экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган анжуман  БМТТД нинг “Ўзбекистоннинг тоғли, яримчўл ва чўл ландшафтларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерларини рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Анжуманда ер ресурсларини бошқариш ва уларни баҳолаш, тупроқни мониторинг қилиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишда янги ёндашувлар ва инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда ер қонунчилигини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси қарорига асосан 22-апрель куни Халқаро Ер куни сифатида нишонланади. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ер халқнинг энг асосий ва бебаҳо бойлиги, битмас-туганмас мулки ҳисобланади. Ер, айниқса  қишлоқ хўжалик маҳсулотларини  етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умумхалқ бойлиги эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасидалиги баён этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда қишлоқ хўжалигининг тараққиёти, тупроқдан унумли ва оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқ.

Ҳозирги вақтда бутун сайёрада 1,5 миллиард гектарга яқин майдонга қишлоқ хўжалик экинлари экилади. Маълумотларга кўра дунёда ҳар йили 7-8 миллион гектар унумдор ерлар деградацияга учрамоқда. Дунё бўйича суғориладиган ерларнинг деярли 40 фоизи турли даражада шўрланган. Саҳроланишнинг кучайиши натижасида қитъаларнинг 36-40 фоизи чўлга айланган ва бу жараён давом этмоқда.

Бугунги кунда Республика ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 млн. гектар майдони табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўронлар ва гармселлар тарқалиши таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Орол фожиаси оқибатида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонли “Оролқум” чўли вужудга келган.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг институционал ва ҳуқуқий базаси яратилган. Мамлакатимиз умумий майдонининг 9,6 фоизи, яъни 3,3 млн. гектари суғориладиган ерларга тўғри келиб, ҳозирда ушбу майдонларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи етиштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса 400 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Фуқаролик кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлари, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Афсуски, бугунги кунда дунё миқёсида тупроқ қатлами емирилмоқда, яхши унумдор ерлар камайиб, жадаллик билан таназзулга юз тутмоқда. Табиатга антропоген таъсир туфайли миллиард гектарга яқин ердан инсоният маҳрум бўлган. Таъкидланганидек, тупроқ унумдорлигини ва ишлаб чиқариш қувватини ошириш кўп жиҳатдан унга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга, уни яхшилашга қаратилган тадбирлар мажмуасига боғлиқ.

Жумладан, гумус тупроқ унумдорлигини белгиловчи муҳим омилдир, лекин кейинги йилларда тупроқда дегумификация жараёни натижасида, Ўзбекистоннинг бир мунча ҳудудлари тупроқларида 40-50 фоизгача гумус камайган, натижада тупроқнинг биологик фаолияти ёмонлашган. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг изчиллик билан жадаллаштириш, ер фондидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ҳар гектарининг унумдорлигини, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммолар ечимини ишлаб чиқиш ғоят катта аҳамият касб этади.

Биргина Орол денгизи қуришининг жадаллашуви, иқлим ўзгариши, хусусан ёғингарчиликнинг кам бўлганлиги Амударё қуйи оқимида туз ва сув мутаносиблиги бузилишига, ерларнинг шўрланиши, унумдорлик даражаси пировардида қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигининг камайишига олиб келмоқда. Натижада сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, чўлланишни кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётганлиги нафақат минтақамиздаги балки дунёдаги экология ва атроф муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор Фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг қарорлари мазкур экологик муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосида БМТнинг Траст жамғармаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазкур жамғарма олдига қўйилган асосий вазифаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратиб, “……ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Орол денгизининг сувсиз қолган ерларида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз… Қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сув ости ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади”-дея таъкидлаб ўтган эди.

Бугунги кунга қадар Оролнинг қуриган тубида 400 минг гектардан зиёд майдонда саксовул уруғлари экилган, қарийб 1 млн.гектар майдон экишга тайёрланган. Ушбу олиб борилаётган ишларнинг амалий мақсади Оролнинг қуриган тубида мўътадил экотизим яратиш ҳамда денгиз тубидан кўтарилаётган қум-тузларни тўхтатишдан иборатдир.

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва мелиоратив тизимлар қуриш, улардан фойдаланишга боғлиқ табирлар ўтказишга давлат томонидан катта маблағлар ажратилаётганлиги бежиз эмас.

Жумладан, 2018-2019 йилларда ирригация тармоқларини ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича Давлат дастурига мувофиқ, икки йил давомида суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши 3 минг гектарга яқин майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган.

Дастурга кўра, 1086 километр узунликдаги каналлар ўзанлари бетон билан қопланиб, 661 километр лотоклар янгидан бунёд этилиши, шунингдек, 109 та йирик гидротехник иншоотлар қурилиши ва янги насос станциялари ўрнатилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида 1 млн. 200 минг гектар майдондаги ернинг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари жорий йилнинг 22-феврал куни муҳтарам Президентимизнинг №ПҚ-4204 -сонли  яъни  Ўзбекистон Республикасида “Чўлланиш ва қирғоқчилликга қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадьбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Конференция Оролбўйи ҳудуди трансчегеравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва муҳофаза қилишни умумий стратегияларини ишлаб чиқиш, чўлланишга қарши кураш – барқарор экотизим асоси, дунёда экотуризмни ривожланиши ва Ўзбекистонда ундан фойдаланиш имкониятлари каби секцияларда давом эттирди.

Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Экологик партиясиннинг ташкил этилиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил ахборот берилди. Оролбўйидаги экологик ҳаолатни барқарорлаштириш, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий этишни жадалаштириш, экологик тоза озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш Партиянинг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ билан атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни барқарорлаштириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик Меморандумларини имзолади. Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси сафига қўшилган қатор аъзоларга Партиянинг Аъзолик билетлари тантанали топширилди.

Н.Косимова

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз