Эрнест Смитнинг «мулки»

ozero_kliluk-kanadaКанаданинг Осойос шаҳарчаси яқинидаги Оканаган водийсида  «доғли кўл», деб номланган дунё сайёҳлари орасида яхши таниш ғаройиб кўл жойлашган. Минераллар таъсирида турли рангга кирувчи сув кўлда ўзига хос «доғ»лар ҳосил қилгани боис, кўл шундай аталган.

Кўпгина адабиётларда «доғли кўл» деб келтирилган ушбу сув ҳавзасини маҳаллий аҳоли ғлилук, деб атайди. Бошқа кўлларда учрамайдиган ушбу хусусият Ғлилук кўли сувида магний сульфат, кальций, натрий сульфат тузлари ҳамда кумуш, титанга ўхшаш моддаларнинг кўп тўпланганидадир.

Ёзда кўл сувининг парланиши натижасида унинг саёз жойлари ер устига чиқиб қолиб, кўл ўрнида кўп сонли оролча шаклидаги кўлмаклар ҳосил бўлади. Ушбу кўлмаклардаги сувнинг турли хил ранги йил фаслларига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради. Бир қарасангиз кўлнинг доғлари кўк рангда бўлса, кейинчалик қизил ёки яшил рангга кириши мумкин. Июль ойларида Қуёш таъсирида қотган кўлмаклар атрофида ҳосил бўлган туз деворларида бемалол юриш мумкин. Канада ҳиндуларидан иборат маҳаллий аҳоли тузли сув турли хил касалликларни даволаш учун фойдали бўлган Ғлилук кўлини муқаддас, деб ҳисоблашади.

Шуниси қизиқки, узоқ вақт бу табиий ҳавза Эрнест Смит номли кишининг шахсий мулки ҳисобланган. 1979 йилда Э.Смит бу ерда туз билан даволайдиган курорт барпо этмоқчи бўлганида маҳаллий аҳоли кўлни сотиб олишни таклиф этиб, шу йўл билан уни муқаддас жой сифатида сақлаб қолмоқчи бўлишган. Кўлнинг хўжайини ва аҳоли ўртасида 20 йилдан ортиқ олиб борилган музокаралардан сўнг, томонлар ниҳоят, 2001 йилда 22 гектар майдондаги кўл 720 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий ҳиндуларга сотилган.

Бир гуруҳ олимлар Боливиянинг тоғли ҳудудларида яшайдиган ҳиндуларнинг турмуш тарзини ўргана туриб, кичкина кўл бўйида жойлашган қишлоқ аҳолиси билан боғлиқ ғаройиб ҳодисага дуч келдилар. Чунки атрофдаги қишлоқларда яшовчи аҳолининг юзларини ажин қоплаб, улар ўз ёшига нисбатан қари кўринса, кўл бўйидаги қишлоқ аҳли нисбатан ёш ва бардам қиёфага эга эди.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, бунинг сабаби нисбатан ёш кўринувчи ҳиндуларнинг қишлоқ ёнидаги кўлда доимий равишда чўмилишида экан. Ушбу кўлнинг мўъжизакор хусусияти ҳақида кўлнинг маҳаллий ҳиндулар тилида «ёшлик туҳфа қилувчи» маъносини англатувчи Качи-Сино деган номи ҳам далолат бериб турибди.  Олимларнинг фикрича, кўлнинг қирғоғида бир соатча бўлган киши ўзини нафақат тетик ҳис қилади, балки теридаги ажинлар текисланиб, бирмунча силлиқ бўлиб қолади. Маҳаллий халқнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган афсоналарига кўра, қадимда кўлга ёққан юлдуз ёмғири уни шундай хусусият билан «сийлаган».

Бу маълумотлардан хабар топган бир қатор тадбиркорлар шифобахш кўлнинг суви билан савдо қилиб ёки махсус курортлар қуриб, катта даромад олиш ҳақида ўйлай бошлаган. Аммо кўл билан боғлиқ ушбу режалар у жойлашган ҳудудга етиб бориш бирмунча қийин бўлгани боис амалга ошмай қолди. Немис компанияларидан бири кўл сувини шиша идишларга қуйиб, вертолётларда Катта Ерга етказиб беришни йўлга қўйди. Аммо, қадоқланган «сеҳрли» суюқлик тез орада ўзининг мўъжизакор хусусиятини йўқотиб, оддий сувга айланиб қолди.

Текширишлар шуни кўрсатдики, сувнинг бундай ғайриоддий хусусияти кўл тубидан чиқадиган нурланиш манбаи билан бевосита боғлиқ. Бундай нурланиш мавжудлигини  мутахассислар махсус асбоб-ускуналар орқали аниқлашга муваффақ бўлишди. Олимларнинг фикрича, ерли халқнинг афсоналарида тез-тез учрайдиган «юлдуз ёмғири» коинотдан тушган метеорит бўлиб, ундан ажралиб чиқаётган энергия инсон организмига тетиклик бағишлаши мумкин.

Каромиддин Гадоев

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз