экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси топширилди

IMG_7579

Мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида мукаммал ҳуқуқий асослар яратилган. 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган «Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қонунга мувофиқ табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида давлат, идоравий, ишлаб чиқариш назорати билан бир қаторда жамоатчилик назорати ҳам йўлга қўйилди. Қонунчилигимизга биноан жамоатчилик асосида фаолият юритадиган экология инспекторлигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тавсия этилади. Бундай мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида махсус ўқув-услубий марказ ташкил этилди.  Айни пайтда ўқув-услубий марказнинг ўқув курсларини тугатган жамоатчи экология инспекторлари республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб боришмоқда.

   Куни кеча ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган Зангиота тумани «Эъзоз» маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчи экология инспектори  Шухрат Бойметовга  Ўқув-услубий марказ директори М. Сайдалиев томонидан гувоҳнома топширилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз фуқаролари кўнгилли сифатида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ишларида экологик назоратнинг жамоатчи инспектори сифатида фаол ҳаракат қилишлари мумкин. Фуқаронинг аризаси атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи ННТ раҳбари ва экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Номзоди маъқулланган шахсга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисининг комиссия йиғилиши баённомаси асосидаги қарори ва ННТ раҳбарининг буйруғи билан экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси берилади.Гувоҳнома фуқаронинг экологик назоратнинг жамоатчи инспектори сифатидаги ҳуқуқий мақомини белгилаб беради.

экотадбир

– Экологик муаммоларни бартараф этиш, уларнинг табиий мувозанатга ва инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юкламоқда, – дейди Зангиота тумани «Эъзоз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Маҳамаджонов. – Бугунги кунда  маҳаллада 2445 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг ўртасида табиатни асраш бўйича ишларни тарғиб қилиш, табиатга зарар етказаётган фуқароларимизга нисбатан чоралар кўришда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг масъулияти катта.

Ш.Бойметовнинг фикрича, жамоатчи инспекторнинг табиат муҳофзаси йўлида фаолият юритиши олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга ошириш, хусусан, ҳудудларнинг экологик мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиат бойликларини тежаш, ўсиб келаётган ёш авлодни эзгу қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Қосимова

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз