1-3

ЧЎЛНИ БЎСТОН ҚИЛАЙЛИК ЁХУД СУҒОРМАСДАН ЭКИН ЕТИШТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ

Ўрта Осиё минтақасида тоғларнинг мавжудлиги, уларда Амударё ва Сирдарё каби серсув дарёларни шаклланиши табиатнинг буюк неъматидир. Дарёларнинг сув ресурсларига асосланган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 32 млн. ахолини боқишга ҳам, экспортга ҳам махсулот етказиб бермоқда. Лекин ётиб есанг тоғ ҳам чидамас экан, сув етишмаслиги туфайли Орол денгизи саёзлашиб, уч қисмга ажралиб кетди, улардан бири – Катта Орол бутунлай қуришга ҳам улгурди. Экин далаларининг бир қисми ҳам сув етишмовчилиги туфайли экилмай қолмоқда. Бундай шароитда лалмикор далаларда экин экиш ахамияти янада кўтарилиб бормоқда.

Ўзбекистонда экин даларининг деярли 760 минг гектари суғорилмайдиган, лалмикор ерлардан иборат. Бу ерларда биринчи навбатда кузги дон экинлари, асосан буғдой экилиб, табиий ёғингарчилик билан ҳосил етиштирилади. Бундай даларда табиий намликни сақлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширилиши янада муҳим. Тоғли минтақаларда табиий намлик билан мевали ўрмонлар – бодом, писта, олма, ёнғоқ ва бошқа дарахтлар, узум экилади. Ўзбекистон водийларида, чўлларида ёғингарчилик деяли икки марта камроқ. Лекин бу соҳаларда дарахтларнинг илдизлари ер ости сувларига етиб олишининг имкониятлари кўпроқ.

Умуман олганда лалмикор ерларда фақат мевали дарахтларни, ҳосил берувчи экинларни етиштиришни мақсад қилиб қўйиш тўғри эмас. Жумладан қумли чўлларда саксовул экиш асосан экологик аҳамиятга эга. Чўл зоналари кенгайиб бораётган ҳозирги замонда бу жараённи тўхтатиш ва орқага чекинтириш, иқлимни ўзгаришини салбий оқибатларини олдини олиш озуқавий хавфсизлик каби муҳим масаладир. Бундай мақсадларга эса биринчи навбатда мевасиз дарахтлар, мевасиз буталар, биз “бегона” деб номлайдиган ўтлар жавоб беради.

Экин ва дарахтларни чуқурларда ўстириш. Ёқуб Савадогони Сахрои Кабирни тўхтатган одам дейишади. Сахрони жанубида яшаган Ёқуб қабиласида экинларни чуқурларга экиш агротехникаси қўлланилган. Маълум бўлишича ҳатто бу саҳрода ҳам баъзан ёмғир ёғар экан. Лекин ёмғир суви саҳрони тошдек қаттиқ сирти бўйлаб оқиб, фойдасиз кетарди. Миришкор чуқурларни тайёрлаб, чуқурларни маҳаллий ўғит ва турли органика билан бойитади, биринчи ёмғирдан кейин бу чуқурларга экин экиш яхши натижа беради. Фойдали экиндан ташқари даласига сувсизликка чидамли дарахт уруғларини эка бошлайди ва миришкорнинг дарахтли далалари сахро бостириб келишини тўхтатади. Ёқуб Савадого эса ўз тажрибасини Америкага бориб, ЮНЕСКО ташкилотида ҳам тарғиб қилади. Африкалик камбағал фермер ўз қўллари билан қилган бу мўъжизани техника билан қуролланган ўзбек фермерлари Республика сахроларида боғу – ўрмонлар яратиш учун такрорлай олмайдими?

Валоканава тизими. Бу тушунча учун ўзбеча ном яратилмагани учун, рус тилидаги номидан фойдаланиб турамиз. Унинг мазмуни ариққа ўхшайди, лекин у сувни оқизиш учун эмас, балким тепалик ёки тоғ ён бағри бўйлаб оқиб тушаётган сувларни тўплаб, ерга сингдириб, дарахт ва бошқа экинларнинг илдизлари соҳасида сақлаб қўйишга, тупроқни сувга тўйинтиришга бағишланади. Валоканавада сув оқмаслиги учун уни горизонтал қилиб очиш керак, бунга геодезик асбоблар ёрдам беради. Натижада валоканава тепалик ён бағрини шаклини такрорлайди, мураккаб эгри чизиқдан иборат бўлади. Чиққан тупроқ ариқнинг қуйи қирғоғига қўйилади, юқори қирғоқ эса оқава сувларни келиб тушиши учун очиқ қолади. Ёмғир сувларини тўсган валоканава қияликдаги эрозия жараёнларига тўлиқ барҳам беради, қияликни қуйи соҳасини сув билан тўйинтиради ва бу ерда мевали ва манзарали дарахтлар, кўп йиллик бута ва ўтлар экиш учун шароит яратади. Дастлабки ўсимликлар экилганидан сўнг инсон иштирокисиз ҳам йиллар давомида табиий жароёнлар давом этиб, валоканава бўйлаб яшил экосистема вужудга келади! Валоканава тубида эса сув келтирган органик ва ноорганик моддалар, барглар, ўсимлик қолдиқлари тўпланади ва ажойиб мульчага айланади, мульчанинг кўплаб афзалликлари намоён бўлади

Қиялиги кичик бўлган жойларда табиий сувларни тўплаш учун валоканава вазифасини бажарувчи тўғон қуриш мумкин. Тўғон учун тупроқ қияликнинг юқори тарафидан олиниб, сатҳи кенг, лекин чўқурлиги кичик (масалан 0.5 м) бўлган ҳовуз ҳосил қилинади. Ҳовуз фақат ёмғирлар пайтида сувга тўлиб, сўнгра сув ерга сингиб кетади. Бу сув ҳисобига чўл ўртасида ҳам дарахт ва бошқа ўсимликлардан иборат яшил водий ҳосил қилиш мумкин. Қуйидаги расмларда Америкада 80 йил илгари қурилган тўғон туфайли вужудга келган табиий экосистемани ва атрофдаги чўлни кўришимиз мумкин. Бу жойда тарихан қисқа вақтда шундай унумдор тупроқ ҳосил бўлганки, уни кетмон билан эмас, қўл билан олиш мумкин! Бу водийга мевали дарахтлар ва бошқа экинлар экиб, каналдан сув олиб келмасдан, органик ва сунъий ўғитлар сарфламасдан ҳам йилдан-йилга кўпроқ маҳсулот берувчи хўжалик яратиш мумкин.

Импринтер. Чўл ва саҳроларнинг кенгайиб бориши ҳақида кўп марта эшитамиз, ўқиймиз. Бунинг мазмуни нимадан иборат деган савол туғилади? Жавоб шундан иборатки, турли сабабларга кўра ердаги ўсимлик дунёси тез ёки секин камайиб боради, пайти келиб уни чўл ёки саҳро деб атай бошлаймиз. Агар етти миллиард аҳолини боқишга етарли маҳсулотлар етиштираётган фермерлар чўлга ўтлар ва бошқа ўсимликлар эка олса, ва бу амал қиммат тушмаса саҳро чекинди деб айтардик. Дунёда шундай мисолларни топишимиз мумкин экан. Боб Диксон – агроном-олим, яратган машинасини импринтер деб атаган. Машинанинг ишчи элементи катта метал цилиндрдан иборат бўлиб, унинг сиртига метал бурчаклар (уголок) пайванд қилинган. Трактор цилиндрни ер сирти бўйлаб тортганда бу тишлар ерда чуқурчалар қолдиради. Бир вақтнинг ўзида машина ўтларнинг уруғини ва органик ўғит сепади, улар, албатта, чуқурчалар тубига тушади. Бу ерда уруғ униб чиқиш учун энг мақбул шароитни топади. 1. Чуқурча уруғни кучли қуёш нурларидан қмсман асрайди. 2. Унинг ёнида оз бўлса ҳам ўғит бўлади. 3. Шамол олиб келган чанг (бу чанг унумдор тупроқдан иборат) ва уруғлар чуқурча тубига тушиб, ундаги уруғни бекитади. 4. Ёмғир ёққанда сув биринчи навбатда шу чуқурчага тўпланади. 5. Чуқурча туби тупроқнинг энг зичлашган соҳаси бўлиб, физика қонунлари бўйича каппиляр кучлар атрофдаги намликни шу ерга, уруғнинг ёнига тортади. Ҳуллас, сепилган уруғ бир кун албатта униб чиқади.

Импринтер ёрдамида Боб Диксон меҳнат ва вақтини аямай ўзининг Аризона чўлидаги ерини қумлоқ саҳродан ўт ва дарахтлар билан қопланган унумдор ерларга айлантирган. Етарли уруғ тайёрланган бўлса импринтер бир соатда бир гектар ерга уруғ экиши мумкин. Йилнинг тўрт фаслида экишни давом этиш мумкин. Маданий бўлмаган ўсимликлар шундай юксак ҳаётий кучга эгаки, ерда баъзан йиллаб ётгандан кейин ҳам шароит тўғри келган пайтда униб чиқади. Ўзбек миришкорларига ҳам бу техникани ўзлаштириб, чўлларни кўм-кўк унумдор ерларга айлантиришни тилаймиз.

Дарахт кўчатларини қути билан ўралган ҳолда етиштириш. Исроил давлати Яқин Шарқда жойлашган, унинг 2/3 қисми дастлаб чўлдан иборат бўлган, инсон ёрдамисиз бу ерда бирон нарса ўсмаган. Ватан қадрига етган ҳукумат бу чўлларда ўрмон ўстириш учун олимларга топшириқ беради. Лекин улар маълум муддатдан сўнг бунинг иложи йўқ деган хуллоса чиқарадилар. Топшириқ бошқа мутахассисларга берилади ва улар муаммонинг ечимини топади. Ҳозирги пайтга келиб Исроил ҳудудининг 8% қўлда экилган ўрмонлардан иборат. Солиштириш учун қўшни Мисрда ўрмонларнинг ҳиссаси 11 марта камроқ – 0.7%.

Топилган ечим шундан иборатки, экилган дарахт кўчати бошқа ишлардан ташқари метал ёки пластик коробка билан ўраб қўйилади. Коробканинг фақат юқори қисми очиқ бўлгани учун унинг ичидаги ҳаво намлиги юқори бўлади ва кўчатдан, айниқса у кичкина бўлганида, сув буғланишини чеклайди, уни қуриб қолишдан асрайди. Иккинчи ҳосса янада муҳим. Чўл қуёши нурларидан коробка кундузи қизийди, кечаси кескин совийди ва мана шу жараёнларда пластик сиртида сув конденсацияланиб, кўчат илдизларини ёнига оқиб тушади. Исроил денгиз қирғоғида бўлгани учун у ерда ҳаво намлиги юқори бўлиб, бундай атмосфера ирригацияси яхши ишлайди ва чўл шароитида кўчатларнинг 80% тутиб кетишига эришилган.

Султонмурод Орифжонов.

 

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз