ЧАКАНДА

oblepikha_3_600

Ботаник таърифи. Чаканда-жийдадошлар оиласига мансуб, бўйи 2-5м. гача борадиган кичик дарахт ёки бута. Одатда тўқайларда ўсади. Навдалари тангача ва туклар билан қопланган, тиканлари хам бўлади. Барглари навбатма-навбат жойлашган, калта бандли, узунлиги 6-8 см.гача боради. Гуллари бир жинсли, икки уйли, калта бандлари бўлади. Меваси майда, сариқ ва тўқ сариқ ёки қизғиш тусда бўладиган, сершира, хушбой данакли мева. Май ойида гуллаб, август-сентябрда мева тугади ва меваси келаси йил бахоргача ўсимликда тураверади. Бачки, пархиш ва уруғларидан кўпаяди. 

ГЕОГРАФИК ТАРҚАЛИШИ. Ўрта Осиёдаги хамма республикаларда, Қозоғистоннинг жанубий томонларида, шунинг-дек Кавказ, Тува, Олтой, Байкал орти ва бошқа жойларда учрайди. Қимматли сервитамин ва манзарали ўсимлик тариқасида, дарё сохиллари ва жар ёқаларини мустахкамлаш учун экилади.

 КИМЁВИЙ ТАРКИБИ. Асосан меваси ишлатилади. Мевасида 8%гача ёғли мой бўлади. Ёғли мой асосан Олеин, Стеарин, Лимон ва Палметин кислоталарининг триглицеридларидан иборат. Бундан ташқари мевасида изорамнетин – C16Н12О7, каротиноидлар аралашмаси (60мг% гача), витаминлар: C (450мг% гача), В1 (0.035мг% гача), В2 (0.056мг% гача), Е (145мг% гача), фолат кислота (0.79мг% гача), қанд моддаси (3.56%гача), 2.64%гача винокаменная кислота ҳамда ошловчи моддалар бор. Уруғларида 12.5%гача ёғли мой, 0.28мг%гача В1, 0.38мг%гача В2, 14мг%гача Е витаминлар ҳамда 0.3мг%гача каротин бўлади. Баргларида 370мг%гача аскорбин кислотаси, 8%гача ошловчи моддалар ва полифеноллар топилган. Пўстлоғида гиппофаин алкалоиди бўлади. Ҳозирги вақтда селекционер олимлар томонидан тикансиз, юқори махсулот берадиган навлар яратилмоқда.

ТАЪСИРИ ВА ИШЛАТИЛИШИ

 Чаканда ёғи ва шарбати поливитаминли махсулот хисобланиб, оғриқ қолдирадиган, цинга касаллигига даво бўладиган, яра-жароатларни битирадиган восита хисобланади.

 Чаканданинг ёш навдалари ва баргларидан олинадиган “гиппофаин” препарати хавфли ўсмаларнинг ўсишини секинлаштириши, қон босимини пасайтириши аниқланган. Чаканда мойи зарарланган тўқималар эт олиб, битишини тезлаштириши, яллиғланишга қарши ва оғриқсизлантирувчи таъсир кўрсатиши аниқланган.

 ТАЙЁРЛАШ ВА ИШЛАТИШ УСУЛЛАРИ

 Чаканда меваларини ювиб, компотлар, мурабболар таёрланади ва сервитамин махсулот сифатида истеъмол қилинади.

  1. Чаканда мойи ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигида 1 чой қошидан 3-4 махал ичилади.

  2. Хавончада майдалаб янчилган 500 грамм чаканда меваларини 1 литрли шиша банкага ўтказилади, устига 300-400мл эфир ёғи ва гексан қуйиб, банкани оғзини ёпиб, 20°C дан паст ҳароратда, қоронғи жойда 5 кун сақланади. Сўнгра уч қаватли докадан ўтказиб, сузиб олинади, эритувчини хайдаб чаканда мойи олинади.

  Қ. Ғиёсов, ТошДАУ Олий математика, физика ва кимё кафедраси дотценти

 М. Шорасулова, Ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимлилар факультети 1-26 гуруҳ талабаси

Фикр билдиринг

ёки
Сайтга кирганингиздан сўнг фикр билдириш имкониятига эга бўласиз