Category Archives: Янгиликлар

Қуёш қувватли самолёт ҳавога кўтарилди

куеш самолет

Швейцариянинг Пайернида SolarStratos’нинг биринчи парвози муваффақиятли якунланди. Стратосфера самолёти фақатгина қуёш энергиясидан фойдаланади. Учувчи Дамиан Хишье SolarStratos’ни 300 метр баландликка кўтариб, у ерда 7 дақиқа давомида бўлиб турган ҳамда ерга қайта муваффақиятли қўндирган. Барча конструкцияни етарли қувват билан таъминлаш учун унга жуда йирик қанотлар ўрнатилди, уларнинг узунлиги 25 метрга тенг. Қанотлар қуёш панеллари билан қопланган, улар двигатель учун энергия ишлаб чиқаради. SolarStratos стратосферага эса 2019 йилда парвоз қилади.

 Ҳаёт кечириш мумкин бўлган экосайёра топилди

экосайёра

Астрономлар бизнинг Қуёш тизимига яқин сайёрани аниқлашди. Гап, инсон яшаши мумкин бўлган Проксима Б экзосайёраси ҳақида бормоқда. Лондондаги Қиролича Мария университети бир гуруҳ олимларининг хулосаларига кўра, Ерга бундан ўхшаш экзосайёра йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас Проксима Б экзосайёраси Қуёш тизимидан атиги 4,2 ёруғлик йили масофасида жойлашган. Бошқача ифодалаганда, Қуёш билан Ер ўртасидаги масофадан 266 минг марта узоқроқда. Шу пайтга қадар, бизга энг яқин сайёралар сифатида TRAPPIST-1 юлдузи атрофидаги сайёралар ҳисобланарди. Ердан уларгача бўлган масофа эса 40 ёруғлик йилига тенгдир. Проксима Б сайёрамиз вазнидан 1,3 марта оғирроқ бўлиб, Юлдузи билан оралиғи Қуёш ва Ер масофасининг 5 фоизига тенг. Шунга қарамай,  Проксима Центавра Қуёшдан анча совуқроқ бўлгани сабабли, Проксима Б сатҳида суюқ сув бўлиши эҳтимоли бор.

 Нью-Йоркдаги дарёга 140 минг литр нефть маҳсулоти тўкилди

нефть

Нью-Йоркда Ист-Ривер кемалар ўтиш бўғози минглаб литр нефть маҳсулотлари билан ифлосланди. Бу Consolidated Edison энергетика компанияси объектида содир бўлган ҳодиса оқибатида юз берди. Ист-Ривер бўйлаб йўл нефть билан ифлосланиш натижасида бироз секинлик билан кечади. Ташкилот ходимлари барча кемалар учун йўлни тўсиб қўйган ҳолда “хавфсизлик зоналари”ни ташкил қилишди. Ҳозирда қирғоқ ва сувни нефтдан тозалаш жараёни давом этмоқда.

Ҳаво ҳарорати  1,5 даражага кўтарилиши мумкин

хаво харорат

Инсониятнинг иқлим бўйича Париж келишуви шартларини бажармаслиги 5-7 йилдан кейин сайёрамиздаги кўплаб ҳудудларнинг музликлар эришидан сув остида қолишига олиб келувчи глобал исиш жараёни бошланишига сабаб бўлиши мумкин ва 2024 йилда сайёрамиздаги ҳаво ҳарорати ўртача 1,5 даражага кўтарилади. Бу эса Арктикадаги музликлар эриши ва Дунё океани сатҳининг кўтарилиши, сўнгра сайёрамиздаги кўплаб ҳудудларнинг сув остида қолиши ва инсониятнинг таназзулига олиб келиши мумкин. Шунингдек, иқлим зоналари сурилиши, кўплаб шаҳарлар йўқ бўлиб кетиши, уларнинг аҳолиси эса ҳалокатга маҳкум бўлиши мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА

Табиий хладагентлардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш

тадбир

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Иқтисодий ўтиш давридаги мамлакатлар минтақасида ГХФУлардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг дастлабки бажарилиши” қўшма лойиҳаси доирасида Давлат экология қўмитаси давлат ва хусусий тармоқларнинг озон қатламига таъсир этувчи ГХФУлардан фойдаланишни ва улар импортига қарамлилигини аста-секинлик билан камайтиришга қаратилган имкониятини ошириш мақсадида «Табиий хладагентлардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда, Давлат экология қўмитаси вакиллари, хориж экспертлари, давлат ташкилотлари, Германиянинг HEAT GmbH мустақил консалтинг фирмаси ва хусусий корхоналарнинг ҳавони совутиш тармоқлари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги БМТнинг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда озон қатламига таъсир қилувчи гидрохлорфторуглеродларнинг (ГХФУ) импорти ва истеъмолини аста-секинлик билан камайтириш бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда иштирокчилар озон қатламига зарар етказмайдиган ҳамда глобал исиш салоҳияти паст бўлган муқобил совитиш агентларининг хусусиятлари билан батафсил танишдилар (масалан аммиак, карбонат ангидрид ва углеводлар). Шунингдек, совитиш соҳасида хавфсиз ва самарали қўллаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирнинг биринчи қисмида иштирокчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари, шунингдек, дунёда озонни емирувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидландики, ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ хлорфторуглерод (ХФУ) ва гидрохлорфторуглерод (ГХФУ) каби моддалар ердаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи озон қатламини емириш қобилиятига эга эканлиги исботланган. Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси (1985 йилда қабул қилинган) ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси (1987 йилда қабул қилинган) ҳамда унинг тўрт қўшимчасига мувофиқ, ривожланган давлатларда ХФУнинг истеъмоли 1996 йилда, ривожланаётган мамлакатларда эса – 2010 йил 1 январдан тўхтатилган. ГХФУнинг истеъмоли эса ривожланган давлатларда 2020 йилгача, ривожланаётган мамлакатларда эса – 2030 йилгача тўхтатилиши лозим.

Тренингнинг асосий қисмида иштирокчилар Европа Иттифоқи давлатларининг совитиш соҳасида қўлланадиган норма ва стандартлари борасидаги тажрибаси билан танишдилар, совитиш техникасининг асосий принциплари, табиий совитиш агентларининг хусусиятлари (аммиак, карбонат ангидрид ва углеводородлар), табиий совитиш агентлари билан ишлашнинг хавфсизлик нормалари, қоидалари ва тартиблари, табиий совитиш агентларида ишлайдиган ускуналарни ўрнатиш, ишга тушириш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғида, таъкидландики, табиий совитиш агентларини қўллаш нафақат совитиш тизимининг самарадорлигини оширади, балки энергияни ҳам тежайди. Бунда ташламаларнинг камайиши натижасида атроф-муҳитга камроқ зиён етади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон 1993 йил 18 майда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомасига қўшилган ва унинг тўртта қўшимчасини ратификация қилган. Монреал баённомасига кўра, Ўзбекистон 2020 йилга қадар ГХФУлардан босқичма-босқич 99,5% га фойдаланиш ва истеъмолдан чиқаришни кўзда тутган, батамом истеъмолни тўхтатиш эса 2030 йилгача режалаштирилган.

Тадбир давомида йиғилиш иштирокчилари томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди, шунингдек улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлиқ ва атрофлича жавоб олишди.

 

Давлат экология қўмитаси

Ахборот хизмати

Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Президентининг 18 апрелдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида00086940 Фармонга берилган расмий шарҳда келтирилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик суви сифатини назорат қилиш, фойдаланилган сувларни оқизиш (канализация) ҳамда оқова сувни тозалаш хизматларини ташкил этиш соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжуд.

Янги инспекциянинг асосий вазифалари этиб:

  • ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ҳамда оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатишни техник тартибга солишга оид қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
  • сув таъминоти ва канализация ташкилотлари томонидан сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик жараён ва энергия тежашни такомиллаштиришга қаратилган техник аудитдан ўтказиш;
  • сув таъминоти ва канализация тизимига уланиш бўйича техник шартлар талабига риоя этиш, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
  • сув таъминоти ва канализация тизими объектларидан фойдаланиш ҳолати ва шароитлари, сув таъминоти ва канализация тизимида носозликлар ва авария ҳолатларининг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга ошириш, ичимлик суви исроф бўлишининг ўрнатилган меъёрлардан ошмаслиги;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ерости сув қудуқларидан фойдаланиш ҳолати ва шароитлари устидан давлат назоратини таъминлаш белгиланди.

«Давсувинспекция» ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги сув таъминоти ва канализация объектлари, шунингдек, сув чиқариш қудуқларини ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ўрганиш;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг объектлари, шунингдек, турар жойларда сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш бўйича белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш;
  • сув таъминоти ва канализация соҳасидаги қонунчилик талаблари, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳуқуқига эга.

Фармонга мувофиқ, «Давсувинспекция» ўз фаолиятини:

  • ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизмати кўрсатиш масалалари бўйича — Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Республика комиссияси билан;
  • сув таъминоти ва канализация соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, ичимлик суви ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнига риоя қилиш масалаларида — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан;
  • ерости сувлари қудуқларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш, гидрогеологик ахборотларни таҳлил қилиш масалаларида — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан;
  • ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланишга йўл қўймаслик масалалари бўйича — маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

 

эйфел

3D принтерда чоп этилган уйга саёҳат

3D уйлар

3D нашр технологиясидан унча катта бўлмаган модул уйларни тиклашда фойдаланмоқда. Принтер 35 метр квадрат майдонли уйнинг деворлари, том ва полини 8 соатлар атрофида нашр қилади. Дераза, эшик, сантехника жиҳозларини жойлаштириш ва электр тармоқларини ўрнатиш кейинчалик ишчилар гуруҳи томонидан тамомланади. Бу йўл билан тикланган уйлар тўлиқ муқобил  ва кўчма бўлиб, уларни ташқи электр тизимлари ва ичимлик сув тизимларига улаш талаб этилмайди. Уй қуёш батареяси ҳамда ҳаводаги сувни конденсатлаш усулидан фойдаланади. Бундан ташқари, тизимга керакли сувни қуйиш ҳам мумкин. Чоп қилинган уйларнинг муқобил канализация тизими ҳам кўзда тутилган.

 Колумбияда сел оқими юздан ортиқ боланинг умрига зомин бўлди

 колумбия

Колумбиянинг Мокоа шаҳрида рўй берган табиий офатда камида 102 нафар бола ҳалок бўлди. Офатлар таҳдиди бўйича миллий бошқарманинг маълум қилишича, бунга кучли сел оқими сабаб бўлган. Бошқарманинг сўнгги маълумотларига кўра, фожиада жами 314 киши ҳаётдан кўз юмган. Аввалроқ, 301 кишининг қурбон бўлгани айтилганди. Бундан ташқари, 332 киши жароҳат олган. Айни вақтда, 247 кишининг жасади дафн этишлари учун яқинларига берилган. Ҳукумат вакиллари 127 нафар бедарак йўқолган шахсларга доир маълумотларни ҳам тўплаган. Улар орасида Испания, Германия ва Эквадорнинг бир нафардан фуқароси ҳам бор.1 апрелга ўтар кечаси сурункали ёмғирлардан сўнг ўзанидан чиқиб кетган Мокоа, Сангояко ва Мулатос дарёлари Мокоа шаҳрида даҳшатли тошқинга сабаб бўлган эди.

 Францияда дунёдаги биринчи қуёш батареяли автойўл очилди

Франция

Қуёш батареяли махсус панеллардан тайёрланган дунёдаги илк автойўл Франция ғарбида автомобиллар ҳаракатланиши учун очилди. Йўлнинг тажриба синов майдони Нормандияда жойлашган. Трассанинг фақат биринчи километри фойдаланишга топширилган. Унда умумий ҳажми 28 кв.км. бўлган майдонга қуёш батареялари ўрнатилган.Мазкур лойиҳа давлат томонидан 5 млн евро миқдорида маблағ билан таъминланди. У 5 минг аҳолига эга шаҳарни ёритишга етадиган электр энергияси ҳосил қилиш имконини бериши керак.

 Эйфель минораси ўқ ўтмас шиша девор билан қопланади

эйфел

Париж раҳбарияти Франциянинг энг диққатга сазовор биноси ҳисобланган Эйфель минорасини ўқ ўтказмайдиган шиша девор билан қоплашга қарор қилди. Бу эса автомобиллар орқали йўловчилар устига бостириб боришнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Шиша тўсиқлар миноранинг икки тарафига ўрнатилади. Кириш ва чиқиш бўлган яна икки тарафи эса металл тўсиқлар билан тўсилади. Бу ерда кўплаб назорат пунктлари жойлашган. Мазкур усул Эйфель минорасининг атрофини ўраб турган айни вақтдаги тўсиқлардан кўра хавфсизроқ ҳамда кўркамроқдир.

Террористик хавф-хатарга қарши кураш мақсадида ўрнатиладиган тўсиқлар харажати 20 миллион еврони ташкил қилади. Шиша тўсиқлар эса 2018 йил ўрталаригача ўрнатиб бўлиниши лозим.

Наргис Қосимова

Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлар учун жазони кучайтириш керакми?

хайвонлар

«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш ижтимоий ташкилоти Ўзбекистонда мавжуд бўлган катта муаммони кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди. Маълумки, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари республикамизда учраб туради. Айни дамда бундай кимсаларга жазо сифатида энг кам иш ҳақининг 0,5 — 2 баравари миқдорида жарима солинади.»Меҳр ва оқибат» жамоат ташкилоти аъзоларининг фикрига кўра ушбу жазо чоралари бераҳм кишиларни тўхтатиб қола олмайди ва қонунчиликка ўзгариш киритиш вақти келган.

Ушбу мақсадда «Меҳр ва оқибат» ташкилоти аъзолари интернет орқали овоз бериш эълон қилишган. Бугунги кунга қадар қайт этилган натижаларга кўра, сўровда 850дан ортиқ киши иштирок этган. Улардан 53 % — қамоқ жазоси бериш, 16 % — жарима миқдорини ошириш тарафдори бўлишган. Сўралганларнинг фақат 1% жазо чорасини шундай қолдириш тарафдори бўлишган.

Тошкентда 2018 йилдан чиқиндилар алоҳида йиғилади

чикинди

2018 йилдан Тошкентдаги чиқиндиларни йиғиш пунктларини қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш учун фарқланувчи ранг, ёзув ва белгилари бўлган махсус контейнерлар билан таъминлашга киришиш режалаштирилган. Айни пайтда «Махсустранс» корхонаси Осиё тараққиёт банки иштирокида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича инвестицион лойиҳа устидаги ишларни якунламоқда. Унда мавжуд 350 та пунктни реконструкция қилиш, 13,5 минг дона чиқинди контейнерларини сотиб олиш, қайта юклаш станцияларининг иккитасини реконструкция қилиб, биттасини ёпиш, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 30 га майдонда халқаро стандартлар бўйича янги санитар полигонни қуриш ва жиҳозлаш, шунингдек, санитар полигон ва қайта юклаш станциялари учун махсус машиналар ва механизмларни харид қилиш кўзда тутилган.

 Ер ости чиқинди контейнерлари

Навоий

Навоий шаҳрининг микротуманларидан бирида синов тариқасида маиший чиқиндиларни йиғиш учун ер ости контейнерлари ўрнатилди. Naveco номини («Навоий» ва «экологик» сўзларидан) олган лойиҳа ҳусусий «Тежамкорлик» ишлаб чиқариш корхонаси ташаббуси ҳисобланади. Металл чиқинди баклари ер остида 2 метр чуқурликда жойлашган. Улар юқорисига эшикча ва озиқ-овқат ва қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида ташлаш кўрсатилган тахтачаси бўлган иккита устун ўрнатилган. Чиқинди ташувчи машинага уланадиган кўтариш механзми 1,5 дақиқада контейнерни юқорига олиб чиқиб, яна қайтадан шахтага олиб тушади

 Андижонда Бутунжаҳон саломатлик куни ҳафта давомида нишонланади

Андижон

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 1948 йил 7 апрель куни ташкил топган. Ушбу сана Жаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади. Андижонда ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган ҳафталик давомида, Андижон давлат тиббиёт институти профессор ўқитувчилари, тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари барча ҳудудларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар, ногиронларни ҳам уй шароитида кўрикдан ўтказиб, даволаш ишларини олиб борадилар.

Наргис Қосимова

Дунёдаги энг йирик олмос топилди

олмос

Сьерра-Леонеда оғирлиги 709 карат келадиган ноёб олмос   Эммануэл Момо исмли маҳаллий пастор томонидан топилди.  Қимматбаҳо тош мамлакат президенти Эрнест Коромага намойиш қилиниб, пойтахт Фритаунда жойлашган марказий банк омборига жойлаштирилган. Президент пастор ва олмос топилган Коно тумани раҳбариятига «бу олмос мамлакатдан ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетилмаганига» миннатдорчилик билдирган. Президент «олмосни топганлар тегишлича мукофотланишларига» ваъда берган. Олмос йириклиги бўйича Сьерра-Леонеда 1972 йилда топилган 969 каратли олмосдан кейин иккинчи рақамли олмос бўлди. Янги олмос қолган йирик олмослар каби номланиб, «Сьерра-Леоне юлдузи» деган ном олди. Сьерра-Леоне олмос олинадиган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Чиқиндихонадаги фалокат

эфиопия

Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба чеккасида жойлашган чиқинди полигонида чиқинди уюмларининг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 113 нафарга етди.

Фожиа юз берган Коше чиқиндихонаси 50 йилдан кўпроқ мавжуд бўлган. У бир неча йил аввал расман ёпилган. Чиқиндилар учун мўлжалланган янги полигон қўшни туманда барпо этилган, бироқ у ерда яшовчи фермерлар унга олиб борувчи йўлларни тўсиб, полигонга чиқинди ташлашларни чеклаб қўйишган. Оқибатда бир неча ой аввал чиқинди ташувчи машиналар чиқиндиларни яна Коше чиқиндихонасига ташлашни бошлаган. Эски полигонда уйлар қуриб, чиқиндиларни тўплаш ва саралаш билан шуғулланган бир неча юзлаб кишилар яшаган. Чиқинди уюми кўчкиси шу уйларни ва уларда яшовчи одамларни босиб қолган.

Сигирни сўйганлик учун умрбод қамоқ жазоси
сигир

Ҳиндистоннинг Гужарот штати раҳбарияти мамлакат парламентига сигирларни сўйиш ва мол гўштини ташиш учун жазони қатъийлаштирувчи қонун лойиҳасини тақдим қилади. Қонун лойиҳасига кўра, ушбу қоидабузарликлар учун умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин. Ҳиндистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, ушбу қоидабузарликлар учун 7 йиллик қамоқ жазоси берилиши ва 50 минг рупийлик (615 доллар) жарима солинар эди. Қонун лойиҳасида умрбод қамоқ жазосидан ташқари, мол гўшти ташилган транспорт воситасини мусодара қилиш ҳам кўзда тутилади. The Guardian маълумотларига кўра, Ҳиндистоннинг 29 штатидан фақатгина 8 штатида мол гўшти истеъмол қилишга рухсат бор. Сигир индуизм динида муқаддас жонзот ҳисобланганига қарамасдан, мамлакат жанубидаги ҳиндлар ва мусулмонлар уни истеъмол қилишади.

Сицилия оролида Этна вулқони уйғонди

ITALY-SICILY-ERUPTION-ETNA

Италиянинг Сицилия оролида Этна вулқони уйғонди. Ҳаракатда бщлиб турган вулқоннинг отилиши натижасида уни кузатиш учун кратер ёнига чиққан журналист ва мутахассислардан 10  нафар одам жароҳатланган. Италия миллий геофизика ва вулқоншунослик институти маълумотларига кўра, жорий фаоллик одамлар учун хавф туғдирмайди. Катания аэропорти одатий тартибда фаолият олиб бормоқда. Этна вулқони сўнгги бор 2016 йил майида уйғонган эди. Этна Европадаги энг баланд (3,2 минг метр) вулқон саналади, у мунтазам уйғониб туради.

Наргис ҚОСИМОВА

Ўзбекистонда янги газ конларини ўзлаштириш бошланади

ГАЗ КОНЛАРИ

New Silk Road Oil & Gas Company Ltd Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси 2017 йилнинг иккинчи ярмида Қоракўл инвестиция блокидаги конларни (Бухоро вилояти) жиҳозлаш ва у ерда газ олишни бошлайди. 377,5 млн долларлик лойиҳанинг «Хўжасайёд газ-конденсат конининг Денгизкўл участкаси, Хўжадавлат ГКК ва Шарқий Олат ГККни жиҳозлаш» техник-иқтисодий асосланиши ҳукумат томонидан тасдиқланди. Унга кўра, конларда лойиҳавий қувватларга чиққанда ҳар йили 869,6 млн куб метр табиий газ ва 6,4 минг тонна конденсат олинади. Лойиҳа CNPC кафолати остидаги Хитой кредитлари ҳисобига молиялаштирилади.

Фарғонада кичик ГЭС ишга туширилди

гэс

Фарғона шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Марғилонсойда кичик ГЭС қурилиб, ишга туширилди. Мазкур инновацион лойиҳа Фарғона политехника институти олимлари томонидан рўёбга чиқарилди. Синов жараёнида 6 та кўча ёритиш чироғи шаҳар электр тармоқларидан узиб қўйилиб, қурилма ёрдамида ёритилди. Соатига 3 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарадиган мазкур генератор қувват узлуксизлигини таъминлаши амалда тасдиқланди. Кичик ГЭС  ёрдамида 50 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Ускунанинг гидротурбиналари металлдан ясалган. Унинг махсус чўмичлари кинетик энергияни — механик энергияга айлантириб беради.

Ўзбекистон “MITT – 2017” халқаро туризм кўргазмасида

кургазма1

Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “MITT – 2017” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш қилинмоқда.  Унда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Central Asia Travel”, “Marco Polo CAT”, “Compass Tour”, “Azimut Samarkand Travel”, “Oriental Tales”, “Shahriyor-Tur” каби сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда.  185 мамлакатдан икки мингга яқин сайёҳлик фирма ва компанияси вакиллари, эксперт ва мутахассислар қатнашаётган кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган.

Наргис КОСИМОВА

Хитой коинот қурилмаларини самолётлардан учиради

Хитой

Хитойнинг China Daily ахборот агентлигининг маълум қилишича, Хитойда кичик коинот қурилмаларини ҳаводан учиришнинг мақсадга мувофиқлиги ўрганилмоқда. Самолётлар ёрдамида ракета-ташувчилар учириш режалаштирилмоқда. Бу ракеталар ўз навбатида Ер орбитасига сунъий йўлдошларни олиб чиқади.  Ракеталарни учириш платформаси сифатида Y-20 стратегик самолёти ёки унга ўхшаш транспорт самолётини қўллаш кўзда тутилган. Бундай самолётлар 66 тоннагача юк кўтара олади, шунинг учун у қаттиқ ёнилғида учувчи ракета-ташувчини юк сифатида бортига олиши мумкин. Агар лойиҳа амалга ошса, у ракеталарни космодромларсиз ҳам учиришга ва стартни тайёрлаш учун зарур вақтни анча қисқартиришга ёрдам беради.

 БИР ЙИЛДА 1,7 миллион бола ҳаводан заҳарланади

болалар

2016 йил таҳлили натижасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё миқёсида 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг чорак қисми носоғлом ёки ифлосланган муҳит билан боғлиқлиги ҳақида маълум қилди. Бундай аксилсанитария ва ифлосланган муҳит ичбуруғ, безгак ва зотилжам касалликлари натижасида ҳаётдан кўз юмишгача олиб келиши мумкин, бу бир йилда 1,7 миллион боланинг ўлимига сабаб бўлмоқда, дейилади ЖССТ ҳисоботида. Шунингдек ҳавонинг ифлосланиши астма каби сурункали касалликлар хавфини оширади. Ҳисоботга кўра, ифлос ҳаво юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва саратон касалликларига йўлиқиш хавфини оширади.

 Шимолий оқ каркидон йўқолиб кетиши мумкин

каркидон

Кения махсус ҳарбий бўлинмаси Судан лақабли шимолий оқ каркидонни кеча-ю кундуз қўриқлайди. Гап шундаки, ушбу ноёб турдаги сут эмизувчи ҳайвон дунёда йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлгани ҳайвонот олами ҳимоячиларининг жиддий ташвишига сабаб бўлмоқда. 2017 йил 6 март ҳолатига кўра, ушбу турдаги ҳайвондан атиги учта қолган бўлиб, уларнинг иккитаси урғочи ва яна бири Судан лақабли эркак каркидондир. Олимларнинг фикрича, эндиликда бу ҳайвонлар табиий равишда кўпая олишмайди, чунки Судан 44 ёшда бўлиб, у кексайган ҳисобланади. Шунга қарамай, ҳарбийлар Суданни браконьерлардан қўриқлашмоқда. Чунки, олимлар Судандан бошқа турдаги каркидонларни (хусусан, қора каркидонни) сунъий урчитишда фойдаланишни режалаштиришмоқда.

Швейцарияда энг кучли зилзила кузатилди

ШВЕЙАРИЯ

 

Швейцариянинг Гларус кантонидаги Ортсток тоғлари этакларида кейинги йиллардаги энг кучли зилзила қайд этилди. Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 4,6 баллни ташкил қилган. Маркази Линталь шаҳридан 6 км ғарбда, унинг ўчоғи 5 км чуқурликда жойлашган. Бундан ташқари, Берн, Ааргау, Цюрих ва Граубюнден кантонлари зилзила кучини сезишган. Айни вақтда табиий офат талофатлари ўрганилмоқда. Яқин вақтлар ичида қайтаришлар кузатилиши мумкинлиги айтилган.

Наргис КОСИМОВА

Тўртта вилоятда қуёш электрстанциялари барпо этилади

куеш электрстанция

Ўзбекистон Республикасининг Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида ҳар бирининг лойиҳа қуввати 100 мВт бўлган қуёш электр станцияларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳалар 2017-2021 йиллар оралиғида босқичма-босқич амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларнинг ҳар бирининг қиймати 210 млн. доллардан бўлади ва босқичма-босқич қурилади.

 Бухорода тарихий музей қурилади

bukhara

Бухоро вилоятида 660 маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг аксариятини археологик объектлар, монументал санъат асарлари, архитектура ёдгорликлари ташкил этади. Бой тарихга эга бўлган Бухоро тарихи янги қурилиши мўлжалланган музейда акс этади. Шу сабабли Бухоро тарихи давлат музейи лойиҳаси ишлаб чиқилди. 1,2 гектар майдонни ўз ичига олувчи ушбу музей қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 68,3 миллиард сўм сарфланиши мўлжалланмоқда. Музей қурилиб, ишга туширилса, “Арк” қўрғонида сақланаётган ноёб экспонатлар у ерга кўчирилади. Олтмишдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Наврўз сайлига тайёргарлик бошланди

navruz21

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, Наврўз байрамини нишонлаш бўйича шаҳар ишчи гуруҳи тузилди ва тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, 21 март куни шаҳарнинг 20 дан зиёд майдон ва истироҳат боғларида сайиллар ташкил этилади. Наврўз сайиллари бўлиб ўтадиган майдонлар, сайилгоҳлар, истироҳат боғларида миллий ва баҳор таомлари савдоси йўлга қўйилади. Махсус тайёрланган саҳналарда қадимий урф-одатларга хос бўлган дорбозлар, қизиқчилар, халқ театри вакиллари, аскиячилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фолклор-этнографик ансамбллар, цирк артистлари, бахшилар, шоирлар, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларининг чиқишлари ҳамда оммавий спорт ўйинлари  ташкил этилади.

Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш тартиби ишлаб чиқилди

хазрат имам

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш тартиби ишлаб чиқилди. Тартибга биноан турист ва гид-таржимонларга мажмуада жойлашган Мўйи Муборак мадрасасига бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача зиёратчи киришига, экскурсия вақти 20 дақиқа давом этишини маълум қилади. Мадраса ичида баланд овозда гапириш, баҳслашиш, мадраса ичида суратга ёки видеога олиш мумкин эмас. Зиёратчи аёллар бошига рўмол ёки шарф ташлаб олишлари, кийимлар зиёрат талабида – меъёрдан ортиқ калта, тор ёки очиқ бўлмаслиги керак. Туризм мавсумида мажмуа 1 мартдан 30 июнгача ҳамда 1 августдан 30 ноябргача дам олиш кунлаи ҳам 9.00 дан 16.00 гача зиёратчиларни қабул қилади.

Наргис КОСИМОВА

Имом Термизий

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 февралда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини  имзолади. Мазкур қарор Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш ишларини янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади.

Табиий кўллар ва сув ҳавзаларини муҳофаза қилишга эътибор кучайди

навоий

Навоий вилоятида табиий сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Тўдакўл, Шўркўл, Айдаркўлнинг сувости дунёси хилма-хиллигини доимий назорат қилиш асосий вазифамиздир, – дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Ф.Қодиров. – Вилоят ҳудудида 148 минг 500 гектарда Айдаркўл, 21 минг 620 гектарда Тўдакўл ва 274 гектарда Шўркўл сув ҳавзалари жойлашган. Мазкур кўлларда ноқонуний овчилик ва қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда. Вилоятда табиий кўллар ва сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш баробарида ундан самарали фойдаланиш, балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тупроқ унумдорлиги-юқори ҳосил гарови

АГРАР УНИВЕР

Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тупроқ унумдорлигини ошириш масалалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб  ўтди. Олийгоҳ томонидан ишлаб чиқилган инновацион ишланмалар минерал ўғитларни органик ўғитлар билан бирга қўллаш орқали деҳқончиликнинг биологик принципларига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. Бошқача айтганда, кимёвий пестицидлар ўрнига биопестицид ва биоинсектицидлар қўлланилади. Натижада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экологик тоза бўлади.  – Буларнинг барчаси тупроқ унумдорлигини ошириш учун фойдали хусусиятларга эга, – дейди университет катта илмий ходим-изланувчиси, биология фанлари номзоди Нодира Раупова. – Ушбу биопрепаратлар тупроқни тозалаб, соғломлаштиради ва ундаги туз миқдорини камайтиради. Тупроқ микрофлораси ва фаунаси миқдорини кўпайтиради, биохилма-хиллигини таъминлайди.

 Оролбўйидаги муаммоларини ҳал этилади

Aralskoe-more

  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Марказий Осиё ҳудудий экологик маркази ўртасида “Сув, Таълим ва Ҳамкорлик” беш йиллик сув лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича келишуви имзоланди. АҚШ халқаро ривожланиш Агентлигининг (USAID) ушбу лойиҳаси Орол денгизи бассейни мамлакатларининг сув соҳасидаги мутахассислари, илмий ишчилари ва юқори мансабли шахсларининг таълими, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яхшилашга йўналтирилган минтақавий дастури ҳисобланади.Тармоқлараро ўзаро ҳаракатларни яхшилаш ва билимларни мустаҳкамлаш сув ресурсларини янада яхши бошқаришга ёрдам беради. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Оролбўйи минтақасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Давлат дастурини ҳам тасдиқлади. У экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга йўналтирилган.

Наргис ҚОСИМОВА тайёрлади