Category Archives: Ўзбекистон Қизил китоби

левозибрина

УРГУТ ЛЕВОЗЕБРИНАСИ

Ургут левозебринаси булиминидлар оиласига мансуб бўлиб,заиф, табиатан камёб, локал тарқалган эндемик тур саналади.

Мазкур жонзот Ургут қишлоғи атрофидаги Зарафшон тизмасида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Афғонистонда учраши маълум. Тоғларнинг денгиз сатҳидан 900-1500 м баландликда буталар билан қопланган майда тошли ёнбағирларида  яшайди. Сони кам топилмалар орқали маълум. Яшаш тарзи кам ўрганилган. 1,5-2 йилгача яшайди. Тухум қўяди.

Дарахт ва буталарнинг қирқилиши натижасида яшаш жойларининг йўқ қилиниши, яйловдан чорвачиликда ҳаддан ташқари фойдаланиш Ургут левозебринасининг камайиб кетишига олиб келган. Улар махсус кўпайтирилмаган.

Яшаш тарзини ўрганиш ва яшаш жойларини муҳофаза қилиш лозим.

Гулсара МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

сутли

УЧТИШЛИ СУТЛАМА

Учтишли сутлама жуда камёб, эндемик тур бўлиб, Ўзбекистоннинг жанубида ўсади. Унинг бўйи 6-15 см бўлиб, туксиз, кўк-яшил рангли, бир йиллик ўтдир. Пояси қисқа, асосан шохланган. Поядаги барглари бандсиз, текис қиррали, пастки 2 жуфт барглари қарама-қарши, қолганлари навбат билан жойлашган. Узунлиги 4,5-5 мм. Гулолди барглари қарама-қарши жойлашган, қалами, узунлиги 10-15 мм, эни 1,5-4 мм, учта томирли. Тўпгули айри бўлиб шохланган, тарвақайлаган. Кўсакчасининг узунлиги 3-3,5 мм, эни 2-2,5 мм. Уруғи чўзиқ, олти қиррали, узунлиги 1,5-2 мм, оқиш ёки кулранг.Апрель ойларида гуллаб, май-июнда меваси етилади.

Сутламадошлар оиласининг мазкур вакили Сурхондарё вилоятининг Сурхон-Шеробод водийсида тарқалган бўлиб, гипсли ва шўр тупроқли ёнбағирларда ўсади. Ўсимлик уруғидан кўпаяди. Учтишли сутламанинг сонини сақлаб қолиш учун махсус муҳофаза чоралари ишлаб чиқилмаган.

 

ОРХИДЕЯНАМО ГУЛСАФСАР

ОРХИДЕЯНАМО ГУЛСАФСАР

Орхидеянамо гулсафсар Ғарбий Тянь-Шаннинг камёб эндемик ўсимлигидир. Илдизи урчуқсимон, бир оз йўғонлашган кўп йиллик пиёзли ўт. Пиёзининг қалинлиги 1,5–2,5 см бўлади. Пояси 15–25 см, барглари бир-биридан муайян оралиқда жойлашган. Гуллари оч-сариқ, гуллаш охирида бинафшаранг тус олади. Апрель ойида гуллаб, меваси май ойида пишади.

Адир ва тоғ минтақаларининг тошли-шағалли ёнбағирларида ўсувчи ушбу ўсимлик Тошкент вилоятининг Қурама (Оҳангарон дарёси ҳавзаси), Чотқол (Одамтош, Сўқоқ, Чотқол биосфера қўриқхонаси, Чимён), Қоржантоғ (Оқтош), Писком (Ойгаинг, Майдонтол ҳавзасида учрайди) тизмаларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон ва Тожикистонда тарқалган.

Гулсафсардошлар оиласининг мазкур вакилининг сони аниқланмаган. Уруғидан кўпаяди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника боғи ва бошқа мамлакатларнинг ботаника боғларида ўстириб келинмоқда.

Тур Чотқол биосфера қўриқхонасида ва Угом-Чотқол миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган.

 

ДАШТ ҚОРА ИЛОНИ

кора дашт илони

Дашт қора илони Ғарбий Тянь-Шань тоғ тармоқларида, Чирчиқ ва Сирдарё воҳаларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон жануби ва Балхашбўйи, Қирғизистон жануби, Тожикистон шимолида учрайди. Ғарбий ва Шарқий Европа жанубида, Молдавияда, Озарбайжонда, Туркиянинг шимоли-шарқида, Эроннинг шимолида – бошқа кенжа турлари маълум.

Мазкур илонлар дарё қайирлари ва кўл соҳиллари, баъзан тоғ ва тоғ этакларидаги қуруқ даштларда ҳаёт кечиради. Маълумотларга кўра, XX асрнинг 70–йилларида локал популяцияларда гектарига 10–12 дона учрар эди. Ҳозирда сони жуда камайиб кетган.

Март–октябрь ойларида фаол ҳаёт кечиради. Тошлар остида, тупроқ ёриқларида, кемирувчилар инида беркинади ва ўша ерда қишлайди. Март–май ойларида жуфтлашади. Август–сентябрда болалайди. Асосий озуқаси ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар, майда калтакесаклар, қушлар ва сутэмизувчилар ҳисобланади. Ерларнинг ўзлаштирилиши, пестицидларнинг қўлланиши, одамлар томонидан таъқиб қилиниши турнинг камайиб кетишига олиб келмоқда. Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғида ва ЎзР ФА Зоология институти серпентариясида бир неча марта насл олинган.

Дашт қора илони Угом-Чотқол миллий боғида муҳофаза остига олинган. Европа популяциялари СИТЕСнинг I-иловасига киритилган.

Г. МЕНГЗИЯЕВА  тайёрлади

КЕССЕЛРИНГ САВРИНЖОНИ

Безвременник Кесселринга

Кесселринг савринжони Ўрта Осиёда камайиб бораётган эндемик ўсимлик ҳисобланади. Кўп йиллик тугунак пиёзли ўт бўлиб, пиёзи чўзиқ тухумсимон, диаметри 1–3,5 см., қобиғи дағал, қора қўнғир рангли бўлади. Барглари 3–6 тагача, гуллари 1–4 та, оқ ранглидир. Февраль ойида гуллаб, меваси май–июнь ойларида етилади.

Тошкент, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларининг Ғарбий Тянь-Шань (Қурама, Чотқол тизмалари)да, Помир-Олой (Туркистон, Зарафшон, Ҳисор, Нурота, Кўҳитанг тизмалари ва Чўлбайир тоғлари) тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда учраши маълум.

Савринжонлар оиласига мансуб ушбу ўсимлик тоғ этакларидан то тоғ юқори қисмигача бўлган жойларда майда жинсли тупроқли ва шағалли ёнбағирларда ўсади. Табиатда якка-якка ҳолда ва тўп-тўп бўлиб учрайди. Гулларининг кўп миқдорда йиғиб олиниши ва ўсимлик тарқалган ҳудудларда чорва молларининг кўплаб боқилиши сони тобора камайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Ботаника боғида 1967 йилдан буён экилиб келинади. Чотқол, Зомин, Сурхон, Китоб, Нурота қўриқхоналарида, Зомин ва Угом-Чотқол миллий табиат боғларида муҳофаза остига олинган.

 ГАБЕРГАУЭР ПРИОНИКСИ

Проникс

Габергауэр прионикси Ғарбий Тянь-Шань, ғарбий Помир-Олой, Нурота тоғларида тарқалган заиф, табиатан камёб, мозаик тарқалган турдир. Ўзбекистондан ташқарида Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Туркия, Исроил, Кавказортида ҳам учрайди. Паст тоғларнинг шағалли ва тупроқли ҳудудлари мазкур ҳашаротларнинг ҳаёт кечиришлари учун қулай жойдир.

Габергауэр прионикси жуда кам учрайди. Йилига бир марта насл беради. Учиши ва тухум қўйиши июнь-август ойларига тўғри келади. Турли ўсимликларнинг гулларида, асосан, мураккабгулдошларда озиқланади. Уларнинг урғочилари чигирткасимонларни овлайди, уларни фалажлаб, ерда ковланган инига жойлаштиради, сўнг улардан бирига тухум қўяди.

Чўл зонасидаги қўриқ ерларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, ерни шудгорлаш, яйловдан чорвачиликда ҳаддан ташқари фойдаланиш сабабли ушбу ҳашаротларнинг сони камайиб кетган.

Габергауэр прионикси махсус кўпайтирилмаган. Нурота қўриқхонасида муҳофаза остига олинган. Турни сақлаб қолиш мақсадида яшаш жойларини ва сонини мукаммал ўрганиш лозим.

Г. МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

 

 

 

томарис

ТОМИРИС

Оқишқанотлилар оиласининг мазкур вакили Боботоғ тоғидаги Катта- Бисмил массивида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Тожикистон, Туркманистон ҳамда Эронда учрайди. Ушбу капалаклар ўсимликлари жуда кам даштлашган гилли тик жарликларни макон тутади.

Томирис бир йилда бир марта насл беради. Учиши ва тухум қўйиши март-апрель ойларига тўғри келади. Қурти март ойининг охиридан циматокарпусда яшайди. Апрель-май ойларида ғумбакка айланади. Ғумбаги озуқа ўсимлигининг пастки қисмида, тупроқ ёки ўсимлик қолдиқлари орасида қишлайди.

Хўжалик фаолияти ва яйловдан чорвачиликда ҳаддан ташқари фойдаланиш  сабабли капалаклар озиқланадиган ўсимликлар нобуд бўлмоқда. Ушбу омил капалаклар сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда.

Томирисни кўпайтириш чоралари кўрилмаган. Турни сақлаб қолиш мақсадида яшаш жойларини муҳофаза қилиш лозим.

Г. МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

ТУХУМОЁҚ ИЛДИЗБОШ, ЦЕФАЛОРИЗУМ

ТУХУМОЁҚ ИЛДИЗБОШ

Тухумоёқ илдизбош кармакдошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, Жанубий Помир-Олойдаги жуда камёб, эндемик ўсимлик ҳисобланади. Сурхондарё вилоятининг Келиф-Шеробод тепаликларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Туркманистонда ҳам учраши маълум.Асосан олажинсли паст тоғлардаги кулранг соз тупроқларда ўсади.

Мазкур ўсимлик кўп йиллик, 40-60 см баландликдаги йўғон илдизли, тухумсимон каудексга ўтувчи ўсимлик. Барча барглари илдиз бўғизида жойлашган, бандли, серэт, ромбсимон, узунлиги 5-15 см, эни 1,5-2,5 см. Гулбанди 2-4 та, тўғри, шохланган. Косачасининг узунлиги 7-8,5 мм бўлиб, қалин туклар билан қопланган. Гултожи қизил-бинафша рангда бўлади.

Ерларнинг қисқариши ва чорва молларининг боқилиши туфайли ўсимлик сони камайиб кетган. Ҳозирда ўсимликнинг маданийлатирилганлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Тухумоёқ илдизбошни сақлаб қолиш учун махсус муҳофаза чоралари ишлаб чиқилмаган.

ОЛОЙ ХИЁЛИ (Пузырница алайская)

олтой

Итузумдошлар оиласига мансуб мазкур ўсимлик Олой ва Туркистон тоғларида ўсувчи жуда камёб, эндемик тур ҳисобланади.

Унинг бўйи 50 см га етади, поялари кўп, ёйиқ сийрак, оддий ва безчали туклар билан қопланган. Гуллари қисқа, мевасининг етилишига қараб узайиб борадиган, безчасимон тукли бандларда ўрнашган. Гултожи қўнғироқсимон, узунлиги 10-15 мм, хира пушти рангли. Мевасининг узунлиги 10-12 мм бўлиб, кўсакча кўринишига эга.

Олой хиёли Фарғона вилоятининг Олой тизмасида, Шоҳимардон ва Сўх дарёларининг ҳавзаларида учрайди. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида Қирғизистон, Тожикистон (Туркистон тизмаси: Ворух, Хўжабақирган қишлоқлари атрофлари)да ҳам тарқалган.

Ўсимлик денгиз сатҳидан 1800-2000 м баландликда қояларнинг сояларида, бутазорларнинг тагларида, арчазорларда ва очиқ ерларда ўсади. Олой хиёли жуда сийрак тарқалган бўлиб, турли ёшдаги ўсимликларнинг умумий сони 8000 тупдан ошмайди.

Маҳаллий аҳоли томонидан доривор ўсимлик сифатида кўплаб ишлатилиши сабабли ўсимлик сони камайиб кетган. Табиий шароитда экиб ўстирилганда ижобий натижа бермаган. ЎзР ФА Ботаника боғида 1973 йилдан буён ўстириб келинади. Махсус муҳофаза тадбирлари ишлаб чиқилмаган.

 СИРДАРЁ КУРАКБУРУНИ (ФИЛБЎЙИН)  (Сырдарьинский лопатонос)

сирдарё

 Мазкур балиқ Сирдарёнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган эндемик реликт тури саналади. Ҳозирда ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган.

Ушбу балиқлар илгари Сирдарёнинг бошидан этагигача учрар эди. Ҳозирда фақат дарёнинг этагидагина сақланиб қолган бўлиши мумкин, деган тахминлар бор. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистон, Тожикистонда ҳам учрайди. Сирдарё куракбуруни дарёнинг чуқурлиги 1,5-2 метр, туби қумли ва лойли жойлари ҳамда лойқа оқар сувларда яшайди.

Дарёларда турғун ҳаёт кечирувчи ушбу балиқлар 6 ёшда жинсий вояга етади. Апрель ойида урчийди. 850-3800 та атрофида увулдириқ ташлайди. Уларнинг асосий озуқаси сув ҳашаротлари личинкаларидир.

Сўнгги пайтларда Сирдарё оқимини сунъий тартиблаштириш натижасида табиий сув режимининг ўзгариши ва сувининг ифлосланиши улар сонининг кескин камайиб кетишига олиб келди. Бундан ташқари, браконьерлик ҳам балиқларнинг қирилиб кетишига омил бўлмоқда.

Балиқлар СИТЕСнинг II иловасига киритилган бўлиб, уларни овлаш тақиқланган. Сақланиб қолган балиқларни топиш, уларни кўпайтиришни йўлга қўйиш, тур топилган жойларда сув қўриқхоналари ташкил этиш турни сақлаб қолиш ва кўпайтиришга хизмат қилади.

Г. МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади

Светлана гулсафсари

СВЕТЛАНА ГУЛСАФСАРИ

Гулсафсардошлар оиласининг вакили бўлган мазкур ўсимлик Ғарбий Помир-Олойда учрайдиган камёб эндемик тур саналади.Барглари ўроқсимон, эни 3-4 см, силлиқ, четлари оқ ҳошияли, учи ўткир. Гуллари сариқ тусда, 1-2 та бўлади. Апрель ойида гуллаб, май ойида мева беради.

Светлана гулсафсари Қашқадарё вилояти Ҳисор тизмасинингғарбий қисми – Қашқадарё вилояти ҳавзаси (Қизилча, Қўрғонтош, Торқопчиғай қишлоқлари атрофи)да тарқалган. Асосан қизил қумтошли тупроқларда ўсади. Мазкур тур табиий ўсиб турган жойларининг  қисқариши ва чорва молларининг боқилиши туфайли камайиб кетган. Ушбу камёб турни сақлаб қолиш учун муҳофаза чораларини ташкиллаштириш лозим.

Светлана гулсафсари

Anthiasexmaculata

АНТИЯ

Тошқоллар оиласига мансуб мазкур умуртқасиз ҳайвон йўқ бўлиб кетаётган локал эндемик тур ҳисобланади.

Антия Сандиқли чўлининг Шимоли-ғарбий қисми (Аму-Бухоро канали)даги чўлларнинг мустаҳкамлашган ва ярим мустаҳкамлашган қумли массивлари, тепаликлар ўртасидаги сойликларда яшайди. Ўзбекистондан ташқарида Туркманистон, Эрон ҳудудларида учратиш мумкин.

Мазкур умуртқасиз ҳашарот кам ўрганилган. Йилда бир марта насл бериши маълум. Вояга етган антиялар апрель-май ойларида фаол ҳаёт кечиради. Асосан, бўғимоёқлилар, майда калтакесаклар билан озиқланади.

Чўл қўриқларининг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, шудгорлаш ва яйловдан чорвачиликда ҳаддан ташқари фойдаланиш, шунингдек, коллекция мақсадлари учун йиғиш улар сонининг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Антияларни сақлаб қолиш мақсадида яшаш жойлари, сони, ҳаёт тарзини мукаммал ўрганиш, яшаш ҳудудларида муҳофазасини ташкиллаштириш лозим.

Г. МЕНГЗИЯЕВА тайёрлади