Category Archives: Табиат манзаралари

vesennij-dozhd

ҚАЧОН ЁМҒИР ЁҒАДИ?

         Aгaр Қуёш  қoрa  булутлaр oрaсигa  бoтсa, ёғингaрчилик  бўлaди.

         Aгaр Қуёш бoтишдaги  шaфaқ, тиллa-сaрғиш бўлсa, эртaсигa ҳaвo  oчиқ  бўлaди.

         Турнaлaр бaрвaқт учиб кeлсa бaҳoр oдaтдaгидaн эртa бoшлaнaди. Турнaлaр рaқсгa тушсa кун исийди, улaр қичқирсa ёмғир ёғaди.Aгaр куздa бaлaнд учсa куз дaвoм этиши тaбиийдир.

         Ёғингaрчилик oлдидaн тoвуқлaр тупрoққa aғaнaб, қaнoтини қoқaвeрaди.

         Xўрoзнинг кeчки пaйт, яъни бeмaлoл қичқириши oб-ҳaвo ўзгaришидaн дaлoлaтдир.

         Ўрдaк вa ғoзлaр тумшуқлaрини қaнoтлaри oстигa бeркитишсa сoвуқ бўлишини билдирaди.

         Ўрдaклaрнинг қaнoт қoқиб пaтлaрини тoзaлaши ёмғирдaн дaрaк бeрaди.

         Қaлдирғoчлaр ёмғир oлдидaн пaстлaб учa бoшлaйди.

         Эртaлaбки шaфaқ  қизил  рaнгли бўлсa вa  бoтaётгaн  Қуёш  қизғиш  кўринсa  кeчaси  мoмaқaлдирoқ   бўлишини  кутиш лозим.

         Кундузи мoмaқaлдирoқ  кузaтилсa, лeкин кeчки  шaфaқ  зaрҳaл  рaнгли  бўлсa,  кeчaси  ёмғир  ёғмaйди.

         Йилнинг oчиқ вa иссиқ кунлaридa эртaлaб Қуёш чиққaндaндaн кeйин  oсмoндa  юқoри  тўп-тўп  булут  ҳoсил  бўлиб, у тeз  кaттaлaшa  бoшлaсa вa  бaлaнд  пaxтa  xирмoни  шaклини  oлсa кeчгa  яқин  мoмaқaлдирoқ  бўлиб, жaлa  қуйишини  кутинг.

Жасурбек ТОЖИБОЕВ тайёрлади

1985 йилдан бошлаб жирафалар сони 2 баробар камайган

i (1)

- Африкада леопардларнинг яшаш ҳудуди 75 фоизга қисқарган.

- Йирик кемалар атмосферани олтингугурт диоксиди билан заҳарлайди. Биргина кема чиқарадиган тутун миқдори 376 миллион автомобиль чиқарадиган газга тенг.

- 2016 йили Европада асаларилар сони 12 фоизга қисқарган.

- 1 тонна мол гўшти етиштириш учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларига ажратилган ердан 16 баробар кўп майдон зарур.

-2050 йилга келиб Дунё океанидаги пластик чиқиндиларнинг оғирлиги барча балиқлар оғирлигидан ошади.

-Калифорнияда  сўнгги 6 йил ичида 1/3 фоиз ўрмон майдонлари кесилган.

 

— Хитойнинг Шэньчжэнь  шаҳри дунёдаги маиший техниканинг 90 фоизини ишлаб чиқаради.

—  2050 йилга келиб 99%  денгиз қушларининг организмида пластик қолдиқлари топилади.

Н.Қосимова тайёрлади

КИМЁВИЙ ИДИШ ЮВИШ ВОСИТАЛАРИ СОҒЛИҚ УЧУН ХАВФЛИМИ?

Cleaning items isolated on white

Бугун ҳар бир аёл  ўз ошхонасини замонавий идиш ювиш воситаларсиз тасаввур қила олмайди. Бир-икки томчи дастмолга томизилган кимёвий восита ҳар қандай ёғлиқлик даражаси мавжуд идишни топ-тоза қилади. Тез, осон ва қулай. Аёллар идиш ювиш воситаларини сотиб олишда кўпроқ реклама қилинаётган воситаларга ўз эътиборларини қаратадилар. Ҳозир маҳсулотни харид қилиш учун унинг нафақат нархи, балки қадоғи, фирмаси ҳамда ҳиди муҳим аҳамият касб этади. Аммо унинг  қай даражада ўзи ва оила аъзоларининг соғлиғига таъсир қилиши ҳақида  камдан кам аёллар ўйлаб кўришади. Ҳўш, ҳар бир ОАВ, айниқса телевидение орқали реклама қилинаётган идиш ювиш воситалари ҳақиқатдан ҳам  соғлиғимиз учун зарарлими?

Кўпчилик идиш ювиш воситалари билан ювилган идиш-товоқни камида етмиш маротаба чайқаш зарурлигини билишмайди, дейди Ишмамат Тоғаев, Ўзбекистон Республикаси Экологик ҳаракатининг Навои вилояти бўлими раҳбари.- Аксарият ҳолатда восита таркибидаги зарарли кимёвий моддалар идиш юзасида колиб, овқат билан инсон организмига тушади ва бир қанча оғир касалликларни келтириб чиқаради.  Идишларни ювишга мўлжалланган воситалар кимёгарлар тилида юзанинг фаол моддалари  (ЮФМ) деб аталиб, улар катионли  (КЮФМ), анионли (АЮФМ), амфотерли (АмфЮФМ), неионогенли (НЮФМ) ларга бўлинади. Ушбу кимёвий бирикмаларни идиш юзасидан ювиб тушириш анча қийин.  Энди тасаввур қилинг, оддийгина тўрт нафар одамдан иборат бўлган оиладаги  идиш- товоқларни ювиш  ва хавфсизликни таъминлаш учун қанча сув кераклигини? Агарда оилада 7-10 нафар одам бўлсачи?

Аввало идиш  идиш ювиш гели билан ювилганда сув томчиларида эриган ЮФМ бўлади. Сув қуригач,  мазкур моддалар идиш юзасини қоплайди. Биз идишга  иссиқ овқат солганимизда, айнан ЮФМ овқатимизга қўшилади ва емак билан биргаликда организмимизга киради. Оддий ҳисоб-китоб қилинганда доимий равишда кимёвий ювиш воситасидан фойдаланадиган оилаларда ҳар бир оила аъзоси бир йилда 200 граммгача  кимёвий ювиш воситаларини “ейди”!

Сир эмас бугунги кунда дунё аҳолисининг аксарияти, хусусан юртдошларимиз ҳам турли хил аллергик касалликлардан азият чекишади. Кўпчилик буни экологик вазиятнинг ёмонлашуви билан изоҳлайди, 70 фоиз аллергик ва бошқа касалликлар айнан ошхонамизда кимёвий идиш ювиш воситаларидан фойдаланиш натижаси эканлигини  билмайди.

-            Ҳозирда нафақат катталар, айниқса болаларда намоён бўладиган турди хил аллергик касалликларнинг келиб чиқиши кимёвий воситалардан турмушимизда кенг фойдаланишимиз оқибатидир, дейди шифокор Ленире Зупарова. — Оддийгина кимёвий идиш ювиш воситалари бунга мисол бўла олади. Уларнинг таркибидаги моддалар синтетикдир. Кўпинча касалликларнинг бошланиши аллергик реакция сифатида намоён бўлиб, ошқозон-ичак йўлининг саратони, гипертония, дипрессия  билан якунланади. Мазкур моддалар инсон организмидаги ҳужайра мембранасини парчалайди, оқибатда иммунитет пасайиши, организмнинг турли хил касалликларга чалинувчанлигининг ортиши кузатилади. Чунки юзанинг фаол моддалари  канцерогендир. Улар ошқозоннинг ҳимоя қатламини емиради. Бирикмалар қонга сўрилиб аста-секинлик билан бутун организмни заҳарлайди. Фақат фаол моддалар эмас, идиш ювиш воситаси таркибига кирувчи ҳид берувчи моддалар ва консервантлар ҳам инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Бекаларимиз ҳид берувчи моддаларни идиш ювишаётганда уни нафас олиш жараёнида ичларига тортишади, бу ўз навбатида нафас йўллари касалликлари, астманинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Таркибидан идиш ювиш воситаси бўлган оқава сувлар  атроф-муҳитга ҳам катта зарар етказади. Оқава сувлар сув ҳавзасига тушгач, айнан уларнинг ботқоқлашувига олиб келиб,  жониворлар ва ўсимликларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Агарда идиш ювиш воситасининг таркибида анионли ЮФМ  бўлса улар деярли парчаланмайди ва бошқаларига нисбатан инсон танаси ва экологияга уч баробар кўпроқ зарар етказади.

Ҳўш, ҳозир барчамиз ўрганиб қолган, идиш-товоқлардан осонгина ёғни кетказадиган, инсон организмига зарар етказмайдиган идиш ювиш воситасининг ўрнини боса оладиган муқобил борми?

Албатта бор. Бунинг учун момоларимиз тажрибасига мурожаат қилсак бўлди. Энг зарарсиз восита бу кул ва кир ювиш совунидир. Замонавий воситалардан  уларнинг қаторига чой содаси, хантални қўшиш мумкин. Безарар идиш ювиш воситасини тайёрлаш учун  бир дона кир совунни қирғичдан ўтказиб, уни шиша идишга жойланг, устидан ярим қути чой содасини солиб, илиқ сувда ивитиб қўйинг. Бундай восита энг ёғли идишларингизни ҳам бир зумда тоза қилиб,  мутлақо безарардир. Агарда  тайёр ювиш воситасига ёқимли ҳид бермоқчи бўлсангиз яримта лимонни сиқиб, сувини аралаштиринг.

Шунингдек ёғли идишларни хантал кукуни ҳам самарали равишда тозалайди. Бундан ташқари хантал, чой содаси антсептик хусусиятларга эга, яъни терингиздаги ҳар қандай микробларни ўлдиришга қодир. Бундан ташқари улар сувда эриб, атроф-муҳитга ҳам зарар етказмайди.  Сувни тежаш имконини беради. Агарда сиз тоғорачада идишларни ювсангиз ҳам, уларни табиий ювиш воситаларидан сўнг бир маротаба чайқаш кифоя.

Кимёвий идиш ювиш воситалари фан-техника тараққиёти маҳсули. Биз ўз ҳаётимизни енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Бунга эса ҳар куни оммавий ахборот воситалари томонидан реклама қилинаётган,  “Бир томчиси- сизнинг барча муаммоларингизни ҳал қилишга қодир” кимёвий идиш ювиш воситаларини харид қилишга шошиламиз. Ўйлаб кўрингчи, бир томчиси ҳар қандай ёғни парчалайдиган геллар, сизнинг ичингизга киргач наҳотки жим турса? Ички аъзоларингизга, фарзандларингиз, яқинларингиз соғлиғига зарар етказмаса?

Бугунги кунда бир чайқашда юз фоиз идиш юзасидан кетадиган идиш ювиш воситалари ўйлаб топилгани йўқ. Демак, ҳар гал идиш ювиш воситасини сотиб олар экансиз унинг неча фоизи сизни, қанчаси эса атроф-муҳитни заҳарлашини яна бир  ўйлаб кўринг.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Эрон Каспий тақсимланишига тўсқинлик қилмоқда

Виктория Панфилова “Эрон Каспий тақсимланишига тўсқинлик қилмоқда” номли мақоласида таъкидлашича, Каспий денгизи мақоми борасидаги масаланинг чўзилиши ҳарбий хатарлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Музокараларда асосий мавзу денгизни тақсимлаб олишдан иборат. Чунончи, Россия, Озарбойжон ва Қозоғистон денгизнинг шимолий қисми тубини бўлиб олиш жараёнида икки қирғоқдан тенг масофани белгилаб олишган. Бунинг натижасида Эронга 13%, қолган Каспийбўйи давлатлари эса озгина кўпроқ ҳудудга эга бўлишади. Мисол учун, ушбу схемага кўра Қозоғистон 29% ҳудудга эгалик қилиши мумкин.

Теҳрон эса икки таклифни илгари сурмоқда: ҳамма давлатлар бир хил майдонга эга бўлган ҳолда шельфни бешта бир хил ҳудудларга бўлиб олиш ёки ҳеч қайси майдонни бўлиб олмасдан, акватория майдонидан биргаликда фойдаланиш.

Бироқ, Туркманистон транскаспий қувурларини ётқизиш лойиҳаси борасида беш мамлакат розилигини олмасдан қурилиш ишларини олиб бориш мумкин, деган фикрда. РФ ва ЭИР бошқа йўлни танлашган: денгиз ҳар томондан қуруқлик билан ўраб олингани ҳамда денгиз ҳудудидаги турли трансчегаравий инфратузилма лойиҳалари экологияга зарар келтириши туфайли барча қурилиш лойиҳалари беш давлат тасдиғидан ўтиши шарт. Шу билан бирга «Сердар-Кяпаз» кони бўйича Озарбойжон-Туркманистон давлатлари ўртасидаги баҳслар ҳануз давом этиб келмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Каспий ҳуқуқий мақомига эга бўлиши хусусидаги масалаларнинг чўзилиши салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Хусусан, денгиз ҳудудидаги барча давлатлар ўзларининг ҳарбий-денгиз кучларини мустаҳкамлаши ҳудуднинг ҳарбийлаштирилган майдонга айланишига сабаб бўлмоқда.

ДУНЁНИНГ ЭНГ КАТТА ВА ЧИРОЙЛИ ШАРШАРАЛАРИ

йосемит

Йосемит

Шаршаранинг баландлиги денгиз сатҳидан  727 метр. У АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган. Кам қор ёққан йиллари шаршара қуриб қолиши ҳам мумкин.

Утигард

утигард

Норвегияда жойлашган Утигард шаршараси 610 метр баландликдан тушиб, Дуэн кўлига қўшилади. Шаршара Йостедал музлигидан бошланиши кишини ҳайратда қолдиради.

Кхон

кхон
Ҳиндихитойда жойлашган Кхон шаршараси нафақат Жанубий Осие балки дунёнинг энг ката шаршараларидан биридир. У Меконг дарёсида жойлашиб, 5000 метр баландликдан пастга тушади. Айнан дарёда дарё дельфини яшайди. Бу ноёб ҳайвонни фақатгина шаршара остида кўриш мумкин.

Виктория

виктория

Машҳур шаршара нафақат энг баланд, балки энг кенг ҳамдир. Унинг баландлиги 120, кенглиги 1800 метрдир. Замбези дарёсида жойлашган шаршарани маҳаллий аҳоли Моси-оа-Тунья (Жарангловчи тутун)  деб аташади. Чунки унинг шовқини  10 км. узоқликдан эшитиш мумкин.

Ниагара

ниагара
Шаршаранинг кенглиги 1200 метр, баландлиги эса 51 метрдир.  У АЈШ билан Канаданинг чегарасида, Эри ва Онтарио кўлларини бирлаштирувчи Ниагара даресида  жойлашган. Эрат баҳорда  шаршара овозига эрияетган музларнинг қисирлаши қўшилиб, даҳшатли  шовқин ҳосил қилади.

Н.ҚОСИМОВА

ТОЗА ҲАВО ТАДБИРИ

1415678010_ozon

 Тошкент вилоятида анъанавий “Тоза ҳаво” тадбирининг жорий йилдаги иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. 

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ташкил этилаётган тадбирларда соғлиқни сақлаш, ички ишлар бошқармалари, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, туман ва шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекциялари мутахассислари иштирок этмоқда.

Тирик жон борки, кислород ва бошқа кўплаб муҳим микроэлементлар манбаи бўлган тоза ҳавосиз яшай олмайди. Кейинги йилларда ер юзида антропоген омиллар таъсирида юзага келаётган турли экологик муаммолар ва кундан-кунга сони ортиб бораётган автотранспорт воситалари ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлаётир.
Дунёда кузатилаётган шу ва бошқа муаммоларни инобатга олиб, мамлакатимизда автотранспорт воситаларини экологик соф газ ёқилғисига ўтказиш, саноат корхоналарини техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришда соф ривожланиш механизмларини жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

– Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган “Тоза ҳаво” тадбирининг биринчи босқичида 10 мингдан ортиқ автотранспорт воситасининг техник ҳолати кўздан кечирилди, бир неча ёқилғи қуйиш шохобчалари, техник кўрикдан ўтказиш станцияларида экологик назорат ишлари олиб борилди, – дейди Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси атмосфера ҳавосини муҳофаза ва назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Хуршид Пиров. – Иккинчи босқичда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайтирилади. Бундай чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизда ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни сезиларли миқдорда камайтиришга эришилаётир. Буларнинг барчаси табиий мувозанатни сақлаш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳудудларда ўтказилаётган тадбирларда давлат экологик назоратини юритиш билан боғлиқ устувор вазифалар, “Тоза ҳаво” тадбирини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, амалий механизмларига оид ўқув-услубий, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётир.

манба: uza.uz

РАНГИНИ 20 СОНИЯДА ЎЗГАРТТИРАДИГАН ҲАЙВОН

Hameleon-na-vetke-12152

          Биз аксарият ҳолатларда  беқарор, гапида турмайдиган одамларни буқаламунга ўхшатамиз. Ҳўш, бу қандай жонивор ва нега у одамлар тилига тушган? Маълумотларга кўра дунёда буқаламунларнинг 190 га яқин тури мавжуд.  Улар Африка,  Жанубий Европа, Жанубий Осиёдан Шри-Ланкагача бўлган ҳудудларда  тарқалган.  Мазкур жониворлар АҚШ, Гавая, Калифорния ва Флорида ҳудудларига ҳам олиб борилган. Яна бир қизиқарли маълумот: биргина Мадагаскар оролининг ўзида буқаламунларнинг 59 турини учратиш мумкин. Кўпгина  буқаламунлар ўзларининг тусларини жигаррангдан яшилга ёки аксинча яшилдан жигаррангга ўзгартиришар экан, лекин айримлари яна бошқа рангларга ҳам айлана олиши мумкин. Улар рангларини 20 сония ичида алмаштира олади.           Бир вақтнинг ўзида буқаламунлар икки тарафга қарай олади ва 360 градусни кўради. Судралиб юрувчилар орасида  буқаламунларнинг кўзлари ўзгачадир. Ушбу жониворлар тилининг узунлиги  танаси  узунлигининг 1,5-2 баробарига тенг келар экан.

          Буқаламунларнинг эшитиш қобилияти  унчалик ҳам  яхши ривожланмаган. Уларнинг  ташқи ва ўрта қулоғи бўлмайди, шунинг учун ҳам мазкур жониворнинг қулоқ канали ва  қулоқ пардаси йўқ. Бироқ улар мутлақо кўрга ҳам ўхшамайди. Товуш тўлқинларини 200-600 частота герцдан сеза олиши мумкин .

Яна бир маълумот. Америка буқаламунлари  — ҳақиқий  буқаламунлар эмас, аксинча улар игуанлар оиласига мансуб  калтакесаклар ҳисобланади. Бироқ улар ҳам рангларини ўзгартираолиши мумкин.

Б У Қ А Л А М У Н  — калтакесаклар оиласига мансуб судралиб юрувчилар туркуми вакилидир .Уларнинг тили узун бўлиб, анча узоқдаги ўлжани ҳам ушлаб олиш хусусиятига эга. Ранги ҳарорат ваёруғлик сингари ташқи омиллар таъсирида тез ўзгаради. Буқаламунларнинг 90га яқин тури маълум.

Буқаламунлар  танасининг узунлиги 30 см, йирикроқлариники   60 смчагача , жуда кичкиналари узунлиги эса 5 смгача бўлади. Бўйни калта, узун думи спиралсимонўралади. Оёклари узун бўлиб, дарахтларга тирмашиб чиқиш учун жуда яхши  мослашган.Бармоқлари 2—3 тадан гуруҳ бўлиб териғилоф ичида жойлашган. Танаси шохсимон тангачалар ва тери ўсиқчалар билан қопланган. Кўз қовоклари яхши ривожланган бщлиб, кўзлари бир-биридан мустақил равишда ҳаракатлана олади. Аксарият буқаламунлар ўпкасида халтасимон ўсиклари бўлади. Хавф сезганда кўп ҳаво ютади ва тана шакли ўзгариб, қўрқинчли тус олади.Ранги ёруғлик ва бошқалар таъсирида тез ўзгаради. Буқаламунлар рангларининг  ўзгариши тери қопламасининг тузилишига боғлиқ. Буқаламунлар терисида махсус  ҳужайралар бўлиб,  уларда  асосий пигментлар жойлашади. Бу ҳужайралар   хроматофора деб аталиб, унинг юқори қатламини қизил ва сариқ пигментлар  ташкил этади.  Пастки қисми эса  кўк ва оқ ранглардан иборат.  Ушбу  ҳужайралар  пигментлар билан алмашса,  буқаламунлар  терисининг ранги ҳам  уларга мос холда бошқа тус билан алмашади.Хроматофоралар мия сигнали орқали ўзгаради. Мия сигнали  ҳужайраларнинг  катталашиш ёки кичиклашишга буйруқ беради. Уларнинг ўлчамлари ўзгариши ҳисобига ҳужайралар аралашади ва ранг ўзгаради.

Оддий буқаламун -  асосан Европада учрайди. У Испаниянинг жанубидаги дарахтларда, яна Португалияда, Шимолий Африка ва Канар оролларида яшайди. Бу судралиб юрувчининг танаси 15смдан 80 смгача бўлади. Тўрт йилгача умр кечириши  мумкин. 20тадан 30 тагача тухум қўяди ва улар 6 ойдан 9 ойгача ташқи муҳитнинг иссиқлик даражасига қараб етилади. Илк туғилган буқаламун ҳам шакл жихатдан худди каттасига ўхшайди

Жексон буқаламуни  яшил аралаш кулранг  тусда бўлади. Узунлиги 30 смгача етиб,  эркак буқаламунлар учта шох билан безатилган бўлади. Уларнинг ушбу шохлари чирой учун эмас, балки рақиблар билан баҳслашиш ва урушиш учун керак бўлади. Жексон буқаламуни кўпинча тоғларда юради.

Парсон буқаламуни тоғли тропик ўрмонларда шимолий ва шарқий Мадакаскарнинг денгиз сатҳидан 1000 метр юқори бўлган жойларида яшайди. Танасининг узунлиги 60 смгача бўлиб – булар судралиб юрувчиларнинг энг йирик  вакиллари  ҳисобланади. Рангининг асосини оч яшилдан тўқ яшилгача бўлган ранглар ташкил этади. Ён бошида озгина оқ доғлари мавжуд.

Буқаламунлар ов пайтида дарахт ва буталарда соатлаб ўлжасини пойлаб, кимирламай ўтириши мумкин. Бу пайтда уларнинг танаси  ҳаракатланмайди, аммо кўзлари  доимо ўлжа ахтариш билан банд  бўлади. Узун тилини ўлжасига отиб, ёпиштириб олади. Уч  сония ичида  буқаламун  тўрттагача  қурт-қумурсқани тутиши мумкин экан. Улар ҳашаротлар билан, йирик турлари эса майда қушлар ва калтакесаклар билан озиқланади.

Буқаламунлар дарахтларда яшайди, тухум қўйиш учун пастга тушади.

Улар тухумларини дарахт илдизига яқин жойни  кавлаб   ўша ерга кўмиб қўяди. Болалар у ердан дарахт шохларига осонлик билан чиқиб олишлари учун шундай қилади.  Болалари билан она буқаламуннинг  кўпам иши бўлмайди. Улар ўзларига-ўзлари ўлжа топиб озиқланишади.  Бир  йилда катта бўлишади.

Бироқ айрим буқаламун  турлари  ўрмонларда, африка саванналарида, чўл ва даштларда ҳам яшайди.

Испаниянинг жанубида буқаламунлар – уй ҳайвонлари сифатида кенг тарқалган бўлиб, маҳаллий аҳоли учун улар умуман экзотик  жонивор ҳисобланмайди.

Улар чиройи ёки қўриқлаш учун эмас, балки иссиқ ўлкаларда кўп учрайдиган пашшаларга қирон етказиши билан фойдалидир.Зараркунанда ҳашоратларни қириб ташлаш учун, хонага косада асал  қўйилади ва униг ҳиди пашшаларни ўзига чақиради. Буқаламунлар уйларда, савдо шахобчаларида ёки дўконларда яшайди.

Н.Қосимова

КРАССУЛА ЁКИ ПУЛ ДАРАХТИ

crassula-denezhnoe-derevo

Ҳеч, бахт дарахти ҳақида эшитганмисиз? Пул дарахтиничи, кўрганмисиз? Гул шайдолари қайси ўсимлик ҳақида сўз бораётганини англаб етганлари аниқ. Ҳа, бу деярли ҳар бир гул ишқибозининг токчасидан жой олган Крассула гулидир.

Ер юзидаги 412 мингдан зиёд ўсимлик турларининг 30000 га яқинидан инсонлар кундалик ҳаётида фойдаланади. Наботат оламида шундай ўсимлик турлари борки, улар инсонларда энг нафис туйғу-гўзаллик ҳиссини уйғотади, хуш кайфият бағишлайди. Улар табиатга бўлган меҳр -муҳаббатимизни янада оширади.

krassula-uxod-v-domashnix-usloviyax

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз крассула ўсимлигини кўпчилик гул ишқибозлари оилага қут-барака, давлат олиб келади, дея, астойдил ишонч билан, алоҳида эътибор ила ардоқлаб парвариш қилади. Унинг баргларини тангага, яъни пулга ўхшатишади ва шу сабаб  ўсимлик халқ орасида пул дарахти номи билан оммалашган. Хаттоки, айрим манбааларда крассула хонанинг қайси бурчагига жойлаштирилса, оиланинг молиявий аҳволи яхшиланиши хусусида батафсил тавсиялар берилади. Унинг этдор барглари ўзига бойлик йиғади, кимнинг дарахти яхши парваришланган, гуркираб турган бўлса ана шу инсонга бойлик келтиради, деб хисоблайдиганлар хам кам эмас. Ушбу ўсимлик турар жойимиз ҳавосини тозалашини, қалбимизда ижобий ҳис туйғуларни уйғотиб, яхши кайфият бағишлашини инобатга олсак, давлат деганда, инсоннинг асосий бойлиги бўлган саломатлиги назарда тутилгандир, балки. Яна ким билсин? Нима бўлганда ҳам, бу ишонч бизнинг ўсимликка бўлган меҳримизни ва эътиборимизни янада ошишига, яхшиликка хизмат қилади.

crassula2

Зеро, хонаки ўсимликлар табиатнинг бетакрор манзараларини хона шароитида мужассамлаштириш имкониятини беради. Бундан ташқари ўзига хос микроиқлимни ҳосил қилиб, ҳавони турли хил чанглардан, касаллик қўзғатувчи микроблардан тозалайди, намлик даражасини 50% гача оширади. Хона шароитида ўстирилаётган ўсимликларнинг фойдали хусусиятларидан яна бири шуки, улар карбонат ангидрид гази чиқаришдан кўра кўпроқ ютади. Масалан, хона шароитида ўстирилаётган 60 туп ўсимлик чиқарган карбонат ангидрид миқдори бир киши нафас олиб чиқарган карбонат ангидрид миқдоридан ошмас экан.

Крассула- хонаки  ўсимликлар орасида энг чидамли ва парваришлаш осон гуллардан ҳисобланади. Уни ёруғлик тушиб турувчи токчага жойлаштириш ва фақатгина тупроғининг устки қисми қуриганда суғоришга алоҳида эътибор беринг. Мана шу оддийгина икки қоидагага амал қилсангиз ушбу бахт дарахти хонадонингизда узоқ йиллар давомида, ҳеч қандай муаммосиз яшайди.

Crassulaceaе, яъни Семизакдошлар оиласининг асосий турлари суккулентлардир. Гулларининг шакли, рангги ва хушбўйлигидан қатъий назар ўзига хос морфологик тузилиши, яъни серэт, сершира тана ва барглари, шунингдек, сояга ва совуққа чидамлилиги оиланинг муҳим белгиси ҳисобланади.

Крассуланинг турлари жуда куп. Улар орасида энг кўп тарқалгани дарахтсимон красуладир. Дарахтсимон крассуладан ташкари кумушсимон ва овалсимон крассула хам пул дарахти деб номланади. Унинг барглари турфа рангларда бўлиши мумкин. Жумладан, яшил, тўқ яшил ёки кумушранг, қизғиш хошияли ёки барги атрофии қизил доғ билан ўралган турлари бор. Уларнинг барчаси уй шароитида жуда яхши ўсади ва 1-2 метргача буй чўзади.

Крассула барча суккулентлар каби баргида намлик заҳирасини йиғади. Бу  хусусияти унга, ватани- Мадагаксар ва жанубий Арабистон, хамда Африканинг қуруқ ва нокулай об-ҳаво шароитида  бардош билан яшашига имкон беради.

Одатда хушбўй, мафтункор ва чиройли гулловчи ўсимликлар кўпроқ киши эътиборини ўзига жалб қилади. Купчилик красулани гулламайдиган ўсимликлардан деб билади ва улар қаттиқ янглишади. Бу ўсимликни жуда нафис, майда чечакларга бурканганда чинакам тароватини кўришингиз мумкин. Бу мўъжазгина мўжизанинг қачон очилишини хаттоки, моҳир гулчилар хам аниқ айта олмайдилар. Чунки крассуланинг нафақат дарахтга айланган бақувват бутаси, балки, ёш ниҳоли хам гулга кириши мумкин. Сизнинг пул дарахтингиз хам гулга кириши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ушбу ўсимлик хадеб бир жойдан иккинчисига олиб, безовта килинавермаса унинг гуллаганини кўриш  эътимоли юқорироқ бўлади. Яъни, дарахт бир жойда кўкаради, иборасини эслаш кифоя. Ва албатта, ҳар қандай тирик мавжудот меҳрдан сув ичишини унутмасангиз бас. Олимларнинг таъкидлашларича, шундай гул ва ўсимликлар борки, улар компьютерда ишловчи, уй-рўзғорда қўлланадиган электр асбобларни кўп ишлатадиган кишиларни электромагнит майдони таъсиридан сақлайди. Мухаббат билан парваришланган крассула эса кувват бўлоғи деб таърифланади.

Бир қатор хонаки ўсимликлар каби Красулани хам  шунчаки тайёр дарахт холида сотиб олиш эмас, балки  нихоллигидан ардоқлаб, чин юракдан севиб парваришлаш тавсия  этилади. Ана шунда кутилган натижага эришасиз, гулингизга кандай парвариш кераклигини яхши биласиз, ва кўникиб колган иклимида яшнаб усишига имкон берган бўласиз.

Хўш, уни парваришлаш қоидаларидан бохабармисиз? Бу ўсимлик уруғи ва қаламчасидан кўпаяди. Уруғидан купайтириш учун ясси саёз идишлар уруғ сепиб, то нихол униб чиккунча сув пуркаб турилади, ёки мул сувга бўктириб қўйилади. Бу вақтда фуёш нури ва шамолдан пана ерга жойлаштирилади.

Уруғ таҳминан 2 хафтада униб чиқади. Кўкартирилган кучатлар махсус аралашмали тупроққа экилиб, ёруғликка якинроқ жойга қўйилади. Гултувакнинг чуқурлиги ёш ўсимлик учун 6-7 см дан ошмагани маъқул. Суткада бир марта суғорилади.  Шу тарзда крассулани ривожланишига қараб парваришлашни давом эттираверасиз.

Красулани шохи ёки баргидан қаламча олиб, тупроққа экиб қўйиш ҳам мумкин. Бирок бироз вакт кетса хам каламчани сувда илдиз оттириб олиб, кейин экишни тавсия қиламиз. Бу усул  ишончлироқ.

Амалга кириб, катта бўлиб колган крассулага ёз мавсумида ҳар куни сув қўйилади. Кишда эса сугориш чегараланади. Бироқ бутунлай қуриб қолишини кутиш керак эмас.

Крассулага сув пуркаш яхши самара беради. Бироқ шуни унутмаслик керакки,  сув пуркалган ўсимликни суғориш шарт эмас. Чунки у ўзига керакли намликни баргларидан олади.

Кактус учун тайёрланадиган тупроқ озуқаси суккулентлар учун хам жуда мос келади.  Бўлар: чимли, хазонли чиринди, кумли аралашмадан ташкил топади. Ёки кул, чириндига бой қора тупроқ, майдаланган ғишт хам ўсимлик учун яхши озука бўлади. Албатта тупрокнинг захини куритиш керак. Тувакка кўчириб ўтказиш усишига караб 2-3 йилда бир марта амалга оширилади. Кўпчилик крассуланинг баланд буйли бутасига қизиқади. Бирок, бакувват ўсимликни тугри парваришлаш учун унинг тувагига хам алоҳида эътибор берилади. Масалан, ўсимлик илдизи, йирик бутани кўтаролмай қулаши ва синиши мумкин. Шу боис катта гулга улчамига мос шаклдаки, оғир ва етарлича чуқур гултувак танланади. Шунингдек, крассула йил давомида ёруғликка эҳтиёж сезади. Уларга асло қоронғу хонадан жой ажрата курманг.

Бу ўсимлик шубхасиз ёруғликни талаб қилади. Шундай бўлсада, қуёшнинг тик тушувчи нурларидан ҳимоялаш керак. Акс холда барглари ўз рангини йўқотиб, сарғайиб кетиши мумкин.

Ўсимликларни жойлаштириш тартиби ҳам худди суғориш ишлари каби ҳар битта гулнинг табиати ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда хонага, махсус белгиланган жойларга қўйилади. Улар хона бўйлаб шундай қўйилиши керакки, барча тувакдаги гуллар шакли, ранги, гулларининг туси, тувакларнинг катта-кичиклиги билан уйғун ҳолда хонага ўзгача чирой, файз бахш этсин. Шунингдек, ҳар бир тувакдаги гул ўзига керакли миқдорда ёруглик ва иссиқлик олсин. Шифти баланд, дераза ойналари кенг ва катта бўлган хоналар дераза токчасига катта тувакдаги гулларни қўйиш мумкин. Агар хона деразаси кичкина бўлса, катта тувакдаги гулларни полга қўйса ҳам бўлади. Хона деразаси жанубга қараган бўлса токчага биринчи қаторга кактус, алоэ гуллари қўйилади, иккинчи қаторга эса азалия, агава, жасмин, олеандр, камелия каби гуллар қўйилади.
Ландшафт дизайнерлар бугун  хонани безатишда крассула ўсимлигидан  кенг фойдаланмокдалар.

Баъзи мутахассислар эса крассула ва кўплаб суккулент ўсимликлардан гул композициясида фойдаланмасликни маслахат берадилар. Уни шунчаки чиройли, антика тувакка утказиб, офислар учун яшил бурчак ташкил килиш мумкин, деб хисоблайдилар.

Бу гулга кушандалар шикаст етказа олмаслиги мумкин, бироқ уни қанчалик парваришламанг, унга яқин борган инсоннинг рухий ёки жисмонан дарди бўлса ўсимлик касалга чалиниши ва хатто бутунлай куриб колиши мумкин экан. Демак, бу гуллар бизга эстетик завк бағишлабгина қолмай, дардимизни ҳам олар экан-да.

Хона шароитида гулларни ўстириш қачон ва қандай бошланганини айтиш қийин. Шундай бўлса-да яшаш жойи ва унинг атрофи ҳар доим баҳордагидек  кўм-кўк  бўлишини истаган, қолаверса,  ҳаётдан гўзаллик излаган кишилар ниятидан бошланган дейиш мумкин. Ана шундай гўзаллик шайдолари, гул шайдоларининг сафи бугун янада кенгайгани  қувонарлидир.  Улар туфайли борлиқ  гулларга  бурканади. Гуллар эса шубҳасиз, ҳар қандай инсонга завқ бағишлайди.  Барчангизга завқли онлар ва аъло кайфият ҳамиша ёр бўлсин.

Х. Ғуломова, З. Қурбанов

12 март Хитойда Дарахт ўтқазиш (Arbor Day) куни

Халқимиз ўзи яшаётган масканни обод этишни инсоний  бурчи, деб билади. Бўйрадек ери бўлса ҳам дарахтлар, гулу райҳонлар, жамбиллар экади. Онахонлар қизу келинларига “Остонанг доимо озода бўлсин”, деб насиҳат қилади. Мустақиллик йилларида бу каби қадимий анъана ва қадриятларимиз янгича маъно ва мазмун билан бойиди.

  “Яхшидан боғ қолади”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикматли сўзлар халқимиз орасида кенг тарқалиб, эзгу даъватга айланди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига атаб ҳар бир юртдошимиз 25 тупдан кўчат экишга аҳд қилган. Бундай эзгу ишлар тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган юртга ярашади.

9cec98add2cdba263875344c61348bdc

12 март Хитойда Дарахт ўтқазиш (Arbor Day) куни сифатида нишлонланади. Бу кун тасодифан танлангани йўқ. Маълумки, 12 мартда хитойлик сиёсий ва жамоат арбоби Сунь Ятсен вафот этган. Айнан у Хитойда оммавий тарзда дарахт ўтқазиш ғоясини илгари суриб, шахсан ўзи намуна кўрсатган эди. Сиёсий арбобнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бошланган бу ташаббус хамон давом этмоқда. Бу байрам 1981 йилда расмий мақом олди. Ўша йили Бешинчи Хитой Халқ Миллий конгресси «Дарахт ўтқазиш борасида умуммиллий кўнгилли компаниясини ўтказиш» борасида Резолюция қабул қилди. Қабул қилинган хужжатда 11 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир фуқоро бир йилда 3–5 та дарахт экиш тавсия қилинади. Агар у ёки бу сабабларга кўра дарахт эка олмаганлар бошқа ишларни, жумладан гулларни парваришлаш, дарахтларни буташлари керак бўлади. Мазкур ташаббус мамлакат ахолиси томонидан қўллаб-қувватланди. Мухбирларнинг хабар қилишича, ҳар йили дарахт экиш компаниясида 600 миллионга яқин ахоли иштирок этади. Шу кунга қадар кўнгиллилар томонидан 55 миллиарддан ортиқ кўчат экилган.

1332227559-15437

Ҳукумат кўраётган чора-тадбирлар ўз наватида “Буюк Яшил девор” деб номланмиш лойихага асос бўлди. Хитой Халқ Республикаси ҳудудларидаги саҳроларнинг кенгайиб боришининг олдини олиш мақсадида ҳукумат “Яшил Хитой девори” лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этмоқда. 1949 йилда Хитой худудларининг 8 фоизи ўрмон билан қопланган эди. Саноат ривожланиши оқибатида ёқилғига талаб кўпайди. Бу ўрмонларнинг кесилиши ҳисобига амалга оширилди. Ҳукумат шамол тезлигини камайтириш ва ерлардаги эрозияга қарши қурашиш мақсадида 13 та вилоят ҳудудларига ўтқазилган дарахт, бута ва ўсимликлардан иборат яшил белбоғ – яъни “Яшил девор” барпо этишга киришди. Бу лойиха 2072 йилга қадар мўлжалланган бўлиб, сал кам 350 минг квадрат километрни кўкаламзорлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, дарахтлар шамол ва қум бўронлари ҳаракатини тутишга хизмат қилса, уларнинг илдизлари ерларни эрозияга учрашига йўл қўймайди. Ҳукумат 2020 йилга бориб мамлакатдаги ўрмонлар худуди қирқ миллион гектарга етиши учун ҳаракат қилмоқда. Яқин 10 йилда бунинг учун 26 миллиард туп дарахт ўтказиш режалаштирилмоқда.

Дарахт экиш куни нафақат Хитойда балки йўқ бўлиб кетаётган ўрмонларни тиклаш, асраб қолиш, атрофни кўкаламзорлаштириш мақсадидла  бошқа мамлакатларда хам ўтказилади. Масалан АҚШнинг Небраска шаҳрида 1872 йилдан бери ўша вақтдаги Қишлоқ хўжалик вазири Стерлинг Мортон (Julius Sterling Morton, 1832–1902) таклифи билан Дарахт экиш куни нишонланади.

Жазоирда ҳам дарахт экиш куни мавжуд бўлиб, бу мамлакатда ҳар йили 27 октябрда ўтказилади. Италия, Бельгия, Португалия ва Лесото давлатларида 21 мартда Дарахт экиш  куни нишонланади.

Бразилияда эса 21 сентябрда “Дарахт экиш куни” (Dia da Árvore) ўтказилади. Германияда бу каби байрам (Tag des Baumes) 25 апрелга тўғри келади. Мисрда эса аньанага кўра 15 январда оммавий дарахт экиш тадбирлари   бўлиб ўтади.

Камбожада 1 июнда, Кенияда 21 апрелда, Коста-Рикада 15 июнда, Македонияда 12 мартда, Малавида декабрь ойининг иккинчи душанбасида, Мексикада июль ойининг иккинчи пайшанбасида, Намибияда 8 октябрда, Нигерда 3 августда, Польшада 10 октябрда, Марказий Африка  Республикасида 22 июлда, Филиппинда 25 июнда, Шри-Ланкада 15 октябрда, Танзанияда 1 январда, Угандада 24 март куни Дарахт экиш умумхалқ байрамлари ўтказилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда 5 апрел куни, Японияда 4 майда “Кўкаламзорлаштириш куни” доирасида оммавий тарзда дарахтлар экилади.

Дарахт экишдек, халқимизга хос, хайрли ишларда пок ниятлар, эзгу орзу-мақсадлар ўз ифодасини топади.

                                 Шарофиддин Тўлаганов

Лойиҳа якунлари муҳокама қилинди

Экология

Тошкентда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш” лойиҳасининг якунлари муҳокама этилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, қатор илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Семинарда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фуқароларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуси билан табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юз берганда тўғри ҳаракат қилиш ва вазиятларга тайёр туриш бўйича ишончли ва самарали миллий тизим ташкил қилингани ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

Шу мақсадда қатор қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”, “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш тартиби тўғрисида”, “Фавқулодда ҳолатларни прогноз қилиш ва олдини олиш бўйича давлат дастурини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Ушбу ҳужжатларга биноан турли лойиҳалар, жумладан, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа табиий офатлар келтириши мумкин бўлган зарарларни камайтиришга доир комплекс чораларни ишлаб чиқиш ва қўллашга қаратилган.
Семинарда БМТ Тараққиёт дастурининг Марказий Осиёдаги минтақавий дастурий координатори Егор Воловик ва бошқалар лойиҳа доирасида бажарилган ишлар натижалари хусусида сўзлаб берди. Мазкур лойиҳа Қашқадарё вилоятида амалга оширилди. Бу ерда маҳаллий мутахассислар ва халқаро экспертлар томонидан сувни тежаш ва қурғоқчиликнинг салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирлари кўрилди. Вилоятда сув тежайдиган суғориш қурилмалари билан таъминланган иссиқхоналар барпо этилди. Иссиқхоналардан бири Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти базасида ташкил этилган иқлим ўзгариши ва иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш масалалари бўйича ахборот-ресурс марказининг тажриба лабораториясига айлантирилди. Ушбу лабораторияда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар етиштирилмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги секторининг асосий субъектлари бўлган фермер хўжаликлари ҳам лойиҳанинг диққат марказида бўлди. Уларга экин майдонларини лазер ёрдамида режалаштириш асбоб-ускуналари ажратилди. Юздан зиёд фермерга ушбу жиҳозлардан фойдаланиш ўргатилиб, тегишли амалий тавсиялар берилди. Сув танқислиги ва қурғоқчиликнинг салбий оқибатларини юмшатишга доир амалий фаолиятга кенг жамоатчиликни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳага жалб этилган вазирлик ва идоралар вакиллари лойиҳа якунларини сарҳисоб қилар экан, ушбу йўналишда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот технологиялари асосида маълумотлар алмашишни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Бобур Обидов

(Манба: uza.uz)