Category Archives: Табиат манзаралари

артемия

ОРОЛ ДЕНГИЗИДА АРТЕМИЯ КЎПАЙТИРИЛМОҚДА

Бугун мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, улар моҳиятида тармоқни янада ривожлантириш, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсади мужассамлигини англаб етамиз. Қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонларнинг даромадини ошириш борасида барча имкониятлар ишга солинаётганлигини бугун барчамиз билиб турибмиз.

Ишни ташкил этишнинг эскича усулларидан тамоман воз кечиб, ер-сув деҳқонга берилгани, эмин-эркин ишлаш учун шароитлар яратилиб, қатор имтиёзлар жорий этилгани туфайли фермер хўжаликлари иқтисодий жиҳатдан қаддини тиклаб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошириб боришаяпти. Президентимизнинг вилоятларга ташрифида қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар стратегиясини изчил амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада тараққий эттириш, уларнинг моддий-техника таъминотини тубдан яхшилашга доир таклиф ва тавсиялар берилиб, ҳудудларда синов тариқасида  “кластер” усулини қўллаган ҳолда хомашёдан тайёр маҳсулотгача  бўлган жараёнларнинг қамраб олиниши назарда тутилган эди. Шундан  келиб чиқиб бошқа вилоятларда бўлгани каби воҳамизда ҳам кластерлар ташкил этилаяпти. Жумладан, Қумқўрғон туманидани “Amudar Textile”, Денов туманида “Baxt Navoiy”, Шўрчи туманида “Nortex Siytc”, Сариосиё ва Шеробод туманлари ерлари ҳисобига “Sherobod Textile Lnvest”, Ангор туманида “Ангор Сурхон Ғурури” масъулияти чекланган жамиятлари тузилиб, бу жамоаларга  47947 гектар ер ажратиб берилди.

Энди иш бошлаётган мазкур кластерлар фаолиятини уч йўналиш бўйича олиб боришади. Ўзларига бириктирилган заминда ишчиларни, техникани жалб қилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўстириб, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришади. Шунингдек, тайёр ҳосилни ўз корхоналарида қайта ишлайдилар. Олинган даромад ишчи-хизматчиларни рағбатлантириш ва такрор ишлаб  чиқаришга йўналтирилади.

Кластерларнинг иккинчи йўналиши шундан иборатки, бунёд қилинган қайта ишлаш корхоналарини узлуксиз ишлатиш учун йил давомида хомашё билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги мустақил равишда фаолият кўрсатиб, пахта, ғалла ва бошқа зироатлар ўстираётган фермер хўжаликларидан фьючерс  (қўшимча даромад олиш учун истиқболли келишув) шартномалари асосида хомашё қабул қилади.

— Кластерлар жамоаси далаларда экин-тикин ишларини бажариб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши,  техникалар харид қилиши ва ишлатиши учун кредитлар ажратилади, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Исмоилов. — Албатта, энди иш бошлаётган кластер корхоналари учун ишни ташкил этиш бироз машаққатли бўлиши мумкин, лекин ишга жалб қилинадиган мутахассислар шу пайтгача тармоқда ишлаб бой тажриба тўплаган.

У. НОРМАТОВ

 

БИОГАЗ ҚУРИЛМАСИ ҲАВОНИ ТОЗАЛАЙДИ

issledovanie-atmosfernogo-vozduxa

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида биогаз қурилмасининг ишга туширилганига икки ой бўлди. Қурилма 400м3 хажмлик реакторга эга бўлган вилоятдаги энг катта биогаз қурилмаси бўлиб ҳисобланади. Муқобил энергия манбаи помидор ва бодринг кўчатларни мавсумга тайёрлаш вақтида 0,5га иссиқхонани иссиқлик билан таъминлайди ҳамда экспорт қилинадиган маҳсулот хажмининг кўтарилишига хизмат қилади. Биогаз қурилмасининг ёрдамида иссиқлик таъминотидан ташқари, қўллаш учун тайёр биоўғитларни ҳам олса бўлади. Қурилма  Бирлашган миллатлар ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг «Савдо ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигининг қўллаб-қувватлаши орқали «Даврон агросаноат» МЧЖ худудида ташкил этилган эди. Янги биогаз қурилмасидан фойдаланиш атмосферага CО2 газининг кўтарилишининг камайишига (ҳисобларга кўра CО2 мавсум мобайнида 330 тоннага қисқаради) олиб келади. Бундан ташқари, кимёвий ўғитлардан камроқ фойдаланиш ҳисобига ҳаражатларни камайтириш мумкин. Биогаз қурилмасидан олинган органик ўғитлар мева-сабзавотлар ҳосилдорлигини 4%га кўтаради, бу эса экологик тоза, сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг кўпайишига олиб келади.

Отабек УМАРОВ

klimat

НЕГА «ЕТТИ ИҚЛИМ” ДЕЙИЛАДИ?

Иқлим лотинча “клима” ( “оғиш”) сўзидан келиб чиққан. Бу сўз фанга эрамиздан олдинги II асрда яшаган Гиппарх томонидан киритилган. У Ернинг одамлар истиқомат қиладиган қисмини ўн икки бўлакка ажратган. Юнон олими Птоломей бу миқдорни саккизтагача камайтирган. Лекин ўз қаламига мансуб “Жўғрофия”да иқлимлар назариясига амал қилмаган. Жўғрофия жойларни минтақалар ва епархиялар бўйича тақсимлаган.
Жўғрофия иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда илк бор Мусо ал-Хоразмий ( 780-850 йиллар) баён қилган. У Курраи заминнинг маъмур, тушунарлироқ қилиб айтганда, инсоният яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратган. Птолемейдан фарқли ўлароқ минтақалар, мамлакатлар ва улардаги жуғрофий ҳудудларни эмас, балки биринчи иқлимдан то еттинчи иқлимгача бўлган жойларни тавсифлаган. Бу жиҳатдан унинг 836-847 йиллар оралиғида битилган “Китоб сурат ул-арз” рисоласи беқиёс аҳамиятга эга.
Китобда қуруқлик, сувлик ва тоғликдан иборат 2402 та жуғрофий жой ўрни келтирилади. Мамлакатлар, шаҳарлар, булоқлар, дарёлар, кўллар, денгизлар, тоғлар ва ороллар иқлимлар бўйича тақсимланади. Бу назария жўғрофия фанининг кейинги ривожига салмоқли таъсир кўрсатди. Хусусан, Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари асосида ўрганишни осонлаштирди.
Ал- Хоразмий ғоясини яна бир буюк бобокалонимиз – Аҳмад ал-Фарғоний ( 798-865 йиллар) ўзининг “Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум” ( “Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”- одатда у “Астрономия асослари ҳақидаги китоб” деб аталади) асарида давом эттирган. Унинг 9-бобини жўғрофияга бағишлаган. Етти иқлимнинг барчасини улардаги мамлакатлар, вилоятлар ва шаҳарлар билан бирга тасвирлаган.
Фақат ўртадаги фарқ шундаки, Мусо ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ул-арз”и Птоломей анъанасига, Аҳмад ал-Фарғонийнинг “Китоб ал –ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ ил ан-нужум”ига ҳиндлар анъанасига асосланган. Аниқроғи, Ал-Хоразмий иқлимлар тавсифини рубъи маъмурнинг энг ғарбий чеккасидан –Африканинг Атлантика уммони қирғоғига яқин оролларидан бошлаб, энг шарқий чеккасигача, яъни Тинч океанидаги япон оролларигача давом эттиради. Кенглама йўналишида экваториал ерлардан то шимолий қутбий ерларгача бўлган ҳудудлар тўғрисида сўз юритилади. Ал-Фарғоний эса, гапни рубъи маъмурнинг энг шарқий четидан бошлайди. Рисоладаги тартиб бўйича кейинги беш иқлим тавсифи диққатга сазоворлиги билан алоҳида ажралиб туради. Уларда Марказий Осиё ҳамда бу минтақага туташ ерларнинг вилоят-шаҳарлари батафсил тилга олинади. Мана, айрим мисоллар:
“Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Тус, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, Қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Дайлам, Рай, Исфахондан ўтади.
Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади. Унда Тороз- савдогарлар шаҳри, Навокат ( Навкат), Хоразм, Исфижоб ( Сайрам), Турарбанд ( Ўтрор-ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Армания вилояти, Бардаъа ( Барда), Нашава ( Нахичивон) шаҳарлари бор.
…Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлар ( Марказий Осиё)дан, сўнг Журжон ( Каспий) денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизи ( Қора денгиз)ни кесиб сақлаблар ( славянлар) мамлакатидан ўтади ва Ғарб (Атлантика) денгизида тугайди”.
Кўриниб турибдики, Ал-Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаш асноси ўзининг асл Ватани –Мовароуннаҳр шаҳарлари ҳақида батафсилроқ тўхталган. Бундан ташқари, Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ жўғрофий ҳудудни кўрсатган.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

 

 

 

 

СЕРГЕЙ САМОЙЛОВ: “Ноқонуний дарахтлар кесилишининг олдини олиш учун назоратни кучайтириш лозим”

IMG_5262 

Бугун экологик муаммолар ҳақида жуда ҳам кўп гапирилмоқда Бу табиий. Зеро, ҳар биримизнинг ҳаётимиз, соғлиғимиз, фаравон  турмушимиз бевосита атроф-муҳитнинг тозалиги, софлигига боғлиқ. Бугунги кунда табиат ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қонун ҳужжатларининг аҳамияти катта. Давлат экологик сиёсатининг муваффақиятли олиб борилиши қонунчилик ҳужжатларининг ҳолати ва такомиллаштирилишига бевосита боғлиқ. Шундай экан, экологик қонунчиликни босқичма-босқич ва тизимли такомиллаштириб бориш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Сергей Владимирович Самойлов билан Ўзбекистонда  экология соҳасида қонунчиликнинг янгиланиши, бугунги кунда юртимиздаги мавжуд экологик муаммолар  ҳақида суҳбатлашдик

- Сергей Владимирович,  Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида бевосита экологик йўналишдаги қандай қонун ҳужжатлари кўриб чиқилмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ баъзи бир қонунлар, хусусан сув ва сувдан фойдаланишга йўналтирилган  қонун ҳужжатлари бугунги кунда  маънан эскирди, уларни янгилаш, бугунги вазиятдан кели чиққан ҳолда қўшимчалар киритиш давр талабидир. Шундай эмасми?

- Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қўйилган қонунчилки квотасига мувофиқ экологик қонунчиликни такомиллаштириш борасида фаол ишлашмоқда. Бугунга келиб Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ташаббуси  билан экологик соҳада 12 та янги қонун қабул қилинди, яна 8 таси устида иш олиб борилаётир.  Шулардан 1 таси янги қонун, 7 таси эса мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдир. Хусусан, янги “Қайта тикланадиган қувват манбалари тўғрисида”ги қонун устида иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майда ПҚ-2343 сонли қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага электр қуваттини тежовчи  технологияларни киритиш, электр қувватини тежаш борасидаги Дастурга мувофиқ юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Депутатларнинг ташаббускор гуруҳи томонидан қўшимча равишда Бразилия, Канада, Япония ва Хитойда қайта тикланадиган электр манбаларининг ҳуқуқий мақоми ва уларни қўллаб-қувватлашнинг қонуний  регламентацияси ўрганиб чиқилди. Жаҳон тажрибасига мувофиқ тушунча аппарати, қайта тикланадиган электр манбаларининг турларини тавсифлаш ва аниқлаш борасидаги масалалар кўрилди. Шунингдек, Ўзбекистонда қайта тикланадиган электр манбалари борасида тўпланган тажриба, ютуқ ва камчиликлар ҳам эътибордан четда қолмади. Айни пайтда қонун лойиҳаси ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига биринчи ўқишга киритиш учун тайёрланмоқда.

Шу билан биргаликда яна 7 та қонунга ўзгарттиришлар киритилмоқда. Булар Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги  (янги таҳрирда), “Ўрмон тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Туризм тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ижро ҳукумати, прокуратура, ички ишлар важойлардаги бошқа ташкилотларнинг атроф –муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалаларга доир фаолиятини жойларда кўриб чиқиб, бир қатор зудлик билан ҳал қилиниши учун давлат, ҳудудий дастурлар  қабул қилиниши ва уларни бартараф этиш бўйича давлат бюджетидан маблағ ажратилиши билан бирга зарур чоралар кўриниши лозим бўлган муаммоларни аниқлади. Хусусан,

-                     янги қурилаётган шаҳар типидаги  посёлкалар ҳамда мавжуд турар жойларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган  юқори самарага эга бўлган, сувни тозалаш технологияларига асосланган марказлаштирилган канализацияни қуриш;

-                     янги типдаги сувни тайёрловчи ва уни хавфсизлигини таъминлаб берувчи марказлаштирилган ичимлик суви тизимини қуриш;

-                     қаттиқ маиший чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш, биогаз қурилмалари мавжуд  участкаларига эга бўлган полигонлар қуриш;

-                     чиқиндини қайта ишлаш корхоналарини қуриш зарур.

 

-Сергей Владимирович, аҳолининг ичимлик суви билан таъминганлик даражаси  бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан  биридир. Айнан шу йўналишда қонун ҳужжатларига бирор ўзгарттиришлар киритиш назарда тутилмоқдами?

-Албатта дунёнинг глобал исиши, иқлим ўзгариши, сувдан ўта ифросгарчилик билан фойдаланиш оқибатида инсоният мазкур муаммога дуч келди. Сув танқислиги эса асосан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан юртимизда сезилаётир. Шу сабабли айнан оби ҳаёт билан боғлиқ қонунчилик албатта такомиллашган бўлиши зарур ва унда нафақат миллий даражадаги муамммоларни, балки глобал, ҳудудий масалалар ҳам ўз аксини топмоғи зарур:

– табиий- иқлим ўзгаришлари (экологик омил);

– ер ва сувнинг атроф муҳит компоненти сифатидаги роли (экологик-географик ва иқтисодий омил);

– мазкур объектлардан қатъий халқаро босим остидаги бозор муносабатлари шароитида фойдаланиш (ижтимоий- иқтисодий омил);

– жаҳон инқирози сабоқлари (молиявий омил) ва  ҳоказо.

Қонуннинг  47 -“Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли” деб номланган моддасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек фуқароларнинг суғориладиган ерларида қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалга оширилади.

Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этган ҳолда сувдан умумий ва махсус фойдаланиш ёки сувни умумий ва махсус истеъмол қилиш тартибида амалга оширилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно”. Аммо амалда сувдан фойдаланишда аксарият ҳолатларда белгиланган лимит четлаб ўтилади. Масалан фермер хўжаликларида уй ҳайвонларини суғориш учун қурилган иношоатларда белгиланган лимитга риоя этилмайди. Ҳануз ҳар бир фермер хўжалиги учун ажратиладиган лимит ва сувдан фойдаланганлиги учун реал сумма белгиланмаган. Бундан ташқари сувнинг хўжалик далаларига биринчи ёки иккинчи, учинчи бўлиб бориши масаласи ҳам очиқ. Ҳозир 2 чи ва 3 чи бўлиб сув олаётган фермерлар биринчи бўлиб сув олган ҳамкасби билан  тенг ҳақ тўлайди. Лимитга кўра дала ва боғларни сўғоришга 3 кун ажратилади, аммо сувнинг нотекис тушиши оқибатида баъзи бир фермерлар ўз ерларини тўлиқ сўғора олмай қолишади. Шу сабабли ушбу хусусиятларни инобатга олган ҳолда сувга ҳақ тўлаш масаласини кўриб чиқиш  зарур.

Бундан ташқари назорат-таҳлил фаолият доирасида Жиззах вилояти мисолида аҳолини марказлашган ҳолда сув билан таъминланиш ҳолати ўрганиб чиқилди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг меъёр ва ҳолатларининг амалда бажарилиши тўғрисида  парламент эшитуви кутилмоқда. Мақсад -  сувдан фойдаланиш борасида парламент назоратини кучайтириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланиш бўйича амалга оширилаётган чора- тадбирлардан аҳолини бохабар этиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қарорлар қабул қилишдир. Шу билан биргаликда “Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати” мавзусида “давра суҳбати”ни ўтказиш. Юқорида қайд этилган барча чоралар “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгарттиришлар киритишда фойдаланилади.

     —  Сув -бу обиҳаётдир. Бугунги кунда оқава сувлар Салар аэрация иншоотида тозалангач, қишлоқ хўжалигига фойдаланиш учун йўналтирилади. Аммо улар аэростанцияда масалан турли хил буёқлардан 100 фоиз тозаланмаслиги эътиборга олсак, аҳоли соғлиғи учун  маълум даражада хавф туғилмайдими?

- Ҳақиқатдан ҳам сув — инсон ҳаёти омилидир. Айтиш жоизки Тошкент шаҳар  оқава сувларини тозалаш иншоотлари  маиший ва канализация сувларини тозалашга мўлжалланган бўлиб, улар канализация қувурлари орқали 94 % оқава ва 2 % ишлаб чиқаришнинг чиқинди сувлари ва қолган 2 % турли хил кўнгилочар ҳудудлардаги сув ҳавзалари ва дренаж сувлар пойтахтимиздаги мавжуд “Салар”, “Бўзсув” аэрация ва “Бектемир” тозалаш иншоотларига келиб тушиб, у ерда тозаланади. Тозаланган сув қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Бугунги кунда мазкур масала юзасидан бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Масалан, аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш  чораларини яхшилаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.11.2012 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013—2015 йилларга мўлжалланган сув таъминоти ва канализация тизимини комплекс тарзда янада ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги № 337-сон қарори қабул қилиниб, унга кўра:

- 2020 йилга келиб шаҳар ва шаҳар типидаги турар жойларда истиқомат қиладиган аҳолини канализация хизматлари билан таъминлашни 70%га етказиш;

-замонавий технологиялар асосида канализацион тармоқларни қуриш ва реконструкция қилиш;

- канализация тизимини комлекс равишда ривожлантиришга халқаро молия  институтлари маблағларини жалб этиш кўзда тутилган эди.  Шу билан биргаликда ЎзР ВМнинг 03.02.2015 йилдаги 19 –сонли   “Аҳоли пунктларида давлат капитал қўйилмалари ҳисобига ичимлик сув таъминотини ва оқова сув хизматини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:

1) аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сувдан фойдаланиш бўйича Махсус республика комиссиясини тузиш;

2) сув билан таъминланиш ва  оқав сувларни чиқариб ташлаш бўйича республикадаги иншоотлар ҳолатини инвентаризациядан ўтказиш;

3) Аҳоли пунктларининг бош режасига мувофиқ вилоятларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантириш;

4) сув билан таъминлаш тизими асосида назоратни кучайтириш учун доимо янгиланиб турадиган электрон базани ташкил этиш кўзда тутилган. Шу билан биргаликда  Тошкент вилояти аҳолиси ва  хўжалик субъектларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида  ЎзРнинг Президенти томонидан 2017 йил 3 мартда 2812-сонли  “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларини сув ва канализация билан таъминлаш тизимини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтиш жоизки ўтган вақт давомида эртимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги 6 йил ичида 13 минг км.га яқин  сув қувурлари ётқизилиб, 1,6 минг сув чиқариш қудуқлари, 1,4 минг сув миноралари ва резервуарлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Натижада  тоза ичимлик сувидан мосуво бўлган кўплаб аҳоли  яшаш пунктлари замонавий сифат талабига жавоб берадиган тоза ичимлик сувига эга бўлишди.  Шу билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сқрдарё ва Жиззах вилоятларида ҳануз ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжуд.  Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун Юртбошимиз томонидан 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги Президент қарори қишлоқ жойларда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, янги ичимлик суви билан таъминлаш иншоотлари ва канализация тизимини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, ичимлик суви таъминотига янги ахборот технологияларни жорий этиш, ичимлик  сувини ишлаб чиқариш жараёнлари самардорлигини ошириш ва ҳоказолар назарда тутилган. Шунингдек мазкур ҳужжатга биноат 2017-2021 йилларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул  қилиниб, Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” жамғармасини ташкил этиш белгилаб қўйилди. Қарорга мувофиқ Дастур доирасида амалга ошириладиган барча лойиҳа-тадқиқот, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари 2022 йил 1 январга қадар барча  божхона тўловларидан озод этилиши белгиланди.

-Сергей Владимирович, бугунги кунда нафақат Тошкент шаҳри балки республикамиз аҳолисини ёзнинг жазирама кунларида соя бериб турган, шунингдек бебаҳо кислород манбаи бўлган вояга етган дарахтлар, хусусан чинорларнинг кўплаб кесилиш ҳолати ташвишга солмоқда. Экоҳаракат депутатлар гуруҳи мазкур муаммонинг ечимини нималарда кўради?

- Айтиш жоизки 1 гектар аралаш дарахтлардан иборат майдон бир йилда 3 тонна кислород ишлаб чиқариб, 54 тонна чанг ва 5 тонна С02 ни ютади. Бугунги кунда пойтахтимизнинг яшил майдонларини янгиланиш жараёни кетмоқда. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1966 йилдаги зилзиладан сўнг қайта тиклаш ишларида Тошкент шаҳрининг ўпкаси ҳисобланган яшил халқани барпо этиш мақсадида чинор дарахтлари кучатлари экилган эди. Бугун ҳам шу ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шаҳарнинг кенгайиши натижасида яшил ҳудудларни янгилашга тўғри келяпти. Бундан ташқари ҳар бир дарахтнинг ўзига яраша яшаш муддатини ҳам инобатга олиш зарур. Масалан, терак ўртача 30-35 йил умр кўради, чинор дарахти эса 40 йилдан зиёд яшайди. Шунингдек, кўпчилик чинор ва шарқий платанни чалкаштиради. Шарқий платан асрлар давомида яшайди. Чинор эса шарқий платан ва клён чатишмасидан ҳосил қилинган. Чинорларнинг аксарияти шаҳарнинг ер ости коммуникация тизими устидан экилган. Аслида улар устидан 1-2 йиллик бутасимон ўсимликлар экилиши лозим эди. Аммо бу талабларга риоя этилмаганлиги сабабли мазкур муаммолар келиб чиқмоқда.Масалан, канализация  тизими ҳар 20 йилда янгиланиши зарур. Албатта уни очиш учун ер устидаги дарахт ва буталар олиб ташланади. Бундан ташқари Тошкент шаҳрини ривожлантириш Бош режаси мавжуд. Унга кўра, шаҳар ҳудудида атмосферанинг ифлосланиши даражасига қараб дарахтлар экиш илмий равишда асосланган ҳолда кўзда тутилган. Чунки турли хил ўсимлик турлари турлича вазифани бажаради. Масалан, йўловчи йўлаклари бўйлаб “тирик девор” ҳосил қиладиган буталар ўстириларди ва улар транспорт шовқини, чангнинг олдини оларди. Ҳозир эса уларнинг янги турлари етиштирилмоқда. Аммо афсуски, ноқонуний дарахтларни кесиш ҳали ҳам кузатилмоқда ва бугунги кунда бу борада назоратни кучайтириш лозим.

- Экологларнинг фикрига кўра дарахт баргининг ҳажми  қанчалик катта бўлса, у шунчалик кўп чангни ушлаб қолади. Аммо биз пойтахтимиз ва вилоят марказларида айнан ана шундай дарахтларни кесиб, ўрнига игна барглиларнинг экилишини кузатмоқдамиз. Бу тўғрими?

-Тўғри игна баргли дарахтларни чинор, қайрағоч ўрнига экилишининг сабаби, улар кўпроқ кислород ишлаб чиқаради. Япроқ ҳажмига келадиган бўлсак арчаларнинг барча баргларининг умумий ҳажмининг майдони ҳар қандай йирик япроқли дарахтлардан каттадир. Албатта Қрим соснаси зарур сояни бермайди, аммо бу вазифани каштан бажаради. Шу сабабли уларни режалаштирилган ҳолда экиш зарур. Бундан ташқари ободонлаштириш хизмати дарахт баргларини ювиб турса, уларнинг чанг ютиш ва кислород чиқариш ҳолати кучаяди. Бундан ташқари дарахтларни буташда ҳам мавсумга қараб, уларнинг ҳаётий фаолияти инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши зарур. Аммо биз аксарият ҳолатларда ёзнинг қоқ ўртасида ҳам кўкариб турган дарахтларни буташ ҳолатига дуч келамиз. Бу ишларни амалга оширишда шаҳар ободонлаштириш маъмурияти қатъий белгиланган норматив талаблари асосида иш кўриши лозим.

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди

ФРАНЦИЯНИНГ ЙИРИК МИЛЛИЙ БОҒЛАРИ

ВAНOЙСЕ МИЛЛИЙ БOҒИ

вайонсе

Биринчи фрaнцуз миллий бoғи — Вaнoйсe 1963 йилдa тaшкил этилгaн. Бoғ aтрoфидa бир нeчa мaшҳур фрaнсуз чaнғи учиш ҳaмдa дaм oлиш мaскaнлaри жoйлaшгaн. Бoғдa aҳoли учун мaълум бўлгaн ёввoйи тoғ эчкиси яшaйди. Бундaн тaшқaри бу ерда қoрa эчки, тoғ суғурлaри, силoвсин, қуён вa мўйнaли ҳaйвoнлaрни ҳaм учрaтиш мумкин. Миллий бoғидa бaъзи қушлaр — сoқoлли, бургут вa қoрa кaкликлaр мaвжуд.

ЭКПИНС МИЛЛИЙ БOҒИ

Севеннс

1973 йилдa тaшкил этилгaн Миллий бoғ дeнгиз сaтҳидaн 4102 мeтр бaлaндликдa, Pлeвoуx тoғидa жoйлaшгaн. Унинг мaйдoни 91.8 гeктaрни тaшкил қилaди. Бoғ Фрaнциянинг жaнуби-шaрқий қисмидa жoйлaшгaн бўлиб, чeгaрaси жaнубий Фрaнция вa ғaрбий Aлп тoғлaрининг бир қисмини қaмрaб oлгaн.  Экпинс миллий бoғи мамлакатнинг бeшинчи миллий бoғи ҳисoблaнaди.

CEВEННEС МИЛЛИЙ БOҒИ

article_53ba816b217941.37623504

Ceвeннeс — миллий бoғи 1970-йилдa Сeвeннеских тoғлaри ҳудудидa тaшкил этилгaн. Мaйдoни — 913 км². Ceвeннeс бoғининг мaъмурияти Флoрaкскoм қaлъaси ичидa жoйлaшгaн. Боғда кaштaн вa oльxa ўрмoнлaри, юқoридa қaрaғaй билaн қoплaнгaн яйлoвлaри плaтoсидa oлий ўсимликлaр ҳукмрoн, жaнубий вa шaрқий ён бaғирлaри, тoғлaрининг қуйи ҳудудида Лoзeрe дeб нoмлaнгaн истирoҳaт мaйдoни мaвжуд. Миллий боғда Oбун Aрмaнд нoмини oлгaн ғoр жойлашган. Миллий бoғ ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Жасурбек ТОЖИБОЕВ тайёрлади

 

 

Ёзёвон

ВОДИЙ ҚЎЙНИДАГИ НОЁБ ДУРДОНА

ёзевон2

Марказий Фарғонанинг Ёзёвон чўллари бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Бу ердаги қумларнинг шифобахшлиги қадимдан тилларда достон.  Мустақилликнинг илк куниданок ушбу табиат ёдгорлигини ташкил қилиш ва уни Фарғона ўрмон хўжалиги тасарруфига бериш тўғрисида халқ депутатлари вилоят кенгаши Президиумининг 1991 йил 5 апрелда 29/9-сонли қарори қабул қилинган. Шундан сўнг вилоят ҳокимининг 1994 йил 23 май 164-сонли қарорига асосан Марказий Фарғонада, Фарғона ўрмон хўжалиги такибида Ёзёвон туманидан 1820,4 га, Охунбобоев туманидан 142,5 га, жами 1962,9 га ер майдонида “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ташкил этилган. Қарорнинг 2-бандида “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Низоми” тасдиқланган.

Низомга асосан “Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Ёзёвон ва Охунбобоев туманларининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, марказий Фарғонанинг ҳали ўзлаштирилмаган, ўзига хос ноёб ландшафтли шаклланган биологик тизимга эга. Бу ердаги экологик тизим асрлар давомида ташкил топган ва ривожланган. Ажратилган ер майдонининг 1543 га. ўрмон билан қопланган, 50 га. очиқ қумликлар, йўллар 11 га. 235 га. ўт ўланлар билан қопланган, 3 га. сувлик ерлардан иборат бўлиб ундаги ўсимлик дунёси: 4 бўлим 6 синф 42 оила ва 188 туркумга оид бўлган 302 та ўсимлик тури, 5 тур дарахтлар, 24 тур буталар, 10 тур чала буталар, 98 тур кўп йиллик ўтлар, 165 тур бир йиллик ўтларни ташкил қилади.

Ёдгорлик ҳудудидаги ўсимликларнинг 91 тури шифобахш, 81 тури эса бегона ўтларни ташкил қилади. Ўсимлик қопламида қора саксовул, оқ саксовул, қандим турлари, черкез, селин, чўл узуми, астрагал, ялтирбош турлари эдификатор ҳисобланади. Булардан ташқари, қумликларда юлғун, туронгил, қора чингил, Фарғона шувоғи, янтоқ, оқбош, қизил чойчуп, кумажрик учрайди. Ўсимликлар орасида Қизғиш Астрагал, Севердцов моголтовияси фақат шу ҳудудда ўсади ва йўқолиб бораётган тур сифатида “Қизил Китоб”га киритилган.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ҳудуди зоогеографик жиҳатдан Туркистон воҳа округининг Фарғона районига жойлашган. Бу ерда асосан қумли, қисман гилли ва шурхокли чўлларнинг хайвонлари тарқалган. Қумларда судралиб юрувчилар энг куп учрайди. Қум тепаларининг юқори ва ўртача қисмларида турли калтакесаклар ва илонлар ҳаёт кечиради.

Қулранг эчкиэмар – энг катта калтакесак булиб, унинг узунлиги 1,5 метрга етади. У калтакесак, илон ва турли ҳашаротларни тутиб ейди. Куннинг иссиқ вақтида фаол бўлади. Эчкиэмар, Штраух юмалоқбоши,Фарғона қум калтакессаги йўқолиб бораётган тур сифатида “Қизил Китоб”га киритилган.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги Фарғона водийси оша бутун Ўзбекистон миқиёсида фан ва маданий-маърифий ҳамда эстетик аҳамиятга молик ёдгорлик сифатида табиий ҳолда сақлаб қолиш айни муддаодир. У табиатни тирик бурчагидир.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги ҳудудида қуйидагилар таъқиқланади:

-ўсимлик такибини ўзгартиришга олиб келувчи (кесиш, шикастлантириш, нобуд қилиш),

-иморатлар ва йўллар қуриш, тупроқ қатламини бузувчи, сизот сувларини сатҳининг ўзгаришга ва сув режимига салбий таъсир этувчи ҳар қандай ишлар,

-пичан ўриш ва чорва боқиш, олов ёқиш, автотранспортларини туриши, оммавий тадбирлар, ов қилиш, ҳудудни ифлослантириш ва бошқа йўллар билан табиатга зарар келтириш,

-ерларни ўзлаштириш ва сув тамоқларини қуриш,

-фойдали қазилмаларни қазиш.

“Ёзёвон чўллари” Давлат табиат ёдгорлиги учун Фарғона вилоят ҳокимининг 1995 йил 19 январдаги № 21-сонли қарори билан Ёзёвон туманида 1820,4 гектар Охунбобоев туманида 142,5 га қум барханлари ажратилиб берилган ва ерга эгалик қилиш хуқуқини берувчи давлат далолатномаси олиниб А№005578, №001406 рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бу табиат ёдгорлигининг мавжудлиги ўсимлик ва хайвон турларининг биологик хилма-хиллигини, камёб ва ноёб турларни йўқолмасдан сақлаб қолишда муҳим давлат табиат маскани ҳисобланади.

Э.Абдуллаев,

 Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспектори

 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ЭКОТУРИЗМ РИВОЖИ ЙЎЛИДА

медиатур1

Қорақалпоғистонлик журналистларнинг навбатдаги медиа- саёҳати туризм ва экотуризмни ривожлантиришга бағишланди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган медиатур Оролбўйи минтақасидаги диққатга сазовор тарихий жойларни тарғиб қилиш, ушбу ҳудудга хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган медиатур сафари қадимий Шилпиқ қўрғонидан бошланди. Аждодларимиз томонидан бунёд этилган қадимий ёдгорликни зиёрат қилган журналистлар Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида ҳам бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги қарорига мувофиқ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси, Қўриқхоналар, миллий табиий боғлар ва овчилик хўжаликлари бошқармаси ҳузурида қайта ташкил этилган бу масканга Беруний ва Амударё туманлари ҳудудидан 68 минг 717,8 гектар майдон ажратилган. Унинг 11 минг 568 гектари қўриқхона зонаси, 6 минг 731 гектари буфер зона ва 50 минг 418 гектари ўрта зона ҳисобланади.
Биосфера резерватида бугунги кунда 826 бош Бухоро буғуси, сув ҳавзасида эса 43 турдаги балиқ мавжуд. Судралиб юрувчиларнинг 11 тури, шунингдек, тулки, шақол каби ўнлаб ҳайвон турлари учрайди. Бу ерда экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 6 йўналишда саёҳат ташкил этилган.
Медиа-саёҳат иштирокчилари Элликқалъа тумани Навоий овулидаги “Бўстон страус” фермер хўжалигида парваришланаётган туяқушларни бориб кўрди.
– Африка қитъасида яшовчи бу ноёб жониворлар бизнинг иқлим шароитимизга тез мослашди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ҳамдам Саидабдуллаев. – Бир йил олдин 5 туяқуш келтирилган эди. Мутахассиларнинг фикрича, бу қушнинг гўшти, ёғи ва тухуми ғоят шифобахш. Туяқуш 2 ёшга тўлганда тухум қўяди. Тухумининг оғирлиги 3-4 килограмм тош босади.
Туман марказидаги Амир Темур номидаги Ботаника боғида дунёнинг турли минтақаларида ўсадиган 200 тупдан зиёд дарахт, 200 тупга яқин бута ва 80 дан ортиқ турфа гуллар парваришланади. Медиатур иштирокчилари боғда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Қадимий ёдгорлик – Аёзқалъа меъморий мажмуасини зиёрат қилди. “Аёзқалъа-Тур” сайёҳлик фирмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар медиатур иштирокчиларида катта тассурот қолдирди.

Аминбой Ортиқбоев

11Кобра

ЁЗДА ИЛОНДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

 Ёзнинг жазирама иссиғида одамлар дам олиш мақсадида тоққа, қирғадирларга чиқишади. Албатта, айнан шу мавсумда хавфсизликка риоя этмаслик оқибатида кўплаб илон, турли хил заҳарли ҳашаротларни чақиш ҳолати кузатилади. Аҳолини бўлажак хавфдан огоҳлантириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қумитаси билан биргаликда  дам олишга чиқувчилар учун республикамизда учрайдиган илон турлари билан таништиришди.

Илонлар ўзига хос тана тузилишига эга бўлган, ўлчами 20 см дан 10 м гача етадиган ҳайвондир. Уларнинг 2700 га яқин тури маълум. Танаси ҳар хил йўғонликда бўйига чўзилган. Думи ҳамиша танасидан калта. Оёғи бўлмайди. Ўзига хос ажойиб ҳаракатланиш усули, хатти-ҳаракатлари, заҳар тишлари ва ҳаракатсиз тик қараб туриши туфайли илонлар ҳақида канчадан-қанча эртак ва афсоналар тўқилган ҳамда кўп халқлар орасида илондан қўрқиш ҳисси пайдо бўлган. Аммо уларни ўлдириш ножоиздир. Зеро илонлар табиатнинг энг фойдали жониворларидан биридир.

Ўрта Осиё кобраси

11Кобра

Кобра — Ўзбекистондаги йирик заҳарли илонлардан биридир.  Танасининг узунлиги 125 см, думи 45 см гача. Ранги тана рангидан тўқ сариқ, қўнғир ёки қорагача кучли даражада ўзгариб туради. Ўзбекистонда кобра фақат Боботоғда, Ҳисор тизма тоғларининг тоғ олдиларида ва Сурхондарё водийсида нисбатан кўпроқ учрайди. Қарши даштида бирмунча камроқ, Зарафшон ва Нурота тизма тоғларида эса ундан ҳам кам учрайди.

Шарқда учрайдиган энг сўнгги пункти — Ховос атрофларидир. Ҳатто Боботоғда ҳам бир кунда иккитадан ортиқ илон учратиш қийин, одатда, экспедициялар вақтида камдан-кам, яъни бир ойда битта кобрани учратиш мумкин. Ўзбекистонда кобра қуруқ ён бағирларда, кемирувчилар инида яшайди. Водийларда ва аҳоли яшайдиган пунктларда камдан-кам учрайди.

Дашт заҳарли қора илон (гадюка)

гадюка

Сирдарё бўйларида кўпинча унча катта бўлмаган илон — дашт заҳарли қора илони учраб туради. Танасининг узунлиги 55 см ча, думи қисқа 4—6 см. Усти қўнғирсимон-кул ранг, орқа чўққаси бўйлаб тўқ рангли эгри-бугри йўли бор, баъзан у узуқ-узуқ ёки доғлардан иборат бўлади. Республикада Чирчиқ водийсида Хўжакентдан Чинозгача бўлган жойларда, Сирдарё водийсида Ховосдан пастроқда кўпроқ, Чотқол тизма тоғларида Паркент, Чимён ва Хумсон яқинида эса камроқ учрайди. Дарё воҳаларидаги чингил ва шўра ўтлар кўп ўсадиган кўлларнинг қирғоқларида, шолипоялар марзаларида кўпроқ яшайди. Кемирувчиларнинг инига кириб яширинади. Тоғлардаги япроқли ўрмонлар зонасида кам учрайди.

Чархилон (эфа песчанная)

эфа

Чархилон унча катта бўлмайди. Танасининг узунлиги 86 см, думи қисқа — 7,5 см гача боради. Усти қўнғир-кул ранг ёки қум ранг бўлади. Қийшиқ жойлашган ён тангачалари орқадагиларига қараганда тўқроқ бўлади. Ўзбекистонда чархилон Термиз атрофлари ва Қорасув ҳамда Сурхондарёдаги соғ тупроқли чўлларда жуда кўп. Сурхондарё водийси бўйлаб Шўрчи ва Боботоғ тоғ этаклари атрофларигача тарқалган. Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида ва Қизилқум чўлида анча кам учрайди. Бу илон асосан соғ тупроқли ва қумли чўллар, дарё воҳаларидаги жарликлар, кўҳна харобаларда яшайди. Гоҳо у қуруқ ён бағирларда яшайди.

Қалқонтумшуқ илон (шитомордник)

калконтумшук

Тошкент ва Самарқанд вилоятидаги тоғларда ва Қорақалпоғистондаги текисликларда қалқонтумшуқ илон яшайди. Бу республикада тарқалган бирдан-бир чинқириқ ёки шақилдоқ илондир. Танасининг узунлиги 68 см гача, думи қисқа 4—8 см бўлади. Устида тўқ рангли кўндаланг доғлари бор. Қалқонтумшуқнинг типик яшаш жойлари шимолда — тупроқли ва қумли чўллардир. Жанубда у баланд тоғлардаги арчазор ўрмонларда ва тош уюмлари бўйлаб алп ўтлоқларигача (3200 м ва ундан баландроқ) учрайди.

Кулвор илон

Кўлвор илон анча йирик бўлади, йўғонлиги одамнинг билагидек келади. Танасининг узунлиги 160 см. ча, думи эса 20 см. дан ортиқ эмас. Энг оғир кўлвор илоннинг массаси 3 кг. ча келади. Усти оч ёки тўқ кулранг, сарғиш ёки жигарранг тусли. Ўзбекистонда Туркистон тоғ олдиларида (Ховос), Нурота, Зарафшон тизма тоғлари, Кўҳитанг ва Ҳисор тизма тоғлари этакларида учрайди. Бу илон кобрага нисбатан анча кўп тарқалган. Зарафшон тизма тоғи ва Нурота тоғларининг баъзи жойларида баҳорда кунига бештагача, баъзан эса ундан кўп кўлвор илонни учратиш мумкин. Кўлвор илон тоғларда, тоғ олдиларида ва тоғларнинг атрофларидаги водийларда яшайди. Қишлоқларда ва тоғ этакларидаги боғларда, булоқларнинг бўйида, тоғлардаги тош уюмлари орасида кўп учрайди.

Ўрта Осиё кобраси, қора илон ва чарх илонлар захари асосан нафас марказларига таъсир кўрсатса, кўлвор ва қалқонтумшуқ илонлар захари юрак қон айланиш тизимига таъсир қилади.

Агар сизни заҳарли илон чақса, дарҳол жароҳатни қўлингиз билан сиқиб чиқаринг ёки оғзингиз билан сўриб ташланг. Илоннинг заҳари сўлак таъсирида қисман парчаланади ва одам оғзи орқали ҳеч қачон, ҳатто бузилган тиши бўлган тақдирда ҳам заҳарланиши мумкин эмас. Қонни 5-8 минутдан ортиқ сўриб ёки сиқиб чиқариш мумкин эмас. Шундан кейин марганцовка, сирка ёки содали сувга ҳўлланган бинт ёки пахта босиш керак. Жароҳатланган одам сув, лимонад, сут, қаҳва ичиши, тарвуз ейиши фойдали.

Фотима ЧОРИЕВА тайёрлади

ЗИЙНАТЛИНИ ЗАҲРИ БОР

oleander-2

Олеандр (Нeриум oлeaндр) — толгул ёки санбитгул деб номланадиган кедрдошларга мансуб бўлган ўсимлик. Бу тик ўсадиган, барглари одатда учтадан ҳалқа бўлиб жойлашган, гуллари йирик, пушти, қизил, оқ, сарғиш доим яшнаб кўм-кўк кўкариб турадиган доимий яшил бутадир. У табиий ҳолда ўрта ер денгиз бўйларида  (Европа, Осиё, Африка) ва Эронда ўсади. Толгул авлоди 3та турдан иборат. Шулардан: толгул (Нeриум oлeaндр) бизда уй шароитида ўстириш учун маданийлаштирилган декаратив, манзарали ўсимликлар қаторида экилади. Шохчалари кичкина, баъзан бу ўсимлик ён тарафларга тарвақайлаб ўсиши, думалоқ кўринишга эга бўлиши учун узун новдасининг учларидан кесиб, бутаб турилади. Толгулнинг бўйи 2 метрдан ортади. У кўркам, чиройли, йирик, пушти ранг гули ва наштарсимон қалин, яшил барглари билан гулчиликда ғоят қадрланади. Ёзда ёруғлик ва иссиқликни кўп талаб қилади. Шунинг учун толгулни жанубга қараган дераза токчасига қўйиш мумкин. Гуллари ўзига хос ҳидга эга. Рангги оқ, пушти, қизил, камдан– кам ҳолларда сариқ бўлади. Толгул йирик ўсимлик бўлгани учун уларни катта тувакларга эккан маъқул. Бу ўсимликнинг тупроғини ҳар йили янгилаш шарт эмас. Фақат баҳор ва ёз ойларида толгулни минералларга бой яхши чиритилган маҳаллий ўғит ва азотли, калийли, фосфорли ўғитлар билан озиқлантириш керак. Маҳаллий ўғитлар берилганда гулнинг ости секин юмшатилиниши лозим.

Толгул доривор ўсимликлар қаторидан ҳам салмоқли ўрин олган. Қора денгиз бўйларида ўстириладиган толгулдан юрак фаолиятининг ишини яхшилайдиган учта модда гликогия олеандрин, адинерин ва нерин ажратиб олинган. Бизнинг тиббиётда толгулдан олинадиган “нериолин” ва “корнеерин”лардан юрак ва  қон томирлари ишини яхшилайдиган дорилар тайёрланади. Ўтмишда толгулнинг заҳарли хусусиятидан хабардор бўлган ерли халқлар ундан ҳайвонларни ўлдирадиган заҳарлар тайёрлашган. Уни ёй ўқининг учига суртиб ўлжаларини нишонга олганлар. Толгул баргларини истеъмол қилган ҳайвонлар, тил тортмай ўлганлиги ҳақида кўпгина маълумотлар бор. Бу ўсимликнинг ҳамма қисмидан чиқадиган шарбати ( суви ёки шираси) заҳарли. Шунинг учун унинг пўстлоғидан тайёрланган дамлама каламуш ва сичқонларни камайтириш учун ишлатилган. Толгул заҳари асал орқали ҳам, кишиларга салбий таъсир қилиши (ўлдириши) ҳамда ундан строфантинга ўхшаш заҳарли модда борлиги аниқланган. Толгулдан ясалган ёғоч сихда пиширилган кабобни истеъмол қилган ўн икки француз офицеридан саккизтаси орадан кўп  вақт ўтмасдан ҳалок  бўлганлиги ҳам рост.

Толгулнинг заҳри унинг барг ва гулларидаги гликозитнинг миқдорига боғлиқ. Шунинг учун унга ишлов бераётганда ўта эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Айниқса, сувининг кўзга сачрашидан сақланиш керак. Толгулни кўпайтириш жуда осон. Шохларининг юқори қисмидан кесиб олинган баргли қаламчалари сувга солиб қўйилади ёки қаламча илдиз отгунча нам қумга экиб қўйилиши мумкин. Қаламчалар илдиз отгач, махсус тувакларга ўтқазилади. Кишилар учун толгулнинг шираси, хавфлилигини инобатга олиб, боғбонлар ва ҳаваскор гулчилар буни асло эсларидан чиқармасликлари зарур. Ўсимликнинг новдаларини кесгандан сўнг қўлларини ва ишлатган асбобларини дарҳол совун билан тозалаб ювишлари лозим. Толгул билан заҳарланган кишининг қорин соҳаси қаттиқ оғрийди, кўнгли айниб, қайт қилади, ичи кетади, боши айланиб, томирларининг уриши секинлашади. Шунингдек, терида моматалоқ юз бера бошлайди. Нафас олиш қийинлашади ва юрак ишдан чиқиб, кишини ўлишига олиб келади. Унинг чиройли очилган гулларининг ҳиди, киши асабига салбий таъсир қилади ҳамда бошни айлантириб, қаттиқ оғриқни пайдо қилади. Толгул бор жойда унинг шохларини синдиришга гул ва баргларини узмаслик керак. Акс ҳолда гул туваклари остига  огоҳлантирувчи ёзувлар ёзиб қўйиш мумкин. Уни мактабгача таълим муассасаларида, мактаб интернетларида ҳамда ёш болали оилаларда сақлаш анча хатарли. Бироқ коллеж, лицей, олий ўқув юртларида ва бошқа ташкилотларда бемалол бу гулни кўпайтириш мумкин.

Р.РАХМОНОВ, БухДУнинг биология ўқитувчиси,

Н.ОЧИЛОВА, биология таълим йўналиши ИИ босқич талабаси

 

ОРОЛ — ИНСОНЛАР ТАҚДИРИДА

boshi .Still003

Орол денгизи фожеаси… У нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиёнинг экологиясига таъсир кўрсатди ва ҳудуд экотизимини ўзгаришига олиб келди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган экологик инқирознинг марказида жойлашган.  Бир пайтлар денгиз сувлари ювиб турган қирғоқлардан бугун кўтарилаётган қум ва туз бўронлари  бу ерга келган саноқли сайёҳларнинг кўзини ачиштиради. Қум барханлари ичида ором топган,  занглаган  кемалар шамолда аянчи овоз чиқариб, гуё ўзларининг аччиқ қисматлари ҳақида сўзлайди.

- Ушбу кемалар қабристони гўё Орол денгизига қўйилган монументдек, дейди эколог Рабуддин  Айтмуратов. — 1966 йилгача биз турган жой денгиз остида бўлган. Ўзбекистоннинг чўл худудларининг кўр-кўрона  ўзлаштирилиши Орол денгизининг қуришига олиб келди ва  айни пайтда сув илк қирғоқларидан  200 км.га чекинди. Оқибатлари ўзингизга аён. Эндиликда тузларни атмосферага учиб кетмаслигини олдини олиш, тупроқнинг намлигини ушлаб туриш  мақсадида мамлакатимиздаги мавжуд Ўрмон хўжаликлари ва Фанлар Академияси мутахассислари билан биргаликда туз миқдори юқори бўлган собиқ Орол ҳудудига чидамли  саксовул, юлғун сингари 16 турдаги ўсимликлар экилмоқда. Бу эса ўзининг дастлабки натижаларини берди. Эколог сифатида айтишим керакки, чўлга чидамли ўсимликлар орасида молларга  ем-хашак бўладиган  озуқабопларини ҳам  парваришлаш зарур. Шунда бу ҳудудларда янги яйловлар пайдо бўлади. Чорвачилик ривожланади.

Денгизнинг қуриган туби беш миллион гектар майдонга эга бўлган янги чўл- Оролқумнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Мутахассисларнинг фикрига кўра  чўлдан йилига ўз таркибида заҳарли кимёвий моддалар бўлган 100 тоннагача тузли-қум бўрони  кўтарилади. Ҳаво оқими эса уни жуда ҳам узоқларга, хаттоки Антарктида музликларигача олиб кетади. Ҳудудда қум   бўрони ва тупроқдаги намликни сақлайдиган саксовул ва юлғунларни кўпайтириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётганига қарамай, туманда табиий газнинг йўқлиги маҳаллий аҳоли томонидан мавжуд чўл буталари кесиб кетилмоқда. Ўзига ажратилган ҳудудни назоратини олиб борар экан Р.Айтмуратов ноқонуний равишда саксовулни чопаётган маҳаллий аҳолига дуч келади. Тушинтириш ишлари ва болтанинг мусодара қилиниши афсуски ҳуқуқбузарларни фақатгина бир неча кунга тўхтатиши мумкин.

- Албатта саксовулни кесиш керак эмаслигини яхши биламиз, дейди Мўйноқ шаҳрида яшовчи фуқаро Шарифбой исмли йигит. Аммо нима қилайлик, газ йўқ. Қиш кунлари совуқ. Баҳор ҳам илиқ келмади. Овқат пишириш учун ҳам ўтин зарур.  Атрофда эса саксовулдан ташқари ўтинга яроқли ёқилғи йўқ.

Йилнинг бошида  Мўйноқ шаҳри аҳолисида  келажакка  ишонч уйғонди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2803-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда умумий қиймати 52,3 млрд. cўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари туманга сармоядорларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга янгича ёндошув асосида қулайликлар яратиш мақсадида тадбиркорлар учун кредитлар ажратиш назарда тутилган. Мўйноқда туризмни ривожлантириш йўналишларига асос солинади ҳамда ҳудуд ва Орол денгизи тарихи ва бугунги кунини дунё миқёсидаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, Мўйноқни Ўзбекистоннинг туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг грант ва донор маблағлари жалб этилади.

Мўйноқ шаҳрида тўғилиб ўсган, ўзининг киндик қони тўкилган юртининг иқтисодиётига ҳисса қўшаётган инсонлардан бири тадбиркор  Манзура Ерниязова туманда экотуризмнинг чунки сайёҳларнинг жалб этилиши ҳудуднинг ижтимоий, иқтисодий муаммосини бартараф этишга ёрдам беради, аҳолининг ўз уйларига қайтиши, экологик ҳолатни яхшилашга қисман бўлсада туртки бўлади.

Манзура Ерниязова

-Мен биринчи гуруҳ ногирониман дейди М.Ерниязова биз билан суҳбатда. –Тақдир тақозоси билан ўнг қўлим ва ўнг оёғимдан айрилдим. Бошида яшагим ҳам келмади. Аммо фарзандим учун  ҳаётни давом эттиришга қарор қилдим. Кредит олиб соғин сигир олдим. Унинг сут қатиғини сотиб, кредитни ёпгач, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиҳонасидан 12 минг 800 долларлик грант олишга муваффақ бўлдим. Кичик тикувчилик цехи очдим. Ишга имконияти чекланган маҳалладошларим қаторида ишсиз юрган қизларни жалб этдим.

Айни пайтда Манзура Ерниязова миллий кийимлар билан биргаликда қорақалпоқ нақшлари туширилган буюмлар ҳам ишлаб чиқаради. Унинг орзулари катта. Ҳудудда туризмнинг ривожи тадбиркор аёл фаолиятини кенгайтиришини у яхши тушунади.

Оролни чин дилдан севган ва уни қалбида сақлаб қолган рассом-хайкалтарош Ануарбек Саимбетовнинг уйи кемалар қабристони ёнида.

boshi .Still017

- Мен Орол ёнимда тўғилдим. Кўзимни очганимда Оролни кўрдим. Расмларим ҳам бизни ташлаб кетган уммон ҳақида, дейди А.Саимбетов. — Қўлдан келганича Оролни сақлаб қолиш керак эди. Ҳозир ҳам  ҳаракат қилиш лозим. Мен 70 га яқин Орол ҳақида расмлар чиздим. Уларда ўз орзуларимни акс этдим. Хайкалтарошлик ва суратларим учун ғояни табиатдан оламан, бу менга бугунги ҳақиқий аҳволни одамларга етказиб беришга ёрдам беради.

Ануарбек Саимбетов  бир умр кема капитани бўлишни орзу қилган. Хаттоки Мўйноқдаги билим юртини битириб, кема капитани дипломига ҳам эга бўлган. Ҳарбий хизматдан қайтгач эса рассом денгизни топа олмади.  Аммо Орол унинг унинг орзуси ва суратларида қолди.

Орол фожеаси Манзура ва Ауарбек сингари ўнлаб мўйноқликлар тақдирига салбий таъсир кўрсатди. Аммо улар  ўзга юртларга кўчиб кетишни ҳаёлларига ҳам келтиришмайди ва ҳудуднинг келажакда гуллаб-яшнашига ишонишади.

Наргис ҚОСИМОВА,

Шўхрат ХУРРАМОВ.