Category Archives: Табиат дорихонаси

СИНОАТЛАР ЖАМ БЎЛГАН ДАРАХТ

105

Доривор ўсимликни етиштириш технологияси қишлоқ хўжалигининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, фармацевтика саноати ҳамда дорихоналарни сифатли шифобахш ўсимликлар хом-ашёси билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Кейинги вақтда фармацевтика саноати корхоналари дори воситаларининг тахминан 50 фоизи доривор ўсимликлар хом-ашёсидан тайёрланаётганлигини эътиборга олсак, доривор ўсимликлар ўстириш технологияси фани нақадар катта аҳамият касб эта бошлаганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.  Бундай ўсимликлардан бири зайтундир. Унинг мевалари энг сифатли, ҳазм бўлиш хусусияти жуда юқори, таркибида инсон организми учун зарарли моддалар бўлмаган шифобахш мой беради. Зайтун мойи истеъмол мойи сифатида таъмининг хушбўйлиги, дориворлиги билан биринчи ўринни эгаллайди. Бу мой шифобахш камфора ва витаминли эритмалар, турли хил хушбуй ҳидли атир-упалар тайёрлашда ишлатилади. Зайтун ер шаридаги энг қадимги мойли экинлардан биридир. Зайтун барги таркибида эса тузлар, олтингугурт, органик кислоталар, ёғ кислотаси ва таркибида танин моддаси, нордон ва организмни фаоллаштирувчи, (дезинфекцияловчи) турли зарарли моддалардан тозаловчи моддалар мавжуд. Унинг барги танадаги бадбўй тери ҳидини кетказиш хусусиятига ҳам эга. Бунда барг кули зайтун уруғлари билан олинади ва яхшилаб янчилади.  Сўнг уни пудра шаклида нам ўтган ва инсон танасидаги ёрилган жойларга суртилади. Бу танадан тер чиқишини камайтиради ва бадбуй ҳид келишидан сақлайди. Зайтуннинг яшил (пишмаган) мевалари таркибида углеводлар, оқсиллар, пектин, кул моддалар, сапонинлар, калий, фосфор, темир тузлари, В ва С витаминлари ҳамда каротин мавжуд.  Буларнинг барчаси ошқозон-ичак ва жигар ишини яхшилайди.

Собир АЗИМБАЕВ, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори

ҚИРҚБЎҒИМ ХОСИЯТИ

 

1365453121_best-full-hd-wallpapers-vol.-89-28Ҳисор давлат қўриқхонасининг дарё ва сой бўйларида, тоғларнинг 2200 метр баландликкача бўлган қисмида ўсади. У кўп йиллик, спорали ўсимлик. Илдизпоядан ер устига икки хил поя ўсиб чиқади. Улар баҳорги ва ёзги поялар, деб юритилади.  Ёз ойларининг ўрталарида қирқбўғим ўсимлигининг ёзги поялари ўриб олинади ва салқин ерларда қуритилади. Унинг таркибида эквизетонин сапонини, никотин, эквезетин алкоидлари, каротин, органик кислоталари, ошловчи, аччиқ моддалар ва смолалар учрайди.  Қирқбўғим ўти халқ табобатида бемаврид қон кетишига қарши, яъни бачадондан қон кетганда, қон аралаш ич кетганда, бавосил касаллигини даволашда қўлланилган.  Қўриқхона атрофида яшовчи аҳолининг айтишларига қараганда, ўсимликнинг ер устки қисмидан тайёрланадиган қайнатма ичаклар жароҳатини даволашда, йўтални қолдиришда, қонли ичбурмада яхши натижалар беради, шунингдек, сийдик ҳайдовчи восита ҳамдир. Бундан ташқари, қирқбўғим шарбатининг шакар билан аралашмаси бурундан қон кетганда тўхтатиши халқ табобатининг синалган амалларидан ҳисобланади. Шунингдек, бу ўсимлик ўпка сили, меъда-ичак касалликларига яхши даъво бўлиб, қовуқ ва ўт пуфагидаги тошларни нуратиш ва туширишга ёрдам беради.  Абу Али ибн Сино мазкур ўсимликнинг шарбати қон кетишига яхши даво ҳамда яра ва жароҳатлар битишини тезлаштириб, жигар ва меъда касалликларида фойдали эканлигини алоҳида таъкидлаган. Бундан ташқари, организмда сув-туз алмашинувини мувофиқлаштириб, холестерин, ортиқча моддаларни организмдан чиқариб ташлашни осонлаштиради.

Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходими

Толмас АРОМОВ тайёрлади.

ИСИРИҚ СИРИ

u3941f73384m

Юртимизнинг қай бир гўшасига қадам ташламанг, унинг заминида унган шифобаҳш гиёҳларга дуч келасиз.  Шулардан бири исириқ бўлиб, у  асосан чўл ва ярим чўл зоналарида, тоғ ёнбағирларида, сўқмоқ йўлларда, хаттоки бегона ўт сифатида экинлар орасида ўсади. Мутахассислар маълум қилишича, ушбу ўсимликнинг илдизида 1,7-3,3 %, поясида 0,23-3,75 %, баргида 1,07-4,96 %, гулида 2,82 % ва уруғида 2,38- 6,60 % гача гармалин, гармен, пеганин, дезоксивазицион каби 14-15 хилдаги алкалоидлар мавжуд. Исириқдан ажратиб олинган гармен алкалоиди ва ўсимлик илдизидан тайёрланган спиртли суюқлик Паркинсон касаллиги (марказий асаб тизимининг сурункали авж олувчи касаллиги), тутқаноқ, бош миянинг яллиғланиши асоратлари, қалтирашни даъволашда ҳамда ухлатувчи дори сифатида ишлатилади. Гармолин алкалоиди асаб тизимига, юрак, ичак, бачадон, суяк, мушак стизимига ҳамда бош мия қон-томирларига кенгайтирувчи сифатида ижобий таъсир кўрсатса, дезоксипеганин алкалоиди эса периферик асаб тизими касалликлари, мияга қон қуйилганда содир бўладиган гемипарез (гавда ярмининг енгил фалажланиши) ва гемиплегия (гавда ярим мушакларининг фалажланиши) ни даволашда фойдаланилади.

Исириқ кўпдан кўп хосиятлари туфайли Шарқ халқларининг севимли шифобахш гиёҳи ҳисобланади. Бу ажойиб ўсимлик азалдан барча офат ва хасталикларнинг олдини олувчи ирим ашёси бўлиб келган. Одамлар исириқнинг шифобахшлик хусусиятларини тушуниб етмаганликлари учун у  бор жойда касаллик кам бўлади, чунки исириқ инс-жинсларни ҳайдаб чиқаради, деб ўйлашган. Ваҳоланки, илмий тиббиёт исириқ таркибида мавжуд бўлган таъсирчан моддалар кўзга кўринмас микроаъзоларга қирон келтиришини исботлаб берди.

Қадимги юнон табиблари Гален ва Диоскорид асарларида ҳам исириқнинг шифобахш ўсимлик эканлиги қайд этилиб, исириқ асал, шароб, каклик ёки товуқ ўти ва бодьён суви билан эзиб ишлатилса, кўзнинг кўриш қувватини ошириши ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.  Тиббиёт илмининг даҳоси бўлган Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида исириқ бўғин оғриқларига суртилганда ижобий самара беришини таъкидлаб ўтган. Абу Райҳон Берунийнинг “Китоб ас-Сайдана фит-Тиб” асарида исириқдан тайёрланган қайнатма безгакни даъволашда кони фойда эканлигини ёзиб ўтилган. Халқ табобатида эса исириқнинг ер усти қисмидан тайёрланган дамлама айниқса, безгак, тутқаноқ, томоқ оғриғи, ҳолдан тойиш ва сурункали чарчаш натижасида келиб чиқадиган асаб бузилишлари ва уйқусизликка қарши курашишда фойдаланилади.Агар ўсимликнинг сут-шираси бир тутам пахта ёки жун матога шимдирилиб, ўн кун давомида қуритилгач, қичима азоб бераётган жойга боғланса, қичима тузалади. Бундан ташқари исириқ ва зиғир уруғларидан тайёрланган қайнатма зиқнафс касаллиги (бронхиал астма) да наф келтирувчи омил ҳисобланса, қалампир меваси билан тайёрланган қайнатмаси захм, бод ва бошқа касалликларни бартараф этади. Барчамизга таниш бўлган исириқ тутуни таркибидаги моддалар хавфли хасталикларни қўзғайдиган микробларга қирон келтиради. Шу боисдан грипп эпидемияси хуруж қилган пайтларда хонадонларга исириқ тутатилади.

Наргис Қосимова

КАЙФИЯТНИ КЎТАРУВЧИ ДАРАХТ

марула
            Табиат мўъжизакор хилқат. Унинг бағрида ҳануз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўсимликлар мавжуд. Шулардан бири Африка жанубидаги хилват ўрмонлардан бирида  ўсадиган Марула дарахтидир. Униниг меваси пишган пайтда ўша атрофда яшовчи жами ҳайвонлар ва паррандалар  йиғилишади. Чунки дарахт мевасининг шираси  ҳайвон организмида спиртга айланиб, уларни сармаст қилади.  Марула  (лотинча Sclerocarya birrea) — сумахова оиласига мансуб дарахтдир ва асосан Жанубий ва Ғарбий Африкада ўсади. Бўйи 18 метргача етади.  Дарахт мевасини асосан ҳудуднинг банту қабиласи истеъмол қилади. Уларнинг кўчманчи ҳаёти дарахтнинг тарқалишига сабаб бўлган. Мевалари  юпқа,  сариқ рангли  бўлиб С витаминига бой. Марулада мазкур дармондари апельсинга нисбатан 8 баробар кўпдир.  Данагидан ёғ олиниб, у оқсилларга бой.

Кулги дарахти

цветок смеха

Яна бир ажойиб ўсимликлардан бири Яқин Шарқ мамлакатларида ўсиб, маҳаллий аҳоли «Кулги дарахти” деб аташади. Дарахт паст бўйли ва кўримсиз бўлиб, меваси ловиядек келади. Мевасини истеъмол қилган киши қийқириб кула бошлайди. Кулги дарахти кишига чамаси бир соат ҳангома баҳш этади. Омади келмаган киши, иши юришмаган савдогар, овдан ўлжасиз қайтган сайёҳ, тиш оғриғига дучор бўлган одам ёки оиласидан ранжиб чиққан киши кулги дарахти мевасидан истеъмол қилиб, кўнглини ёзиши ҳам мумкин. Маҳаллий аҳоли унинг уруғини тиш оғириғини қолдиришда ишлатади. Аммо кўп истеъмол қилиш тананинг заҳарланишига олиб келиши мумкин

СУТ  ДАРАХТИ

dr15

 Сут – табиатнинг бетакрор маҳсули. Янги тўғилган ҳар қандай жонзот, хоҳ у одам бўлсин хоҳ ҳайвон айнан она сути билан озиқланибь, ривожланади.  Минг йиллар мобайнида инсоният бу озуқабо ва қимматбаҳо маҳсулотни ҳайвонлардан,  асосан, сигирдан соғиб  олишга  ўрганишган. Айрим  мамлакатларда  сигирдангина эмас, балки дарахтдан хам сут соғиб олишади. Марказий ва Жанубий Америкада тутдошлар оиласига мансуб бўлган сут дарахти бор.   Илмий тида уни бросимум деб аташади. Венесуэлада бундай дарахтлар ўрмон ҳосил қилган. Махаллий халқ бу дарахтни “сигир дарахт” ёки “сут дарахти” деб аташади.   Унинг шарбатнни сут ўрнида истеъмол қилишади. Дарахтнинг шарбати энг яхши сигир сутидек тўйимли, сувга яхши аралашади, чойга ёки қаҳвага қўшганда ивиб қолмайди, тропик иссиқ ўлка шароитида ҳам бир хафтагача айнимай тураверади. «Сигир дарахт» сутининг  таъми сигир сутини эслатади,  аммо ундан бир оз  долчин мазаси келиб туради. Оддий сутдан қуюқроқ бўлганлиги учун бироз чўзилувчан хусусиятга эга ва энг асосийси сигир сути каби қаймоқ бойлайди.  Узоқ муддат қайнатилса унинг устига парафин заррачалари ажралиб чиқади. Маҳаллий аҳоли ундан шам ва сақич тайёрлашади.

Сут соғиб олиш учун «сигир дарахт» пўстлоғи тилиниб, тагига идиш қуйилади, холос. Бир туп дарахт бир неча кишига етарли миқдорда  сут беради. Бу сутга аввало сув қўшилади, сўнгра сузилади. Шундан кейингина уни ичиш мумкин.

Наргис Суннат қизи 

 

ХУРМО

 

хурмо

Қишда дастурхонимизни безатувчи лаззатли хурмо мевасини хитой шафтолиси, пушти рангли қуёш, ихлосмандлар танлови, худолар таоми деб ҳам аташади. Хурмо энг қадимги маданийлаштирилган дарахтлардан бири ҳисобланади. Афсоналарга кўра, биринчи бўлиб бу мевани худолар татиб кўришган, кейинчалик инсонларга ҳам тортиқ қилишган. Хурмо мевасини бутун Осиё қитъаси халқлари севиб истеъмол қилишади. Европаликлар бу мевани кўп вақт ширин мевалар қаторига қўшишмаган. Сабаби, улар хурмоларни пишмасдан туриб тахир ҳолида еб юришган.

Аслини олганда хурмо ноябр-декабр ойларида пишиб етилади.Унинг 500 га якин турлари бор.Бу дарахт Юнонистон, Исроил, Испания, Америка, Австралия, Кавказ, хаттоки Химолой тоғларида ҳам ўсади. Баъзиларининг ёши 300-500 йилга етган. Хитой ва Япония давлатларида унинг тахир турлари ўстирилади. Бунга сабаб, дарахт ёғочи ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, қадимда бундай ёғоч нархи бўйича олтин ва фил суяги нархи билан рақобатлаша олган. Ҳозирги кунларда Хитой, Японияда айнан шу дарахт ёғочидан мебеллар тайёрланади. Серқуёш Ўзбекистонимизда ҳам унинг жуда кўп навлари ўстириб етиштирилади. Хурмо таркибидаги қандай моддалар уни дастурхонимиз кўркига айланишига сабабчи булади?

Пишиб етилган хурмо таркибида кўп миқдорда витамин ва минерал моддалар мавжуд. Унинг таркибидаги магний, йод, темир, В гуруҳи витаминлари, бета-каратин (витамин А), витамин С борлиги инсон асаб тизими, бутун организмини меъёрда ишлашини таъминлайди. Бир дона хурмода А витаминига бўлган кундалик эҳтиёжнинг 70 фоизи қондирилади, чарчоқ организмимизни тарк этади. Юрак хасталиги бор беморларга хурмо тавсия этилади, сабаби унда юрагимизга зарур калий элементи бор. Ундан ташқари у қон босимни тушириб, организмдан ортиқча сувни чиқариб юбориб шишишларни йўқ қилади. Темир элементи борлиги учун, уни кам қонли беморларга тавсия этилади. Мева таркибида 20 фоиз глюкоза мавжуд. Таркибидаги йод бўқоқ касаллигини даволашда ёрдам беради.

Хурмо меваси организмни шамоллашга ва инфекцияларга қарши курашишида ҳам ёрдам беради. Бу мева кучли антиаксидант хисобланади.Унинг таркибидаги А витамини иммунитетимизни мустаҳкамлабгина қолмай, теримизни соғлом бўлишини таминлайди, кўзимизни равшан кўришига ёрдам беради. Организмимизда анкологик ўсмаларни ҳосил булишини олдини олади.

100 гр. мева таркибида 60 ккал қувват мавжуд. У тўйимли озуқа хисобланади, шу билан бирга ундан семириб кетиш эҳтимоли йўк. Аксинча озмоқчи бўлганлар уни ўз рационига қўшишлари тавсия этилади.

Дунёда хурмонинг тахир тамли хиллари ҳам кўп.Мевани тахир булишига унинг таркибида танин моддаси борлигидир. Паст ҳароратда сақлангач унинг бу хоссаси, яъни тахирлиги йўқолади. Тахирликни йўқотишни бошқа йўли ҳам бор. Мевани олма ёки банан солинган идишда бир неча кун сақлаш керак булади. Идишдаги бошқа мевалар хурмони пишиб етилишини тезлалаштирувчи кимёвий моддалар ажратиб, тахирликни йўқотади.

Шарон номли хурмо навини исроилликлар кашф этишган. Бу навнинг бошқаларидан фарқи, улар данаксиз бўлиб, умуман тахир бўлмайди. Японлар мева данагини янги ишлатиш соҳасини уйлаб топишган.Улар данакларга қайта ишлов бериб, сунъий қахфа тайёрлашади.

Хурмони кандли диабет, гастрит, ич қотиши, ошқозон ичак тракти касалликларига чалинганларга тавсия этиш мумкин эмас.

Наргис ҚОСИМОВА

 

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЧОЙ

51a0a8650dbc261496Чой ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Ер шарининг бирор бир бурчаги йўқки, ушбу хўшбуй ичимлик севиб истеъмол қилинмаса. Тадқиқотчиларнинг фикрича, чой истеъмоли бўйича дунёда сувдан кейин иккинчи ўринда турар экан. Чойнинг кашф этилиши бир нечта афсоналар билан боғлиқ бўлиб, Хитойда  эрамиздан уч минг йил аввал император Чен Нунг бута тагида ўтириб қайноқ сувни  хўплаётганида пиёласига келиб тушган  бута барги унга ажойиб таъм беради. Ичимлик таъми ёқиб қолган император бута баргларини ериб, қуритиб сақлашни ва барча аҳоли уни истеъмол қилишини буюради. Бошқа афсонага кўра эса чой бутасини тасодифан ҳинд шахзодаси  Бадхидхарма Жанубий Хитой бўйлаб саёҳати давомида топган ва унинг баргларини чайнаб кўриб, уларнинг тетиклантирувчи кучига қойил қолган. Японияликлар ўз навбатида чой бўтаси шахзода Дарум медитация пайти ухлаб қолмаслик учун ўз киприкларини  кесиб, уларни кўмган ердан ўсиб чиққанига  ишонишади. Айтишларича, Дарум  аскарлари бута баргларини териб, уларни дамлашган. Ҳосил бўлган ичимликни эса ҳарбий юриш  давомида истеъмол қилишган.

Аслида чойнинг ватани Жанубий Ғарбий Хитой, Юқори Бирма ва Шимолий Вьетнамдир. Чой атамаси эса  шимолий хитойликларнинг cha сўзидан кириб келган бўлиб, чойни  Жанубий Хитойда   te, деб аташади ва бу сўз tee  сифатида Европа мамлакатлари халқлари тилига ўрнашган. Хитойда чой оммавий равишжа 350 йилларга келиб етиштирила бошланганлиги тарихий манбалардан маълум. Кўп йиллар давомида чой бутасимон ўсимлик дея ишониб келинган бўлса,  1763 йили Бирманинг Ассам вилоятида  чой дарахтини топишган ва шундан сўнг “ассам чойи” нави тез орада оммалашган. V асргача чой дори сифатида истеъмол қилинган бўлса, Х асрдан бошлаб у Хитойда миллий ичимликка айланади.  Европага чой XVI – XVIII асрларда португалия ва голландияликлар томонидан олиб кирилади. Чой   Ява, Суматра, Вьетнамда  XIX асрда экила бошланади,  ХХ  асрниннг бошларида эса Италия, Жанубий Швейцария, Австралияда  етиштириш йўлга қўйилади.

Чой ичинг ва ёшаринг

Қадимги хитойликлар чойни “ҳаёт олови” деб аташган. ХVIII асрда Япония императорининг хос шифокори чойни қонни тозалашда, кўз нурини ўткирлашда, жигар ва талоқ фаолиятини яхшилашда,  тетиклик бахш этиб, кайфиятни кўтаришда фойдаланган. Бугунги кунда чойнинг инсон организмига ижобий таъсири тўлиқ ўрганилиб,  у барча ҳаётий функцияларни кучайтириши аниқланган. Чой ичган одам оч қолмайди, чанқоқликни босади, кайфиятни кўтаради. Шунинг учун ҳам  Хитой, Корея ва Япония армияларида  чой асосий озиқ-овқат тури сифатида зобитлар овқатланишига киритилган. Чойда 130 дан зиёд турли хил моддалар аниқланиб, уларнинг асосийси таниндир. Қуритилган чой баргларида 16% гача танин, 0,007% эфир мойлари, катехин мавжуд бўлиб, улар қон томирлар эластиклигини сақлаб, атеросклероз касаллигининг олдини олади. Юрак-қон томир касалликларида чой тинчлантирувчи восита  сифатида хизмат қилиб, томирларни кенгайтиради, қон босимини меъёрлаштиради, қон айланишини  яхшилайди, бош оғриғи, қулоқдаги шовқинни камайтиради. Катехинлар ичакдаги моддалар алмашинувини тезлаштиради, мушаклар эластиклигини сақлаб, тез қаришнинг олдини олади. Шунингдек  чойдаги  кофеин ва теобромин инсоннинг доимо тетик бўлишига хизмат қилади. Чой  бўйрак касалликларида энг яхши даводир. У ўткир  ва хроник нефритларда ҳам зарар келтирмай, иштаҳа юқолиши, умумий  ҳорғинликнинг олдини олади. Шамоллаш пайти ичилган чой нафас олиш йўлларида ҳужайраларнинг янгиланишига сабаб бўлади. Бу эса касалликнинг тезроқ  чекинишига олиб келади. Чойдаги В2  ўз навбатида терининг чиройли ва таранг бўлишини таъминлайди. Ширинсизликсиз ичилган чой тишларни мустаҳкамлайди. Чунки унинг таркибидаги фтор тиш эмалини мустаҳкамлайди. Айниқса кўк чойни севиб истеъмол қилган одамларнинг асаблари тинчланади, унинг таъсирида мия кислородга тўйиниб, яхши ишлай бошлайди.

Чой организмдаги барча зарарли моддаларнинг кушандасидир. У хаттоки оғир металларни  чиқаришга, жигар, буйракни тозалаш , ошқозон фаолиятини яхшилаш хусусиятига эга. Албатта буларнинг барчаси чойнинг  навларига боғлиқ бўлиб, фақатгина ўзи истеъмол қилинса ва у тўғри дамлансагина фойда келтиради. Бўлмаса чой зарар ҳам келтириши мумкин. Жуда ҳам катта миқдорда чой солиниб дамланган бир чойнак чой юракка таъсир этиб, инсонни шокка тушириши ёхуд чуқур уйқуга элтиши мумкин. Қадимда хитойликлар “бир пиёла чой соғлиқ келтирар, икки пиёла чанқоқни қолдирар, учинчи пиёлани  ақатгина аҳмоқлар ичар” деб бежиз айтишмаган.

Чой дамлаш сирлари

Турли  хил халқларда чой ичиш маросимлари мавжуд бўлиб, японияликларда у эстетик-фалсафий характерга эга. Инглизлар чойни эрталаб соат  7 дан 9 лар орасида ва албатта  кечки 17 билан 18 орасида ичиб, бундай одат «five-o’clock-tea», “соат бешдаги чой» Кечкурун шотландияликлар “катта чой” ичишиб, унга тортилган турли ширинликлар аксарият ҳолатларда кечки овқатнинг ўрнини эгаллайди.    Ўзбекистонда чой куннинг ҳар соатида ичилади ва вилоятларга қараб турлича дамланади. Албатта, биринчи навбатда чойнинг таъмига сув таъсир этади. Булоқ сувига дамланган чойнинг таърифига сўз ожиз.  Кўп қаватли уйда истиқомат қиладиган одамлар албатта чойга ишлатиладиган сувни бир кун давомида тиндириб қўйишлари лозим. Чой учун сув қайнатганда унинг  ҳар тмонлама қайнашига эътибор бериш керак. Бир неча маротаба қайнатилган сув чой дамлашга ярамайди. Чойнинг қайси навини дамламанг аввало чойнакни иссиқ сувда чайқаш ва уни бўғда ёхуд қизиган печда бир неча дақиқа қиздириб олиш лозим. Бир чой қошиқда қуруқ чой солинган чойнак қора чой учун ярмигача, кўк чой учун учдан бир қисмигача қайнаб турган сув қўйилади ва чойнакнинг устини ёпган ҳолда 3-5 дақиқа тиндирилади. Сўнг қолган қайнаб турган сув қўйилиб, чой бир неча маротаба қайтарилади ва 2 дақиқа тиндирилади. Японияда аксарият ҳолатларда қуруқ чой устига  бир оз совуқ сув қўйилиб, чойнак 5 дақиқа бўғ устида ушланади, сўнг чойнакнинг ярмигача сув қўйилиб, яна 5 дақиқа бўғ устида тиндирилади ва чойнак тўлдирилиб яна 5 дақиқа чойнак қиздирилади. Қуруқ чой фақатгина  бир маротаба дамланади. Қайта дамланган чой ўзидаги  фойдали моддаларни йўқотади. Эрталабга қолган чойни ичмаслик зарур. Чунки бу чой инсон организмига фақатгина зарар келтириши исботланган.

Чойни нима билан ичиш керак?

Фойда учун чойнинг қуруқ ўзини ичган маъқул. Ширинликлар ундаги фойдали моддаларнинг фаоллигини сусайтиради. Қуритилган мевалар ҳар қандай чойхурликка мос келади. Хамирли ширинликлар ҳазми ёмон бўлганлиги сабабли чой уларнинг ҳазм бўлишини тезлаштиради. Аммо чойни шакар билан ичмаслик керак, чунки у чойдаги фойдали моддаларни “ўлдиради”. Сутли чой организм томонидан яхши ҳазм бўлади ва у кўп ҳолатларда шамоллаш, юрак ва буйрак касалликларида ишлатилади. Сут танин таъсирини нейтраллаштиради ва чойдаги бошқа моддалар фаоллигини оширади. Зираворлар – райҳон, занжабил, ялпиз, кардамон, зира, долчин, мурч билан дамланган чой шифобаҳш ҳисобланиб,  инсон организмидаги моддалар алмашинувини тезлаштиради. Саримсоқпиёз билан дамланган чой тиш оғриғини қолдиради.

Бир неча маслаҳат

Чой балиқ ҳидини юқотади. Чой шамаси гиламларни яхшигина тозалайди, чой дамламаси билан артилган ойнада доғ қолмайди. Шунингдек чой шамаси боғдорчиликда ҳам қўлланилиб, дарахт ва гуллар учун зарарли бўлган зараркурандаларни ўлдиради.

Наргис ҚОСИМОВА